МАЖБУРИЯТИНИ УНУТГАН ОТА, ТИРИК ЕТИМ ФАРЗАНД ВА КЎМАККА МУҲТОЖ ОНА

Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.  Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 63-модда

Оила — муқаддас маскан. У мустаҳкам бўлса, жамият осойишта, фарзандлар бахтиёр бўлади. Эр-хотиннинг ўзаро тотувлиги, ҳамжиҳатлиги ва бир-бирини тушуниб, муросаи мадора билан яшаши фарзандлар тарбияси ва ахлоқида ҳам юксак ўрин тутади. Бундай тўлақонли оилаларда тарбияланган фарзандлар оила, Ватан қадрини ҳис қилиб улғайишади. Аммо бугунги кунда оилаларни мустаҳкамлаш, уни сақлаб қолиш йўлида қанча ислоҳотлар амалга оширилмасин, минг афсуски ажрашиш ҳолатлари ҳали-ҳамон камайгани йўқ. Бу ажримлар ортидан фарзандлар етим, қанчадан қанча қўлида касб-ҳунари йўқ аёллар қийин вазиятларга тушиб қолишмоқда. Қонунларимиз бўйича, ажримдан кейин кичик ёшдаги фарзандлар кўпинча она қарамоғида    қолдирилади. Конституциямизнинг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, деб белгилаб қўйилган. Демакки, эр-хотин ажрашган тақдирда ҳам қонунда белгиланган тартибда фарзандининг таъминотини қилишга мажбур.  Аммо аксарият ҳолларда фарзанди учун тўланадиган алиментдан қочиб, турли хил баҳоналар билан ўз мажбуриятидан қочиб юрадиган оталар ҳам орамизда талайгина. Бундай ҳолларда оналар мажбур бўлиб  судга мурожаат қилишади.

НОРАСИДА ГЎДАК ВА ИШСИЗ АЁЛ ТАҚДИРИ

Ёрқиной мана шундай қийин вазиятда қолган аёллардан бири. У оилавий келишмовчиликлар сабаб ўз ота уйига қайтиб келади. Ўртада эса эса ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган норасида қизалоқ тирик етимга айланди. Ота эса ҳамма масъулиятдан қутилдим, дегандек фарзанди учун ҳеч қандай мажбуриятни бўйнига олмайди. Ёрқиной фарзанди ёшлиги сабабли ҳеч қаерда ишламаслигини, моддий ёрдамга муҳтож эканлигини билдириб, жавобгардан фарзанди уч ёшга тўлгунига қадар 1 000 000 сўм моддий таъминотни қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаришни сўраб  2022 йил  18 май куни фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судига ариза билан мурожаат қилди.  

АЛИМЕНТ ТЎЛАШДАН НОРОЗИ ОТА

Й.Ёрқиной Шодиёр қизи билан  2020 йил 21 февраль куни Хива туман ФҲДЁ бўлимида қонуний никоҳдан ўтган жавобгар А.Нодир Абдукаримович  эса суд мажлисида берган тушунтиришида оилада ёлғиз боқувчи эканлиги ва шу сабабли 2021 йил  26 сентябрда туғилган  қизи учун ҳар ойда таъминот (алимент) тўлашга норози эканлигини билдирибгина қолмай,  даъвони рад қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариб беришларини сўради. Афсуски, бугунги кунда оиласи билан ажрашиб, ажримдан кейин фарзандларининг тақдири билан қизиқмайдиган оталар кўпайиб бормоқда. Айниқса, айрим ёш оилаларда масъулият, мажбурият тушунчалари умуман йўқолиб кетаётгандек. Аммо шаҳар бедарвоза эмас. Истаган пайтида оила қуриб, истаган пайтида фарзандини ташлаб кетиб, масъулият ва мажбуриятлардан тонишга давлатимиз қонунлари йўл қўймайди.  

ФАРЗАНДНИНГ ҲАҚИ ОЛИБ БЕРИЛДИ 

Суд тарафларнинг тушунтириш ва музокара сўзларини тинглаб, иш ҳужжатларини кўриб чиқиб, даъво талабини қисман қаноатлантиришни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 117-моддасига кўра, “Эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр)дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга”.  

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 119-моддасига кўра, эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори суд томонидан эр ёки хотиннинг (собиқ эр ёки хотиннинг) моддий ва оилавий аҳволини ҳамда тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини эътиборга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади, бироқ бу сумма қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги лозим. 

Юқоридагиларга асосан суд даъвони қаноатлантиришни ва тарафларнинг моддий ҳолатини инобатга олиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 2022 йил 3 майдан, яъни даъвогар таъминот ундиришни талаб қилиб судга мурожаат қилган вақтдан бошлаб фарзанди уч ёшга тўлгунига қадар ҳар ойда қатъий суммада 300 000 сўм миқдорида таъминот ундириш, шунингдек ФПКнинг 138-моддасига асосан,  жавобгардан даъвогар фойдасига судга даъво тақдим қилишда тўланган почта харажати учун 19 000 сўм ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаришни ва даъво талабини қисман қаноатлантиришни лозим топади.  Шунингдек,  белгиланган қонун тартибига асосан жавобгардан давлат фойдасига 270 000 сўм давлат божи ундириш ҳам белгиланди. 

ОИЛАНИ ПАРОКАНДА, ФАРЗАНДЛАРНИ ЕТИМ ҚИЛМАНГ

Бирини оталик, бирини оналик мақоми билан шарафлаб, фарзанддек азиз неъматни берган Аллоҳга шукрона келтириш ўрнига жавобгар қаҳрамонимиз каби “ота”лар судларда ҳеч уялмасдан, эркаклик ор-номусини ҳам бир четга суриб, “Узр, мен фарзандим учун ҳеч нарса қилиб беролмайман” деб ўзини худди бегоналардек тутиши миллатимизнинг заволи эмасми? Бундай ота номига нолойиқ кимсалар қаердан пайдо бўлмоқда, қаердан тарбия олмоқда? Улар бугун шу қадар тубанлашиб, юзсизлашиб кетишига сабаб нима? Афсуски, мана шу саволлар бугун оиласида ўғил-қиз тарбия қилаётган ҳар бир ота-онани ўйлантириши шарт. Фарзандлар сизнинг моддий ёрдамингизсиз ҳам катта бўлишар, эртага улғайиб, йўлини ҳам топиб кетар. Аммо қалбидаги оғриқлар ҳеч қачон унутилмайди. Фарзандларингиз кўз ўнгида, ўй-фикрларида бутун умрга “Боласидан воз кечган ота ёки она” бўлиб қоласиз ва бу тамғани умрбод кўтариб юрасиз. Оила муқаддас ва арзимас сабаблар билан уни пароканда қилишдан, фарзандларни эса кўнгли ярим, чорасиз қолдиришдан уялинг, азиз ота ва оналар! 

Руслан Жумабаев, фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди судьяси