“Менинг маҳаллам – менинг судьям” тадбири Ҳазораспда

Аҳолини суд тизимига доир қонунчилик янгиликлари билан таништириш ва ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Хоразм вилоят суди раисининг жиноят ишлари бўйича ўринбосари Улуғбек Бакдурдиев ва жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман суди раиси Илҳом Исмоиловлар томонидан Ҳазорасп тумани “Боғдор” маҳалласида “Менинг маҳаллам – менинг судьям” тамойили асосида давра суҳбати ҳамда сайёр қабул ўтказилди.

Дастлаб иштирокчилар жиноят ва маъмурий кодексларга киритилган ўзгартиришлар билан таништирилди. Мулоқотларда маҳалла ҳудудида содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари муҳокама қилиниб, жиноятчиларга тайинланган жазо ҳақида тўхталинди. Маҳалла марказида профилактика инспектори, фаоллар, хотин-қизлар ва ёшлар билан ўтган давра суҳбатида ёшлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш, бу масалада ота-она, таълим муассасаси ва маҳалланинг масъулиятини ошириш зарурлиги тушунтирилди.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг ўтган январь-август ойларида вилоят судларида жами 884 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан порахўрлик, фирибгарлик жиноятлари бўйич судланганлик кўрсаткичи ошган яъни судланган шахслар сони бирмунча кўпайган.  Шунингдек, бу даврда одам савдоси билан боғлиқ 4 та иш кўрилган ва айбдорларга тегишли жазо тайинланган. Ачинарлиси улар орасида судда айбдор сифатида қатнашган ёшлар кўрсатгичи ҳам сезиларли даражада.

Шунинг учун масъуллардан ҳамкорликда ишлаб, маҳалла ёшлари орасида жиноят содир этилмаслигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ёки жиноятчиликка мойил ёшлар иштирокида доимий тарғибот тадбирларини ўтказиб боришга келишиб олинди.

Давра суҳбатидан сўнг маҳалла аҳлининг суд-ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлари алоида тартибда эшитилиб, уларни ҳал этиш бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Асосийси, ҳар бир фуқаро тегишли масаласи бўйича қаерга ва қандай тартибда мурожаат қилиши кераклиги, судга ариза киртиш тартиби ҳақида маълумотга эга бўлди.