ЎЗ ЕРИГА ЭГАЛИК ҚИЛОЛМАЙ, 10 ЙИЛ САРСОН БЎЛГАН ТАДБИРКОРНИНГ МАСАЛАСИ СУДДА ЕЧИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарорига асосан ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича — тегишли равишда туман, шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори бўйича ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилади.
Бугунги кунда тадбиркорлар ва фуқароларга ажратилган ер участкаларини ҳеч бир огоҳлантиришсиз олиб қўяётган, бино-иншоотларни бузиб ташлаётган айрим мансабдорлар, ҳокимликларга ушбу қарордаги “Ер эгасининг розилиги билан” деган ибора ёт тушунчадек гўё. Негаки, бундай мансабдор шахслар, ҳокимликлардан жабр кўрган фуқаролар судма-суд сарсон бўлишмоқда. Даъвогар О.Элбеков(мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам на ўзига ажратилган ер участкасини, на тўлаган пулини қайтариб ололмай, жавобгар ҳокимликка нисбатан компенсация пулини ундириш борасида маъмурий судга мурожаат қилди.
Ишдаги ҳужжатларга кўра, ер ажратилиши ва олиб қўйилиши билан боғлиқ жараён қуйидагича бўлган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун юридик ва жисмоний шахсларга танлов асосида ер участкаларини беришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 147-сонли қарори ҳамда Урганч шаҳар ҳокимининг 2011 йил 15 октябрдаги қарорига асосан, “Миллий таомлар чойхонаси” қуриш учун 2600 кв.метр ер майдони танловга қўйилган.
Даъвогар О.Элбеков 2011 йил 06 декабрдаги танлов савдосининг 11-сонли ғолиблик баённомасига кўра, танлов ғолиби деб топилган ва баҳоси 18.000.000 сўм бўлган “Миллий таомлар чойхонаси”ни қуриш учун 2600 кв.метр ер участкасини сотиб олган.
Аммо Урганч шаҳар бош режасига ўзгаришлар киритилганлиги муносабати билан ушбу “Миллий таомлар чойхонаси” объекти қурилишига рухсат берилмаган.
Даъвогар О.Элбековга тегишли 2.600 кв.метр ер участкаси ҳокимнинг 2013 йил 26 апрелдаги қарори билан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун давлат ихтиёрига қайтариб олинган.
Даъвогар О.Элбековга тегишли 2.600 кв.метр ер участкаси ўрнига бошқа учта ҳудуддан — савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси қуриш учун 380 кв.метр, 392 кв.метр ва 200 кв.метр, жами 972 кв.метр ер майдони ажратиб берилган.
Даъвогар О.Элбековнинг ҳокимликка ер ажратиб бериш ҳақидаги аризаси эса рад қилинган.
Чорасиз қолган тадбиркор жавобгар мансабдор шахсларнинг ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топиш ва ҳокимлик зиммасига ер майдони ажратиб бериш мажбуриятини юклаш ҳақида туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилган.
Урганч туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 26 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилиб, шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахсларнинг ҳаракатсизлиги қонунга хилоф деб топилган ва улар зиммасига танлов савдосининг 2011 йил 06 декабрдаги ғолиблик баённомасига асосан,даъвогарга ажратиб берилиши лозим бўлган 2.600 кв.метр ер майдонининг қолган 1.628 кв.метр ер майдонини ажратиб бериш мажбурияти юклатилган.
Мазкур ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, Мажбурий ижро бюроси Урганч шаҳар бўлимига ижро қилиш учун юборилган.
Аммо афсуски, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун заҳиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган.
Шу сабабли, Урганч туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 26 июлдаги ҳал қилув қарорини ижро қилиш имкони бўлмаган.
10 йил давомида ернинг қолган қисмини қайтариб ололмаган даъвогар О.Элбеков эндиликда жавобгар ҳокимликдан компенсация ундиришни сўраб мурожаат қилган. Хўш, шунча йилдан бери муаммони ҳал қилмасдан, тадбиркорни сарсон қилган мансабдорлар энди “Президент Фармони бор, биз ҳеч нарса қилолмаймиз”, деб сувдан қуруқ чиқишадими? Йўқ, албатта. Ҳар битта қабул қилинаётган қарор ва қонунларда фуқароларнинг, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари акс этган. Хусусан, мазкур даврда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 37-моддасига асосан, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан олиб қўйилади, деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 206-моддаси 1-қисмига кўра, давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга бевосита қаратилмаган қарори билан, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонунларга белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилади, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилади ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўла ҳажмда тўланади.
Экспертиза маркази хулосаси ва тўғри қарор
Х.Сулайманова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг Хоразм вилояти бўлимининг 2022 йил 06 июндаги хулосасига кўра, 2011 йил 06 декабрдаги 11-сонли танлов савдосининг ғолиблик баённомасига асосан, “Миллий таомлар чойхонаси”ни қуриш учун жами 2600 кв.метр ер майдонини ердан фойдаланиш ҳуқуқини таққослаш усулида экспертиза ўтказиш вақтидаги аниқланган ҳисобий бозор баҳоси 1.275.562.729 сўмни ташкил қилиши кўрсатилган.
Юқоридагиларга асосан суд, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни ва жавобгардан даъвогар О.Элбеков фойдасига 1.275.562.729 сўм компенсация пули ва ушбу суд харажатларини ундиришни лозим топади.
Бегзод РАЖАБОВ, Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси