ХОРАЗМДА “СУД ФАХРИЙСИ” КЎКРАК НИШОНИ ТОПШИРИЛДИ

Хоразм вилоят судида Давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида суд фахрийлари, судьялар ва суд аппарати ходимлар иштирокида тадбир ўтказилди.

Расмиятчиликдан холи тарзда бўлган тадбирнинг асл сабаби қувончли хабар бўлди, яъни Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, пенсияга чиққан судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилган эди. Кўкрак нишоннинг навбатдаги тақдирланганлари қаторида хоразмлик Дурдибой Матмуродов ҳам жой олди.

Дурдибой Матмуродов Судьялар олий кенгашининг 2022 йил 23 августдаги 1720-сонли қарорига кўра суд тизимида юксак обрў-эътибор қозонган, судьялик бурчини бенуқсон, самарали ва ҳалол амалга оширган, жамиятда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва ёш судья кадрларни етиштиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшганлиги учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Тадбир давомида вилоят суди раиси Б.Полванов томонидан устоз Дурдибой Матмуродовга “Суд фахрийси” кўкрак нишони ва тегишли гувоҳнома тантанали равишда топширилди. Шунингдек, суд тизимида фаолият олиб борган меҳнат фахрийларига ҳам эҳтиром кўрсатилди.

Энди Хоразм вилоятида “Суд фахрийси” кўкрак нишони соҳиблари тўрт нафарга етди.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати