СУД ТОМОНИДАН БАНКРОТ ДЕБ ТОПИЛГАН КОРХОНАЛАРНИ ЎЗ ВАҚТИДА ТУГАТИШ ЛОЗИМ

Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан суд амалиётини бирхиллаштириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни кўриш амалиёти ва муаммолар” мавзусида семинар ўтказилди.

Унда вилоят суди раисининг иқтисодий ишлар бўйича ўринбосари И.Тешаев, судьялар, вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари ва суд бошқарувчилари иштирок этишди.

Асосий масала суд бошқарувчиларининг суд томонидан корхонани банкрот деб топиш ва тугатиш жараёнларидаги фаолияти, банкротлик ишларининг муддати чўзилиш сабаблари юзасидан бўлди. Бунда мавжуд муаммолар танқидий-таҳлилий ўрганилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек,  иштирокчиларга иқтисодий судда банкротлик ишларини кўриб чиқишнинг ўзига хос жиҳатлари ва қонунчиликка тўлиқ амал қилиш борасида батафсил тушунтириш берилди.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати