Халққа хизмат қиламан, деб ҳақсизликка учраган тадбиркорнинг масаласи судда ечилди

Ҳоким ер ажратади, ҳокимлик ерни тортиб олиш учун судга беради. Тадбиркорнинг кўраётган зарари билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ.

Тадбиркор А.Ботировга  2020 йил 4 декабрида ҳокимнинг қарори биланаҳолига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб бериш ва сотиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида енгил конструкцияли “ЭКОБОЗОР” қуриш учун 300 кв.метр ер майдони ажратиб берилган. Аммо вақт ўтиб, унга енгил конструкцияли қурилмани ўз ҳисобидан бузиш ҳақида огоҳлантириш хати юборилади. Нимага асосланиб дейсизми?  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 6 декабрдаги “Урганч шаҳрини ривожлантириш бош режасини амалга ошириш, Хоразм вилоят аҳолисини сув таъминоти ва яшаш шароитини тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1874-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 февралдаги 41-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Урганч шаҳрининг бош режасига асосан амалга оширилаётган қурилиш ишларига ҳуқуқий баҳо берган ҳолда олиб борилган ўрганиш натижасида тадбиркор А.Ботиров Урганч шаҳар ҳокимининг қарори билан ўзига “ЭКОБОЗОР” қурилиши учун ажратиб берилган
300 кв.метр ер майдонида лойиҳа смета ҳужжатларисиз, енгил конструкцияли қурилма қурган. Шаҳар ҳокимлиги ушбу ноқонуний қурилмани тадбиркорнинг ҳисобидан буздириш ва ер майдонини олдинги ҳолатга келтиришини сўраб судга мурожаат қилган.  Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъвоси қаноатлантирилган. Аммо ўзи емаган сомсага пул тўлашига тўғри келаётган тадбиркор бу ҳал қилув қароридан норозилигини билдириб, судга апелляция шикоятини киритди.

Апелляция шикоятида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвогарнинг даъвосини рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқариш сўралган.

Судлов ҳайъати иш юзасидан маърузани, жавобгарнинг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида келтирилган важларни фуқаролик ишида мавжуд ҳужжатлар асосида таҳлил қилиб, қуйидаги хулосага келди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 майдаги “Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида”ги 12-сонли қарорининг 3-бандига кўра, ҳал қилув қарори, у процессуал ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилинган ҳолда ва ушбу ҳуқуқий муносабатга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган моддий ҳуқуқ нормаларига мос равишда қабул қилинган, зарур ҳолларда қонун ўхшашлиги ёки ҳуқуқ ўхшашлигини қўллашга асосланган бўлсагина, қонуний ҳисобланади.

Бироқ, биринчи инстанция суди қайд қилинган Олий суд Пленуми қарори талабларига риоя этмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқламасдан туриб, даъвони қаноатлантириш юзасидан нотўғри хулосага келган.

Иш ҳужжатларига кўра, шаҳар ҳокимининг 2020 йил 4 декабрдаги қарори билан аҳолига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб бериш ва сотиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида А.Ботировга енгил конструкцияли “ЭКОБОЗОР” қуриш учун 300 кв.метр ер майдони ажратиб берилган.

Урганч шаҳар ҳокимлиги ҳузурида тузилган шаҳар ҳудудида объектлар қурилиши учун ер майдон танлаш, ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш (реализация қилиш), мавжуд объектларни қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ер участкаларини давлат заҳирасига қайтариб олиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича доимий ишловчи комиссиянинг 2021 йил 3 январдаги далолатномаси асосида А.Ботировга ажратилиши белгиланган 300 кв.метр ер майдони танланган.

Кейинчалик, Урганч шаҳар қурилиш бўлими томонидан тадбиркорга “ЭКОБОЗОР” қуриш учун ажратилган ер майдонида қурилиш ишларини лойиҳа ҳужжатларисиз ва МРТ олмасдан бажараётганлиги сабабли қурилиш ишларини тўхтатиши ҳақида огоҳлантириш хати юборилган.

Урганч шаҳар қурилиш бўлими томонидан мазкур ҳолат юзасидан хулоса расмийлаштирилган бўлиб, унда А.Ботировшаҳарсозлик талабларига риоя қилмасдан, 300 кв.метр ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, енгил конструкцияли “ЭКОБОЗОР” қурилишини лойиҳа-смета ҳужжатларисиз бошлаб юборганлиги, мазкур ҳолат юзасидан шаҳар қурилиш бўлими мутахассислари томонидан объектни ўрганиш жараёнида тадбиркор қурилишга рухсат берувчи ҳужжатлари йўқлиги тўғрисида огоҳлантирилганлиги, бироқ у ушбу камчиликларни бартараф қилмаганлиги кўрсатилган. Айбловлар кетма-кетлигида “ўзбошимчалик билан” ибораси кишини ҳайратга солади.

Шунингдек, шаҳар қурилиш бўлими шаҳар ҳокими номига А.Ботиров томонидан ноқонуний равишда бажарилган қурилиш ишларини бартараф қилиш юзасидан Урганч шаҳар ҳокимлиги номидан судга даъво ариза билан мурожаат қилишда амалий ёрдам бериш ҳақида хабарнома билан мурожаат қилган ва ҳокимлик ўзи ер ажратган тадбиркорга нисбатан даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 72-моддаси биринчи қисмига кўра, ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.

Бироқ, даъвогар томонидан ишни биринчи инстанция судида кўриш давомида жавобгар А.Ботировнинг ҳисобидан буздиришни сўраётган ҳудудда жойлашган қурилма ҳақиқатан ҳам у томонидан қурилганлигини, бу ҳолат мутахассислар томонидан жойида ўрганилиб, тегишли тартибда далолатнома билан расмийлаштирилганлигини исботловчи далиллар судга тақдим қилинмаган ва бундай далиллар ишни судлов ҳайъатида кўриш давомида ҳам аниқланмади.

Аксинча, ер ажратилган ҳудуд маҳалла фуқаролар йиғинининг билдиргисида “Қибла бозор” маъмурияти томонидан маҳалла ҳудудида вақтинча фойдаланиш мақсадида “Элга хизмат” бозорчаси қурилганлиги қайд қилинган.

Мазкур ҳолат судлов ҳайъати томонидан низоли қурилма жойлашган ҳудудни жойида ўрганиш мақсадида ўтказилган сайёр суд мажлис давомида гувоҳ сифатида сўралган Р.Таджиев, Р.Атамуратов ва маҳалла фуқаролар йиғини раиси И.Алламовларнинг кўрсатмалари асосида ҳам тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Шунинг учун судлов ҳайъати даъвогар томонидан жавобгар А.Ботировнинг ҳисобидан буздириш талаб қилинаётган Урганч шаҳар “Ашхобод” маҳалласи ҳудудида жойлашган енгил типдаги қурилма аслида А.Ботиров томонидан қурилмаган ва ушбу қурилма шаҳар ҳокимлиги томонидан тадбиркорга ушбу ҳудуддан енгил конструкцияли “ЭКОБОЗОР” қуриш учун 300 кв.метр ер майдони ажратилишидан анча олдин ишни кўриш давомида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган номаълум шахслар томонидан қурилиб, фойдаланиб келинган деб ҳисоблайди.

Биринчи инстанция суди мазкур ҳолатларни аниқламасдан туриб, даъвони қаноатлантириш юзасидан барвақт хулосага келган.

Юқоридагиларга кўра, судлов ҳайъати келтирилган апеляция шикоятини қаноатлантириб, даъвогарнинг жавобгар А.Ботировга нисбатан ноқонуний қурилмани бузиш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.

Адолат бўлмаган жойда тараққиёт, ривожланиш ҳам бўлмайди.Тўғри, қонунларни четлаб ўтиб, халқнинг тинчини бузиб, сохта ҳужжатлар билан ноқонуний қурилиш қилаётган тадбиркорлар ҳам бор. Уларни  ўз вақтида аниқлаб, қонуний чора кўриш лозим. Аммо турли хил тўсиқлар, асоссиз айбловлар сабаб  бошқатадбиркорларнинг  юқори давлат ташкилотларига нисбатан ишончи сўнмаслиги керак.  Зеро Президентимиз айтганидек, “Тадбиркорга хиёнат қилган одам сиёсатимизга хиёнат қилган бўлади”.

Қурязов Жамоладдин, Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ЎЗ ЕРИГА ЭГАЛИК ҚИЛОЛМАЙ, 10 ЙИЛ САРСОН БЎЛГАН ТАДБИРКОРНИНГ МАСАЛАСИ СУДДА ЕЧИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарорига асосан ер участкаси ёки унинг бир қисмини  давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича — тегишли равишда туман, шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори бўйича ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилади.

Бугунги кунда тадбиркорлар ва фуқароларга ажратилган ер участкаларини ҳеч бир огоҳлантиришсиз олиб қўяётган, бино-иншоотларни бузиб ташлаётган айрим мансабдорлар, ҳокимликларга ушбу қарордаги “Ер эгасининг розилиги билан” деган ибора ёт тушунчадек гўё. Негаки, бундай мансабдор шахслар, ҳокимликлардан жабр кўрган фуқаролар судма-суд сарсон бўлишмоқда. Даъвогар О.Элбеков(мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган)  ҳам на ўзига ажратилган ер участкасини, на тўлаган пулини қайтариб ололмай,  жавобгар ҳокимликка нисбатан  компенсация пулини ундириш борасида маъмурий судга мурожаат қилди.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, ер ажратилиши ва олиб қўйилиши билан боғлиқ жараён қуйидагича бўлган.  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун юридик ва жисмоний шахсларга танлов асосида ер участкаларини беришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 147-сонли қарори ҳамда Урганч шаҳар ҳокимининг 2011 йил 15 октябрдаги қарорига асосан, “Миллий таомлар чойхонаси” қуриш учун 2600 кв.метр ер майдони танловга қўйилган.

Даъвогар О.Элбеков 2011 йил 06 декабрдаги танлов савдосининг 11-сонли ғолиблик баённомасига кўра, танлов ғолиби деб топилган ва баҳоси 18.000.000 сўм бўлган “Миллий таомлар чойхонаси”ни қуриш учун 2600 кв.метр ер участкасини сотиб олган.

Аммо Урганч шаҳар бош режасига ўзгаришлар киритилганлиги муносабати билан ушбу “Миллий таомлар чойхонаси” объекти қурилишига рухсат берилмаган.

Даъвогар О.Элбековга тегишли 2.600 кв.метр ер участкаси ҳокимнинг 2013 йил 26 апрелдаги қарори билан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун давлат ихтиёрига қайтариб олинган.

Даъвогар О.Элбековга тегишли 2.600 кв.метр ер участкаси ўрнига бошқа  учта ҳудуддан — савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси қуриш учун 380 кв.метр, 392 кв.метр ва 200 кв.метр, жами 972 кв.метр ер майдони ажратиб берилган.

Даъвогар О.Элбековнинг ҳокимликка ер ажратиб бериш ҳақидаги аризаси эса рад қилинган.

Чорасиз қолган тадбиркор жавобгар мансабдор шахсларнинг ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топиш ва ҳокимлик зиммасига ер майдони ажратиб бериш мажбуриятини юклаш ҳақида туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилган.

Урганч туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 26 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилиб, шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахсларнинг ҳаракатсизлиги қонунга хилоф деб топилган ва улар зиммасига танлов савдосининг 2011 йил 06 декабрдаги ғолиблик баённомасига асосан,даъвогарга ажратиб берилиши лозим бўлган 2.600 кв.метр ер майдонининг қолган  1.628 кв.метр ер майдонини ажратиб бериш мажбурияти юклатилган.

Мазкур ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, Мажбурий ижро бюроси Урганч шаҳар бўлимига ижро қилиш учун юборилган.

Аммо афсуски, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун заҳиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган.

Шу сабабли, Урганч туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 26 июлдаги ҳал қилув қарорини ижро қилиш имкони бўлмаган.

10 йил давомида ернинг қолган қисмини қайтариб ололмаган даъвогар О.Элбеков эндиликда жавобгар ҳокимликдан компенсация ундиришни сўраб мурожаат қилган. Хўш, шунча йилдан бери муаммони ҳал қилмасдан, тадбиркорни сарсон қилган мансабдорлар энди “Президент Фармони бор, биз ҳеч нарса қилолмаймиз”, деб сувдан қуруқ чиқишадими? Йўқ, албатта. Ҳар битта қабул қилинаётган қарор ва қонунларда фуқароларнинг, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари акс этган. Хусусан, мазкур даврда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 37-моддасига асосан, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан олиб қўйилади, деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 206-моддаси 1-қисмига кўра, давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга бевосита қаратилмаган қарори билан, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонунларга белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилади, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилади ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўла ҳажмда тўланади.

Экспертиза маркази хулосаси ва тўғри қарор

Х.Сулайманова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг Хоразм вилояти бўлимининг 2022 йил 06 июндаги хулосасига кўра, 2011 йил 06 декабрдаги 11-сонли танлов савдосининг ғолиблик баённомасига асосан, “Миллий таомлар чойхонаси”ни қуриш учун жами 2600 кв.метр ер майдонини ердан фойдаланиш ҳуқуқини таққослаш усулида экспертиза ўтказиш вақтидаги аниқланган ҳисобий бозор баҳоси 1.275.562.729 сўмни ташкил қилиши кўрсатилган.

Юқоридагиларга асосан суд, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни ва жавобгардан даъвогар О.Элбеков фойдасига 1.275.562.729 сўм компенсация пули ва ушбу суд харажатларини ундиришни лозим топади.

Бегзод РАЖАБОВ, Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси

ОТА ФАРЗАНДИНИ СУДГА БЕРДИ

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ҳаттоки ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 109-моддаси

Меҳнатга лаёқатсиз, ҳали вояга етмаган фарзанд учун унинг ота ёки онаси томонидан алимент тўланиши  барчамиз учун тушунарли ҳолат. Буни изоҳлашга ҳожат йўқ. Аммо вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандларнинг ўз ота-онасига алимент тўлаши ҳақидаги тушунча бироз ғализ эшитилади.

Чунонан, биз ўзбекларда ота-оналари қариганида уларга меҳрибонлик кўрсатиш, ғамхўрлик қилиш анъана ва қадрият даражасига кўтарилган. Аммо баъзида нафақага ёшига чиқиб, соғлиғига путур етиб, меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган қари ота-оналарини ташлаб қўйган фарзандлар ҳам кам эмас. Мана шундай ҳолатларда ота-она ўз таъминоти учун суд орқали фарзандидан алимент ундириши мумкин.

Ота фарзандидан моддий таъминот талаб қилди

А.Озодов фарзандидан моддий таъминот ундириш мақсадида фуқаролик судига апелляция шикояти билан  мурожаат қилади. Унга кўра, А.ОзодовС.Комилова билан қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурганликларини, ҳозирги вақтда турмуш ўртоғи билан бирга яшашларини,  жавобгар Т.Озодов уларнинг аҳволидан хабар олмай қўйганлигини, умуман моддий ёрдам кўрсатмаслигини, ўзи эса меҳнатга лаёқатсиз эканлигини, оладиган пенсияси ўзини моддий жиҳатдан таъминлашга етмаётганлигини баён қилиб, жавобгардан ўзининг фойдасига ҳар ойда қатъий суммада 500.000 сўмдан моддий таъминот ундириб беришни сўраган.

Шунга кўра суд даъвогарнинг даъво талабини қисман қаноатлантирган.Унга кўра даъвогар А.Озодовнингфойдасига жавобгар Т.Озодовдан ҳар ойда қатъий суммада 200.000 сўм миқдорида моддий таъминот (алимент) ундириб бориш бўйича қарор чиқарилган.

200 минг сўм кам, 500 мингдан берсин

 Аммо даъвогар ота бунга кўнмайди. Апелляция шикоятида жавобгардан ўзининг фойдасига  200.000 сўмдан эмас, тўлиқ  500.000 сўмдан моддий таъминот (алимент) ундириш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқариш сўралган.

Судлов ҳайъати иш юзасидан маърузани, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида келтирилган важларни фуқаролик ишида мавжуд ҳужжатлар асосида муҳокама қилиб, қуйидаги хулосага келишни лозим топди.

Аниқланишича, А.Озодов фуқаро С.Комиловабилан 1980 йилда турмуш қуришган.

         Уларнинг биргаликдаги турмушларидан 4 нафаряъни, 1980 йилда туғилган Маҳфуза, 1985 йилда туғилган Умиджон, 1987 йилда туғилган Малика ва 1990 йилда туғилган Тоҳир исмли фарзандлари бор.

Даъвогар А.Озодовга Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Гурлан туман бўлими томонидан 2019 йил 9 июлда ёшга доир пенсия тайинланган бўлиб, ягона интерактив давлат хизматлари порталидан олинган маълумотга кўра, унинг пенсия миқдори 440.000сўмни ташкил қилади.

Биринчи инстанция суди ишда аниқланган ҳолатлар ва қонун талабидан келиб чиқиб, даъвогарнинг меҳнатга лаёқатсиз эканлигини ҳамдадаъвогарнинг тўртнафар фарзандини ҳисобга олган ҳолда даъвогар фойдасига моддий таъминот (алимент) ундириб, иш юзасидан қонуний тўхтамга келган.

Судлов ҳайъати даъвогарнинг шикоятида келтириб ўтган, яъни биринчи инстанция суди томонидан ишни кўриш жараёнида жавобгарнинг моддий аҳволи ва ўзининг соғлиғини инобатга олмасдан қарор қилганлиги тўғрисидаги шикоятлари билан келишмайди.

Чунки қонун талабига кўра суд алимент миқдорини белгилашда даъвогарнинг вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандларини барчасини инобатга олиши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари даъвогар ўзинингмоддий жиҳатдан ёрдамга муҳтож эканлигини тасдиқловчи ишончга сазовор бўлган далилларни судга тақдим эта олмади.

Ҳолбуки, “Е-ХSUD” электрон базасидан олинган интеграциялаштирилган маълумотга кўра А.Озодовга тегишли умумий майдони 1450,0 кв.метрдан иборат турар жой мавжуд эканлиги қайд этилган.

Бундай ҳолатда даъвогарни моддий жиҳатдан ёрдамга мухтож деб ҳисоблаб бўлмайди.

         Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 399-моддаси биринчи қисми                     1-бандига кўра, суд ишни апелляция тартибида кўриб чиққач, ўз ажрими билан ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасликка ҳақли.

Юқоридагиларга кўра, судлов ҳайъати шикоятда келтирилган важлар суд қарорини ўзгартириш ёки бекор қилишга асос бўла олмайди деб ҳисоблаб,суднинг олдинги  ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топди.

Хулоса

Судларга қилинаётган бундай даъволарни кўриб, ўйга толасан. Баъзан айрим ота-оналар моддий таъминотга муҳтож бўлмаса-да, бир нечта фарзандлари бўлишига қарамай, айнан сал ноқобил чиқиб қолган фарзандига сабоқ бериб қўйиш учун ҳам судларга даъво киритишади. Бунга балки айрим фарзандларнинг ота-онасига нисбатан ҳурмат, эҳтиромни унутиб қўяётгани сабаб бўлаётгандир.  Минг йиллар давомида шаклланган бизнинг миллатимизда фарзанд ва ота-она ўртасидаги ғамхўрлик ҳеч қандай ўлчовларсиз, меҳр-муҳаббат асосида амалга оширилган.

Демак-ки, бугун судларга бундай мурожаатлар бориб етаётган экан, оила аталмиш муқаддас даргоҳдаги тарбия, аҳлоқ, ота-онага ҳурмат, эътибор, қадрият ва эътиқод каби тушунчалар устида ҳар биримиз яна бир бор чуқур ўйлаб кўрмоғимиз даркор.

Ғайбулла Мирзаев Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти

Суд-ҳуқуқ ислохотларининг мантиқий давоми сифатида “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 2017 йил 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Сенати томонидан 2017 йил 20 декабрь куни маъқулланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 8 январь куни имзоланган ва расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн икки ой ўтгач кучга кириши белгиланди.
Ушбу Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, жиноий мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият, суд ишини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш соҳасида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг қўлланилиш соҳасига кирувчи муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Мазкур қонун маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссияларнинг маъмурий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга солиб келмоқда.
“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборатдир.

Темур Юсупов, Урганч туманлараро маъмурий судининг судьяси.

Хоразм вилоят судларининг 2022 йилнинг 9 ойидаги фаолияти юзасидан ахборот

Хоразм вилоятининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2022 йилнинг 9 ойи давомида жами 1.374 (1.136) нафар шахсга нисбатан 1035 (902) та жиноят иши ва 2.242 (2.023) та санкция ҳамда материаллар кўриб тамомланган.

Кўриб тамомланган жиноят ишлари бўйича 1.135 (892) нафар шахсга нисбатан 814 (679) та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган;

233 (241) нафар шахсга нисбатан 217 (220) та жиноят иши тугатилган;

225 (227) нафар шахсга нисбатан 212 (211) та жиноят иши тарафлар ярашганлиги сабабли иш тугатилган.

104 (87) нафар шахс суд залидан қамоққа олинган,

99 (45) нафар шахс қамоқдан озод этилган.

Ўзбекистон Респубдикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан
600 (619) нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.

Барча инстанцияларда 7 (19) нафар шахсга нисбатан 5 (13) та жиноят иши бўйича оқлов ҳукми чиқарилган.

Кўриб тамомланган жиноят ишлардан 164 нафарини ёки
11,9 фоизини аёллар, 35 нафарини ёки 2,5 фоизини вояга етмаганлар, 68 нафарини ёки 4,9 фоизини 60 ёшдан ошганлар ва
507 нафарини ёки 36,8 фоизини ёшлар (14-30 ёш) ташкил этади.

Вилоят судининг апелляция инстанциясида 2022 йилнинг
9 ойи давомида жами 389 нафар шахсга нисбатан 270 та ишлар кўриб тамомланган бўлиб, мазкур кўрсаткич биринчи инстанцияда кўрилган ишларнинг 28,3 фоизини такшил этган бўлиб, шундан
30 нафар шахсга нисбатан 2,1 фоиз жиноят иши бўйича суд қарорлари бекор қилинган, 128 нафар шахсга нисбатан 9,3 фоиз суд қарорлари ўзгартирилган ва 232 нафар шахсга нисбатан 16,8 фоиз суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Бундан шуни кўриш мумкунки, 71,6 фоиз яъни 984 нафар шахсларга нисбатан судьялар томонидан қабул қилинган суд ҳужжатларидан иш бўйича тарафларнинг норозиликлари мавжуд эмас, яъни судья иш бўйича якуний суд ҳужжати қабул қилганидан кейин, унинг мазмун-моҳиятини тарафларга тушунтириб-етказиб била олган.

Мазкур даврда 21.666 (18.592) нафар шахсга нисбатан
18.967 (15.529) та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб тамомланган.

Шундан, 11.801 (9.377) нафар шахсга нисбатан 10.798 (10.529) та иш бўйича маъмурий жазо қўлланилган,

9.865 (8.063) нафар шахсга нисбатан 8.169 (6.152) та иш тугатилган.

Вилоят судининг апелляция инстанциясида 2022 йилнинг
9 ойи давомида жами 660 нафар шахсга нисбатан 569 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, мазкур кўрсаткич биринчи инстанцияда кўрилган ишларнинг 3,0 фоизини такшил этган бўлиб, шундан 91 нафар шахсга нисбатан 0,4 фоиз маъмурий иш бўйича суд қарорлари бекор қилинган, 97 нафар шахсга нисбатан 0,4 фоиз суд қарорлари ўзгартирилган ва
472 нафар шахсга нисбатан 2,2 фоиз суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

21.006 та ёки 96,9 фоиз маъмурий иш бўйича тарафларнинг норозиликлари мавжуд эмас.

Судларнинг жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолият самарадорлигини кучайтириш мақсадида 357 та ёки 34,3 фоиз жиноят иши айнан жиноят содир бўлган жойларда, маҳаллаларда, тегишли ташкилот ва муассасаларда сайёр суд мажлислари тартибида кўриб чиқилган.

Шунингдек, судлар томонидан кўриб тамомланган турли тоифадаги ишлар бўйича суд амалиёти умумлаштирилиб, уларнинг сони 100 тани ташкил этган, уларнинг натижаси бўйича тегишли корхона, муассаса ва ташкилотларга жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш юзасидан 64 та тақдимнома киритилган, 1045 та иш бўйича ёки 100,7 фоиз ишлар бўйича хусусий ажримлар чиқарилган.

Бундан ташқари, жойлардаги криминоген вазият таҳлилидан келиб чиққан ҳолда вилоят судлари томонидан ҳуқуқий мавзуларда корхона, муассаса ташкилотлар ҳамда аҳоли ўртасида учрашувлар, суҳбатлар ўтказилиб, 462 маротаба маърузалар билан чиқишлар қилинган

шундан, корхона ташкилотларда 115 маротаба,

аҳоли ўртасида 280 маротаба,

ўқув муассасаларида 67 маротаба чиқишлар қилинган.

Оммавий ахборот воситаларида жами 326 та,

шундан радиода 52 маротаба,

телевидениеда 93 маротаба,

матбуотда 73 маротаба,

веб-сайтда 108 маротаба чиқишлар қилинган.

2022 йилнинг 9 ойи давомида биринчи инстанция судларида жами 17.978 (11.192) та  фуқаролик ишлари кўриб тамомланган.

Шундан, 10.817 (6.046) та даъво қаноатлантирилган,

1.157 (854) та даъво ариза рад этилган,

207 (147) та  фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган,

2.532 (1182) та даъво аризалар  кўрмасдан қолдирилган.

21 та хакамлик ҳал қилув қарорига нисбатан.

3.244 та материаллар кўриб тамомланган.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида Хоразм вилоятининг фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларида 12.845 (5.797) та суд буйруғи чиқарилган.

Кўриб тамомланган ишлардан Фуқаролик ишлардан вилоят фуқаролик суди томонидан 78 таси (жами ишнинг 0,4 %), Урганч туманлараро фуқаролик суди томонидан 7.333 таси (жами ишнинг 40,7%), Боғот туманлараро фуқаролик суди томонидан 6.453 таси (жами ишнинг 35,8%), Шовот туманлараро фуқаролик суди томонидан 4.114 таси (жами ишнинг 22,8%)  кўриб чиқилган.

Жорий йил давомида судлар орқали никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар сони  1.828 (1.517) тани ташкил этган.

Шундан, 1.149 (923)таси бўйича даъво қаноатлантирилган.

501 (459)та фуқаролик иши бўйича даъволар  рад этилган.

117 (93)та фуқаролик иши  кўрмасдан қолдирилган.

61 (42)та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган.

Вилоят судлари томонидан ҳуқуқий мавзуларда корхона, муассаса ташкилотлар ҳамда аҳоли ўртасида учрашувлар, суҳбатлар ўтказилиб, 345(195) маротаба чиқишлар қилинган.

Оммавий ахборот воситаларида жами 161 (101) та,

жумладан, радиода 28 (29) маротаба;

телевидениеда 38 (13) маротаба;

матбуотда 43 (32) маротаба;

веб-сайтда 52 (27) маротаба чиқишлар қилинган.

Низолар келиб чиқишининг олдини олиш юзасидан чиқарилган хусусий ажримлар сони 188 (32) та, умумлаштиришлар эса 23 (16) тани ташкил қилган.

Ишларни сайёр суд мажлисларида кўриш жами кўриб тамомланган 17.978 (11.192) та фуқаролик ишларининг
4.508 (2.524) таси яъни 25,1 (22,5)  фоизини ташкил этган.

2022 йил 9 ойи давомида туманлараро судлари томонидан кўриб тамомланган жами 19.978 та фуқаролик ишларидан 646 таси ёки 3,5 фоизи вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилган.

Шундан, 36 та ёки 5,5 фоиз ҳал қилув қарорлари бекор қилинган,

48 таси ёки 7,4 фоиз ҳал қилув қарорлари ўзгартирилган.

562 таси ёки 86,9 фоиз ҳал қилув қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

15.682 та ёки 96,9 фоиз фуқаролик иш бўйича тарафларнинг норозиликлари мавжуд эмас, яъни судья иш бўйича якуний суд ҳужжати қабул қилганидан кейин, унинг мазмун-моҳиятини тарафларга тушунтириб-етказиб била олган.

Вилоят ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан
2022 йилнинг 9 ойи мобайнида жами 5849 та ишлар кўрилган.

Ушбу ишлар бўйича даъвогарлар фойдасига 272 млрд. 842 млн. сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинди.

Сайёр суд мажлисларида кўрилган ишлар 2828 та (жами кўрилган ишларнинг 48,3 фоизини ташкил қилади) ишлар кўрилган.

Қўлланилган таъсир чоралари 108 тани ташкил қилади.

Жорий йилнинг 9 ойида кўрилган ишлар таҳлил қилинганда маҳсулот етказиб бериш шартномаси буйича 626 та, контрактация 99 та, кредит 285 та, коммунал хизмат кўрсатиш юзасидан 244 та, банкрот деб эътироф этиш юзасидан 183 та, солиқ қарзини ундириш бўйича 40 та, ҳисобварақалар бўйича операцияларни тўхтатиш 2059 та, молиявий санкциялар қўллаш бўйича 434 тани, қолганлари бошқа тоифадаги низоларни ташкил этган.

Солиқ қонунчилигига риоя қилмаган 299 та тадбиркорга нисбатан
52 млрд. 722 млн. сум молиявий санкциялар қўлланилган.

Оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқий тарғибот бўйича 340 та
чиқишлар қилинган.

2022 йилнинг 9 ойи мобайнида Хоразм вилоят ва туманлараро иқтисодий судларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 20 та умумий мазмунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан 65 та мурожаатлар келиб тушган.

Келиб тушган мурожаатларнинг 10 таси такрорий аризаларни ташкил қилади. 7 та мурожаат тааллуқлилик бўйича юборилган. 78 та мурожаатга ўрганиб жавоб берилган.

Мурожаатлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 тага камайган.

Суди раҳбариятининг шахсий қабулида ва “Тадбиркорлар куни”да 196 та, шундан сайёр қабулда 114 та, бевосита идорада 81 та ва Халқ қабулхонасида
1 та хўжалик юритувчи субъектларнинг вакиллари ва тадбиркорлар қабул қилинган.

МАЖБУРИЯТИНИ УНУТГАН ОТА, ТИРИК ЕТИМ ФАРЗАНД ВА КЎМАККА МУҲТОЖ ОНА

Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.  Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 63-модда

Оила — муқаддас маскан. У мустаҳкам бўлса, жамият осойишта, фарзандлар бахтиёр бўлади. Эр-хотиннинг ўзаро тотувлиги, ҳамжиҳатлиги ва бир-бирини тушуниб, муросаи мадора билан яшаши фарзандлар тарбияси ва ахлоқида ҳам юксак ўрин тутади. Бундай тўлақонли оилаларда тарбияланган фарзандлар оила, Ватан қадрини ҳис қилиб улғайишади. Аммо бугунги кунда оилаларни мустаҳкамлаш, уни сақлаб қолиш йўлида қанча ислоҳотлар амалга оширилмасин, минг афсуски ажрашиш ҳолатлари ҳали-ҳамон камайгани йўқ. Бу ажримлар ортидан фарзандлар етим, қанчадан қанча қўлида касб-ҳунари йўқ аёллар қийин вазиятларга тушиб қолишмоқда. Қонунларимиз бўйича, ажримдан кейин кичик ёшдаги фарзандлар кўпинча она қарамоғида    қолдирилади. Конституциямизнинг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, деб белгилаб қўйилган. Демакки, эр-хотин ажрашган тақдирда ҳам қонунда белгиланган тартибда фарзандининг таъминотини қилишга мажбур.  Аммо аксарият ҳолларда фарзанди учун тўланадиган алиментдан қочиб, турли хил баҳоналар билан ўз мажбуриятидан қочиб юрадиган оталар ҳам орамизда талайгина. Бундай ҳолларда оналар мажбур бўлиб  судга мурожаат қилишади.

НОРАСИДА ГЎДАК ВА ИШСИЗ АЁЛ ТАҚДИРИ

Ёрқиной мана шундай қийин вазиятда қолган аёллардан бири. У оилавий келишмовчиликлар сабаб ўз ота уйига қайтиб келади. Ўртада эса эса ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган норасида қизалоқ тирик етимга айланди. Ота эса ҳамма масъулиятдан қутилдим, дегандек фарзанди учун ҳеч қандай мажбуриятни бўйнига олмайди. Ёрқиной фарзанди ёшлиги сабабли ҳеч қаерда ишламаслигини, моддий ёрдамга муҳтож эканлигини билдириб, жавобгардан фарзанди уч ёшга тўлгунига қадар 1 000 000 сўм моддий таъминотни қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаришни сўраб  2022 йил  18 май куни фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судига ариза билан мурожаат қилди.  

АЛИМЕНТ ТЎЛАШДАН НОРОЗИ ОТА

Й.Ёрқиной Шодиёр қизи билан  2020 йил 21 февраль куни Хива туман ФҲДЁ бўлимида қонуний никоҳдан ўтган жавобгар А.Нодир Абдукаримович  эса суд мажлисида берган тушунтиришида оилада ёлғиз боқувчи эканлиги ва шу сабабли 2021 йил  26 сентябрда туғилган  қизи учун ҳар ойда таъминот (алимент) тўлашга норози эканлигини билдирибгина қолмай,  даъвони рад қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариб беришларини сўради. Афсуски, бугунги кунда оиласи билан ажрашиб, ажримдан кейин фарзандларининг тақдири билан қизиқмайдиган оталар кўпайиб бормоқда. Айниқса, айрим ёш оилаларда масъулият, мажбурият тушунчалари умуман йўқолиб кетаётгандек. Аммо шаҳар бедарвоза эмас. Истаган пайтида оила қуриб, истаган пайтида фарзандини ташлаб кетиб, масъулият ва мажбуриятлардан тонишга давлатимиз қонунлари йўл қўймайди.  

ФАРЗАНДНИНГ ҲАҚИ ОЛИБ БЕРИЛДИ 

Суд тарафларнинг тушунтириш ва музокара сўзларини тинглаб, иш ҳужжатларини кўриб чиқиб, даъво талабини қисман қаноатлантиришни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 117-моддасига кўра, “Эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр)дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга”.  

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 119-моддасига кўра, эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори суд томонидан эр ёки хотиннинг (собиқ эр ёки хотиннинг) моддий ва оилавий аҳволини ҳамда тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини эътиборга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади, бироқ бу сумма қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги лозим. 

Юқоридагиларга асосан суд даъвони қаноатлантиришни ва тарафларнинг моддий ҳолатини инобатга олиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 2022 йил 3 майдан, яъни даъвогар таъминот ундиришни талаб қилиб судга мурожаат қилган вақтдан бошлаб фарзанди уч ёшга тўлгунига қадар ҳар ойда қатъий суммада 300 000 сўм миқдорида таъминот ундириш, шунингдек ФПКнинг 138-моддасига асосан,  жавобгардан даъвогар фойдасига судга даъво тақдим қилишда тўланган почта харажати учун 19 000 сўм ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаришни ва даъво талабини қисман қаноатлантиришни лозим топади.  Шунингдек,  белгиланган қонун тартибига асосан жавобгардан давлат фойдасига 270 000 сўм давлат божи ундириш ҳам белгиланди. 

ОИЛАНИ ПАРОКАНДА, ФАРЗАНДЛАРНИ ЕТИМ ҚИЛМАНГ

Бирини оталик, бирини оналик мақоми билан шарафлаб, фарзанддек азиз неъматни берган Аллоҳга шукрона келтириш ўрнига жавобгар қаҳрамонимиз каби “ота”лар судларда ҳеч уялмасдан, эркаклик ор-номусини ҳам бир четга суриб, “Узр, мен фарзандим учун ҳеч нарса қилиб беролмайман” деб ўзини худди бегоналардек тутиши миллатимизнинг заволи эмасми? Бундай ота номига нолойиқ кимсалар қаердан пайдо бўлмоқда, қаердан тарбия олмоқда? Улар бугун шу қадар тубанлашиб, юзсизлашиб кетишига сабаб нима? Афсуски, мана шу саволлар бугун оиласида ўғил-қиз тарбия қилаётган ҳар бир ота-онани ўйлантириши шарт. Фарзандлар сизнинг моддий ёрдамингизсиз ҳам катта бўлишар, эртага улғайиб, йўлини ҳам топиб кетар. Аммо қалбидаги оғриқлар ҳеч қачон унутилмайди. Фарзандларингиз кўз ўнгида, ўй-фикрларида бутун умрга “Боласидан воз кечган ота ёки она” бўлиб қоласиз ва бу тамғани умрбод кўтариб юрасиз. Оила муқаддас ва арзимас сабаблар билан уни пароканда қилишдан, фарзандларни эса кўнгли ярим, чорасиз қолдиришдан уялинг, азиз ота ва оналар! 

Руслан Жумабаев, фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди судьяси

ФАРЗАНДИГА НИСБАТАН ЖИНОЯТ СОДИР ҚИЛГАН ОНА ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ

Она буюк зот, таърифи сўзларга сиғмас буюк ҳилқат.  Муқаддас динимизда ҳам оналар улуғланган, фарзандлари уларга яхшилик қилишга буюрилган. Жаннат оналар оёғи остида, дейилади. Она ўз фарзанди учун ўз жонини беришга ҳам тайёр бир мўъжизадир. Аммо ҳамма оналар ҳам шундай буюк таърифларга муносибмикин? Афсуски, фарзанди учун жон беришдан кўра, унинг жонини олишга тайёр оналарнинг бугунги жамиятимизда борлиги жуда ачинарли ҳолат.  Бундайларни она дейишга ҳам тилинг бормайди. Тўғри-да, қайси она ўз фарзандининг жисми жонига, руҳига озор етказиб, азоблаб жоҳиллик қилиши мумкин? Ҳатто биз онгсиз мавжудот деб атайдиган ҳайвон ҳам боласига бундай зулмни раво кўрмайди. Бугун суднинг қора курсисида кўзи очилган “она” йиғидан ўзини тия олмади. Фарзандларига қилган зулмларидан пушаймон бўлса-да, унинг қилмишларини  қонунларимиз ҳам,  динимиз ҳам  оқламайди. У ўз фарзандларига етказган жисмоний ва маънавий зарарлари учун жавоб беришга мажбур. 

МАСТ ОНА ҚИЗИНИ КАЛТАКЛАДИ

С.М.Каримова(исм-фамилиялар ўзгартирилган) Гарчи ўз фарзандлари бўлса ҳам бундай онанинг ёнида уларни қолдириб бўлмасди. Чунки ор-номус, ҳаё-ибосини бир четга суриб, енгил-елпи ҳаётни танлаган бу аёл фарзандларини ҳам аямади. Ҳали вояга ҳам етмаган 15, 13 ва 11 ёшли қизалоқлар онасининг аҳлоқсизлигидан норози бўлишади. Унинг қўл телефонига келаётган уятли, ишқий, беҳаё мазмундаги хабарларга кўзи тушган 11 яшар қиз бу беҳаёликни ҳазм қила олмайди. Онасига бу иши яхши эмаслигини айтиб, норозилик билдирганида эса мурғаккина танаси калтаклар зарби остида қолади. Спиртли ичимлик таъсирида маст бўлган аёл муттасил равишда қизига раҳмсизларча муносабатда бўлиб, ўта шафқатсизлик билан таёқдан ясалган ўқлов ва ҳассалар билан уриб, тан жароҳатлари етказади, қайчибилан қизининг сочини қирқаётиб, терисини ҳам  шилиб олади. Қизларига таълим-тарбия бериб, она сифатида яхши ўрнак бўлиш ўрнига маст-алас бўлиб, фарзандини қаттиқ жисмлар билан калтаклаб, жароҳатлаган бу аёлни оналик мақомида қолдириш мумкинми? Йўқ, албатта. Гарчи онасининг ҳаракатларини ошкор қилмаслик учун фарзандлар сукут сақлаб, жим турган тақдирда ҳам қонун бу норасида фарзандларни бундай жоҳил аёлнинг қўлида қолдирмайди.  Шу юзасидан Хива туман прокуратураси вояга етмаган 18.08.2007 йилда туғилган Б.Г.Миролим қизи, 17.11.2009 йилда туғилган Б.Х.Миролим қизи ва 22.09.2011 йилда туғилган Б.С.Миролим қизи манфаатида судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар С.М.Каримовани ўз фарзандларига нисбатан жиноят содир қилганлиги сабабли  оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаришни сўраган.

МУРҒАК ҚИЗАЛОҚНИНГ ТАНИДА ШУНЧА ЖАРОҲАТ

Суд-тиббий экспертизасининг 24.12.2021 йилдаги 579-сонли эксперт хулосасини ўқиган инсоннинг фарзандга шунча тан жароҳати етказган онага нисбатан нафрати ошиши шубҳасиз.  Экспертиза хулосасига  кўра, жавобгар  22.09.2011 йилда туғилган Б.С.Миролим қизига ўнг қўл билак суягига, бош миясига, бош пешона, чап елка  ва чап билагига, чап елка бўғим ташқи юзасига, бош, юз, иккала кўз қовоқларига, бурун, лабларига, иккала қулоқ супраларига, кўкрак қафасининг олд ва орқа юзаларига, қорин ва бел соҳаларига, иккала қўл ва оёқларига, қайчи билан бош ўнг тепа-чакка соҳасига, ияк остига уриб, қийнаб, унга ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат бўйича С.М.Каримова Ўзбекистон республикаси ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми “г” ва “м” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

СЎНГГИ ПУШАЙМОН ЎЗИНГГА ДУШМАН

Суд мажлисида жавобгар С.М.Каримова ўзини йиғлашдан тўхтата олмади ва ҳатто тушунтириш ҳам бера олмаслигини билдирди.Албатта, у қилган ишлари учун пушаймон эди, аммо фарзандларига ҳам жисман, ҳам руҳан етказган жароҳатлари, оналикка зид ҳатти-ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб беришга мажбур. Суд прокурорнинг даъвони қаноатлантириш ҳақидаги фикри ва музокарасини тинглаб ҳамда ишдаги тўпланган ҳужжатларни яна бир бор таҳлил қилиб, жавобгар С.М.Каримовани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттирди.

Вояга етмаган фарзандлар эса бугунги кунда Янгиариқ туманидаги 1-сон “Фаровон” оилавий болаларуйида тарбияланмоқда. Суд иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, фарзандлар таъминоти учун жавобгар С.М.Каримовадан алимент ундирилишини ҳам белгилаб қўйди.

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ҚОНУНЛАРДА ҚАНДАЙ АКС ЭТГАН?

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддасига кўра, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида” ги 23-сонли қарорининг 15-бандида ота-она (улардан бири) Оила кодексининг 79-моддасига биноан ота-оналик ҳуқуқидан ўзларининг айбли хулқ-атворига кўра, агар улар ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлашлик деганда – ота-оналик бурчларини узлуксиз равишда бажармаслик, ўз болаларига қандай бўлмасин ғамхўрлик қилмаслик тушунилиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 80-моддасининг 4-қисмига биноан суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда боланинг таъминоти учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онадан (уларнинг биридан) алимент ундириш масаласини ҳал қилади.

ОНА БЎЛИШ БАХТ, ОНАЛИК ҚИЛИШ ШАРАФДИР

Фарзанд Аллоҳнинг буюк неъмати. Мана шу буюк инъом ила аёл оналик мақомига сазовор бўлади. Ҳамма аёл ҳам ҳам оналик бахтига эриши мумкин, аммо афсуски уларнинг ҳаммаси ҳам фарзандига ҳақиқий она бўла олмайди. Оналикнинг қадрига етмайди. Ғурур, ор-номус, андиша ва ҳаёни, она эканлигини унутган қаҳрамонимиз бугун ич-ичидан қилган айблари учун пушаймондир, аммо бу пушаймонликдан не наф. Отасиз фарзандларининг онасиз қолишига ҳам сабабчи бўлди. Бундай онага пушаймонлиги сабаб раҳмимиз келар, аммо қалбида, жисмида оғриқларни ҳис қилган фарзандлари кечирармикин? Сабоқ олиш ва хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола. Балки бундай оналар орамизда кўпдир, уларнинг разилона ҳаракатлари ҳали ошкор бўлмагандир. Аммо унутмасинларки, Яратганнинг адолатидан ҳеч қаёққа қочиб бўлмайди. 

Бобур Абдуллаев, фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди судьяси

ХОРАЗМ ВИЛОЯТ СУДЛАРИНИНГ РАЁСАТИДА ЮТУҚ ВА КАМЧИЛИКЛАР ТАНҚИДИЙ ТАҲЛИЛИЙ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Хоразм вилоят судларининг жорий йилнинг 6 ойидаги фаолиятидаги ишларни танқидий-таҳлилий ўрганиб чиқиш ва келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадида раёсат йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда суд қарорларининг сифати, сайёр суд мажлисларини ташкил этиш кўрсатгичи, суд ходимларининг иш фаолияти, бўлимларга юклатилган топшириқлар ижроси каби кун тартибидан ўрин олган масалалар кенг муҳокама қилинди.

Жумладан, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2022 йилнинг 6 ойи давомида жами 978 (722) нафар шахсга нисбатан 713 (562) та жиноят иши кўриб тамомланган бўлиб, барча инстанцияларда 4 (12) нафар шахсга нисбатан 3 (10)  та жиноят иши бўйича оқлов ҳукмлари чиқарилган.

Мазкур даврда 13.877 (11.379) нафар шахсга нисбатан 12.167 (9.541) та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, шундан 7.628 (6.634) нафар шахсга нисбатан 6.971 (5.914) та иш бўйича маъмурий жазо қўлланилган, 6.249 (4.745) нафар шахсга нисбатан 5.196 (3.627) та иш тугатилган.

Биринчи чорак давомида Хоразм вилоятининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 69 (19) нафар шахс қамоқдан озод этилган. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан 421 (400) нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.

Судларнинг жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолият самарадорлигини кучайтириш мақсадида 252 (203) та ёки 35,3 (36,1) % жиноят иши айнан жиноят содир бўлган жойларда, маҳаллаларда, тегишли ташкилот ва муассасаларда сайёр суд мажлислари тартибида кўриб чиқилган.

Шунингдек, судлар томонидан кўриб тамомланган турли тоифадаги ишлар бўйича суд амалиёти умумлаштирилиб, уларнинг сони 73 (64) тани ташкил этган, уларнинг натижаси бўйича тегишли корхона, муассаса ва ташкилотларга жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш юзасидан 49 (33) та тақдимнома киритилган, 713 (518) та иш бўйича ёки 100 (92,2) фоиз ишлар бўйича хусусий ажримлар чиқарилган.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2022 йилнинг 6 ойи давомида биринчи инстанция судларида жами 10.271 (7.401) та  фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. Шундан, 7.605 (5.009) та даъво қаноатлантирилган, 712(699) та даъво ариза рад этилган, 150 (130) та  фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган, 1.800 (971) та даъво аризалар  кўрмасдан қолдирилган.

Низолар келиб чиқишининг олдини олиш юзасидан чиқарилган хусусий ажримлар сони 157 (29) та, умумлаштиришлар эса 18 (7) тани ташкил қилган.

Ишларни сайёр суд мажлисларида кўриш жами кўриб тамомланган 10.271 (7.401) та фуқаролик ишларининг 3.355 (2.246) таси яъни 32,6 (30,3) %ни ташкил этган.

Иқтисодий ишлар бўйича судларда ўтган 2022 йилнинг ўтган 6 ойида жами 3.283 та (2021 йилнинг шу даврида 4.599 та) иқтисодий ишлар кўрилган бўлиб, шундан 19 таси суд буйруғи бериш тартибида кўрилган ишларни ташкил қилади. Жами кўрилган ишлардан 2.721 таси қаноатлантирилган, 428 таси бўйича даъво рад қилинган, 87 таси бўйича даъво кўрмасдан қолдирилган, 47 таси бўйича иш юритиш тугатилган. Жами кўрилган ишларнинг 1.349 таси, 41,1% сайёр суд мажлисларида (2021 йилнинг шу даврида 2.131 та, яъни 46,3%)  кўрилиши таъминланган.

2022 йил 1-ярим йиллиги давомида Хоразм вилояти маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жами 609 та маъмурий ишлар кўриб тамомланган.

Маҳаллий ҳокимлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги жами 275 аризалар кўриб тамомланган бўлиб, шундан 127 таси бўйича ариза талаблари қаноатлантирилиб, туман ва шаҳар ҳокимларининг 127 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган, 125 та ариза рад қилинган бўлса,  6 таси кўрмасдан қолдирилган ва 17 таси бўйича иш юритиш тугатилган.

Суд статистик маълумотлари асосида ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилган йўналишлардаги фарқли жиҳатлар муҳокама қилинди. Якунда Раёсатда кўрилган барча масалалар, бартараф этилиши керак бўлган камчиликлар юзасидан вилоят суд раиси томонидан ҳаракатлар дастури тасдиқланиб, дастур асосида чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шунингдек, йиғилишда камчиликлар билан бир қаторда ютуқларга ҳам алоҳида тўхталинди. Судья ва суд ходимларининг одил судловни амалга оширишдаги ҳиссаси ва ишдаги фаоллиги эътироф этилиб, вилоят суди раиси B.Polvanov ҳамда вилоят маъмурий суди раиси J.Sultanovalar томонидан бир гуруҳ судья ва суд ходимларига фахрий ёрлиқлар топширилди.

Skip to content