Бугун судлар фақат жиноятга жазо тайинлабгина қолмай, балки жиноятларнинг олдини олишга ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ана шу мақсадда Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари Зафар Якубов, Маҳмуд Маҳмудов ва Даврон Муратовлар томонидан “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида «Ҳудудгаз Хоразм» МЧЖда «Коррупциясиз жамият сари» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Дастлаб иштирокчилар жиноят ва маъмурий кодексларга киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида хабардор қилинди. Кейин эса маърузачилар томонидан асосий мавзуга ўтилиб, фирибгарлик ва коррупция жиноятларининг келиб чиқиш сабаблари, судда кўрилган шу тоифадаги ишлар ва жавобгарга тайинланадиган жазо турлари бўйича маълумот берилди.
Шу ўрнида суд статистикасига тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган январь-июнь ойларида вилоят судларида жами 713 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан порахўрлик жиноятлари бўйич судланганлик кўрсаткичи ошган яъни судланган шахслар сони 16 тага кўпайган
Шу сабабдан, «Ҳудудгаз Хоразм» МЧЖ ходимлари билан ўтган давра суҳбатида асосий мавзу коррупция ва фирибгарлик жиноятларининг олдини олиш бўйича бўлди. Унда судьялар судда кўрилган шу тоифадаги ишлар, жиноятчиларга тайинланган жазо ҳақида маълумот беришди.
Давра суҳбати очиқ мулоқот тарзида давом этиб, иштирокчиларни қизиқтирган масалалар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Хоразм вилоят суди раиси Б.Полванов бошчилигида инсон қадрини улуғлаш тамойили асосида ўтказилаётган сайёр қабулларда асосий эътибор аҳолининг судга доир масалаларини «маҳаллабай» ўрганиб, ечими бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар беришга қаратилган.
Навбатдаги ана шундай сайёр қабул Хоразм вилоят суди раиси, раис ўринбосарлари ва судьялар томонидан Урганч туманларида бўлиб ўтди.
Фуқаролар билан юзма-юз гаплашиб, уларга ечими топилмаётган масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат беришнинг ўзиёқ одамларнинг оғирини енгил қилишга, вақтини ҳам тежашга сабаб бўлади. Айниқса, ўз туманида, маҳалласида туриб ҳуқуқий масаласини қаерда, қандай тартибда ҳал этишни билиб олган одамлар бу қабулларнинг аҳамияти ва қадрини бошқалардан кўра яхши билишади.
Урганч туманида ўтган қабул жараёнларида вилоят судининг раиси бошчилигида раис ўринбосарлари, жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судьялар ҳар бир фуқарони алоҳида тартибда қабул қилди.
Мурожаатчиларнинг муаммоли масалалари ўрганилиб, фуқароларга судга даъво аризасини бериш, суд қарорларига нисбатан шикоят келтириш ҳамда муаммоси юзасидан айнан қайси органга мурожаат этиши лозимлиги бўйича тушунтиришлар берилди.
Қабул жараёнларида мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой низолари, оилавий низолар ва суд томонидан тайинланган жазони енгилроғига алмаштириш бўйича бўлди.
Инсон қадрини улуғлаш тамойили асосида ўтказилаётган сайёр қабуллар аҳолининг узоғини яқин қилишга, идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олишга хизмат қилади. Шу сабабли Хоразм вилоят суди томонидан фуқароларнинг судга доир масалаларини давомли ўрганиш мақсадида чекка туман ва маҳаллаларда сайёр қабуллар давом этмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судида ўғриликни касб қилган 2002 йилда Урганч шаҳрида туғилган, маълумоти ўрта, вақтинча ишсиз, муқаддам бир неча бор судланган М.С., 2003 йилда Урганч шаҳрида туғилган, Урганч давлат университети талабаси, муқаддам судланмаган Б.А., 2003 йилда Хива туманида туғилган, ўрта маълумотли, вақтинча ишсиз ва муқаддам судланмаган М.А., 2000 йилда Урганч шаҳрида туғилган, ўрта маълумотли, вақтинча ишсиз ва муқаддам судланмаган О.М., 2000 йилда Урганч шаҳрида туғилган, ўрта маълумотли, вақтинча ишсиз ва муқаддам судланмаган Р.Р., 2001 йилда Урганч шаҳрида туғилган, ўрта маълумотли, вақтинча ишсиз ва муқаддам судланмаган Б.Ҳ., 1998 йилда Урганч туманида туғилган, ўрта маълумотли, вақтинча ишсиз ва муқаддам судланмаган Х.Э. ҳамда 2000 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида туғилган, ўрта маълумотли, вақтинча ишсиз ва муқаддам судланмаган А.С. исмли фуқароларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Судда аниқланишича 8 нафар айбланувчи гуруҳ бўлиб Урганч ва Хива шаҳрида ҳамда Гурлан ва Урганч туманларида тунги пайтда кўчада қолдирилган автомобилларни кабоб сихи ёрдамида очиб, машина салонидан пул, қимматбаҳо буюмлар, паспорт ва ҳужжатларни ўғирлаб келишган. Серияли тарзда давом эттирилган жиноятлар натижасида 17 нафар фуқарога моддий зарар етказилган.
Суд жараёнида айбланувчиларнинг аксарияти қилган жиноий ҳаракатига қисман иқрор бўлишди. Суд, давлат айбловчисининг хулосаси, адвокатларнинг фикрини, жабрланувчи, судланувчи ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, судланувчиларнинг айбига қисман иқрорлиги ва пушаймонлиги, оилавий аҳволи, ёшлиги каби ҳолатларни инобатга олиб ҳукум қилди.
Суд ҳукмига кўра М.С. ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 28,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 227-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, унга жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2021 йил 9 июндаги ажримига кўра жазонинг ўталмаган 2 йил 9 ой 13 куни ЖКнинг 74-моддаси тартибида шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилиб, ўталмай қолган 2 йил 9 ой 13 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида қисман қўшиб узил-кесил 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.
Б.А. ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 25,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 28,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 227-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59,61-моддалари тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
М.А. ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 28,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 25,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 28,25,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 227-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 2 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
О.М. ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 28,169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 2 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Р.Р. ЖК 169-моддаси 2-қисмининг “в” банди, 28,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 227-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 2 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Б.Ҳ. ЖК 169-моддаси 2-қисмининг “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖК 169-моддаси 2-қисмининг “в” банди билан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Х.Э. ЖК 28,169-моддаси 2-қисмининг “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖК 28,169-моддаси 2-қисмининг “в” банди билан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
А.С. ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 28,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 25,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 28,25,169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташ учун узил-кесил 3 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
2022 йил 18 август куни Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида фуқаро Акбар Алимовга (исми-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши апелляция тартибида кўрилиб, қонуний ечимини топди.
Бугун мамлакатимизда ҳар соҳада ислоҳотлар амалга оширилмоқда, тараққиётнинг янги-янги босқичларига пойдевор қўйилмоқда. Лекин, келажагимизга таҳдид солувчи, инсонни тўғри йўлдан оздириб, охир оқибат умрига зомин бўлувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балосидир.
Жамиятимиз гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жинояти билан курашаётган бир пайтда, орамизда бу каби қилмишларни содир этаётган шахсларнинг ҳамон учраётганлиги ачинарли ҳолат.
Бироқ ҳар қандай жиноий қилмишга жавобгарлик борлигини унутмаслигимиз лозим.
2022 йил 08 июль куни жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди томонидан Акбар Алимовга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Судда маълум бўлишича Акбар 2022 йил 5 февраль куни соат тахминан 18:40 ларда ДХХ Хоразм вилояти бошқармаси, ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Хоразм вилояти ИИБ ва вилоят божхона бошқармаси Контрабанда ва БҚБга қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамкорликда Урганч туманидаги «Чолиш» ЙПХ блок постида ўтказилган тезкор тадбир давомида «Тўрткўл-Урганч» йўналишида ҳаракатланиб келаётган «Тракер» русумли енгил автомашинада йўловчи сифатида ҳаракатланиб кетаётганида тўхтатилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушбу автомашина ҳайдовчиси Р.Ражапов ва йўловчиси А.Алимовлар тегишли тартибда шахсий тинтув қилинганида, Акбарнинг ўнг оёғи тиззасининг орқа томонига маҳкамланган оқ рангли целлофан пакет борлиги, унинг ичида 8 дона кичик селофан пакет бўлакчаларига ўралган, жами вазни 112,27 грамм кўп миқдордаги «опий» гиёҳвандлик воситаси топилган.
Айбланувчи ушбу гиёҳвандлик воситасини келгусида сотиб ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда сақлаб қўйганлиги аниқланиб, ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, жиноят охирига етказилмасдан, жиноят содир этишга суиқасд қилган.
Биринчи инстанция суди томонидан Акбарга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,273-моддаси 5-қисми 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Суд ҳукмига судланувчи ва унинг ҳимоячиси томонидан келтирилган шикоятига асосан, жиноят иши Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан кўрилиб, ишга доир ҳужжатлар, тарафларнинг фикри ва кўрсатмалар диққат билан ўрганилди. Якунда эса суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.
Зафар Якубов, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Хоразм вилоят судида Давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида суд фахрийлари, судьялар ва суд аппарати ходимлар иштирокида тадбир ўтказилди.
Расмиятчиликдан холи тарзда бўлган тадбирнинг асл сабаби қувончли хабар бўлди, яъни Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, пенсияга чиққан судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилган эди. Кўкрак нишоннинг навбатдаги тақдирланганлари қаторида хоразмлик Дурдибой Матмуродов ҳам жой олди.
Дурдибой Матмуродов Судьялар олий кенгашининг 2022 йил 23 августдаги 1720-сонли қарорига кўра суд тизимида юксак обрў-эътибор қозонган, судьялик бурчини бенуқсон, самарали ва ҳалол амалга оширган, жамиятда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва ёш судья кадрларни етиштиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшганлиги учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбир давомида вилоят суди раиси Б.Полванов томонидан устоз Дурдибой Матмуродовга “Суд фахрийси” кўкрак нишони ва тегишли гувоҳнома тантанали равишда топширилди. Шунингдек, суд тизимида фаолият олиб борган меҳнат фахрийларига ҳам эҳтиром кўрсатилди.
Аҳолини суд тизимига доир қонунчилик янгиликлари билан таништириш ва ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Хоразм вилоят суди раисининг жиноят ишлари бўйича ўринбосари Улуғбек Бакдурдиев ва жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман суди раиси Илҳом Исмоиловлар томонидан Ҳазорасп тумани “Боғдор” маҳалласида “Менинг маҳаллам – менинг судьям” тамойили асосида давра суҳбати ҳамда сайёр қабул ўтказилди.
Дастлаб иштирокчилар жиноят ва маъмурий кодексларга киритилган ўзгартиришлар билан таништирилди. Мулоқотларда маҳалла ҳудудида содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари муҳокама қилиниб, жиноятчиларга тайинланган жазо ҳақида тўхталинди. Маҳалла марказида профилактика инспектори, фаоллар, хотин-қизлар ва ёшлар билан ўтган давра суҳбатида ёшлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш, бу масалада ота-она, таълим муассасаси ва маҳалланинг масъулиятини ошириш зарурлиги тушунтирилди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг ўтган январь-август ойларида вилоят судларида жами 884 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан порахўрлик, фирибгарлик жиноятлари бўйич судланганлик кўрсаткичи ошган яъни судланган шахслар сони бирмунча кўпайган. Шунингдек, бу даврда одам савдоси билан боғлиқ 4 та иш кўрилган ва айбдорларга тегишли жазо тайинланган. Ачинарлиси улар орасида судда айбдор сифатида қатнашган ёшлар кўрсатгичи ҳам сезиларли даражада.
Шунинг учун масъуллардан ҳамкорликда ишлаб, маҳалла ёшлари орасида жиноят содир этилмаслигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ёки жиноятчиликка мойил ёшлар иштирокида доимий тарғибот тадбирларини ўтказиб боришга келишиб олинди.
Давра суҳбатидан сўнг маҳалла аҳлининг суд-ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлари алоида тартибда эшитилиб, уларни ҳал этиш бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Асосийси, ҳар бир фуқаро тегишли масаласи бўйича қаерга ва қандай тартибда мурожаат қилиши кераклиги, судга ариза киртиш тартиби ҳақида маълумотга эга бўлди.
Бугун суд тизими нафақат жиноятга жазо тайинлашга балки жиноятларнинг олдини олишга ҳам ўз хиссасини қўшмоқда. Ана шу мақсадда Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Ойбек Маҳмудов ҳамда жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг судьяси Дилдора Пўлатовалар томонидан “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида Урганч шаҳридаги “Машъал” маҳалласида давра суҳбати ўтказилди.
Жорий йилнинг ўтган январь-август ойларида вилоят судларида жами 884 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан порахўрлик, фирибгарлик жиноятлари бўйич судланганлик кўрсаткичи ошган яъни судланган шахслар сони бирмунча кўпайган. Шунингдек, бу даврда одам савдоси билан боғлиқ 4 та иш кўрилган ва айбдорларга тегишли жазо тайинланган.
Бу статистик таҳлиллар судьяларни фақатгина айбдорларга қонуний жазо тайинлаш билан чекланиб қолмасдан, балки жиноят содир этилаётган маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишларини ўтказиш ҳамда содир этилган жиноятларни фуқаролар билан муҳокама қилишга ундади.
Маҳалла марказида профилактика инспектори, фаоллар, хотин-қизлар ва ёшлар билан ўтган давра суҳбатида асосий мавзу коррупция, ўғрилик, фирибгарлик ва одам савдоси жиноятларининг олдини олиш бўйича бўлди. Унда судьялар судда кўрилган шу тоифадаги ишлар, жиноятчиларга тайинланган жазо ҳақида маълумот беришди.
Давра суҳбатида муҳум масалага ҳам эътибор қаратилиб, судьялар маҳалла фаоллари ва ота-оналардан ёшларга ўтиш даврида алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини сўрашди, улар билиб-билмай жиноят кўчасига кириши мумкинлигини тўғри тушунтирилди.
Маълумот ўрнида маҳалла ҳудудида ўтган 2021 йилда 41 та жиноят содир этилган ва улар орсаида ўғирлик, фирибгарлик ва босқинчилик жиноятлари ҳам бор.
Хоразм вилоят суди ва вилоят маъмурий судининг 2022 йилнинг биринчи ярмидаги фаолиятига доир ахборотни жамоатчиликка етказиш мақсадида матбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоят суди раисининг жиноят, фуқаролик ишлар бўйича ўринбосарларии Улуғбек Бакдурдиев, Атабек Маткаримов ва судьялар журналист ҳамда блогерларга йўналишлар бўйича ахборот беришди.
Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2022 йилнинг 6 ойи давомида жами 978 (722) нафар шахсга нисбатан 713 (562) та жиноят иши кўриб тамомланган бўлиб, барча инстанцияларда 4 (12) нафар шахсга нисбатан 3 (10) та жиноят иши бўйича оқлов ҳукмлари чиқарилган.
Мазкур даврда 13.877 (11.379) нафар шахсга нисбатан 12.167 (9.541) та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, шундан 7.628 (6.634) нафар шахсга нисбатан 6.971 (5.914) та иш бўйича маъмурий жазо қўлланилган, 6.249 (4.745) нафар шахсга нисбатан 5.196 (3.627) та иш тугатилган. Кўриб тамомланган жиноят ишлари бўйича 158 нафар шахсга нисбатан 144 та жиноят иши тарафлар ярашганлиги сабабли иш тугатилган.
Январь-июнь ойларида Хоразм вилоятининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 69 (19) нафар шахс қамоқдан озод этилган. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан 421 (400) нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.
Ўтган 2021 йилга нисбатан судланганлик кўрсаткичи ошган жиноят ишлари юзасидан суд амалиётлари умумлаштирилиб, якуни бўйича тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилиши, вилоят судлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳамкорликдаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган самарали тарғибот ишлари ўтказилган бўлишига қарамасдан, мазкур даврда ўғирлик жиноятлари (ЖК 169-модда) 32 (17/85) тага, ўзгалар мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш жиноятлари (ЖК 167-модда) 22 (56/78) тага, порахўрлик жиноятлари (ЖК 210-212-модда) 16 (46/30) тага, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар (ЖК 270, 271, 273-276-моддалар) 24 (76/52) тага судланган шахслар сони ошган.
Бироқ, ҳаракат хафсизлиги қоидаларини бузиш жиноятлари (ЖК 266-модда) 14 (45/59) тага, Қасддан баданга оғир ва ўртача оғирликда тан жароҳати етказиш (ЖК 104-105-моддалар) 2 (42/40) тага камайган.
Судларнинг жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолият самарадорлигини кучайтириш мақсадида 252 (203) та ёки 35,3 (36,1) % жиноят иши айнан жиноят содир бўлган жойларда, маҳаллаларда, тегишли ташкилот ва муассасаларда сайёр суд мажлислари тартибида кўриб чиқилган.
Шунингдек, судлар томонидан кўриб тамомланган турли тоифадаги ишлар бўйича суд амалиёти умумлаштирилиб, уларнинг сони 73 (64) тани ташкил этган, уларнинг натижаси бўйича тегишли корхона, муассаса ва ташкилотларга жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш юзасидан 49 (33) та тақдимнома киритилган, 713 (518) та иш бўйича ёки 100 (92,2) фоиз ишлар бўйича хусусий ажримлар чиқарилган.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2022 йилнинг 6 ойи давомида биринчи инстанция судларида жами 10.271 (7.401) та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. Шундан, 7.605 (5.009) та даъво қаноатлантирилган, 712(699) та даъво ариза рад этилган, 150 (130) та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган, 1.800 (971) та даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган.
Мазкур даврда судлар орқали никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар сони 1.150 (969) тани ташкил этган. Шундан, 719(621) таси бўйича даъво қаноатлантирилган, 315(255) та фуқаролик иши бўйича даъволар рад этилган, 70(62) та фуқаролик иши кўрмасдан қолдирилган ва 46(31) та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган.
Низолар келиб чиқишининг олдини олиш юзасидан чиқарилган хусусий ажримлар сони 157 (29) та, умумлаштиришлар эса 18 (7) тани ташкил қилган. Ишларни сайёр суд мажлисларида кўриш эса жами кўриб тамомланган 10.271 (7.401) та фуқаролик ишларининг 3.355 (2.246) таси яъни 32,6 (30,3) %ни ташкил этган.
Иқтисодий ишлар бўйича судларда ўтган 2022 йилнинг ўтган 6 ойида жами 3.283 та (2021 йилнинг шу даврида 4.599 та) иқтисодий ишлар кўрилган бўлиб, шундан 19 таси суд буйруғи бериш тартибида кўрилган ишларни ташкил қилади. Жами кўрилган ишлардан 2.721 таси қаноатлантирилган, 428 таси бўйича даъво рад қилинган, 87 таси бўйича даъво кўрмасдан қолдирилган, 47 таси бўйича иш юритиш тугатилган. Жами кўрилган ишларнинг 1.349 таси, 41,1% сайёр суд мажлисларида (2021 йилнинг шу даврида 2.131 та, яъни 46,3%) кўрилиши таъминланган.
Январь-июнь ойларида кўрилган ишлар 2021 йилнинг шу даври билан таққосланганда, пудрат шартномаси бўйича 35 тага, коммунал хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича 17 тага, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишлар 51 тага, Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси юзасидан 39 тага ва тадбиркорлик субъектларига молиявий жарималар қўллаш бўйича кўрилган ишлар 160 тага кўпайган.
Ушбу даврда инвестиция мажбуриятларини бажармаган тадбиркорлик субъектларига нисбатан жарималар қўллаш ва олди-сотди шартномасини бекор қилиш юзасидан 14 та иш кўрилиб, 12 таси қаноатлантирилган, 2 таси рад қилинган.
Шунингдек, ушбу даврда хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг даъвогарлигида 584 та иш кўрилиб, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари тикланиб, уларнинг фойдасига 64,7 млрд сўм маблағлар ундириш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.
2022 йил 1-ярим йиллиги давомида Хоразм вилояти маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жами 609 та маъмурий ишлар кўриб тамомланган.
Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларнинг 41 тасини бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман ва шаҳар бўлимлари (мансабдор шахс)лари қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда ҳаракат (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топишга доир, 28 тасини маҳаллий ҳокимликлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш, 275 тасини эса маҳаллий ҳокимликлар қарорини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича, 72 таси Хоразм вилоят давлат солиқ органларининг, 113 тасини ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлигининг, 16 тасини Хоразм вилоят қурилиш ва архитектура бошқармаси, 33 таси Мажбурий ижро бюроси бўлимларининг, 8 тасини Ҳусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг, 7 тасини давлат хизматлари кўрсатиш марказлари, 3 тасини ФҲДЁ органлари, 1 тасини давлат божхона қўмитасининг,1 таси Ички ишлар органларининг, 10 тасини бошқа идора ва ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан берилган аризалар бўйича кўрилган ишлар ташкил этади.
Маҳаллий ҳокимлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги жами 275 аризалар кўриб тамомланган бўлиб, шундан 127 таси бўйича ариза талаблари қаноатлантирилиб, туман ва шаҳар ҳокимларининг 127 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган, 125 та ариза рад қилинган бўлса, 6 таси кўрмасдан қолдирилган ва 17 таси бўйича иш юритиш тугатилган.
Умуман олганда, мазкур 609 та ишларнинг 227 таси бўйича ариза (шикоят) лар қаноатлантирилиб, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари ва хатти-ҳаракатлари оқибатида фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Халқимизнинг фаровон яшашини таъминлайдиган асосий манбалардан бири бу— ер ресурсларига нисбатан оқилона муносабатда бўлиш, улардан унумли ва самарали фойдаланишдир.
Амалдаги қонун ҳужжатлари, хусусан, Вазирлар маҳкамасининг “Аҳоли пунктларини қуришда шаҳарсозлик ва ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлашга, шунингдек тадбиркорлик мақсадлари учун ер ажратиш тартибини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ўзбошимчалик билан қурилган барча турдаги иморатларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чораларини кучайтиришга қаратилган.
Аниқланишича, фуқаро (исм-шарифлар ўзгартирилган) О.Абдуллаев Тупроққалъа тумани Питнак қишлоғидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерни ноқонуний равишда эгаллаб олиб, ўзбошимчалик билан турар жой пойдевори қурган. Мазкур ҳолат юзасидан, Кадастр агентлигининг Тупроққалъа тумани бўлими фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилган.
Мурожаатда кадастр бўлими Тупроққалъа тумани Питнак қишлоғи қишлоқ хўжалик ерига қарашли 0,017 гектар экин ер майдонида ўзбошимчалик билан турар жой пойдевори қурганлигини кўрсатиб, ноқонуний равишда қурилган қурилишни жавобгар ҳисобидан буздириб, ер майдонини олдинги ҳолатига келтириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаришини сўраган.
Шунингдек, суд мажлисида даъвогар томон фуқаро О.Абдуллаевни Ер кодексининг 91-моддасида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилиши, ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги турар жойни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланиб қўйилганлиги тўғрисида огохлантиргани ҳақида таъкидлаб ўтди. Лекин О.Абдуллаев жой пойдеворини бузиб олмасдан келаётганлиги сабабли судга мурожаат қилишга мажбур бўлганлигини билдирди. Шунингдек, ушбу қонунбузилиш ҳолатини бартараф этилишини сўраб тушунтириш берди.
О.Абдуллаев қўзғатилган даъво аризасини тан олиб, турар жойга эҳтиёжи бўлганлиги сабабли қурилиш ишларини амалга оширганлигини, лекин ер майдонини ўзига тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқлигини, эндиликда турар жойига кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга ҳаракат қилишини айтиб, суддан даъво аризани рад қилишини сўраган.
Аммо қонун барчага бирдек баробар. Суд юқоридагиларга асосланиб, ноқонуний қурилишни буздириш ва ерни олдинги ҳолатига келтириш ҳақидаги даъво талаблари асосли ва қаноатлантирилиши лозимлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 141, 280, 283-моддаларига кўра тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши тўғрисида якуний хулосага келди.
Суд, ҳокимият тармоқларидан бири сифатида ҳар қайси жамиятни демократик тараққиёт сари етаклашда, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини одил судлов асосида ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Мамлакатимизда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва кўрилаётган амалий чора-тадбирлар мазкур соҳани сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди, суд ҳокимиятининг фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлариҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамиятини тубдан оширди.
Хусусан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” да амалга оширишга оид Давлат дастури ҳамда Президентимизнинг 2022 йил 29 январдаги 107-сонли қарори маъмурий суд ишларини юритишни ҳалқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш орқали маъмурий судларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган.
Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифасифуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдан иборатдир.
2022 йил 1-ярим йиллиги давомида Хоразм вилояти маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жами 609 та маъмурий ишлар кўриб тамомланган.
Мазкур ишларнинг 227 таси бўйича ариза (шикоят) лар қаноатлантирилиб, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари ва хатти-ҳаракатлари оқибатида фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя қилинган.
Мисол тариқасида,аризачи “GURLAN BARAKA TEKS” МЧЖнингжавобгар Хоразм вилоят Давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил 17 ноябрдаги 1116-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги маъмурий иш кўриб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 189-моддасининг 2-қисмига кўра, суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас, ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.
Ушбу модданинг 5-қисмига кўра, қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилган тақдирда суд тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига қонунга мувофиқ қарор қабул қилиш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишларини бошқача усулда бартараф этиш мажбуриятларини юклайди.
Мазкур қонун талабидан келиб чиқиб, суднинг қарори билан Хоразм вилоят Давлат солиқ бошқармаси зиммасига “GURLAN BARAKA TEKS” МЧЖга нисбатан камерал текширувида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича тўпланган ҳужжатларини солиқ қонунчилигида белгиланган тартибда қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган. Ушбу ҳолатда “GURLAN BARAKA TEKS” МЧЖга нисбатан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича тўпланган ҳужжатлар Хоразм вилояти Давлат солиқ бошқармаси томонидан тадбиркор иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, қайта кўриб чиқилиши лозим.
Шунингдек, аризачи “BEKCHAN USTA” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил 15 сентябрдаги 679-сонли қарорини қисман ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги иш маъмурий судда кўриб чиқилиб, Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил15 сентябрдаги “BEKCHAN USTA” МЧЖни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир қилганлиги учун солиқ жавобгарлигига тортиштўғрисидаги679-сонли қарори билан жамиятга қўлланилган 419527,1 минг сўмлик солиқ ва молиявий жарималарнинг 254542,3 минг сўмлик қисми ноқонуний қўлланилганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 13-моддасида Солиқ тўғрисидаги қонунчилигидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади деб белгиланган.
Бир сўз билан айтганда, қонунга мувофиқ тўғри ва ҳалол ишлаётган тадбиркорлар суд томонидан ҳимоя қилинмоқда, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашган, ваколат доирасидан четга чиққан мансабдор шахсларга нисбатан судларнинг таъсир чораси янада кучайтирилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, сўнги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатлари мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ҳамда механизмларини жорий қилиш, янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ҳамда ғовларни бартараф этиш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун йўли билан ҳимоя қилиб, давлат томонидан кафолатланиши – жамият ва давлат ривожи, халқимизнинг осойишта ва фаровон турмуш-тарзи кечиришига замин яратади.
Жамила Султанова, Хоразм вилояти маъмурий суди раиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Хоразм вилоят суди