МАЖБУРИЯТИНИ УНУТГАН ОТА, ТИРИК ЕТИМ ФАРЗАНД ВА КЎМАККА МУҲТОЖ ОНА

Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.  Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 63-модда

Оила — муқаддас маскан. У мустаҳкам бўлса, жамият осойишта, фарзандлар бахтиёр бўлади. Эр-хотиннинг ўзаро тотувлиги, ҳамжиҳатлиги ва бир-бирини тушуниб, муросаи мадора билан яшаши фарзандлар тарбияси ва ахлоқида ҳам юксак ўрин тутади. Бундай тўлақонли оилаларда тарбияланган фарзандлар оила, Ватан қадрини ҳис қилиб улғайишади. Аммо бугунги кунда оилаларни мустаҳкамлаш, уни сақлаб қолиш йўлида қанча ислоҳотлар амалга оширилмасин, минг афсуски ажрашиш ҳолатлари ҳали-ҳамон камайгани йўқ. Бу ажримлар ортидан фарзандлар етим, қанчадан қанча қўлида касб-ҳунари йўқ аёллар қийин вазиятларга тушиб қолишмоқда. Қонунларимиз бўйича, ажримдан кейин кичик ёшдаги фарзандлар кўпинча она қарамоғида    қолдирилади. Конституциямизнинг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, деб белгилаб қўйилган. Демакки, эр-хотин ажрашган тақдирда ҳам қонунда белгиланган тартибда фарзандининг таъминотини қилишга мажбур.  Аммо аксарият ҳолларда фарзанди учун тўланадиган алиментдан қочиб, турли хил баҳоналар билан ўз мажбуриятидан қочиб юрадиган оталар ҳам орамизда талайгина. Бундай ҳолларда оналар мажбур бўлиб  судга мурожаат қилишади.

НОРАСИДА ГЎДАК ВА ИШСИЗ АЁЛ ТАҚДИРИ

Ёрқиной мана шундай қийин вазиятда қолган аёллардан бири. У оилавий келишмовчиликлар сабаб ўз ота уйига қайтиб келади. Ўртада эса эса ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган норасида қизалоқ тирик етимга айланди. Ота эса ҳамма масъулиятдан қутилдим, дегандек фарзанди учун ҳеч қандай мажбуриятни бўйнига олмайди. Ёрқиной фарзанди ёшлиги сабабли ҳеч қаерда ишламаслигини, моддий ёрдамга муҳтож эканлигини билдириб, жавобгардан фарзанди уч ёшга тўлгунига қадар 1 000 000 сўм моддий таъминотни қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаришни сўраб  2022 йил  18 май куни фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судига ариза билан мурожаат қилди.  

АЛИМЕНТ ТЎЛАШДАН НОРОЗИ ОТА

Й.Ёрқиной Шодиёр қизи билан  2020 йил 21 февраль куни Хива туман ФҲДЁ бўлимида қонуний никоҳдан ўтган жавобгар А.Нодир Абдукаримович  эса суд мажлисида берган тушунтиришида оилада ёлғиз боқувчи эканлиги ва шу сабабли 2021 йил  26 сентябрда туғилган  қизи учун ҳар ойда таъминот (алимент) тўлашга норози эканлигини билдирибгина қолмай,  даъвони рад қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариб беришларини сўради. Афсуски, бугунги кунда оиласи билан ажрашиб, ажримдан кейин фарзандларининг тақдири билан қизиқмайдиган оталар кўпайиб бормоқда. Айниқса, айрим ёш оилаларда масъулият, мажбурият тушунчалари умуман йўқолиб кетаётгандек. Аммо шаҳар бедарвоза эмас. Истаган пайтида оила қуриб, истаган пайтида фарзандини ташлаб кетиб, масъулият ва мажбуриятлардан тонишга давлатимиз қонунлари йўл қўймайди.  

ФАРЗАНДНИНГ ҲАҚИ ОЛИБ БЕРИЛДИ 

Суд тарафларнинг тушунтириш ва музокара сўзларини тинглаб, иш ҳужжатларини кўриб чиқиб, даъво талабини қисман қаноатлантиришни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 117-моддасига кўра, “Эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр)дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга”.  

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 119-моддасига кўра, эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори суд томонидан эр ёки хотиннинг (собиқ эр ёки хотиннинг) моддий ва оилавий аҳволини ҳамда тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини эътиборга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади, бироқ бу сумма қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги лозим. 

Юқоридагиларга асосан суд даъвони қаноатлантиришни ва тарафларнинг моддий ҳолатини инобатга олиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 2022 йил 3 майдан, яъни даъвогар таъминот ундиришни талаб қилиб судга мурожаат қилган вақтдан бошлаб фарзанди уч ёшга тўлгунига қадар ҳар ойда қатъий суммада 300 000 сўм миқдорида таъминот ундириш, шунингдек ФПКнинг 138-моддасига асосан,  жавобгардан даъвогар фойдасига судга даъво тақдим қилишда тўланган почта харажати учун 19 000 сўм ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаришни ва даъво талабини қисман қаноатлантиришни лозим топади.  Шунингдек,  белгиланган қонун тартибига асосан жавобгардан давлат фойдасига 270 000 сўм давлат божи ундириш ҳам белгиланди. 

ОИЛАНИ ПАРОКАНДА, ФАРЗАНДЛАРНИ ЕТИМ ҚИЛМАНГ

Бирини оталик, бирини оналик мақоми билан шарафлаб, фарзанддек азиз неъматни берган Аллоҳга шукрона келтириш ўрнига жавобгар қаҳрамонимиз каби “ота”лар судларда ҳеч уялмасдан, эркаклик ор-номусини ҳам бир четга суриб, “Узр, мен фарзандим учун ҳеч нарса қилиб беролмайман” деб ўзини худди бегоналардек тутиши миллатимизнинг заволи эмасми? Бундай ота номига нолойиқ кимсалар қаердан пайдо бўлмоқда, қаердан тарбия олмоқда? Улар бугун шу қадар тубанлашиб, юзсизлашиб кетишига сабаб нима? Афсуски, мана шу саволлар бугун оиласида ўғил-қиз тарбия қилаётган ҳар бир ота-онани ўйлантириши шарт. Фарзандлар сизнинг моддий ёрдамингизсиз ҳам катта бўлишар, эртага улғайиб, йўлини ҳам топиб кетар. Аммо қалбидаги оғриқлар ҳеч қачон унутилмайди. Фарзандларингиз кўз ўнгида, ўй-фикрларида бутун умрга “Боласидан воз кечган ота ёки она” бўлиб қоласиз ва бу тамғани умрбод кўтариб юрасиз. Оила муқаддас ва арзимас сабаблар билан уни пароканда қилишдан, фарзандларни эса кўнгли ярим, чорасиз қолдиришдан уялинг, азиз ота ва оналар! 

Руслан Жумабаев, фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди судьяси

ФАРЗАНДИГА НИСБАТАН ЖИНОЯТ СОДИР ҚИЛГАН ОНА ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ

Она буюк зот, таърифи сўзларга сиғмас буюк ҳилқат.  Муқаддас динимизда ҳам оналар улуғланган, фарзандлари уларга яхшилик қилишга буюрилган. Жаннат оналар оёғи остида, дейилади. Она ўз фарзанди учун ўз жонини беришга ҳам тайёр бир мўъжизадир. Аммо ҳамма оналар ҳам шундай буюк таърифларга муносибмикин? Афсуски, фарзанди учун жон беришдан кўра, унинг жонини олишга тайёр оналарнинг бугунги жамиятимизда борлиги жуда ачинарли ҳолат.  Бундайларни она дейишга ҳам тилинг бормайди. Тўғри-да, қайси она ўз фарзандининг жисми жонига, руҳига озор етказиб, азоблаб жоҳиллик қилиши мумкин? Ҳатто биз онгсиз мавжудот деб атайдиган ҳайвон ҳам боласига бундай зулмни раво кўрмайди. Бугун суднинг қора курсисида кўзи очилган “она” йиғидан ўзини тия олмади. Фарзандларига қилган зулмларидан пушаймон бўлса-да, унинг қилмишларини  қонунларимиз ҳам,  динимиз ҳам  оқламайди. У ўз фарзандларига етказган жисмоний ва маънавий зарарлари учун жавоб беришга мажбур. 

МАСТ ОНА ҚИЗИНИ КАЛТАКЛАДИ

С.М.Каримова(исм-фамилиялар ўзгартирилган) Гарчи ўз фарзандлари бўлса ҳам бундай онанинг ёнида уларни қолдириб бўлмасди. Чунки ор-номус, ҳаё-ибосини бир четга суриб, енгил-елпи ҳаётни танлаган бу аёл фарзандларини ҳам аямади. Ҳали вояга ҳам етмаган 15, 13 ва 11 ёшли қизалоқлар онасининг аҳлоқсизлигидан норози бўлишади. Унинг қўл телефонига келаётган уятли, ишқий, беҳаё мазмундаги хабарларга кўзи тушган 11 яшар қиз бу беҳаёликни ҳазм қила олмайди. Онасига бу иши яхши эмаслигини айтиб, норозилик билдирганида эса мурғаккина танаси калтаклар зарби остида қолади. Спиртли ичимлик таъсирида маст бўлган аёл муттасил равишда қизига раҳмсизларча муносабатда бўлиб, ўта шафқатсизлик билан таёқдан ясалган ўқлов ва ҳассалар билан уриб, тан жароҳатлари етказади, қайчибилан қизининг сочини қирқаётиб, терисини ҳам  шилиб олади. Қизларига таълим-тарбия бериб, она сифатида яхши ўрнак бўлиш ўрнига маст-алас бўлиб, фарзандини қаттиқ жисмлар билан калтаклаб, жароҳатлаган бу аёлни оналик мақомида қолдириш мумкинми? Йўқ, албатта. Гарчи онасининг ҳаракатларини ошкор қилмаслик учун фарзандлар сукут сақлаб, жим турган тақдирда ҳам қонун бу норасида фарзандларни бундай жоҳил аёлнинг қўлида қолдирмайди.  Шу юзасидан Хива туман прокуратураси вояга етмаган 18.08.2007 йилда туғилган Б.Г.Миролим қизи, 17.11.2009 йилда туғилган Б.Х.Миролим қизи ва 22.09.2011 йилда туғилган Б.С.Миролим қизи манфаатида судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар С.М.Каримовани ўз фарзандларига нисбатан жиноят содир қилганлиги сабабли  оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаришни сўраган.

МУРҒАК ҚИЗАЛОҚНИНГ ТАНИДА ШУНЧА ЖАРОҲАТ

Суд-тиббий экспертизасининг 24.12.2021 йилдаги 579-сонли эксперт хулосасини ўқиган инсоннинг фарзандга шунча тан жароҳати етказган онага нисбатан нафрати ошиши шубҳасиз.  Экспертиза хулосасига  кўра, жавобгар  22.09.2011 йилда туғилган Б.С.Миролим қизига ўнг қўл билак суягига, бош миясига, бош пешона, чап елка  ва чап билагига, чап елка бўғим ташқи юзасига, бош, юз, иккала кўз қовоқларига, бурун, лабларига, иккала қулоқ супраларига, кўкрак қафасининг олд ва орқа юзаларига, қорин ва бел соҳаларига, иккала қўл ва оёқларига, қайчи билан бош ўнг тепа-чакка соҳасига, ияк остига уриб, қийнаб, унга ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат бўйича С.М.Каримова Ўзбекистон республикаси ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми “г” ва “м” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

СЎНГГИ ПУШАЙМОН ЎЗИНГГА ДУШМАН

Суд мажлисида жавобгар С.М.Каримова ўзини йиғлашдан тўхтата олмади ва ҳатто тушунтириш ҳам бера олмаслигини билдирди.Албатта, у қилган ишлари учун пушаймон эди, аммо фарзандларига ҳам жисман, ҳам руҳан етказган жароҳатлари, оналикка зид ҳатти-ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб беришга мажбур. Суд прокурорнинг даъвони қаноатлантириш ҳақидаги фикри ва музокарасини тинглаб ҳамда ишдаги тўпланган ҳужжатларни яна бир бор таҳлил қилиб, жавобгар С.М.Каримовани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттирди.

Вояга етмаган фарзандлар эса бугунги кунда Янгиариқ туманидаги 1-сон “Фаровон” оилавий болаларуйида тарбияланмоқда. Суд иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, фарзандлар таъминоти учун жавобгар С.М.Каримовадан алимент ундирилишини ҳам белгилаб қўйди.

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ҚОНУНЛАРДА ҚАНДАЙ АКС ЭТГАН?

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддасига кўра, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида” ги 23-сонли қарорининг 15-бандида ота-она (улардан бири) Оила кодексининг 79-моддасига биноан ота-оналик ҳуқуқидан ўзларининг айбли хулқ-атворига кўра, агар улар ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлашлик деганда – ота-оналик бурчларини узлуксиз равишда бажармаслик, ўз болаларига қандай бўлмасин ғамхўрлик қилмаслик тушунилиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 80-моддасининг 4-қисмига биноан суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда боланинг таъминоти учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онадан (уларнинг биридан) алимент ундириш масаласини ҳал қилади.

ОНА БЎЛИШ БАХТ, ОНАЛИК ҚИЛИШ ШАРАФДИР

Фарзанд Аллоҳнинг буюк неъмати. Мана шу буюк инъом ила аёл оналик мақомига сазовор бўлади. Ҳамма аёл ҳам ҳам оналик бахтига эриши мумкин, аммо афсуски уларнинг ҳаммаси ҳам фарзандига ҳақиқий она бўла олмайди. Оналикнинг қадрига етмайди. Ғурур, ор-номус, андиша ва ҳаёни, она эканлигини унутган қаҳрамонимиз бугун ич-ичидан қилган айблари учун пушаймондир, аммо бу пушаймонликдан не наф. Отасиз фарзандларининг онасиз қолишига ҳам сабабчи бўлди. Бундай онага пушаймонлиги сабаб раҳмимиз келар, аммо қалбида, жисмида оғриқларни ҳис қилган фарзандлари кечирармикин? Сабоқ олиш ва хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола. Балки бундай оналар орамизда кўпдир, уларнинг разилона ҳаракатлари ҳали ошкор бўлмагандир. Аммо унутмасинларки, Яратганнинг адолатидан ҳеч қаёққа қочиб бўлмайди. 

Бобур Абдуллаев, фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди судьяси

ХОРАЗМ ВИЛОЯТ СУДЛАРИНИНГ РАЁСАТИДА ЮТУҚ ВА КАМЧИЛИКЛАР ТАНҚИДИЙ ТАҲЛИЛИЙ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Хоразм вилоят судларининг жорий йилнинг 6 ойидаги фаолиятидаги ишларни танқидий-таҳлилий ўрганиб чиқиш ва келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадида раёсат йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда суд қарорларининг сифати, сайёр суд мажлисларини ташкил этиш кўрсатгичи, суд ходимларининг иш фаолияти, бўлимларга юклатилган топшириқлар ижроси каби кун тартибидан ўрин олган масалалар кенг муҳокама қилинди.

Жумладан, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2022 йилнинг 6 ойи давомида жами 978 (722) нафар шахсга нисбатан 713 (562) та жиноят иши кўриб тамомланган бўлиб, барча инстанцияларда 4 (12) нафар шахсга нисбатан 3 (10)  та жиноят иши бўйича оқлов ҳукмлари чиқарилган.

Мазкур даврда 13.877 (11.379) нафар шахсга нисбатан 12.167 (9.541) та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, шундан 7.628 (6.634) нафар шахсга нисбатан 6.971 (5.914) та иш бўйича маъмурий жазо қўлланилган, 6.249 (4.745) нафар шахсга нисбатан 5.196 (3.627) та иш тугатилган.

Биринчи чорак давомида Хоразм вилоятининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 69 (19) нафар шахс қамоқдан озод этилган. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан 421 (400) нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.

Судларнинг жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолият самарадорлигини кучайтириш мақсадида 252 (203) та ёки 35,3 (36,1) % жиноят иши айнан жиноят содир бўлган жойларда, маҳаллаларда, тегишли ташкилот ва муассасаларда сайёр суд мажлислари тартибида кўриб чиқилган.

Шунингдек, судлар томонидан кўриб тамомланган турли тоифадаги ишлар бўйича суд амалиёти умумлаштирилиб, уларнинг сони 73 (64) тани ташкил этган, уларнинг натижаси бўйича тегишли корхона, муассаса ва ташкилотларга жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш юзасидан 49 (33) та тақдимнома киритилган, 713 (518) та иш бўйича ёки 100 (92,2) фоиз ишлар бўйича хусусий ажримлар чиқарилган.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2022 йилнинг 6 ойи давомида биринчи инстанция судларида жами 10.271 (7.401) та  фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. Шундан, 7.605 (5.009) та даъво қаноатлантирилган, 712(699) та даъво ариза рад этилган, 150 (130) та  фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган, 1.800 (971) та даъво аризалар  кўрмасдан қолдирилган.

Низолар келиб чиқишининг олдини олиш юзасидан чиқарилган хусусий ажримлар сони 157 (29) та, умумлаштиришлар эса 18 (7) тани ташкил қилган.

Ишларни сайёр суд мажлисларида кўриш жами кўриб тамомланган 10.271 (7.401) та фуқаролик ишларининг 3.355 (2.246) таси яъни 32,6 (30,3) %ни ташкил этган.

Иқтисодий ишлар бўйича судларда ўтган 2022 йилнинг ўтган 6 ойида жами 3.283 та (2021 йилнинг шу даврида 4.599 та) иқтисодий ишлар кўрилган бўлиб, шундан 19 таси суд буйруғи бериш тартибида кўрилган ишларни ташкил қилади. Жами кўрилган ишлардан 2.721 таси қаноатлантирилган, 428 таси бўйича даъво рад қилинган, 87 таси бўйича даъво кўрмасдан қолдирилган, 47 таси бўйича иш юритиш тугатилган. Жами кўрилган ишларнинг 1.349 таси, 41,1% сайёр суд мажлисларида (2021 йилнинг шу даврида 2.131 та, яъни 46,3%)  кўрилиши таъминланган.

2022 йил 1-ярим йиллиги давомида Хоразм вилояти маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жами 609 та маъмурий ишлар кўриб тамомланган.

Маҳаллий ҳокимлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги жами 275 аризалар кўриб тамомланган бўлиб, шундан 127 таси бўйича ариза талаблари қаноатлантирилиб, туман ва шаҳар ҳокимларининг 127 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган, 125 та ариза рад қилинган бўлса,  6 таси кўрмасдан қолдирилган ва 17 таси бўйича иш юритиш тугатилган.

Суд статистик маълумотлари асосида ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилган йўналишлардаги фарқли жиҳатлар муҳокама қилинди. Якунда Раёсатда кўрилган барча масалалар, бартараф этилиши керак бўлган камчиликлар юзасидан вилоят суд раиси томонидан ҳаракатлар дастури тасдиқланиб, дастур асосида чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шунингдек, йиғилишда камчиликлар билан бир қаторда ютуқларга ҳам алоҳида тўхталинди. Судья ва суд ходимларининг одил судловни амалга оширишдаги ҳиссаси ва ишдаги фаоллиги эътироф этилиб, вилоят суди раиси B.Polvanov ҳамда вилоят маъмурий суди раиси J.Sultanovalar томонидан бир гуруҳ судья ва суд ходимларига фахрий ёрлиқлар топширилди.

«Ҳудудгаз Хоразм» МЧЖда судьялар долзарб мавзуда учрашув ўтказишди

Бугун судлар фақат жиноятга жазо тайинлабгина қолмай, балки жиноятларнинг олдини олишга ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ана шу мақсадда Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари Зафар Якубов, Маҳмуд Маҳмудов ва Даврон Муратовлар томонидан “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида «Ҳудудгаз Хоразм» МЧЖда «Коррупциясиз жамият сари» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Дастлаб иштирокчилар жиноят ва маъмурий кодексларга киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида хабардор қилинди. Кейин эса маърузачилар томонидан асосий мавзуга ўтилиб, фирибгарлик ва коррупция жиноятларининг келиб чиқиш сабаблари, судда кўрилган шу тоифадаги ишлар ва жавобгарга тайинланадиган жазо турлари бўйича маълумот берилди.

Шу ўрнида суд статистикасига тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган январь-июнь ойларида вилоят судларида жами 713 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан порахўрлик жиноятлари бўйич судланганлик кўрсаткичи ошган яъни судланган шахслар сони 16 тага кўпайган

Шу сабабдан, «Ҳудудгаз Хоразм» МЧЖ ходимлари билан ўтган давра суҳбатида асосий мавзу коррупция ва фирибгарлик жиноятларининг олдини олиш бўйича бўлди. Унда судьялар судда кўрилган шу тоифадаги ишлар, жиноятчиларга тайинланган жазо ҳақида маълумот беришди.

Давра суҳбати очиқ мулоқот тарзида давом этиб, иштирокчиларни қизиқтирган масалалар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

УРГНАЧДАГИ САЙЁР ҚАБУЛДА ҚАЙСИ ОРГАНГА ҚАНДАЙ ТАРТИБДА МУРОЖААТ ЙЎЛЛАШ КEРАКЛИГИ ТУШУНТИРИЛДИ

Хоразм вилоят суди раиси Б.Полванов бошчилигида инсон қадрини улуғлаш тамойили асосида ўтказилаётган сайёр қабулларда асосий эътибор аҳолининг судга доир масалаларини «маҳаллабай» ўрганиб, ечими бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар беришга қаратилган.

Навбатдаги ана шундай сайёр қабул Хоразм вилоят суди раиси, раис ўринбосарлари ва судьялар томонидан Урганч туманларида бўлиб ўтди.

Фуқаролар билан юзма-юз гаплашиб, уларга ечими топилмаётган масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат беришнинг ўзиёқ одамларнинг оғирини енгил қилишга, вақтини ҳам тежашга сабаб бўлади. Айниқса, ўз туманида, маҳалласида туриб ҳуқуқий масаласини қаерда, қандай тартибда ҳал этишни билиб олган одамлар бу қабулларнинг аҳамияти ва қадрини бошқалардан кўра яхши билишади.

Урганч туманида ўтган қабул жараёнларида вилоят судининг раиси бошчилигида раис ўринбосарлари, жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судьялар ҳар бир фуқарони алоҳида тартибда қабул қилди.

Мурожаатчиларнинг муаммоли масалалари ўрганилиб, фуқароларга судга даъво аризасини бериш, суд қарорларига нисбатан шикоят келтириш ҳамда муаммоси юзасидан айнан қайси органга мурожаат этиши лозимлиги бўйича тушунтиришлар берилди.

Қабул жараёнларида мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой низолари, оилавий низолар ва суд томонидан тайинланган жазони енгилроғига алмаштириш бўйича бўлди.

Инсон қадрини улуғлаш тамойили асосида ўтказилаётган сайёр қабуллар аҳолининг узоғини яқин қилишга, идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олишга хизмат қилади. Шу сабабли Хоразм вилоят суди томонидан фуқароларнинг судга доир масалаларини давомли ўрганиш мақсадида чекка туман ва маҳаллаларда сайёр қабуллар давом этмоқда.

Урганч шаҳрида 8 нафар ёшлардан ташкил топган жиноий гуруҳ аъзоларига ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судида ўғриликни касб қилган 2002 йилда Урганч шаҳрида туғилган, маълумоти ўрта, вақтинча ишсиз, муқаддам бир неча бор судланган М.С., 2003 йилда Урганч шаҳрида туғилган, Урганч давлат университети талабаси, муқаддам судланмаган Б.А., 2003 йилда Хива туманида туғилган, ўрта маълумотли, вақтинча ишсиз ва муқаддам судланмаган М.А., 2000 йилда Урганч шаҳрида туғилган, ўрта маълумотли, вақтинча ишсиз ва муқаддам судланмаган О.М., 2000 йилда Урганч шаҳрида туғилган, ўрта маълумотли, вақтинча ишсиз ва муқаддам судланмаган Р.Р., 2001 йилда Урганч шаҳрида туғилган, ўрта маълумотли, вақтинча ишсиз ва муқаддам судланмаган Б.Ҳ., 1998 йилда Урганч туманида туғилган, ўрта маълумотли, вақтинча ишсиз ва муқаддам судланмаган Х.Э. ҳамда 2000 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида туғилган, ўрта маълумотли, вақтинча ишсиз ва муқаддам судланмаган А.С. исмли фуқароларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Судда аниқланишича 8 нафар айбланувчи гуруҳ бўлиб Урганч ва Хива шаҳрида ҳамда Гурлан ва Урганч туманларида тунги пайтда кўчада қолдирилган автомобилларни кабоб сихи ёрдамида очиб, машина салонидан пул, қимматбаҳо буюмлар, паспорт ва ҳужжатларни ўғирлаб келишган. Серияли тарзда давом эттирилган жиноятлар натижасида 17 нафар фуқарога моддий зарар етказилган.

Суд жараёнида айбланувчиларнинг аксарияти қилган жиноий ҳаракатига қисман иқрор бўлишди. Суд, давлат айбловчисининг хулосаси, адвокатларнинг фикрини, жабрланувчи, судланувчи ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, судланувчиларнинг айбига қисман иқрорлиги ва пушаймонлиги, оилавий аҳволи, ёшлиги каби ҳолатларни инобатга олиб ҳукум қилди.

Суд ҳукмига кўра М.С. ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 28,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 227-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, унга жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2021 йил 9 июндаги ажримига кўра жазонинг ўталмаган 2 йил 9 ой 13 куни ЖКнинг 74-моддаси тартибида шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилиб, ўталмай қолган 2 йил 9 ой 13 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида қисман қўшиб узил-кесил 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Б.А. ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 25,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 28,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 227-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59,61-моддалари тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

М.А. ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 28,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 25,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 28,25,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 227-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 2 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

О.М. ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 28,169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 2 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Р.Р. ЖК 169-моддаси 2-қисмининг “в” банди, 28,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 227-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 2 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Б.Ҳ. ЖК 169-моддаси 2-қисмининг “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖК 169-моддаси 2-қисмининг “в” банди билан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Х.Э. ЖК 28,169-моддаси 2-қисмининг “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖК 28,169-моддаси 2-қисмининг “в” банди билан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

А.С. ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 28,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 25,169-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 28,25,169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташ учун узил-кесил 3 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати

Хоразм вилоят суди оғуфурушнинг жазосини ўзгаришсиз қолдирди

2022 йил 18 август куни Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида фуқаро Акбар Алимовга (исми-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши апелляция тартибида кўрилиб, қонуний ечимини топди.

Бугун мамлакатимизда ҳар соҳада ислоҳотлар амалга оширилмоқда, тараққиётнинг янги-янги босқичларига пойдевор қўйилмоқда. Лекин, келажагимизга таҳдид солувчи, инсонни тўғри йўлдан оздириб, охир оқибат умрига зомин бўлувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балосидир.

Жамиятимиз гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жинояти билан курашаётган бир пайтда, орамизда бу каби қилмишларни содир этаётган шахсларнинг ҳамон учраётганлиги ачинарли ҳолат.

Бироқ ҳар қандай жиноий қилмишга жавобгарлик борлигини унутмаслигимиз лозим.

2022 йил 08 июль куни жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди томонидан Акбар Алимовга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Судда маълум бўлишича Акбар 2022 йил 5 февраль куни соат тахминан 18:40 ларда ДХХ Хоразм вилояти бошқармаси, ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Хоразм вилояти ИИБ ва вилоят божхона бошқармаси Контрабанда ва БҚБга қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамкорликда Урганч туманидаги «Чолиш» ЙПХ блок постида ўтказилган тезкор тадбир давомида «Тўрткўл-Урганч» йўналишида ҳаракатланиб келаётган «Тракер» русумли енгил автомашинада йўловчи сифатида ҳаракатланиб кетаётганида тўхтатилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушбу автомашина ҳайдовчиси Р.Ражапов ва йўловчиси А.Алимовлар тегишли тартибда шахсий тинтув қилинганида, Акбарнинг ўнг оёғи тиззасининг орқа томонига маҳкамланган оқ рангли целлофан пакет борлиги, унинг ичида 8 дона кичик селофан пакет бўлакчаларига ўралган, жами вазни 112,27 грамм кўп миқдордаги «опий» гиёҳвандлик воситаси топилган.

Айбланувчи ушбу гиёҳвандлик воситасини келгусида сотиб ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда сақлаб қўйганлиги аниқланиб, ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, жиноят охирига етказилмасдан, жиноят содир этишга суиқасд қилган.

Биринчи инстанция суди томонидан Акбарга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,273-моддаси 5-қисми 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд ҳукмига судланувчи ва унинг ҳимоячиси томонидан келтирилган шикоятига асосан, жиноят иши Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан кўрилиб, ишга доир ҳужжатлар, тарафларнинг фикри ва кўрсатмалар диққат билан ўрганилди. Якунда эса суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Зафар Якубов,
Хоразм вилоят судининг
жиноят ишлари бўйича судьяси

ХОРАЗМДА “СУД ФАХРИЙСИ” КЎКРАК НИШОНИ ТОПШИРИЛДИ

Хоразм вилоят судида Давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида суд фахрийлари, судьялар ва суд аппарати ходимлар иштирокида тадбир ўтказилди.

Расмиятчиликдан холи тарзда бўлган тадбирнинг асл сабаби қувончли хабар бўлди, яъни Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, пенсияга чиққан судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилган эди. Кўкрак нишоннинг навбатдаги тақдирланганлари қаторида хоразмлик Дурдибой Матмуродов ҳам жой олди.

Дурдибой Матмуродов Судьялар олий кенгашининг 2022 йил 23 августдаги 1720-сонли қарорига кўра суд тизимида юксак обрў-эътибор қозонган, судьялик бурчини бенуқсон, самарали ва ҳалол амалга оширган, жамиятда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва ёш судья кадрларни етиштиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшганлиги учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Тадбир давомида вилоят суди раиси Б.Полванов томонидан устоз Дурдибой Матмуродовга “Суд фахрийси” кўкрак нишони ва тегишли гувоҳнома тантанали равишда топширилди. Шунингдек, суд тизимида фаолият олиб борган меҳнат фахрийларига ҳам эҳтиром кўрсатилди.

Энди Хоразм вилоятида “Суд фахрийси” кўкрак нишони соҳиблари тўрт нафарга етди.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати

“Менинг маҳаллам – менинг судьям” тадбири Ҳазораспда

Аҳолини суд тизимига доир қонунчилик янгиликлари билан таништириш ва ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Хоразм вилоят суди раисининг жиноят ишлари бўйича ўринбосари Улуғбек Бакдурдиев ва жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман суди раиси Илҳом Исмоиловлар томонидан Ҳазорасп тумани “Боғдор” маҳалласида “Менинг маҳаллам – менинг судьям” тамойили асосида давра суҳбати ҳамда сайёр қабул ўтказилди.

Дастлаб иштирокчилар жиноят ва маъмурий кодексларга киритилган ўзгартиришлар билан таништирилди. Мулоқотларда маҳалла ҳудудида содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари муҳокама қилиниб, жиноятчиларга тайинланган жазо ҳақида тўхталинди. Маҳалла марказида профилактика инспектори, фаоллар, хотин-қизлар ва ёшлар билан ўтган давра суҳбатида ёшлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш, бу масалада ота-она, таълим муассасаси ва маҳалланинг масъулиятини ошириш зарурлиги тушунтирилди.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг ўтган январь-август ойларида вилоят судларида жами 884 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан порахўрлик, фирибгарлик жиноятлари бўйич судланганлик кўрсаткичи ошган яъни судланган шахслар сони бирмунча кўпайган.  Шунингдек, бу даврда одам савдоси билан боғлиқ 4 та иш кўрилган ва айбдорларга тегишли жазо тайинланган. Ачинарлиси улар орасида судда айбдор сифатида қатнашган ёшлар кўрсатгичи ҳам сезиларли даражада.

Шунинг учун масъуллардан ҳамкорликда ишлаб, маҳалла ёшлари орасида жиноят содир этилмаслигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ёки жиноятчиликка мойил ёшлар иштирокида доимий тарғибот тадбирларини ўтказиб боришга келишиб олинди.

Давра суҳбатидан сўнг маҳалла аҳлининг суд-ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлари алоида тартибда эшитилиб, уларни ҳал этиш бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Асосийси, ҳар бир фуқаро тегишли масаласи бўйича қаерга ва қандай тартибда мурожаат қилиши кераклиги, судга ариза киртиш тартиби ҳақида маълумотга эга бўлди.

Судьялар Урганч шаҳрининг “Машъал” маҳалласида бўлишди

Бугун суд тизими нафақат жиноятга жазо тайинлашга балки жиноятларнинг олдини олишга ҳам ўз хиссасини қўшмоқда. Ана шу мақсадда Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Ойбек Маҳмудов ҳамда жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг судьяси Дилдора Пўлатовалар томонидан “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида Урганч шаҳридаги “Машъал” маҳалласида давра суҳбати ўтказилди.

Жорий йилнинг ўтган январь-август ойларида вилоят судларида жами 884 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан порахўрлик, фирибгарлик жиноятлари бўйич судланганлик кўрсаткичи ошган яъни судланган шахслар сони бирмунча кўпайган.  Шунингдек, бу даврда одам савдоси билан боғлиқ 4 та иш кўрилган ва айбдорларга тегишли жазо тайинланган.

Бу статистик таҳлиллар судьяларни фақатгина айбдорларга қонуний жазо тайинлаш билан чекланиб қолмасдан, балки жиноят содир этилаётган маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишларини ўтказиш ҳамда содир этилган жиноятларни фуқаролар билан муҳокама қилишга ундади.

Маҳалла марказида профилактика инспектори, фаоллар, хотин-қизлар ва ёшлар билан ўтган давра суҳбатида асосий мавзу коррупция, ўғрилик, фирибгарлик ва одам савдоси жиноятларининг олдини олиш бўйича бўлди. Унда судьялар судда кўрилган шу тоифадаги ишлар, жиноятчиларга тайинланган жазо ҳақида маълумот беришди.

Давра суҳбатида муҳум масалага ҳам эътибор қаратилиб, судьялар маҳалла фаоллари ва ота-оналардан ёшларга ўтиш даврида алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини сўрашди, улар билиб-билмай жиноят кўчасига кириши мумкинлигини тўғри тушунтирилди.

Маълумот ўрнида маҳалла ҳудудида ўтган 2021 йилда 41 та жиноят содир этилган ва улар орсаида ўғирлик, фирибгарлик ва босқинчилик жиноятлари ҳам бор.

Учрашув очиқ мулоқот тарзида давом этиб, иштирокчиларнинг соҳага доир саволларига жавоб берилди.

Перейти к содержимому