Хоразм вилоят суди оғуфурушнинг жазосини ўзгаришсиз қолдирди

2022 йил 18 август куни Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида фуқаро Акбар Алимовга (исми-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши апелляция тартибида кўрилиб, қонуний ечимини топди.

Бугун мамлакатимизда ҳар соҳада ислоҳотлар амалга оширилмоқда, тараққиётнинг янги-янги босқичларига пойдевор қўйилмоқда. Лекин, келажагимизга таҳдид солувчи, инсонни тўғри йўлдан оздириб, охир оқибат умрига зомин бўлувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балосидир.

Жамиятимиз гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жинояти билан курашаётган бир пайтда, орамизда бу каби қилмишларни содир этаётган шахсларнинг ҳамон учраётганлиги ачинарли ҳолат.

Бироқ ҳар қандай жиноий қилмишга жавобгарлик борлигини унутмаслигимиз лозим.

2022 йил 08 июль куни жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди томонидан Акбар Алимовга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Судда маълум бўлишича Акбар 2022 йил 5 февраль куни соат тахминан 18:40 ларда ДХХ Хоразм вилояти бошқармаси, ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Хоразм вилояти ИИБ ва вилоят божхона бошқармаси Контрабанда ва БҚБга қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамкорликда Урганч туманидаги «Чолиш» ЙПХ блок постида ўтказилган тезкор тадбир давомида «Тўрткўл-Урганч» йўналишида ҳаракатланиб келаётган «Тракер» русумли енгил автомашинада йўловчи сифатида ҳаракатланиб кетаётганида тўхтатилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушбу автомашина ҳайдовчиси Р.Ражапов ва йўловчиси А.Алимовлар тегишли тартибда шахсий тинтув қилинганида, Акбарнинг ўнг оёғи тиззасининг орқа томонига маҳкамланган оқ рангли целлофан пакет борлиги, унинг ичида 8 дона кичик селофан пакет бўлакчаларига ўралган, жами вазни 112,27 грамм кўп миқдордаги «опий» гиёҳвандлик воситаси топилган.

Айбланувчи ушбу гиёҳвандлик воситасини келгусида сотиб ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда сақлаб қўйганлиги аниқланиб, ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, жиноят охирига етказилмасдан, жиноят содир этишга суиқасд қилган.

Биринчи инстанция суди томонидан Акбарга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,273-моддаси 5-қисми 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд ҳукмига судланувчи ва унинг ҳимоячиси томонидан келтирилган шикоятига асосан, жиноят иши Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан кўрилиб, ишга доир ҳужжатлар, тарафларнинг фикри ва кўрсатмалар диққат билан ўрганилди. Якунда эса суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Зафар Якубов,
Хоразм вилоят судининг
жиноят ишлари бўйича судьяси