ЮРИДИК ТЕХНИКУМДА УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ ЎТКАЗИЛДИ

Хоразм вилоят суди томонидан вилоят юридик техникумида  суд фахрийлари, судьялар ва техникумда таҳсил олаётган ёшлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” маърифий тадбири ўтказилди. Унда суд фахрийси Одилбек Каримов, вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари Шуҳрат Раззақов ва Зафар Якубовлар иштирок этишди.

Тадбирда узоқ йиллар судьялик лавозимида ишлаган, бугун кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийси қатнашчиларга ўз тажрибаси ва фаолияти давомида олган сабоқлари ҳақида сўзлаб берди. Маърузачилар томонидан судьяликнинг мақоми масъулият, ҳалоллик, фидойилик, доимий малака ошириш ва одоб-ахлоқ сингари мезонлар билан узвий боғлиқ эканлиги таъкидланди.

Мулоқотларда юртимизда ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шароитлар, Судьялар олий мактаби фаолияти ва судьяликка номзодларни шакллантириш ҳақида ҳам сўз юритилди.

Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Каналга уланиш: @xorazmviloyatisudlari

Хоразм вилоят маъмурий судининг 2023 йилдаги одил судловни амалга ошириш фаолияти юзасидан ахборот

2023 йил давомида Хоразм вилоят ва Урганч туманлараро маъмурий судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар бажарилди.

Жумладан, ҳисобот даврида вилоят маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жами 983 та маъмурий ишлар кўриб тамомланган бўлиб, бу турдаги маъмурий ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 111 тага ёки 10,1 фоизга камайган.

Мазкур ишларнинг 386 таси бўйича ариза (шикоят) лар қаноатлантирилиб, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари ва хатти-ҳаракатлари оқибатида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари суд йўли билан тикланган, 511 та ариза (шикоят) рад этилган, 61 таси бўйича иш юритиш тугатилган ва 25 таси кўрмасдан қолдирилган.

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларнинг 252 тасини маҳаллий ҳокимликлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда уларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш,

214 тасини Кадастр агентлигининг,

182 таси Хоразм вилоят солиқ органларининг,

84 таси Мажбурий ижро бюроси бўлимларининг,

151 тасини бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман ва шаҳар бўлимлари (мансабдор шахс)лари қарорлари ҳамда ҳаракат (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топишга доир,

50 тасини Хоразм вилоят қурилиш ва архитектура бошқармаси,                  

20 тасини ФҲДЁ органлари,

3 таси ички ишлар органларининг,

1 тасини давлат божхона қўмитасининг,

26 тасини бошқа идора ва ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан берилган аризалар бўйича кўрилган ишлар ташкил этади.

Маҳаллий ҳокимлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги жами 252 аризалар кўриб тамомланган бўлиб,

шундан 95 таси бўйича ариза талаблари қаноатлантирилиб, туман ва шаҳар ҳокимларининг 95 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган,

109 та ариза рад қилинган бўлса, 21 таси бўйича иш юритиш тугатилган ва 5 таси бўйича аризалар кўрмасдан қолдирилган.

 Хисобот даврида вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан оммавий ахборот воситалари орқали жами 274 марта, шу жумладан телевидение орқали 96 марта, радио орқали 84 марта, газета ва журналларда 20 марта ва веб-саҳифаларда 74 марта чиқишлар қилинган.

Шунингдек, жойларда 267 марта оғзаки ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилган бўлиб, уларнинг 109 таси маърузалар, 138 таси давра суҳбатлари, 8 таси илмий-амалий конференциялар ва 12 тасида семинарлар ўтказилган.

2023 йил давомида 2022 йилнинг шу даврига нисбатан оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар 24 тага ёки 9,6 фоизга, оғзаки ҳуқуқий тарғибот тадбирлари 27 тага ёки 11,3 фоизга кўпайган.

2023 йил давомида кўриб тамомланган жами оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий ишларнинг 353 таси ёки 35,9 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Ҳисобот даврида ишларни кўриб чиқиш якуни бўйича Урганч туманлараро судининг судьялари томонидан 317 та хусусий ажримлар чиқарилган бўлиб бу кўрилган ишларга нисбатан 32,2 фоизни ташкил қилиб ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,4 фоизга кўпайган.

Хусусан чиқарилган хусусий ажримларнинг 85 таси туман ва шаҳар маҳаллий ҳокимликларига,

79 таси Хоразм вилоят солиқ органларига,

 15 таси  солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига,

31 таси Қурилиш вазирлигининг архитектура-шаҳарсозлик кенгаши Хоразм вилоят қурилиш ва уй жой коммунал хўжалиги бошқармасига,

102 таси бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман ва шаҳар бўлимларига ва

 5 таси бошқа ташкилотларга тўғри келади.

Хоразм вилоят ҳамда туманлараро маъмурий суди судьялари томонидан жами 798 нафар фуқаро қабул қилинган бўлиб, шундан 441 нафар фуқаролар сайёр қабуллардаги мурожаатлари юзасидан қабул қилинган. Мурожаатлар 2022 йил шу даври билан таққосланганда 50 та мурожаатга, яъни 6,7 фоизга кўпайган. Хоразм вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан бевосита идорада 357 нафар фуқаролар қабул қилинган. Ўтган йилнинг шу даврида ушбу кўрсатгич 420 тани ташкил этган.

Хоразм вилояти ва Урганч туманлараро маъмурий суди томонидан 2023 йил давомида ариза дастлаб судга тақдим этилган пайтда 661 527 000 сўмлик давлат божлари аризачилар томонидан давлат бюджетига ихтиёрий тўланган.

Иш якуни бўйича суд қарорида ундирилиши белгиланиб, мажбурий тартибда ундириш учун мажбурий ижро бюроларининг туман ва шаҳар бўлимларига жами 548 817 200 сўмлик 288 та ижро ҳужжатлари ижро қилиш учун юборилган.

Ижро органлари тамонидан 355 992 200 сўмлик ёки 288 та яъни 64,8 фоиз ижро ҳужжатлари ижро қилиган.Шунингдек 192 825 000 сўмлик ёки 80 та яъни 35,2 фоиз ижро ҳужжатлари қолдиқ бўлиб қолган.

Хоразм вилоят судининг матбуот хизмати

Хоразм вилоят судининг 2023 йилдаги одил судловни амалга ошириш юзасидан фаолияти ҳақида ахборот

Мамлакатимизда кейинги йилларда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида инсон манфаатларига қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилмоқда.

Одамларнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам бериш мақсадида суд қарорларини қайта кўриш институти қайта тубдан такомиллаштирилиб, ишларни кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам берилди. Ўрта бўғин судларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш механизми яратилди. Натижада, фуқароларнинг суд ҳимоясида бўлиш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқларининг кафолатлари янада оширилди.

Ҳар бир суд босқичига иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулияти юкланиши билан фуқароларни қийнаб келаётган суд қарорларини қайта-қайта бекор қилиш амалиётига чек қўйилди.

Ўрта бўғин ҳисобланган вилоят судларига етарли ваколатлар берилиши билан бирга, катта масъулият ҳам юкланди.

Одил судловни таъминлаш борасида вилоят судлари томонидан 2023 йилда муайян ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 2023 йил давомида жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан биринчи босқичда жами 1.857 нафар шахсга нисбатан 1.529 та жиноят иши тамомланган бўлиб, ўтган йилга нисбатан шахс сони 55 нафарга ёки 2,9 фоизга камайган, жиноят ишлари 43 тага ёки 2,8 фоизга ортган.

Шу даврда 3132 та материаллар кўриб чиқилган.

1.501нафар шахсга нисбатан 1.196 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган бўлиб, ҳукм чиқарилган ишлар сони 56 тага ёки 4,6 фоизга кўпайган.

Ҳисобот даврида жами 330 шахсга нисбатан 312 та ишлар, шундан 308 шахсга нисбатан 291 та жиноят ишлари тарафлар ярашуви асосида, тугатилиб, шахслар жиноий жавобгарликдан озод этилган.

10 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан оқлов ҳукмлари чиқарилган бўлса, 8 нафар шахс апелляция инстанциясида ЖПКнинг
83-моддасига асосан реабилитация қилиниб, уларга нисбатан жиноят ишлари тугатилган. Шунингдек, ушбу даврда 342 шахсга нисбатан дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айбловлар ўзгартирилиб ҳукм чиқарилган.

Судланганларнинг 134 нафарига жарима, 1 нафарига муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 7 нафарига мажбурий жамоат ишлари, 413 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 439 нафарига озодликни чеклаш,463 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган, 1 шахс шартли ҳукм қилинган.

Вилоятда судланганлик кўрсаткичи умумий ҳисобда камайган бир вазиятда, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда сақлаш ва ўтказиш, ўғирлик, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш, номусга тегиш, қўшмачилик қилиш ва фоҳишахона сақлаш, электр, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш каби жиноятлар учун судланганлик ҳолатлари ошган.

2023 йилда коррупция билан боғлиқ 147 нафар шахсга нисбатан 131 та жиноят ишлари кўриб тамомланган бўлиб, 136 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилган.

Судланганларнинг 19 нафарига жарима, 63 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 31 нафарига озодликни чеклаш ва 20 нафарига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган, 3 шахсга нисбатан жазо тайинланмасдан хукм чиқарилган. Судланганларнинг 16 нафарини аёллар, 11 нафарини 30 ёшгача, 130 нафарини 31-60 ёшгача, 4 нафарини 60 ёшдан ошганлар ташкил этган бўлиб, уларнинг 33 нафари муқаддам судланганлар, хусусан 18 нафари муқаддам коррупция билан боғлиқ жиноят содир қилганлиги учун судланган шахслардир.

Соҳалар кесимидаги таҳлилга кўра, судланган шахсларнинг 1 нафари мактабгача таълим,7 нафари халқ таълими, 5 нафари соғлиқни сақлаш, 1 нафари банк, 29 нафари тадбиркорлик субъектлари, 2 нафари электр, 2 нафари ўзини ўзи бошқариш ташкилотлари,1 нафари пенсия жамғармаси ва 47 нафари бошқа ташкилот ходимларини ташкил этмоқда.

Ўтган давр давомида судлар томонидан коррупция билан боғлиқ жиноятлар олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида 66 маротаба тарғибот тадбирлари ўтказилиб, ишлар юзасидан жиноятлар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш борасида 48 та хусусий ажримлар чиқарилган, ушбу турдаги ишларни сайёр суд мажлисида кўришга эътибор қаратилиб, ушбу тоифа ишлар юзасидан суд амалиёти 6 маротаба умумлаштирилиб, тегишли корхона ва ташкилотларга тақдимномалар киритилиши таъминланган.

466 шахсга нисбатан ёхуд кўрилган ишларнинг 9 фоизи келтирилган шикоят ва протестлар асосида апелляция инстанциясида кўрилган бўлиб, 91 фоиз ишлар юзасидан судлар чиқарган қарорларга нисбатан шикоят ёки протестлар келиб тушмаган.

Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид жами  32.311 шахсга нисбатан 28.702 та материаллар кўриб чиқилиб, ўтган йилга нисбатан шахс сони 2.082 нафарга ёки 6,4 фоизга кўпайган бўлса, ўз навбатида материаллар (ишлар) сони ҳам мутаносиб равишда 2.383 тага ёки 8,3 фоизга ортган.

Шундан, 17.301 шахсга нисбатан 16.223 та иш бўйича маъмурий жазо қўлланилган бўлса, 14.812 шахсга нисбатан 12.479 та маъмурий ишлар тугатилган. 15.450 шахсга жарима, 1.798 шахсга маъмурий қамоқ, 33 шахсга махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва 7 шахсга маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ашёни мусодара қилиш жазолари қўлланилган.

9187 нафар шахс ярашилганлиги, 5265 шахс ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиниб, уларга нисбатан юритилган ишлар тугатилган.

Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид кўрилган ишлар бўйича судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг атиги 1,8 фоизи юзасидан келтирилган шикоятлар асосида ишлар апелляция инстанциясида кўриб чиқилган.

3) Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан шу даврда 15.140 та фуқаролик ишлари кўриб чиқилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3.458 та ёки 18,5 фоизга камайган. 11.189 та ёки 67,9 фоиз даъво талаблари қаноатлантирилган, 1.501 та ёки11,9 фоизи рад қилинган, 131 та ёки 1,9 фоиз иш юритишдан тугатилган, 2.394 та ёки 18,2  фоиз ишлар бўйича аризалар кўрмасдан қолдирилган.

Материал тартибда кўрилган ишлар ҳисобот даврида 4.669 тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,6 фоизга ошган.

Суд буйруқлари ҳам 5.694 та ёки 31,1 фоизга камайиб, 12.622 тани ташкил қилган.

Судларда кўрилган ишларнинг – 1.032 таси меҳнат муносабатларига оид низоларни, 5.005 таси оила масалалари, шундан 2.694 таси никоҳдан ажратиш ҳақида, 1.275 таси уй-жой низоларини, 5.675 таси битимлар ва бошқа фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга билан боғлиқ низоларни, шундан 1.913 таси кредит ундириш ҳақидаги, 685 таси ер муносабатларига доир низоларни,  1.428 таси юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш билан боғлиқ низоларни ташкил қилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, у жамият ва давлат муҳофазасидадир деб белгиланган.

Шу сабабли, никоҳдан ажралишларни олдини олиш ва оилаларни сақлаб қолиш мақсадида судлар оила ва хотин-қизлар бошқармалари ва шу тизимда фаолият олиб бораётган мутахассислар билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар ўтказиб келмоқда.

Ўтган давр мобайнида судларда никоҳдан ажратиш ҳақида жами 2694 та кўриб тамомланган ишлардан 2.427 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган,
1.663 таси бўйича даъво қаноатлантирилган, 764 таси рад қилинган, 42 таси иш юритиш тугатилган ҳамда 225 таси кўрмасдан қолдирилган.

Шундай бўлсада, никоҳдан ажратиш ҳақида кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 144 тага кўпайган.

Шу сабабли Хоразм вилоят суди ва Хоразм вилоят ҳокимлиги ўртасида тасдиқланган “Меморандум” ижросини таъминлаш, вилоятда оилавий ажримларни олдини олиш мақсадида Хоразм вилоят суди, Хоразм вилоят ҳокимлиги ва вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда оилавий ажримларни олдини олиш юзасидан тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, режа асосида вилоятимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида судлар, прокуратура органи ҳамда Оила ва хотин қизлар бошқармасининг қуйи тизимлари билан ҳамкорликда оилавий ажримларни олдини олишга қаратилган зарур чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.

Оилани тиклаш, эр-хотинларни ярашиб олишлари учун 2023 йил давомида 1.664 та никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар бўйича муҳлат берилиб жойлардаги яраштирув коммисияларига юборилган.

Никоҳдан ажратиш учун етарли асослар бўлмаганлиги, келгусида тарафларни оилани тиклаш чораларини кўриш имконияти мавжудлиги сабабли
1.031 та даъво аризалар қаноатлантирилмасдан жойлардаги яраштириш комиссияларига 60 та хусусий ажрим чиқарилган.

Судьялар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўриш жараёнида  тарафларни яраштириш учун тушунтириш ишларини амалга ошириш натижасида жами 35 та оила яраштирилган.

Фуқаролик судлари томонидан чиқарилган қарорларнинг 2,6 фоизи бўйича келтирилган апелляция шикоятлари вилоят суди томонидан кўриб чиқилган.

Иқтисодий судлар томонидан 2023 йил давомида жами  8.659 та иш кўрилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 111 та ёки 1,2 фоизга камайган.

Кўрилган ишларнингаксариятини банклардаги ҳисобварақалар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш, маҳсулот етказиб бериш шартномаси, коммунал хизмат кўрсатиш шартномаси, банкрот деб топиш, молиявий жарима қўллаш билан боғлиқ низоларни ташкил қилган.

Суд қарорларининг 4,9 фоизи бўйича келтирилган апелляция шикоятлари асосида ишлар апелляция инстанциясида кўриб чиқилган.

2023 йил давомида вилоят суди ҳамда туманлараро, туман (шаҳар) судларига  жисмоний ва юридик шахслардан  жами 6209 тамурожаатлар келиб тушган, шундан 2431 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва Халқ қабулхоналаридан, 963 таси бевосита судга келиб тушган умумий мазмундаги мурожаатларни ташкил этади;

2815 таси суд раҳбарияти томонидан шахсий (сайёр) қабулида топширилган ёзма ва оғзаки мурожаатлардир.

Қайд этилган даврда мурожаатлар кўрсаткичи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 666 тага камайган бўлиб, уларнинг барчаси қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб ҳал этилган.

2023 йилда судлар томонидан ҳуқуқий тарғибот ва профилактик тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шу даврда тасдиқланган режалар ижроси доирасида барча судлар томонидан:

761маротабаоммавийахборотвоситаларидачиқишларқилинди;

1.172 маротаба жойларда оғзаки ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди;

Кўрилган ишлар юзасидан 1.736 та хусусий ажрим чиқарилди;

Суд амалиёти 171маротаба умумлаштирилиб, натижаси бўйича тегишли муассаса, корхона ва ташкилотларга 115 та тақдимномаларкиритилди.

Жиноят ишлари бўйича судларда 383 та ёки 25,0 фоиз;

Фуқаролик ишлари бўйича судларда 1392 та ёки 9,2 фоиз;

Иқтисодий судларда 2.336 та ёки 25,7 фоиз ишлар сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

Жорий йилда ҳам судларнинг эътибори одил судлов сифатини янада яхшилашга, фуқароларнинг, давлат ва жамоат ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилинишини тўлақонли таъминлашга, фуқароларимизни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялашга, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш ҳамда фуқаролар ўртасида келиб чиқадиган низоларни олдини олишга,  низоларни судгача ҳал қилишга, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга, фуқароларнинг судга бўлган ишончини оширишга қаратилади.

Хоразм вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Д И Қ Қ А Т, Т А Н Л О В !

Хоразм вилоят суди қуйидаги лавозимларга малакали кадрларни ишга қабул қилиш учун танлов эълон қилади.

  1. Вилоят судининг судья катта ёрдамчиси лавозимига;
  2. Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судья ёрдамчиси лавозимига;
  3. Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг судья ёрдамчиси лавозимига

РАСМИЙ ТАЛАБЛАР

Танловда фақат юриспруденция йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган номзодлар қатнашиши мумкин.

Давлат тилини мукаммал билиши лозим. Хорижий тилларни (рус ва инглиз тиллари) билишга устуворлик берилади.

Фаолият соҳаси асосида қуйидаги билим- кўникмаларга эга бўлиши зарур:

  • суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришларни билиш;
  • судларда кўриб чиқиладиган ишларни билиш (йўналишлар бўйича жиноят, фуқаролик ва иқтисодий);
  • суд ҳужжатлари билан ишлай олиш;
  • суд архиви ҳужжатларини билиш;
  • компьютер ва бошқа техника, зарур дастурий таъминотлардан фойдалана олиш.

Меҳнат шароити ва иш ҳақи:

  • Барча меҳнат шароитлари яратилган замонавий идора;
  • Иш режими: беш кунлик иш ҳафтаси, икки кун дам олиш куни (шанба, якшанба);
  • Ойлик иш ҳақи лавозимга қараб қўшимча тўловлари билан бирга ўртача 4-5 млн. сўм, мансаб даража олгандан сўнг 7-8 млн. сўмни ташкил қилади.
  • Қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбурий ижтимоий таъминот.

Номзодлар танловда иштирок этишлари учун 2023 йил 29 декабрь кунига қадар қуйидаги ҳужжатлар билан вилоят судининг кадрлар бўлимига мурожаат қилишлари лозим.

  • шахсий варақаси (маълумотнома- объективка);
  • диплом (дипломдан кўчирма)нинг      нусхаси, чет элда ўқиган бўлса, дипломи тан олиш ва нострификациядан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳнома;
  • фуқаролик паспорти нусхаси;
  • Олдин ишлаган бўлса иш жойидан тавсифнома;
  • Хужжат топширмаган номзодлар танловда қатнашмайди.

Номзодларни танлов асосида саралаш, улар орасидан энг малакали ва масъулиятли мутахассисларни танлаш 2024 йил 5 январь куни вилоят судида ўтказилади.

Манзил: Урганч шаҳар, “Тинчлик” кўчаси, 22-уй.
Телефон: +99862 228-66-20

Танловда иштирок этувчи номзодлар учун топшириладиган ҳужжатлар ва саволлар намунаси:

Архивлар фаолияти тўғрисида

         Архив ўзи нима? Архив – бу архив хужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи муассаса ҳисобланади. 

Шунингдек архив иши – архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш бўйича фаолиятдир.

Ҳар бир давлат корхона, муассаса ва ташкилотларида албатта идоравий архивлар мавжуддир.

Идоравий архив-юридик шахснинг архив хужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи таркибий бўлинма ҳисобланади. Бизнинг суд соҳамизда ҳам идоравий архивлар мавжуд бўлиб, ҳар бирида биттадан архив мудири штати мавжуддир.

Ҳозирги кунда идоравий архивлар жуда яхши фаолият олиб бормоқдалар. Бизни Ўзбекистонда архивларни ривожлантириш мақсадида кўпгина қонун ва қарорлар ишлаб чиқилган.

Хусусан, идоравий архив ўз фаолиятини қуйидаги норматив-ҳуқуқий хужжатлар яъни Ўзбекистон Республикасининг 15.06.2010 йилдаги  252-сонли “Архив иши тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил  5 апрелдаги 101-сонли “Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги 482-сонли “Архив иши бўйича меъёрий хужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” ги қарори  асосида амалга оширади.

Идоравий архивнинг асосий вазифаси – ташкилот ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва давлат томонидан сақлашга топшириш учун тегишли архивларга топширишдан иборатдир.

Идоравий архив мудири тугалланган ишларни ҳамда шахсий таркиб хужжатларни жамлайди, ҳисобга олади ва сақлайди. Архивда сақланаётган ҳужжатларнинг илмий ва амалий қимматини аниқлаш учун экспертиза қилишни ташкил этади, иш юритиш жараёнида ҳужжатлар қимматини экспертиза қилишда услубий ёрдам кўрсатади, ҳужжатларни давлат архивига топшириш учун тайёрлайди ва “Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда топширади, шунингдек ҳужжатлардан фойдаланишни ташкил қилади ва белгиланган тартибда ҳам манфаатдор ташкилотларга, ҳам фуқароларга маълумотномалар, ҳужжатлардан кўчирмалар ва нусхалар беради. 

Бизнинг суд соҳамизда архивларга жуда катта эътибор қаратилган.

Хусусан, архивимиз янги темир стеллажлар, сейф, компьютер ва сигнализация тизими, ҳаво ва намликни ўлчовчи ҳамда ёнғинга қарши воситалар билан тўлиқ таъминланган. Бу суд архивидаги ҳужжатлар белгиланган вақт оралиғида сифатли сақланади дегани.

Гўзал Эшчанова, Боғот туманлараро иқтисодий суди архив мудири

Хоразм вилоят судининг 2023 йилнинг 9 ойидаги фаолияти бўйича ахборот

Хоразм вилоятининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2023 йилнинг 9 ойи давомида жами 1350 нафар шахсга нисбатан 1108 та жиноят иши ва 2361 та санкция ҳамда материаллар кўриб тамомланган. Кўриб тамомланган жиноят ишлари бўйича 1084 нафар шахсга нисбатан 861 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган; 247 нафар шахсга нисбатан 232 та жиноят иши тугатилган; 232 нафар шахсга нисбатан 218 та жиноят иши тарафлар ярашганлиги сабабли иш тугатилган.

Хоразм вилоятининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2023 йилнинг 9 ойи давомида жами 1350 нафар шахсга нисбатан 1108 та жиноят иши ва 2361 та санкция ҳамда материаллар кўриб тамомланган. Кўриб тамомланган жиноят ишлари бўйича 1084 нафар шахсга нисбатан 861 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган; 247 нафар шахсга нисбатан 232 та жиноят иши тугатилган; 232 нафар шахсга нисбатан 218 та жиноят иши тарафлар ярашганлиги сабабли иш тугатилган.

99 нафар шахс суд залидан қамоққа олинган, 58  нафар шахс қамоқдан озод этилган.

Ўзбекистон Респубдикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан 849 нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.

Барча инстанцияларда 13 нафар шахсга нисбатан 7 та жиноят иши бўйича оқлов ҳукми чиқарилган.

Кўриб тамомланган жиноят ишлардан 134 нафарини ёки 9,9 фоизини аёллар, 37 нафарини ёки 2,7 фоизини вояга етмаганлар, 54 нафарини ёки 4 фоизини 60 ёшдан ошганлар ташкил этади.

Мазкур даврда 23.324 нафар шахсга нисбатан 20.786  та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб тамомланган. Шундан, 12.402  нафар шахсга нисбатан 11.601 та иш бўйича маъмурий жазо қўлланилган, 10.922  нафар шахсга нисбатан 9.185 та иш тугатилган.

2023 йилнинг 9 ойи давомида ўтган йилга нисбатан судланганлик кўрсаткичи ошган жиноят ишлари юзасидан суд амалиётлари умумлаштирилиб, якуни бўйича тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилиши, вилоят судлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳамкорликдаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган бир қатор самарали тарғибот ишлари ўтказилган бўлишига қарамасдан, мазкур даврда ҳаракат хафсизлиги қоидаларини бузиш жиноятлари (ЖК 266-модда) 15 (198/183) тага, қасдан одам ўлдириш (ЖК 97-модда) 8 (10/2) тага, номусга тегиш билан боғлиқ жиноятлар (ЖК 118,119-моддалар) 13 (17/4)тага, , қўшмачилик қилиш ёки фохишахона сақлаш (ЖК 131-модда) 27 (56/29) тага, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар (ЖК 270, 271, 273-276-моддалар) 43 (216/171) тага судланган шахслар сони ошган.

Бироқ, судларда содир этилган ҳар бир жиноятни маҳаллада муҳокама қилиш, унинг асл сабабларини аниқлаб, бартараф этиш амалиёти йўлга қўйилганлиги натижасида қасддан баданга оғир ва ўртача оғирликда тан жароҳати етказиш (ЖК 104-105-моддалар) 21 (57/78) тага,ўғирлик жиноятлари (ЖК 169-модда) 6 (192/198) тага,фирибгарлик (ЖК 168-модда) 60 (231/291) тага, порахўрликжиноятлари (ЖК 210-212-модда) 16 (37/79) тага,ўзгалар мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш жиноятлари (ЖК 167-модда) 30 (103/133) тага судланган шахслар сони камайган.

Судларнинг жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолият самарадорлигини кучайтириш мақсадида 204 та ёки 18,25   фоиз жиноят иши айнан жиноят содир бўлган жойларда, маҳаллаларда, тегишли ташкилот ва муассасаларда сайёр суд мажлислари тартибида кўриб чиқилган.

Шунингдек, судлар томонидан кўриб тамомланган турли тоифадаги ишлар бўйича суд амалиёти умумлаштирилиб, уларнинг сони 83 тани ташкил этган, уларнинг натижаси бўйича тегишли
корхона, муассаса ва ташкилотларга жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш юзасидан 71 та тақдимнома киритилган, 1108 та иш бўйича 97.7 фоиз ишлар бўйича хусусий ажримлар чиқарилган.

Бундан ташқари, жойлардаги криминоген вазият таҳлилидан келиб чиққан ҳолда вилоят судлари томонидан ҳуқуқий мавзуларда корхона, муассаса ташкилотлар ҳамда аҳоли ўртасида учрашувлар, суҳбатлар ўтказилиб, 468 маротаба маърузалар билан ҳамда 362 та ОАВда чиқишлар қилинган.

Хоразм вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туман шаҳар судларига 2023 йилнинг 9 ойи давомида жисмоний ва юридик шахс вакилларидан жами 1707 та мурожаат келиб тушган, шундан 488 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхонаси орқали,  1219 таси жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти, туман (шаҳар) судларининг раислари, судьялари ва масъул ходимларининг қабулида ҳамда почта орқали ва шахсан аризачилар томонидан тақдим қилинган. Ушбу аризаларнинг 17 таси тегишлилиги бўйича, 89 таси тааллуқлилиги бўйича юборилган ва қолган мурожаатлар суд раислари томонидан тегишли тартибда атрофлича ўрганиб чиқиб, мурожаат муаллифларига ёзма тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилган

Вилоят судининг фуқаролик судлари томонидан, 2023 йил 9 ойи давомида биринчи инстанция судларида жами 15.249  та  фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. Шундан, 8.639   та даъво қаноатлантирилган, 1.127 та даъво ариза рад этилган, 103 та  фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган, 1.777  та даъво аризалар  кўрмасдан қолдирилган. 12 хакамлик суди қарори билан боғлиқ иш. 3.591 та материаллар кўриб тамомланган.

Хоразм вилоятининг фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларида 9.69 та суд буйруғи чиқарилган.

Ушбу даврда судлар орқали никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар сони 2.101 тани ташкил этган. Шундан, 1.327 таси бўйича даъво қаноатлантирилган. 569 та фуқаролик иши бўйича даъволар  рад этилган. 172 та фуқаролик иши  кўрмасдан қолдирилган. 33 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган.

Вилоят судлари томонидан ҳуқуқий мавзуларда корхона, муассаса ташкилотлар ҳамда аҳоли ўртасида учрашувлар, суҳбатлар ўтказилиб, 321 маротаба ва 141 та ОАВда чиқишлар қилинган.

Низолар келиб чиқишининг олдини олиш юзасидан чиқарилган хусусий ажримлар сони 68 та, умумлаштиришлар эса 26 тани ташкил қилган.

Ишларни сайёр суд мажлисларида кўриш жами кўриб тамомланган 11.644 та фуқаролик ишларининг 897 таси яъни 7,7 фоизини ташкил этган. ташкил этган.

2023 йилнинг 9 ойидавомида жами 2270 та мурожаат (35 та қолдиқ аризалар билан 2305 тани ташкил этади), шундан виртуал қабулхона орқали 1126 та мурожаат келиб тушган. Бевосита вилоят ва туманлараро судларига келган умумий мазмундаги мурожаатлар сони 328 та, вилоят ва туманлараро судлари раиси ва ўринбосарларининг шахсий (сайёр) қабулида қабул қилинган мурожаатлар сони 816 тани ташкил этган. Мазкур мурожаатларнинг 3 таси қаноатлантирилган, 10 таси рад қилинган, 1086 та мурожаат бўйича тушунтириш берилган.

Вилоят судининг иқтисодий судлари томонидан 2023 йил 9 ойи давомида биринчи инстанция судларида жами 6.880 та  иқтисодий ишлари кўриб тамомланган. Шундан, 5.422 та даъво қаноатлантирилган, 986 та даъво ариза рад этилган, 91 та  иқтисодий иши иш юритишдан тугатилган, 133 та даъво аризалар  кўрмасдан қолдирилган. Жами кўрилган ишларнинг 1.847 таси, 26,8% сайёр суд мажлисларида кўрилиши таъминланган.

2023 йилнинг 9 ойи мобайнида кўрилган ишларнинг тоифалари 2022 йилнинг шу даври билан таққосланганда,

  • Инвестицион низолар юзасидан ишлар 6 тага;
  • Молиявий жарима қўллаш юзасидан ишлар 81 тага;

–  Лизинг шартномаси юзасидан ишлар 7 тага камайган бир вақтда,

– Банклардаги ҳисобварақалар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш бўйича ишлар 120 тага;

–    Коммунал хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича 580 тага;

–    Контрактация шартномаси бўйича 234 тага;

–  Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш юзасидан ишлар 164 тага;

– Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси юзасидан ишлар 115 тага;

–   Ерга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар 82 тага;

– Банкрот деб эътироф этиш юзасидан ишлар 96 тага кўпайганлигини кўришимиз мумкин.

Ушбу даврда инвестиция мажбуриятларини бажармаган тадбиркорлик субъектларига нисбатан мажбурият юклаш юзасидан 1 та иш кўрилиб қаноатлантирилган.

Шунингдек, ушбу даврда хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг даъвогарлигида 1.281 та ишлар кўрилиб, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари тикланиб, уларнинг фойдасига 426330.12 млр сўм маблағлар ундириш тўғрисида қарорлар қабул қилинган. 

2023 йилнинг 9 ойи мобайнида иқтисодий судлар томонидан аҳоли орасида 91 та маърузалар, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилиб, оммавий ахборот воситаларида 96 та чиқишлар қилинган.

2023 йилнинг 9 ойи давомида Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 231 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 87 таси  Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан, суд раҳбарияти шахсий қабулида 113 та ҳамда 31 та умумий мазмундаги мурожаатлар келиб тушган.

Суд раҳбариятининг шахсий қабулида 113 та, шундан сайёр қабулда 40 та, бевосита идорада 73 та хўжалик юритувчи субъектларнинг вакиллари ва тадбиркорлар қабул қилинган. (ўтган йилнинг шу даврида 196 та келиб тушган бўлиб, ўтган  йилга нисбатан 83 тага камайган) Келиб тушган жами 113 та мурожаатнинг 12 таси суд хужжатлари юзасидан, қолган 101 таси бошқа масалалар бўйича мурожаатларни ташкил қилади.

Шахсий қабулда жисмоний ва юридик шахслар томонидан келтирилган важлар раҳбарият томонидан тингланган ва мурожаат муаллифларига оғзаки тушунтиришлар берилган.

Конституциядан

Ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас.

(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30-моддаси)

Конституциядан

Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддаси)

РАСМИЙ АХБОРОТ

Жиноят ишлари бўйича Хонқа туман суди 1983 йилда Урганч туманида туғилган, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти ўрта-махсус, оиласидан ажрашган, 2 нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ шифохонаси реанимация бўлими ҳамшираси бўлиб ишлаган Г.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси1-қисми билан жиноят иши кўриб чиқилди.

Судда аниқланишича Г.А. алдаш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, 2023 йил апрель ойининг бошларида фуқаро И.О.ни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг Урганч шаҳридаги шифохонасида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳамширалик вазифасига ишга жойлаштириб қўйишини, бунинг учун юқори лавозимда ишловчи танишига 2500 АҚШ доллари бериши кераклигини айтиб алдаб, уни пора беришга қизиқтириб, пора бериш жиноятини содир қилишга далолат қилиб, 2023 йил 20 апрель куни соат 12:30 ларда Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ шифохонасида И.О.дан 1500 АҚШ доллари ва 5.500.000 сўм пулларни олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.

Судланувчи Г.А. судда айбига тўла иқрорлик билдириб, айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув ихтиёрий равишда тузилганини, ўз ҳаракати моҳиятини, унинг шартларини тушунганини, келишувни қўллаб-қувватлашини, қилмишидан пушаймонлигини, енгиллик қилишни сўраб кўрсатув берган.

Суд Г.А.нинг айбига тўлиқ иқрор ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий аҳволини, ягона боқувчилигини ва 2 нафар фарзанди борлигини, иш бўйича зарарлар мавжуд эмаслигини, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб ҳукм қилди.

Суд ҳукмига кўра Г.А.га оид жиноят иши бўйича айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув тасдиқланди. Г.А. ЖКнинг 25,168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унага ЖКнинг 59-моддаси тартибида ўташ учун узил-кесил 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати

ФАРЗАНДИГА НИСБАТАН ЖИНОЯТ СОДИР ҚИЛГАН ОНА ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ

Она буюк зот, таърифи сўзларга сиғмас буюк ҳилқат.  Муқаддас динимизда ҳам оналар улуғланган, фарзандлари уларга яхшилик қилишга буюрилган. Жаннат оналар оёғи остида, дейилади. Она ўз фарзанди учун ўз жонини беришга ҳам тайёр бир мўъжизадир. Аммо ҳамма оналар ҳам шундай буюк таърифларга муносибмикин? Афсуски, фарзанди учун жон беришдан кўра, унинг жонини олишга тайёр оналарнинг бугунги жамиятимизда борлиги жуда ачинарли ҳолат.  Бундайларни она дейишга ҳам тилинг бормайди. Тўғри-да, қайси она ўз фарзандининг жисми жонига, руҳига озор етказиб, азоблаб жоҳиллик қилиши мумкин? Ҳатто биз онгсиз мавжудот деб атайдиган ҳайвон ҳам боласига бундай зулмни раво кўрмайди. Бугун суднинг қора курсисида кўзи очилган “она” йиғидан ўзини тия олмади. Фарзандларига қилган зулмларидан пушаймон бўлса-да, унинг қилмишларини  қонунларимиз ҳам,  динимиз ҳам  оқламайди. У ўз фарзандларига етказган жисмоний ва маънавий зарарлари учун жавоб беришга мажбур. 

МАСТ ОНА ҚИЗИНИ КАЛТАКЛАДИ

С.М.Каримова(исм-фамилиялар ўзгартирилган) Гарчи ўз фарзандлари бўлса ҳам бундай онанинг ёнида уларни қолдириб бўлмасди. Чунки ор-номус, ҳаё-ибосини бир четга суриб, енгил-елпи ҳаётни танлаган бу аёл фарзандларини ҳам аямади. Ҳали вояга ҳам етмаган 15, 13 ва 11 ёшли қизалоқлар онасининг аҳлоқсизлигидан норози бўлишади. Унинг қўл телефонига келаётган уятли, ишқий, беҳаё мазмундаги хабарларга кўзи тушган 11 яшар қиз бу беҳаёликни ҳазм қила олмайди. Онасига бу иши яхши эмаслигини айтиб, норозилик билдирганида эса мурғаккина танаси калтаклар зарби остида қолади. Спиртли ичимлик таъсирида маст бўлган аёл муттасил равишда қизига раҳмсизларча муносабатда бўлиб, ўта шафқатсизлик билан таёқдан ясалган ўқлов ва ҳассалар билан уриб, тан жароҳатлари етказади, қайчибилан қизининг сочини қирқаётиб, терисини ҳам  шилиб олади. Қизларига таълим-тарбия бериб, она сифатида яхши ўрнак бўлиш ўрнига маст-алас бўлиб, фарзандини қаттиқ жисмлар билан калтаклаб, жароҳатлаган бу аёлни оналик мақомида қолдириш мумкинми? Йўқ, албатта. Гарчи онасининг ҳаракатларини ошкор қилмаслик учун фарзандлар сукут сақлаб, жим турган тақдирда ҳам қонун бу норасида фарзандларни бундай жоҳил аёлнинг қўлида қолдирмайди.  Шу юзасидан Хива туман прокуратураси вояга етмаган 18.08.2007 йилда туғилган Б.Г.Миролим қизи, 17.11.2009 йилда туғилган Б.Х.Миролим қизи ва 22.09.2011 йилда туғилган Б.С.Миролим қизи манфаатида судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар С.М.Каримовани ўз фарзандларига нисбатан жиноят содир қилганлиги сабабли  оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаришни сўраган.

МУРҒАК ҚИЗАЛОҚНИНГ ТАНИДА ШУНЧА ЖАРОҲАТ

Суд-тиббий экспертизасининг 24.12.2021 йилдаги 579-сонли эксперт хулосасини ўқиган инсоннинг фарзандга шунча тан жароҳати етказган онага нисбатан нафрати ошиши шубҳасиз.  Экспертиза хулосасига  кўра, жавобгар  22.09.2011 йилда туғилган Б.С.Миролим қизига ўнг қўл билак суягига, бош миясига, бош пешона, чап елка  ва чап билагига, чап елка бўғим ташқи юзасига, бош, юз, иккала кўз қовоқларига, бурун, лабларига, иккала қулоқ супраларига, кўкрак қафасининг олд ва орқа юзаларига, қорин ва бел соҳаларига, иккала қўл ва оёқларига, қайчи билан бош ўнг тепа-чакка соҳасига, ияк остига уриб, қийнаб, унга ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат бўйича С.М.Каримова Ўзбекистон республикаси ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми “г” ва “м” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

СЎНГГИ ПУШАЙМОН ЎЗИНГГА ДУШМАН

Суд мажлисида жавобгар С.М.Каримова ўзини йиғлашдан тўхтата олмади ва ҳатто тушунтириш ҳам бера олмаслигини билдирди.Албатта, у қилган ишлари учун пушаймон эди, аммо фарзандларига ҳам жисман, ҳам руҳан етказган жароҳатлари, оналикка зид ҳатти-ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб беришга мажбур. Суд прокурорнинг даъвони қаноатлантириш ҳақидаги фикри ва музокарасини тинглаб ҳамда ишдаги тўпланган ҳужжатларни яна бир бор таҳлил қилиб, жавобгар С.М.Каримовани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттирди.

Вояга етмаган фарзандлар эса бугунги кунда Янгиариқ туманидаги 1-сон “Фаровон” оилавий болаларуйида тарбияланмоқда. Суд иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, фарзандлар таъминоти учун жавобгар С.М.Каримовадан алимент ундирилишини ҳам белгилаб қўйди.

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ҚОНУНЛАРДА ҚАНДАЙ АКС ЭТГАН?

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддасига кўра, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида” ги 23-сонли қарорининг 15-бандида ота-она (улардан бири) Оила кодексининг 79-моддасига биноан ота-оналик ҳуқуқидан ўзларининг айбли хулқ-атворига кўра, агар улар ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлашлик деганда – ота-оналик бурчларини узлуксиз равишда бажармаслик, ўз болаларига қандай бўлмасин ғамхўрлик қилмаслик тушунилиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 80-моддасининг 4-қисмига биноан суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда боланинг таъминоти учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онадан (уларнинг биридан) алимент ундириш масаласини ҳал қилади.

ОНА БЎЛИШ БАХТ, ОНАЛИК ҚИЛИШ ШАРАФДИР

Фарзанд Аллоҳнинг буюк неъмати. Мана шу буюк инъом ила аёл оналик мақомига сазовор бўлади. Ҳамма аёл ҳам ҳам оналик бахтига эриши мумкин, аммо афсуски уларнинг ҳаммаси ҳам фарзандига ҳақиқий она бўла олмайди. Оналикнинг қадрига етмайди. Ғурур, ор-номус, андиша ва ҳаёни, она эканлигини унутган қаҳрамонимиз бугун ич-ичидан қилган айблари учун пушаймондир, аммо бу пушаймонликдан не наф. Отасиз фарзандларининг онасиз қолишига ҳам сабабчи бўлди. Бундай онага пушаймонлиги сабаб раҳмимиз келар, аммо қалбида, жисмида оғриқларни ҳис қилган фарзандлари кечирармикин? Сабоқ олиш ва хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола. Балки бундай оналар орамизда кўпдир, уларнинг разилона ҳаракатлари ҳали ошкор бўлмагандир. Аммо унутмасинларки, Яратганнинг адолатидан ҳеч қаёққа қочиб бўлмайди. 

Бобур Абдуллаев, Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди судьяси

Skip to content