ФИРИБГАРЛИКМИ ЁКИ ЖИНОЯТГА

ДАЛОЛАТ ҚИЛИШМИ ?

Истиқлолга эришгач, мамлакатимизда мустақил миллий давлатчиликнинг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий пойдевори барпо этилди. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини эгаллади, фуқароларимизнинг дунёқарашида катта ижобий ўзгаришлар содир бўлди, ҳар бир инсонга ўз қобилият ва имкониятларини тўла ҳамда эркин рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар собитқадамлик билан давом эттирилмоқда.

Шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳуқуқнинг турли соҳалари билан қўриқлансада, лекин улар орасида жиноят қонуни табиати ва хусусиятларига кўра ўзига хос ўринни эгаллайди. Ижтимоий муносабатлар ривожланиб борар экан, амалиёт жиноят ҳуқуқи фани олдига жамиятда бўлаётган туб ўзгаришлардан келиб чиқиб янгича талаблар қўймоқда. Мамлакатимизда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мақсади шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат экан, жиноят қонуни нормаларини қўллаш, қилмишни тўғри квалификация қилиш масалаларига ҳам эътиборни кучайтириш талаб қилинади. Бу эса ўз навбатида мазкур масалаларни янгича ёндашув асосида тадқиқ қилиш эҳтиёжини келтириб чиқаради.

Шу муносабат билан мазкур мақоламизда ҳозирда назарияда ва қонуннни қўллаш амалиётида мавжуд муаммолардан бири, унинг ечимлари хусусида фикрлашмоқчимиз.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1999 йил                        24 сентябрдаги “Порахўрлик ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги                19-сонли қарорининг 15-бандида “Агар айбдор пора берувчидан мансабдор шахсга бериш учун деб пора тариқасида пул ёки бошқа бойликларни олганида ва бундай қилмишни хохламасдан, уларни ўзлаштириб юборганда, қилмиш фирибгарлик деб тавсифланиши лозим. Бойликларни қўлга киритиш мақсадида пора берувчи улар томонидан пора беришга оғдирилган тақдирда айбдорнинг ҳаракатлари фирибгарликдан ташқари пора беришга қизиқтирувчи тариқасида қўшимча тавсифланиши керак. Пора берувчининг ҳаракати бундай ҳолларда пора беришга суиқасд деб тавсифланиши лозим бўлади. Бу ўринда пора берилиши мўлжалланган муайян мансабдор шахс айтилган-айтилмаганлигининг аҳамияти бўлмайди” – деб тушунтириш берилган. Демак мазкур тушунтириш бўйича айбдор шахснинг ҳаракатлари ҳам фирибгарлик сифатида, ҳам пора беришга қизиқтириш  сифатида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси ва                         28,211-моддасининг тегишли қисми билан жиноятлар мажмуи сифатида квалификация қилиниши лозим.

Фикримизча, мазкур ҳолат жиноят қонуни нормаларига, чунончи унинг иштирокчиликка оид нормалари мазмунига мувофиқ эмас. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 27-моддасига биноан икки ёки ундан ортиқ шахснинг қасддан жиноят содир этишда биргалашиб қатнашиши иштирокчилик деб топилади. Иштирокчиликнинг объектив ва субъектив белгилари мавжуд бўлиб, шахснинг ҳаракатини иштирокчилик деб квалификация қилиш учун бир неча шахснинг жиноят содир этиш учун онгли равишда ўз кучларини бирлаштириши, шунингдек умумий жиноий оқибат келиб чиқишини мақсад қилганлиги талаб этилади. Иштирокчилик бўлиши учун жиноят содир этишда қатнашаётган шахсларнинг нафақат ташқи бирлиги балки ички бирлиги ҳам зарур.

Хўш таҳлил қилинаётган Пленум қароридаги тушунтиришлар ҳолатда нима содир бўлмоқда. Бунда пора берувчи шахс унинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига мансабдор шахсга пора берилишини истайди ва шунга интилади. Мансабдор шахсга бериш учун пора тариқасида пул ёки бошқа бойликларни олган шахс эса нафақат “бундай қилмишни хохламайди” балки алдаш йўли билан, яъни мансабдор шахсга пора берилишини сохта кўринишини яратади, пора предметини ўзи ўзлаштиради, пора берувчининг жиноий фаолияти ривожланиши ва тамомланишига тўсқинлик қилади.        

Туман судининг ҳукмига кўра А. суд ижрочиларининг туман бўлими суд ижрочиси вазифасида ишлаб келиб, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг судьяси иш юритувида бўлган фуқаролик иши бўйича, К.дан, унинг қизи ва куёви ўртасидаги никоҳни қисқа муддатларда бекор қилиш ҳақидаги суд қарорини чиқартириб бериш эвазига 500 АҚШ доллари миқдорида пора сўраб, кейинчалик ушбу пулларни судьяга беришга қизиқтириб ва уни бунга ишонтириб, ўз хизмат хонасига кириш йўлагида фуқаро К.дан 500 АҚШ долларини олган. Айбдорнинг ҳаракатлари дастлабки тергов органи ва суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси тегишли қисми билан квалификация қилинган.

Хўш, ушбу мисолда иштирокчилик белгилари мавжудми? Бундай “иштирокчиларнинг” ҳаракатида на мақсадлар бирлиги, на ҳаракатлар бирлиги мавжуд. Чунки А. К.га порани судьяга олиб беришда нафақат ёрдам бермаган, балки ёрдам бермоқчи ҳам бўлмаган. У ўз манфаатларини кўзлаб, К.ни алдаган.

Пленум қарорининг таҳлил қилинаётган бандидаги ҳолат бўйича айбдор шахсларнинг ҳаракатлари объектив равишда бир-бирига боғлиқ бўлсада, лекин ўз ички моҳиятига кўра иштирокчиликда содир қилинадиган битта жиноят эмас, балки ҳар хил шахслар томонидан содир қилинадиган бошқа-бошқа жиноятлардир. Бунда айбдорлардан биттаси (ўз ташаббуси билан ёки бировнинг алдови билан) пора беришга суиқасд қилади, бошқаси эса алдаш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритади, яъни фирибгарлик содир қилади.       

 Худди шунингдек, айбдор шахснинг пора беришга оғдиришга қаратилган ҳаракатларида гарчи пора беришга далолат қилиш белгилари мавжуд бўлсада, аслида бундай шахснинг мақсади мазкур Пленум қарорининг ўзида кўрсатилганидек, бойликларни қўлга киритиш бўлганлиги сабабли, унинг далолат қилиш ҳаракатлари ҳеч қандай жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмайди ва қўшимча равишда Жиноят кодексининг                    28,211-моддаси билан квалификация қилинмаслиги керак. Қолаверса, айбдор шахсда  пора предметини бериш мақсади бўлмаса унинг ҳаракатларида пора беришнинг субъектив томони мавжуд бўлмайди, пировардида умуман жиноят таркиби мавжуд бўлмайди.

Мазкур соҳада амалиётда йўл қўйилаётган қўпол камчиликлардан бири шундаки, қонуннинг мазмунига кўра пора мансабдор шахсга берилиши керак. Пора берувчини алдаётган фирибгар шахснинг у порани қайсидир ташкилотда ишлаётган танишига бериш учун олиши, гарчи унинг таниши мансабдор шахс бўлмасада, айбдорнинг ҳаракатлари қонунга хилоф равишда ЖКнинг 211-моддаси билан квалификация қилинмоқда.       

Юқоридаги мулоҳазаларни якунлаб, шуни айтиш мумкинки, мансабдор шахсга бериш учун пора тариқасида пул ёки бошқа бойликларни олган шахснинг ҳаракатлари фақатгина у порани мансабдор шахсга беришга ҳаракат қилсагина иштирокчилик билан квалификация қилиш мумкин. Мана шундай ҳолатдагина умумий жиноий оқибатга эришишга қаратилган, қасддан, биргалашиб қатнашишда ифодаланган фаолият мавжуд бўлади. Акс ҳолда шахсни пора беришга қизиқтириш ҳаракатлари, бошқа мақсадлар учун, шунчаки “кўриниш” учун амалга оширилган бўлса, бу иштирокчиликнинг “кўриниши” холос, аслида эса ўз мазмунига кўра фирибгарликдан бошқа нарса эмас.

Шундай қилиб, биз юқоридаги ҳолатда квалификациядаги муаммо қуйидагича ҳал қилиниши, яъни пора берувчининг ҳаракатлари пора беришга суиқасд сифатида, алдаш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритган шахснинг ҳаракатлари эса фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши, ўз навбатида тегишли Пленум қарорига ўзгартиришлар киритиш тарафдоримиз.

          Суръат Найимов,

          Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг раиси

          Нурбек Рахимов,

          Бухоро вилоят судининг бош консультанти

“Ўғриларга муносиб жазо”

            Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 65-моддасига мувофиқ мамлакат иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади.Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади.

Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.

Инсон табиатида иллатларнинг мавжудлиги жамият учун зарар келтиради. Чунки бу иллатлар бора-бора одатга, табиийликка айланиб қолади ва кишини жиноят сари етаклайди.

Жабрланувчининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлсада, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон-торож қилиш ўғрилик ҳисобланади.

М.Қўшаев муқаддам ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан бўлишига қарамасдан, бундан ўзига ижобий хулоса чиқармасдан, яна қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида таниши вояга етмаган Ғ.Умирбаёв билан билан олдиндан жиноий тил бириктириб, у билан бир гуруҳ бўлиб, 2023 йил 18 февраль куни соат 23:10.ларда Бухоро шаҳар “М.Ашрафий” кўчаси
21-уйда жойлашган компьютер ўйинлари залида фуқаро Ё.Тўхтаевнинг ўйин ўйнаб, чалғиб қолганлигидан фойдаланиб, унга тегишли бўлган жигар рангли куртканинг ички чўнтагидан, унинг ичида номига расмийлаштирилган банк пластик карталари ва 1.800.000 сўм нақд пуллари мавжуд бўлган ҳамённи яширин равишда талон торож қилиб, хавфли рецидив ўғирлик жиноятини содир қилган.

Жабрланувчининг аризасига асосан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жиноятчилар аниқланиб, М.Қўшаевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 /уч/ йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва судланувчи суд залидан қамоққа олинди.

Судланувчи вояга етмаган Ғ.Умирбаевга эса Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари билан ЖКнинг 841-моддасига асосан 1 /бир/ йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

Шавкат Қувватов,

Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Жўрабек Тожиев,

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси

Оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар

Дунёнинг турли минтақаларида мафкуравий таҳдидлар кучайиб бораётган бир вақтда, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, маънавий-маърифий ишларни замон талаблари даражасида ташкил этиш, ёшларимизни ёт кучлар таъсиридан, бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш, жиноятчиликни, айниқса ёшлар орасида содир этлаётган жиноятларнинг олдини-олиш борасида кенг кўламли вазифаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни тақазо этади.

Шуни айтиш лозимки, ёшларнинг жиноят йўлига киришида, ўзига хос эҳтиёжлари, манфаатлари, ўзаро алоқаларида мавжуд салбий ҳолатлар, табиатида маънавий ва ҳуқуқий қадриятларни менсимаслик мавжудлиги, шунингдек жамиятда, ўқиш ва меҳнат фаолиятида ўз ўринларини топа олмаслиги, таълим ва тарбиясига етарли эътибор берилмаслиги каби ҳолатлар уларнинг турли ҳуқуқбузарлик ёки жиноятлар содир этишларига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг Махсус қисми
V боби “Оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар”га бағишланган.

Мазкур бобга 2 мустақил (оила ва ахлоққа ҳамда вояга етмаганларга қарши) гуруҳдаги моддалар бирлаштирилган бўлиб, улардан ҳар бири ўзининг махсус объектига эга. Ушбу объектлардан ҳар бири мустақил бўлиб, бири иккинчисига бўйсунишда эмас. Бу объектларнинг бир хил муҳофазаси оила ҳамда вояга етмаганлар манфаатларини давлат ва жамият манфаатлари йўлида тенг ҳимоялаш зарурати билан изоҳланади.

Биз биламизки Республикамиз аҳолисининг кўпчилик қисмини вояга етмаганлар ташкил қилиб, уларнинг баркамол ривожи жамиятимиз тараққиётининг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 45-моддасига мувофиқ, республикамизда қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида ёш авлоднинг баркамол ривож топиши ҳамда уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун кафолатлар белгиланган бўлиб, давлат органлари томонидан ёшларни тарбиялашга, айниқса вояга етмаганларнинг тарбиясига алоҳида эътибор бериб келинмоқда.

Жамиятимиз ва давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий ва қатор бошқа соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган бирламчи мақсад – ҳар бир фуқаро учун нормал яшаш шароитларини яратиш, давлат хавфсизлигини таъминлаш ва муҳофаза қилиш, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва таъминлашдан иборатдир. Бу ўринда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш ва таъминлаш устувор аҳамият касб этади. Шу боис мустақилликни қўлга киритган илк кунлариданоқ, ёшларнинг ҳар томонлама ривожланишига, инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисмини ташкил этувчи бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилмоқда, мамлакатимизда ёшларга оид қатор дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Уларнинг асосий мақсади – баркамол авлодни тарбиялашдан иборат. Зеро, бизнинг келажагимиз, юртимиз ривожи айни шу омилга боғлиқдир.

Вояга етмаганлар жиноятчилиги эртанги кун жиноятчилигининг кўзгусидир. Демак, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг камайиши келгуси ҳаётимизни айни иллатдан маълум бир даражада ҳоли бўлишини кафолатлайди. Шу боис вояга етмаган шахсларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси ҳар бир жамият ва давр учун долзарб бўлиб келган ва ҳозир ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикасида аҳолининг тахминан 35% – 16 ёшгача бўлган болалар ташкил этиши, 60% – 30 ёшгача бўлган ёшлар эканлиги мазкур соҳада амалга оширалаётган ишлар кўлами ва аҳамиятини намоён этади.

Вояга етмаганлар руҳий ва маънавий жиҳатдан шахс сифатида тўлиқ шаклланмаган бўлиб, улар алоҳида муҳофаза ва эътиборга муҳтождирлар. Ўзбекистон Республикасида вояга етмаганлар ҳуқуқларининг конституциявий кафолатларига ҳамда улар манфаатларининг муҳофазасига асосланган норматив-ҳуқуқий база шаклланган. Жумладан, 1991 йилда “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган бўлиб, унда ёшларнинг ривожланиши ва ижтимоий ҳаётга мослашиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий шароитлар яратиш бўйича давлатимиз томонидан танланган йўналиш белгилаб қўйилган.

Шу билан бир қаторда Бола ҳуқуқлари Конвенцияси ҳамда бошқа бир қатор халқаро шартномалар ратификация қилинган бўлиб, мазкур ҳужжатларнинг нормалари 2008 йилда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда ўз ифодасини топган.

Бундан ташқари, вояга етмаганлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 127-моддасида назарда тутилган жиноий-ҳуқуқий кафолатлар алоҳида ўрин тутади. Вояга етмаганларга қарши жиноятлар ичида вояга етмаган шахсни жиноятга жалб этиш жинояти ижтимоий хавфи юқори ҳисобланади. Бу, бир томондан, мазкур жиноят ижтимоий хавфлилик даражаси юқорилиги билан, иккинчи томондан, катталарнинг вояга етмаган шахсларни жиноятга жалб қилишдан манфаатдорлиги билан изоҳланади. Зеро, аксарият ҳолларда катталар вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилиш орқали жавобгарликни четлаб ўтиш мақсадини кўзлайдилар.

“Вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилиш” тушунчасини тўғри талқин қилиш ва мазкур жиноятнинг асосий белгиларини аниқлаш ушбу норманинг амалда қўлланилишида ҳамда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишда бирламчи меъзон бўлиб хизмат қилади. Бироқ, шунга қарамай амалдаги қонунчилик нормаси диспозицияси оддий шаклда бўлиб, унда вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилиш тушунчаси очиб берилмаган. Бу эса мазкур норманинг ҳуқуқий мазмунига таъсир этиши ҳамда қонун нормасининг турлича талқин этилишига олиб келиши мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда, норма қўлланилишида юзага келадиган қатор англашилмовчиликлар ҳамда нотўғри талқин қилинишнинг олдини олиш мақсадида модда диспозициясини тасвирлов шаклида ифодалаб, мазкур тушунча мазмунини ёритиб бериш мақсадга мувофиқдир. Қонунчиликдаги ушбу бўшлиқни назарий жиҳатдан тўлдиришга уринишлар бўлган бўлсада, бироқ вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилиш тушунчасига берилган умумий таъриф мавжуд эмас. Хусусан, М.Х.Рустамбаевнинг таъкидлашига кўра, “жалб қилиш деганда вояга етган шахснинг вояга етмаган шахсни маълум бир ҳаракатларни бажаришга кўндиришга қаратилган ҳаракатлар тушунилади. Жалб қилиш бериш, алдаш, жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиш ва бошқа ҳаракатлар орқали амалга оширилиши мумкин”. Ш.Бердиевнинг фикрига кўра, “… жалб қилиш деганда жалб қилиш ваъда бериш, алдаш, жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиш ва бошқа ҳаракатлар орқали амалга оширилиши мумкин” дейди. В.С.Комиссарованинг фикрича, жалб қилиш деганда вояга етмаган шахсда жиноят содир этиш ёки унда иштирок этиш ниятини туғдиришга қаратилган ҳаракатлар тушунилиши лозим.

Вояга етмаган шахсни жиноятга жалб этиш деганда, вояга етмаган шахсга нисбатан жисмоний зўрликни қўллаш ёки унга руҳий тазйиқ ўтказиш билан қўрқитиш, пул бериб оғдириш, авраш, алдаш, ўч олиш, ҳасад, рашк туйғуларини ва бошқа паст ниятларини қўзғатиш, жиноят содир этишни таклиф қилиш, ўғирланган нарсаларни сотиб олиш ёки сотиб беришни ваъда қилиш, жиноятни содир этиш жойи ва усуллари ёки жиноят изларини яшириш ҳақида маслаҳатлар бериш йўли билан унинг бир ёки бир нечта жиноятларнинг содир этилишида иштирок этиш ниятини рағбатлантиришга қаратилган ҳаракатлар ва жиноятни содир этишга оғдириш мақсадида вояга етмаган шахслар билан спиртли ичимликлар ичилишини тушуниш керак.

18 ёшга тўлган ва жиноятни қасддан содир этган шахслар вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилади.

Агарда катта ёшдаги киши шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилсаю, унинг вояга етмаганлигини билмаса ёки билиши мумкин бўлмаса, бу ҳолда ЖКнинг 127-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Ҳуқуқий норма аналогиясига асосан бу қоидани вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилишга нисбатан қўллаш мумкин.

Вояга етмаган шахсни жиноятга жалб этиш деганда ижтимоий хавфлилик даражасидан қатъий назар ҳар қандай жиноятни содир этишга ундаш, қизиқтириш ва бунга мойиллик туғдириш, шунингдек, жиноятни содир этишда иштирокчи сифатида жалб этиш назарда тутилиши лозим. Жалб қилиш тушунчасининг асосини жалб қилиш шакли ва усуллари ташкил этади.

Жалб қилиш турли усулда амалга оширилиши мумкин. Жумладан, ваъда бериш, алдаш, жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиш ва бошқа ҳаракатлар орқали амалга оширилиши мумкин.

Ваъда бериш шахснинг вояга етмаган шахсга нисбатан бирор-бир мажбуриятни олишини, яъни унинг манфаатлари йўлида маълум бир ҳаракатни амалга ошириши ёки амалга оширишдан ўзини тийишини айтишда ифодаланади (масалан, вояга етмаган шахсни бошқалардан ҳимоя қилишга, моддий ёрдам беришга, ўқишга киритишга ваъда бериш ва ҳ.к.).

Алдаш вояга етмаган шахсни бирор бир маълумот ёки воқеани чалғитиб кўрсатиш орқали амалга оширилади.

Жисмоний зўрлик ишлатиш вояга етмаган шахсни унинг иродасини синдириб, маълум бир ҳаракатни амалга оширишга мажбурлаш мақсадида дўппослаш, турли даражадаги тан жароҳатлари етказиш ёки бошқача тарзда жисмоний азоб бериш (боғлаш, қўлини қайириш ва б.лар)да ифодаланади.

Жиноят учун жавобгарлик – жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан суд томонидан ҳукм қилиш, жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилишида ифодаланадиган жиноят содир этишнинг ҳуқуқий оқибатидир.

Лкмон Кадиров,

Бухоро вилоят судининг раиси

Нодир Ашуров,

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси                                                 

Никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти ва ажримларнинг олдини олиш

Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. 

Шу сабабли мамлакатимизда оилани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар томонлама жамиятнинг асосий бўғини сифатида барқарорлигини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.

Судлар томонидан никоҳдан ажратишга доир ишларни кўришнинг таҳлили шуни кўрсатадики, судлар оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни асосан тўғри ҳал этишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаоила жамиятнинг асосий бўғини сифатида эътироф этилганлиги, унда оила давлат томонидан ҳимоя қилиниши кафолатланганлиги тўғрисидаги нормаларнинг мавжудлиги никоҳ-оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришда судлар зиммасига катта масъулият юклайди.

Шу сабабли, фуқаролик ишлари бўйича судьялар никохдан ажрашиш ҳақидаги ишларни кўришда, оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратишмоқда.

Шунингдек, мазкур тоифадаги ишларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд.

Хусусан, Оила кодексининг 39-моддасигамувофиқ эр хотинининг розилигисиз унинг ҳомиладорлиги вақтида ва бола туғилганидан сўнг бир йил мобайнида никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас.

Хотиннинг никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга розилиги бўлмаган ҳолларда, судья даъво аризасини қабул қилишни рад этади, агар у қабул қилинган бўлса, суд ФПК 122-моддасининг 8-бандигаасосан аризани кўрмасдан қолдиради.

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза хотиннинг розилиги билан қўзғатилган ишни суд мажлисида кўриш вақтида у никоҳдан ажратишга эътироз билдирганда, шунингдек жавобгарнинг ҳомиладорлиги ва унинг никоҳдан ажратишга розилиги йўқлиги ишни апелляция ёки кассация инстанциясида кўриш вақтида маълум бўлганда кўрмасдан қолдирилади.

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризаси ФПК 189 ва 190-моддалариталабларига жавоб бериши керак. Унда, жумладан никоҳ қачон ва қаерда расмийлаштирилганлиги, никоҳдан болалар бор-йўқлиги, уларнинг ёши, эр-хотин ўртасида вояга етмаган болаларнинг таъминоти ва тарбияси ҳақида келишувга эришилган-эришилмаганлиги, никоҳдан ажратиш сабаблари, никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан бирга кўрилиши мумкин бўлган бошқа талаблар кўрсатилади.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризага никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхалари, эр-хотиннинг ойлик маоши ва ўзга даромадлари ҳақидаги, давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, даъво талабларини тасдиқловчи далиллар, шунингдек никоҳдан ажратиш ҳақидаги низо судгача ҳал қилинганлигидан далолат берувчи даъвогарнинг яшаш жойидаги фуқаролар йиғини яраштириш комиссиясининг хулосаси илова қилинади.

Оила кодекси 1-моддасининг иккинчи қисми талабига мувофиқ никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўришда суд оилани сақлаб қолиш юзасидан чоралар кўриши лозим. Шу мақсадда, суд мажлисида оилани сақлаб қолиш мумкинлигини тасдиқловчи ҳолатлар (болалар борлиги, никоҳнинг давомийлиги, оиладаги муносабатларнинг хусусиятлари, вақтинчалик келишмовчилик ва бошқалар) аниқланганда, суд ҳар иккала тарафнинг ёки улардан бирининг илтимосига биноан ёхуд ўз ташаббуси билан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўрилишини кейинга қолдиришга ва Оила кодекси 40-моддасининг иккинчи қисмигамувофиқ эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, Оила кодексининг 218-моддаситалабларини инобатга олган ҳолда ярашиш учун бериладиган муҳлат уч ойдан кам бўлиши самарасиз ҳисобланади.

Судларникоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб, фақат, эр-хотин бундан буён бирга ҳаёт кечиришларининг ва оила батамом бузилганлиги сабабли уни сақлаб қолишнинг иложи йўқлиги аниқланган ҳолдагина қаноатлантирилади.

Турмушда кечадиган вақтинчалик келишмовчиликлар ва тасодифий сабабларга кўра эр-хотин ўртасида келиб чиққан ихтилофлар, шунингдек эр-хотиндан бирининг ёки ҳар иккаласининг жиддий важлар келтирмаган ҳолда никоҳ муносабатларини давом эттиришни хоҳламаслиги никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди.

Никоҳданажратишгаасосларбўлмаганда, суд даъвони рад этади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, жамиятимизнинг келажаги оилаларнинг мустаҳкамлигига боғлиқ. Оила никоҳ асосида вужудга келадиган фароғат маскани бўлмоғи даркор. Бу борада ҳар биримиз бир ёқадан бош чиқариб, оилаларнинг мустаҳкамлиги, жамиятимизнинг соғломлиги ҳамда фарзандларимизнинг порлоқ келажаги йўлида ўстираётган ўғил-қизларимизга тўғри тарбия бериб бормоғимиз лозим деб хисоблаймиз.

Атабек Маткаримов, Хоразм вилоят суди раисининг ўринбосари                                

“Гиёҳвандлик воситаси – келажак кушандаси”

Жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар суди томонидан фуқаро И.Рахманов (исми шарифлар ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши кўрилиб, қонуний ечим қабул қилинди.

Бугун мамлакатимиз таррақиёти янги-янги чўққиларни забт этмоқда. Лекин келажагимизга таҳдид солувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балосидир.

Жамиятимиз гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муамола қилиш жинояти билан кўрашаётган бир пайтда, орамизда бу каби қилмишларни содир этаётган шахсларнинг хамон учраётганлиги ачинарли ҳолат.

Бироқ ҳар кандай жиноий қилмишга жавобгарлик белгиланган.

И.Рахманов 2023 йил 28 январь куни соат 01:10 ларда, Хива тумани, “Арвик” маҳалласи ҳудудида, назорат тартибида гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш бўйича ўтказилган тадбирга жалб қилинган махсус харидор Н.Қодировга тўрт дона “СПИЧКИ” ёзувли гугурт қутиларига алоҳида қилиб солинган жами вазни 7,38 грамм озгинадан кўпроқ миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 1.700.000 сўмга қонунга хилоф равишда сотиб ўтказганлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан аниқланиб ашёвий далиллар билан ушланган.

Ушбу жинояти учун И.Рахмановга жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар суди томониданқонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрумқилиш жазоси тайинланди.

Хамид Авезов, Жиноят ишлари бўйича
Хива шаҳар судининг раиси
.

Алимент – бола ҳуқуқларини таъминлашнинг бир кўриниши

Мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шундай бўлса-да, бола тарбиясидаги энг катта масъулият ва саъй-ҳаракатларнинг асосий қисми уларнинг ота-оналари зиммасига тўғри келади. Улар ўз фарзандларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти тўғрисида, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя этилиши ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 71-моддасига асосан Ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.  Ота-оналик ҳуқуқлари болалар ўн саккиз ёшга тўлганларида (вояга етганда), шунингдек вояга етмаган болалар никоҳга кирганларида ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда болалар вояга етмасдан тўла муомала лаёқатига эга бўлганларида тугайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 74-моддасига кўра болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш уларнинг ота-онаси зиммасига юклатилган. Ота-она ўз болаларининг қонуний вакиллари ҳисобланадилар ҳамда ҳар қандай жисмоний ва юридик шахслар билан бўлган муносабатларда, шу жумладан судда алоҳида ваколатсиз уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладилар.

Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Ота-оналарнинг ўз фарзандларини вояга еткунларига кадар моддий таъминлаш ва тарбиялаш мажбурияти бу уларнинг болалар ва жамият олдидаги мажбуриятларидир. Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.

Агар ота (она) вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган тақдирда болаларнинг моддий таъминоти учун алимент ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан ундирилади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 98-модлдасига асосан Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар.

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд + томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Бундан ташқари ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда ҳам иштирок этишлари шарт.

Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин. Ушбу қоида Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 103-моддаси билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47 прим 4-моддасида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик,

ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлишлиги;

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши;

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —

икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш;

Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, —

икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиш;

Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилиниши белгиланган.

Фарзандлар ҳақида ғамхўрлик қилиш, уларга таъминот, таълим тарбия бериш ота-она учун фақат ахлоқий қоида бўлиб қолмай, балки конституциявий хуқуқ ва бурчдан ҳам иборат. Шунинг учун ота-оналар фарзандлар олдида ота-оналик мажбуриятларини унутмасликлари керак.

Ойбек Маҳмудов, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Диққат_эълон

Хоразм вилоят судларининг 26 июнь куни, соат 10:00да «Суд буйруғи институтининг иқтисодий суд ишларида қўлланиши таҳлили» мавзусида очиқ мулоқот ўтказилади.

Очиқ мулоқотда Хоразм вилоят суди раиси Б.Полванов ва раис ўринбосарлари, вилоят маъмурий суди раиси Ж.Султанова ҳамда судьялар иштирок этади.

Очиқ мулоқотга барча журналист ва блогерлар таклиф этилади.

Манзил: Урганч шаҳри «Алъ-Хоразмий» кўчаси, 107-уй. Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди жойлашган бино. (ТАТУнинг рўпараси)

“ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУННИНГ МОҲИЯТИ ВА АҲАМИЯТИ

Ўзбекистон Республикасида юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 12 апрель куни “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган.

Мазкур Қонуннинг 5-моддасига кўра, Тўловга қобилиятсизлик аломатлари қуйидагилардан иборат:

Вақтинча тўловга қобилиятсизлик – мажбуриятни 3 ойда бажараолмаслик (шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса 6 ой ичида бажаролмаслик);

Доимий тўловга қобилиятсизлик – судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятларини унинг активлари қийматидан ошиб кетиши.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд томонидан кўриб чиқилади.

Қарздор пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи ва кредитор эга. Қарздор ва кредитор тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризада қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга ёхуд тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомилларини қўллаш зарурлигини кўрсатиши мумкин.

Қарздор солиқлар ва йиғимлар бўйича мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи, давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган ва (ёки) пул мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарзи бўлган юридик шахсларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бўйича ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий бошқармалари эга бўлади.

Қонунинг 30-моддасига кўра, қарздор юридик шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда қуйидаги тартиб-таомиллар қўлланилади:кузатув;суд санацияси;ташқи бошқарув;тугатишга доир иш юритиш.

Қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда қуйидаги тартиб-таомиллар қўлланилади:қарзни таркибий жиҳатдан ўзгартириш;банкротликни тан олиш ва мол-мулкни сотиш.

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомили қўлланилади.

Ушбу Қонунбилан жисмоний шахсларни ҳам банкрот деб топиш мумкинлиги белгиланди. Ўзбекистон Ресубликасида “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунда бундайтартибтаомилларназардатутилмаган.

Жумладан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунинг 14-бобига кўра Қарздор жисмоний шахснинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор жисмоний шахс томонидан бажарилмаган ҳамда қарздор жисмоний шахсга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз баробарини ташкил этса, қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари ҳисобланади.

Қарздор жисмоний шахс, кредитор, шунингдек давлат солиқ хизмати ва бошқа ваколатли органлар жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Жисмоний шахсга нисбатан тўлов қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида судга ариза берган аризачи томонидан молиявий бошқарувчига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етти баравари миқдорида олдиндан пул маблағлари ўтказилади.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд мажлисида қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак. Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриш алоҳида ҳолларда бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича суд ҳужжатлари дарҳол ижро этилиши лозим.

Дилшод Шарипов, Боғот туманларо иқтисодий суди судьяси                                            

СУД ТОМОНИДАН БАНКРОТ ДЕБ ТОПИЛГАН КОРХОНАЛАРНИ ЎЗ ВАҚТИДА ТУГАТИШ ЛОЗИМ

Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан суд амалиётини бирхиллаштириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни кўриш амалиёти ва муаммолар” мавзусида семинар ўтказилди.

Унда вилоят суди раисининг иқтисодий ишлар бўйича ўринбосари И.Тешаев, судьялар, вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари ва суд бошқарувчилари иштирок этишди.

Асосий масала суд бошқарувчиларининг суд томонидан корхонани банкрот деб топиш ва тугатиш жараёнларидаги фаолияти, банкротлик ишларининг муддати чўзилиш сабаблари юзасидан бўлди. Бунда мавжуд муаммолар танқидий-таҳлилий ўрганилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек,  иштирокчиларга иқтисодий судда банкротлик ишларини кўриб чиқишнинг ўзига хос жиҳатлари ва қонунчиликка тўлиқ амал қилиш борасида батафсил тушунтириш берилди.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати

📣Эълон!

БРИФИНГ

Хоразм вилоят суди томонидан 6 майь куни, соат 10:00да брифинг ўтказилади.

Унда Хоразм вилоят суди раисининг ўринбосарлари ва маъмурий суд вакили судларда жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар бўйича ахборот беришади.

Хоразм вилоят судлари томонидан ўтган уч ойда қилинган ишлар ҳақидаги ахборотга эга бўлишни истаган журналист, блогер ва бошқа ОАВ вакилларини брифингга таклиф этамиз.

Manzil: Урганч шаҳри, «Алъ Хоразмий» кўчаси, Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди жойлашган бино.

Skip to content