УРГНАЧДАГИ САЙЁР ҚАБУЛДА ҚАЙСИ ОРГАНГА ҚАНДАЙ ТАРТИБДА МУРОЖААТ ЙЎЛЛАШ КEРАКЛИГИ ТУШУНТИРИЛДИ

Хоразм вилоят суди раиси Б.Полванов бошчилигида инсон қадрини улуғлаш тамойили асосида ўтказилаётган сайёр қабулларда асосий эътибор аҳолининг судга доир масалаларини «маҳаллабай» ўрганиб, ечими бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар беришга қаратилган.

Навбатдаги ана шундай сайёр қабул Хоразм вилоят суди раиси, раис ўринбосарлари ва судьялар томонидан Урганч туманларида бўлиб ўтди.

Фуқаролар билан юзма-юз гаплашиб, уларга ечими топилмаётган масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат беришнинг ўзиёқ одамларнинг оғирини енгил қилишга, вақтини ҳам тежашга сабаб бўлади. Айниқса, ўз туманида, маҳалласида туриб ҳуқуқий масаласини қаерда, қандай тартибда ҳал этишни билиб олган одамлар бу қабулларнинг аҳамияти ва қадрини бошқалардан кўра яхши билишади.

Урганч туманида ўтган қабул жараёнларида вилоят судининг раиси бошчилигида раис ўринбосарлари, жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судьялар ҳар бир фуқарони алоҳида тартибда қабул қилди.

Мурожаатчиларнинг муаммоли масалалари ўрганилиб, фуқароларга судга даъво аризасини бериш, суд қарорларига нисбатан шикоят келтириш ҳамда муаммоси юзасидан айнан қайси органга мурожаат этиши лозимлиги бўйича тушунтиришлар берилди.

Қабул жараёнларида мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой низолари, оилавий низолар ва суд томонидан тайинланган жазони енгилроғига алмаштириш бўйича бўлди.

Инсон қадрини улуғлаш тамойили асосида ўтказилаётган сайёр қабуллар аҳолининг узоғини яқин қилишга, идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олишга хизмат қилади. Шу сабабли Хоразм вилоят суди томонидан фуқароларнинг судга доир масалаларини давомли ўрганиш мақсадида чекка туман ва маҳаллаларда сайёр қабуллар давом этмоқда.