ФАРЗАНДИГА НИСБАТАН ЖИНОЯТ СОДИР ҚИЛГАН ОНА ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ

Она буюк зот, таърифи сўзларга сиғмас буюк ҳилқат.  Муқаддас динимизда ҳам оналар улуғланган, фарзандлари уларга яхшилик қилишга буюрилган. Жаннат оналар оёғи остида, дейилади. Она ўз фарзанди учун ўз жонини беришга ҳам тайёр бир мўъжизадир. Аммо ҳамма оналар ҳам шундай буюк таърифларга муносибмикин? Афсуски, фарзанди учун жон беришдан кўра, унинг жонини олишга тайёр оналарнинг бугунги жамиятимизда борлиги жуда ачинарли ҳолат.  Бундайларни она дейишга ҳам тилинг бормайди. Тўғри-да, қайси она ўз фарзандининг жисми жонига, руҳига озор етказиб, азоблаб жоҳиллик қилиши мумкин? Ҳатто биз онгсиз мавжудот деб атайдиган ҳайвон ҳам боласига бундай зулмни раво кўрмайди. Бугун суднинг қора курсисида кўзи очилган “она” йиғидан ўзини тия олмади. Фарзандларига қилган зулмларидан пушаймон бўлса-да, унинг қилмишларини  қонунларимиз ҳам,  динимиз ҳам  оқламайди. У ўз фарзандларига етказган жисмоний ва маънавий зарарлари учун жавоб беришга мажбур. 

МАСТ ОНА ҚИЗИНИ КАЛТАКЛАДИ

С.М.Каримова(исм-фамилиялар ўзгартирилган) Гарчи ўз фарзандлари бўлса ҳам бундай онанинг ёнида уларни қолдириб бўлмасди. Чунки ор-номус, ҳаё-ибосини бир четга суриб, енгил-елпи ҳаётни танлаган бу аёл фарзандларини ҳам аямади. Ҳали вояга ҳам етмаган 15, 13 ва 11 ёшли қизалоқлар онасининг аҳлоқсизлигидан норози бўлишади. Унинг қўл телефонига келаётган уятли, ишқий, беҳаё мазмундаги хабарларга кўзи тушган 11 яшар қиз бу беҳаёликни ҳазм қила олмайди. Онасига бу иши яхши эмаслигини айтиб, норозилик билдирганида эса мурғаккина танаси калтаклар зарби остида қолади. Спиртли ичимлик таъсирида маст бўлган аёл муттасил равишда қизига раҳмсизларча муносабатда бўлиб, ўта шафқатсизлик билан таёқдан ясалган ўқлов ва ҳассалар билан уриб, тан жароҳатлари етказади, қайчибилан қизининг сочини қирқаётиб, терисини ҳам  шилиб олади. Қизларига таълим-тарбия бериб, она сифатида яхши ўрнак бўлиш ўрнига маст-алас бўлиб, фарзандини қаттиқ жисмлар билан калтаклаб, жароҳатлаган бу аёлни оналик мақомида қолдириш мумкинми? Йўқ, албатта. Гарчи онасининг ҳаракатларини ошкор қилмаслик учун фарзандлар сукут сақлаб, жим турган тақдирда ҳам қонун бу норасида фарзандларни бундай жоҳил аёлнинг қўлида қолдирмайди.  Шу юзасидан Хива туман прокуратураси вояга етмаган 18.08.2007 йилда туғилган Б.Г.Миролим қизи, 17.11.2009 йилда туғилган Б.Х.Миролим қизи ва 22.09.2011 йилда туғилган Б.С.Миролим қизи манфаатида судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар С.М.Каримовани ўз фарзандларига нисбатан жиноят содир қилганлиги сабабли  оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаришни сўраган.

МУРҒАК ҚИЗАЛОҚНИНГ ТАНИДА ШУНЧА ЖАРОҲАТ

Суд-тиббий экспертизасининг 24.12.2021 йилдаги 579-сонли эксперт хулосасини ўқиган инсоннинг фарзандга шунча тан жароҳати етказган онага нисбатан нафрати ошиши шубҳасиз.  Экспертиза хулосасига  кўра, жавобгар  22.09.2011 йилда туғилган Б.С.Миролим қизига ўнг қўл билак суягига, бош миясига, бош пешона, чап елка  ва чап билагига, чап елка бўғим ташқи юзасига, бош, юз, иккала кўз қовоқларига, бурун, лабларига, иккала қулоқ супраларига, кўкрак қафасининг олд ва орқа юзаларига, қорин ва бел соҳаларига, иккала қўл ва оёқларига, қайчи билан бош ўнг тепа-чакка соҳасига, ияк остига уриб, қийнаб, унга ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат бўйича С.М.Каримова Ўзбекистон республикаси ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми “г” ва “м” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

СЎНГГИ ПУШАЙМОН ЎЗИНГГА ДУШМАН

Суд мажлисида жавобгар С.М.Каримова ўзини йиғлашдан тўхтата олмади ва ҳатто тушунтириш ҳам бера олмаслигини билдирди.Албатта, у қилган ишлари учун пушаймон эди, аммо фарзандларига ҳам жисман, ҳам руҳан етказган жароҳатлари, оналикка зид ҳатти-ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб беришга мажбур. Суд прокурорнинг даъвони қаноатлантириш ҳақидаги фикри ва музокарасини тинглаб ҳамда ишдаги тўпланган ҳужжатларни яна бир бор таҳлил қилиб, жавобгар С.М.Каримовани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттирди.

Вояга етмаган фарзандлар эса бугунги кунда Янгиариқ туманидаги 1-сон “Фаровон” оилавий болаларуйида тарбияланмоқда. Суд иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, фарзандлар таъминоти учун жавобгар С.М.Каримовадан алимент ундирилишини ҳам белгилаб қўйди.

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ҚОНУНЛАРДА ҚАНДАЙ АКС ЭТГАН?

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддасига кўра, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида” ги 23-сонли қарорининг 15-бандида ота-она (улардан бири) Оила кодексининг 79-моддасига биноан ота-оналик ҳуқуқидан ўзларининг айбли хулқ-атворига кўра, агар улар ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлашлик деганда – ота-оналик бурчларини узлуксиз равишда бажармаслик, ўз болаларига қандай бўлмасин ғамхўрлик қилмаслик тушунилиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 80-моддасининг 4-қисмига биноан суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда боланинг таъминоти учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онадан (уларнинг биридан) алимент ундириш масаласини ҳал қилади.

ОНА БЎЛИШ БАХТ, ОНАЛИК ҚИЛИШ ШАРАФДИР

Фарзанд Аллоҳнинг буюк неъмати. Мана шу буюк инъом ила аёл оналик мақомига сазовор бўлади. Ҳамма аёл ҳам ҳам оналик бахтига эриши мумкин, аммо афсуски уларнинг ҳаммаси ҳам фарзандига ҳақиқий она бўла олмайди. Оналикнинг қадрига етмайди. Ғурур, ор-номус, андиша ва ҳаёни, она эканлигини унутган қаҳрамонимиз бугун ич-ичидан қилган айблари учун пушаймондир, аммо бу пушаймонликдан не наф. Отасиз фарзандларининг онасиз қолишига ҳам сабабчи бўлди. Бундай онага пушаймонлиги сабаб раҳмимиз келар, аммо қалбида, жисмида оғриқларни ҳис қилган фарзандлари кечирармикин? Сабоқ олиш ва хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола. Балки бундай оналар орамизда кўпдир, уларнинг разилона ҳаракатлари ҳали ошкор бўлмагандир. Аммо унутмасинларки, Яратганнинг адолатидан ҳеч қаёққа қочиб бўлмайди. 

Бобур Абдуллаев, Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди судьяси