ОТА ФАРЗАНДИНИ СУДГА БЕРДИ

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ҳаттоки ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 109-моддаси

Меҳнатга лаёқатсиз, ҳали вояга етмаган фарзанд учун унинг ота ёки онаси томонидан алимент тўланиши  барчамиз учун тушунарли ҳолат. Буни изоҳлашга ҳожат йўқ. Аммо вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандларнинг ўз ота-онасига алимент тўлаши ҳақидаги тушунча бироз ғализ эшитилади.

Чунонан, биз ўзбекларда ота-оналари қариганида уларга меҳрибонлик кўрсатиш, ғамхўрлик қилиш анъана ва қадрият даражасига кўтарилган. Аммо баъзида нафақага ёшига чиқиб, соғлиғига путур етиб, меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган қари ота-оналарини ташлаб қўйган фарзандлар ҳам кам эмас. Мана шундай ҳолатларда ота-она ўз таъминоти учун суд орқали фарзандидан алимент ундириши мумкин.

Ота фарзандидан моддий таъминот талаб қилди

А.Озодов фарзандидан моддий таъминот ундириш мақсадида фуқаролик судига апелляция шикояти билан  мурожаат қилади. Унга кўра, А.ОзодовС.Комилова билан қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурганликларини, ҳозирги вақтда турмуш ўртоғи билан бирга яшашларини,  жавобгар Т.Озодов уларнинг аҳволидан хабар олмай қўйганлигини, умуман моддий ёрдам кўрсатмаслигини, ўзи эса меҳнатга лаёқатсиз эканлигини, оладиган пенсияси ўзини моддий жиҳатдан таъминлашга етмаётганлигини баён қилиб, жавобгардан ўзининг фойдасига ҳар ойда қатъий суммада 500.000 сўмдан моддий таъминот ундириб беришни сўраган.

Шунга кўра суд даъвогарнинг даъво талабини қисман қаноатлантирган.Унга кўра даъвогар А.Озодовнингфойдасига жавобгар Т.Озодовдан ҳар ойда қатъий суммада 200.000 сўм миқдорида моддий таъминот (алимент) ундириб бориш бўйича қарор чиқарилган.

200 минг сўм кам, 500 мингдан берсин

 Аммо даъвогар ота бунга кўнмайди. Апелляция шикоятида жавобгардан ўзининг фойдасига  200.000 сўмдан эмас, тўлиқ  500.000 сўмдан моддий таъминот (алимент) ундириш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқариш сўралган.

Судлов ҳайъати иш юзасидан маърузани, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида келтирилган важларни фуқаролик ишида мавжуд ҳужжатлар асосида муҳокама қилиб, қуйидаги хулосага келишни лозим топди.

Аниқланишича, А.Озодов фуқаро С.Комиловабилан 1980 йилда турмуш қуришган.

         Уларнинг биргаликдаги турмушларидан 4 нафаряъни, 1980 йилда туғилган Маҳфуза, 1985 йилда туғилган Умиджон, 1987 йилда туғилган Малика ва 1990 йилда туғилган Тоҳир исмли фарзандлари бор.

Даъвогар А.Озодовга Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Гурлан туман бўлими томонидан 2019 йил 9 июлда ёшга доир пенсия тайинланган бўлиб, ягона интерактив давлат хизматлари порталидан олинган маълумотга кўра, унинг пенсия миқдори 440.000сўмни ташкил қилади.

Биринчи инстанция суди ишда аниқланган ҳолатлар ва қонун талабидан келиб чиқиб, даъвогарнинг меҳнатга лаёқатсиз эканлигини ҳамдадаъвогарнинг тўртнафар фарзандини ҳисобга олган ҳолда даъвогар фойдасига моддий таъминот (алимент) ундириб, иш юзасидан қонуний тўхтамга келган.

Судлов ҳайъати даъвогарнинг шикоятида келтириб ўтган, яъни биринчи инстанция суди томонидан ишни кўриш жараёнида жавобгарнинг моддий аҳволи ва ўзининг соғлиғини инобатга олмасдан қарор қилганлиги тўғрисидаги шикоятлари билан келишмайди.

Чунки қонун талабига кўра суд алимент миқдорини белгилашда даъвогарнинг вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандларини барчасини инобатга олиши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари даъвогар ўзинингмоддий жиҳатдан ёрдамга муҳтож эканлигини тасдиқловчи ишончга сазовор бўлган далилларни судга тақдим эта олмади.

Ҳолбуки, “Е-ХSUD” электрон базасидан олинган интеграциялаштирилган маълумотга кўра А.Озодовга тегишли умумий майдони 1450,0 кв.метрдан иборат турар жой мавжуд эканлиги қайд этилган.

Бундай ҳолатда даъвогарни моддий жиҳатдан ёрдамга мухтож деб ҳисоблаб бўлмайди.

         Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 399-моддаси биринчи қисми                     1-бандига кўра, суд ишни апелляция тартибида кўриб чиққач, ўз ажрими билан ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасликка ҳақли.

Юқоридагиларга кўра, судлов ҳайъати шикоятда келтирилган важлар суд қарорини ўзгартириш ёки бекор қилишга асос бўла олмайди деб ҳисоблаб,суднинг олдинги  ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топди.

Хулоса

Судларга қилинаётган бундай даъволарни кўриб, ўйга толасан. Баъзан айрим ота-оналар моддий таъминотга муҳтож бўлмаса-да, бир нечта фарзандлари бўлишига қарамай, айнан сал ноқобил чиқиб қолган фарзандига сабоқ бериб қўйиш учун ҳам судларга даъво киритишади. Бунга балки айрим фарзандларнинг ота-онасига нисбатан ҳурмат, эҳтиромни унутиб қўяётгани сабаб бўлаётгандир.  Минг йиллар давомида шаклланган бизнинг миллатимизда фарзанд ва ота-она ўртасидаги ғамхўрлик ҳеч қандай ўлчовларсиз, меҳр-муҳаббат асосида амалга оширилган.

Демак-ки, бугун судларга бундай мурожаатлар бориб етаётган экан, оила аталмиш муқаддас даргоҳдаги тарбия, аҳлоқ, ота-онага ҳурмат, эътибор, қадрият ва эътиқод каби тушунчалар устида ҳар биримиз яна бир бор чуқур ўйлаб кўрмоғимиз даркор.

Ғайбулла Мирзаев Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси