Архивлар фаолияти тўғрисида

         Архив ўзи нима? Архив – бу архив хужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи муассаса ҳисобланади. 

Шунингдек архив иши – архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш бўйича фаолиятдир.

Ҳар бир давлат корхона, муассаса ва ташкилотларида албатта идоравий архивлар мавжуддир.

Идоравий архив-юридик шахснинг архив хужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи таркибий бўлинма ҳисобланади. Бизнинг суд соҳамизда ҳам идоравий архивлар мавжуд бўлиб, ҳар бирида биттадан архив мудири штати мавжуддир.

Ҳозирги кунда идоравий архивлар жуда яхши фаолият олиб бормоқдалар. Бизни Ўзбекистонда архивларни ривожлантириш мақсадида кўпгина қонун ва қарорлар ишлаб чиқилган.

Хусусан, идоравий архив ўз фаолиятини қуйидаги норматив-ҳуқуқий хужжатлар яъни Ўзбекистон Республикасининг 15.06.2010 йилдаги  252-сонли “Архив иши тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил  5 апрелдаги 101-сонли “Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги 482-сонли “Архив иши бўйича меъёрий хужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” ги қарори  асосида амалга оширади.

Идоравий архивнинг асосий вазифаси – ташкилот ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва давлат томонидан сақлашга топшириш учун тегишли архивларга топширишдан иборатдир.

Идоравий архив мудири тугалланган ишларни ҳамда шахсий таркиб хужжатларни жамлайди, ҳисобга олади ва сақлайди. Архивда сақланаётган ҳужжатларнинг илмий ва амалий қимматини аниқлаш учун экспертиза қилишни ташкил этади, иш юритиш жараёнида ҳужжатлар қимматини экспертиза қилишда услубий ёрдам кўрсатади, ҳужжатларни давлат архивига топшириш учун тайёрлайди ва “Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда топширади, шунингдек ҳужжатлардан фойдаланишни ташкил қилади ва белгиланган тартибда ҳам манфаатдор ташкилотларга, ҳам фуқароларга маълумотномалар, ҳужжатлардан кўчирмалар ва нусхалар беради. 

Бизнинг суд соҳамизда архивларга жуда катта эътибор қаратилган.

Хусусан, архивимиз янги темир стеллажлар, сейф, компьютер ва сигнализация тизими, ҳаво ва намликни ўлчовчи ҳамда ёнғинга қарши воситалар билан тўлиқ таъминланган. Бу суд архивидаги ҳужжатлар белгиланган вақт оралиғида сифатли сақланади дегани.

Гўзал Эшчанова, Боғот туманлараро иқтисодий суди архив мудири