Судьялар Урганч шаҳрининг “Машъал” маҳалласида бўлишди

Бугун суд тизими нафақат жиноятга жазо тайинлашга балки жиноятларнинг олдини олишга ҳам ўз хиссасини қўшмоқда. Ана шу мақсадда Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Ойбек Маҳмудов ҳамда жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг судьяси Дилдора Пўлатовалар томонидан “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида Урганч шаҳридаги “Машъал” маҳалласида давра суҳбати ўтказилди.

Жорий йилнинг ўтган январь-август ойларида вилоят судларида жами 884 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан порахўрлик, фирибгарлик жиноятлари бўйич судланганлик кўрсаткичи ошган яъни судланган шахслар сони бирмунча кўпайган.  Шунингдек, бу даврда одам савдоси билан боғлиқ 4 та иш кўрилган ва айбдорларга тегишли жазо тайинланган.

Бу статистик таҳлиллар судьяларни фақатгина айбдорларга қонуний жазо тайинлаш билан чекланиб қолмасдан, балки жиноят содир этилаётган маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишларини ўтказиш ҳамда содир этилган жиноятларни фуқаролар билан муҳокама қилишга ундади.

Маҳалла марказида профилактика инспектори, фаоллар, хотин-қизлар ва ёшлар билан ўтган давра суҳбатида асосий мавзу коррупция, ўғрилик, фирибгарлик ва одам савдоси жиноятларининг олдини олиш бўйича бўлди. Унда судьялар судда кўрилган шу тоифадаги ишлар, жиноятчиларга тайинланган жазо ҳақида маълумот беришди.

Давра суҳбатида муҳум масалага ҳам эътибор қаратилиб, судьялар маҳалла фаоллари ва ота-оналардан ёшларга ўтиш даврида алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини сўрашди, улар билиб-билмай жиноят кўчасига кириши мумкинлигини тўғри тушунтирилди.

Маълумот ўрнида маҳалла ҳудудида ўтган 2021 йилда 41 та жиноят содир этилган ва улар орсаида ўғирлик, фирибгарлик ва босқинчилик жиноятлари ҳам бор.

Учрашув очиқ мулоқот тарзида давом этиб, иштирокчиларнинг соҳага доир саволларига жавоб берилди.