ФИРИБГАРЛИКМИ ЁКИ ЖИНОЯТГА

ДАЛОЛАТ ҚИЛИШМИ ?

Истиқлолга эришгач, мамлакатимизда мустақил миллий давлатчиликнинг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий пойдевори барпо этилди. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини эгаллади, фуқароларимизнинг дунёқарашида катта ижобий ўзгаришлар содир бўлди, ҳар бир инсонга ўз қобилият ва имкониятларини тўла ҳамда эркин рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар собитқадамлик билан давом эттирилмоқда.

Шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳуқуқнинг турли соҳалари билан қўриқлансада, лекин улар орасида жиноят қонуни табиати ва хусусиятларига кўра ўзига хос ўринни эгаллайди. Ижтимоий муносабатлар ривожланиб борар экан, амалиёт жиноят ҳуқуқи фани олдига жамиятда бўлаётган туб ўзгаришлардан келиб чиқиб янгича талаблар қўймоқда. Мамлакатимизда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мақсади шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат экан, жиноят қонуни нормаларини қўллаш, қилмишни тўғри квалификация қилиш масалаларига ҳам эътиборни кучайтириш талаб қилинади. Бу эса ўз навбатида мазкур масалаларни янгича ёндашув асосида тадқиқ қилиш эҳтиёжини келтириб чиқаради.

Шу муносабат билан мазкур мақоламизда ҳозирда назарияда ва қонуннни қўллаш амалиётида мавжуд муаммолардан бири, унинг ечимлари хусусида фикрлашмоқчимиз.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1999 йил                        24 сентябрдаги “Порахўрлик ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги                19-сонли қарорининг 15-бандида “Агар айбдор пора берувчидан мансабдор шахсга бериш учун деб пора тариқасида пул ёки бошқа бойликларни олганида ва бундай қилмишни хохламасдан, уларни ўзлаштириб юборганда, қилмиш фирибгарлик деб тавсифланиши лозим. Бойликларни қўлга киритиш мақсадида пора берувчи улар томонидан пора беришга оғдирилган тақдирда айбдорнинг ҳаракатлари фирибгарликдан ташқари пора беришга қизиқтирувчи тариқасида қўшимча тавсифланиши керак. Пора берувчининг ҳаракати бундай ҳолларда пора беришга суиқасд деб тавсифланиши лозим бўлади. Бу ўринда пора берилиши мўлжалланган муайян мансабдор шахс айтилган-айтилмаганлигининг аҳамияти бўлмайди” – деб тушунтириш берилган. Демак мазкур тушунтириш бўйича айбдор шахснинг ҳаракатлари ҳам фирибгарлик сифатида, ҳам пора беришга қизиқтириш  сифатида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси ва                         28,211-моддасининг тегишли қисми билан жиноятлар мажмуи сифатида квалификация қилиниши лозим.

Фикримизча, мазкур ҳолат жиноят қонуни нормаларига, чунончи унинг иштирокчиликка оид нормалари мазмунига мувофиқ эмас. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 27-моддасига биноан икки ёки ундан ортиқ шахснинг қасддан жиноят содир этишда биргалашиб қатнашиши иштирокчилик деб топилади. Иштирокчиликнинг объектив ва субъектив белгилари мавжуд бўлиб, шахснинг ҳаракатини иштирокчилик деб квалификация қилиш учун бир неча шахснинг жиноят содир этиш учун онгли равишда ўз кучларини бирлаштириши, шунингдек умумий жиноий оқибат келиб чиқишини мақсад қилганлиги талаб этилади. Иштирокчилик бўлиши учун жиноят содир этишда қатнашаётган шахсларнинг нафақат ташқи бирлиги балки ички бирлиги ҳам зарур.

Хўш таҳлил қилинаётган Пленум қароридаги тушунтиришлар ҳолатда нима содир бўлмоқда. Бунда пора берувчи шахс унинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига мансабдор шахсга пора берилишини истайди ва шунга интилади. Мансабдор шахсга бериш учун пора тариқасида пул ёки бошқа бойликларни олган шахс эса нафақат “бундай қилмишни хохламайди” балки алдаш йўли билан, яъни мансабдор шахсга пора берилишини сохта кўринишини яратади, пора предметини ўзи ўзлаштиради, пора берувчининг жиноий фаолияти ривожланиши ва тамомланишига тўсқинлик қилади.        

Туман судининг ҳукмига кўра А. суд ижрочиларининг туман бўлими суд ижрочиси вазифасида ишлаб келиб, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг судьяси иш юритувида бўлган фуқаролик иши бўйича, К.дан, унинг қизи ва куёви ўртасидаги никоҳни қисқа муддатларда бекор қилиш ҳақидаги суд қарорини чиқартириб бериш эвазига 500 АҚШ доллари миқдорида пора сўраб, кейинчалик ушбу пулларни судьяга беришга қизиқтириб ва уни бунга ишонтириб, ўз хизмат хонасига кириш йўлагида фуқаро К.дан 500 АҚШ долларини олган. Айбдорнинг ҳаракатлари дастлабки тергов органи ва суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси тегишли қисми билан квалификация қилинган.

Хўш, ушбу мисолда иштирокчилик белгилари мавжудми? Бундай “иштирокчиларнинг” ҳаракатида на мақсадлар бирлиги, на ҳаракатлар бирлиги мавжуд. Чунки А. К.га порани судьяга олиб беришда нафақат ёрдам бермаган, балки ёрдам бермоқчи ҳам бўлмаган. У ўз манфаатларини кўзлаб, К.ни алдаган.

Пленум қарорининг таҳлил қилинаётган бандидаги ҳолат бўйича айбдор шахсларнинг ҳаракатлари объектив равишда бир-бирига боғлиқ бўлсада, лекин ўз ички моҳиятига кўра иштирокчиликда содир қилинадиган битта жиноят эмас, балки ҳар хил шахслар томонидан содир қилинадиган бошқа-бошқа жиноятлардир. Бунда айбдорлардан биттаси (ўз ташаббуси билан ёки бировнинг алдови билан) пора беришга суиқасд қилади, бошқаси эса алдаш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритади, яъни фирибгарлик содир қилади.       

 Худди шунингдек, айбдор шахснинг пора беришга оғдиришга қаратилган ҳаракатларида гарчи пора беришга далолат қилиш белгилари мавжуд бўлсада, аслида бундай шахснинг мақсади мазкур Пленум қарорининг ўзида кўрсатилганидек, бойликларни қўлга киритиш бўлганлиги сабабли, унинг далолат қилиш ҳаракатлари ҳеч қандай жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмайди ва қўшимча равишда Жиноят кодексининг                    28,211-моддаси билан квалификация қилинмаслиги керак. Қолаверса, айбдор шахсда  пора предметини бериш мақсади бўлмаса унинг ҳаракатларида пора беришнинг субъектив томони мавжуд бўлмайди, пировардида умуман жиноят таркиби мавжуд бўлмайди.

Мазкур соҳада амалиётда йўл қўйилаётган қўпол камчиликлардан бири шундаки, қонуннинг мазмунига кўра пора мансабдор шахсга берилиши керак. Пора берувчини алдаётган фирибгар шахснинг у порани қайсидир ташкилотда ишлаётган танишига бериш учун олиши, гарчи унинг таниши мансабдор шахс бўлмасада, айбдорнинг ҳаракатлари қонунга хилоф равишда ЖКнинг 211-моддаси билан квалификация қилинмоқда.       

Юқоридаги мулоҳазаларни якунлаб, шуни айтиш мумкинки, мансабдор шахсга бериш учун пора тариқасида пул ёки бошқа бойликларни олган шахснинг ҳаракатлари фақатгина у порани мансабдор шахсга беришга ҳаракат қилсагина иштирокчилик билан квалификация қилиш мумкин. Мана шундай ҳолатдагина умумий жиноий оқибатга эришишга қаратилган, қасддан, биргалашиб қатнашишда ифодаланган фаолият мавжуд бўлади. Акс ҳолда шахсни пора беришга қизиқтириш ҳаракатлари, бошқа мақсадлар учун, шунчаки “кўриниш” учун амалга оширилган бўлса, бу иштирокчиликнинг “кўриниши” холос, аслида эса ўз мазмунига кўра фирибгарликдан бошқа нарса эмас.

Шундай қилиб, биз юқоридаги ҳолатда квалификациядаги муаммо қуйидагича ҳал қилиниши, яъни пора берувчининг ҳаракатлари пора беришга суиқасд сифатида, алдаш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритган шахснинг ҳаракатлари эса фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши, ўз навбатида тегишли Пленум қарорига ўзгартиришлар киритиш тарафдоримиз.

          Суръат Найимов,

          Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг раиси

          Нурбек Рахимов,

          Бухоро вилоят судининг бош консультанти