Халққа хизмат қиламан, деб ҳақсизликка учраган тадбиркорнинг масаласи судда ечилди

Ҳоким ер ажратади, ҳокимлик ерни тортиб олиш учун судга беради. Тадбиркорнинг кўраётган зарари билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ.

Тадбиркор А.Ботировга  2020 йил 4 декабрида ҳокимнинг қарори биланаҳолига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб бериш ва сотиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида енгил конструкцияли “ЭКОБОЗОР” қуриш учун 300 кв.метр ер майдони ажратиб берилган. Аммо вақт ўтиб, унга енгил конструкцияли қурилмани ўз ҳисобидан бузиш ҳақида огоҳлантириш хати юборилади. Нимага асосланиб дейсизми?  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 6 декабрдаги “Урганч шаҳрини ривожлантириш бош режасини амалга ошириш, Хоразм вилоят аҳолисини сув таъминоти ва яшаш шароитини тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1874-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 февралдаги 41-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Урганч шаҳрининг бош режасига асосан амалга оширилаётган қурилиш ишларига ҳуқуқий баҳо берган ҳолда олиб борилган ўрганиш натижасида тадбиркор А.Ботиров Урганч шаҳар ҳокимининг қарори билан ўзига “ЭКОБОЗОР” қурилиши учун ажратиб берилган
300 кв.метр ер майдонида лойиҳа смета ҳужжатларисиз, енгил конструкцияли қурилма қурган. Шаҳар ҳокимлиги ушбу ноқонуний қурилмани тадбиркорнинг ҳисобидан буздириш ва ер майдонини олдинги ҳолатга келтиришини сўраб судга мурожаат қилган.  Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъвоси қаноатлантирилган. Аммо ўзи емаган сомсага пул тўлашига тўғри келаётган тадбиркор бу ҳал қилув қароридан норозилигини билдириб, судга апелляция шикоятини киритди.

Апелляция шикоятида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвогарнинг даъвосини рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқариш сўралган.

Судлов ҳайъати иш юзасидан маърузани, жавобгарнинг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида келтирилган важларни фуқаролик ишида мавжуд ҳужжатлар асосида таҳлил қилиб, қуйидаги хулосага келди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 майдаги “Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида”ги 12-сонли қарорининг 3-бандига кўра, ҳал қилув қарори, у процессуал ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилинган ҳолда ва ушбу ҳуқуқий муносабатга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган моддий ҳуқуқ нормаларига мос равишда қабул қилинган, зарур ҳолларда қонун ўхшашлиги ёки ҳуқуқ ўхшашлигини қўллашга асосланган бўлсагина, қонуний ҳисобланади.

Бироқ, биринчи инстанция суди қайд қилинган Олий суд Пленуми қарори талабларига риоя этмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқламасдан туриб, даъвони қаноатлантириш юзасидан нотўғри хулосага келган.

Иш ҳужжатларига кўра, шаҳар ҳокимининг 2020 йил 4 декабрдаги қарори билан аҳолига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб бериш ва сотиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида А.Ботировга енгил конструкцияли “ЭКОБОЗОР” қуриш учун 300 кв.метр ер майдони ажратиб берилган.

Урганч шаҳар ҳокимлиги ҳузурида тузилган шаҳар ҳудудида объектлар қурилиши учун ер майдон танлаш, ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш (реализация қилиш), мавжуд объектларни қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ер участкаларини давлат заҳирасига қайтариб олиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича доимий ишловчи комиссиянинг 2021 йил 3 январдаги далолатномаси асосида А.Ботировга ажратилиши белгиланган 300 кв.метр ер майдони танланган.

Кейинчалик, Урганч шаҳар қурилиш бўлими томонидан тадбиркорга “ЭКОБОЗОР” қуриш учун ажратилган ер майдонида қурилиш ишларини лойиҳа ҳужжатларисиз ва МРТ олмасдан бажараётганлиги сабабли қурилиш ишларини тўхтатиши ҳақида огоҳлантириш хати юборилган.

Урганч шаҳар қурилиш бўлими томонидан мазкур ҳолат юзасидан хулоса расмийлаштирилган бўлиб, унда А.Ботировшаҳарсозлик талабларига риоя қилмасдан, 300 кв.метр ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, енгил конструкцияли “ЭКОБОЗОР” қурилишини лойиҳа-смета ҳужжатларисиз бошлаб юборганлиги, мазкур ҳолат юзасидан шаҳар қурилиш бўлими мутахассислари томонидан объектни ўрганиш жараёнида тадбиркор қурилишга рухсат берувчи ҳужжатлари йўқлиги тўғрисида огоҳлантирилганлиги, бироқ у ушбу камчиликларни бартараф қилмаганлиги кўрсатилган. Айбловлар кетма-кетлигида “ўзбошимчалик билан” ибораси кишини ҳайратга солади.

Шунингдек, шаҳар қурилиш бўлими шаҳар ҳокими номига А.Ботиров томонидан ноқонуний равишда бажарилган қурилиш ишларини бартараф қилиш юзасидан Урганч шаҳар ҳокимлиги номидан судга даъво ариза билан мурожаат қилишда амалий ёрдам бериш ҳақида хабарнома билан мурожаат қилган ва ҳокимлик ўзи ер ажратган тадбиркорга нисбатан даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 72-моддаси биринчи қисмига кўра, ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.

Бироқ, даъвогар томонидан ишни биринчи инстанция судида кўриш давомида жавобгар А.Ботировнинг ҳисобидан буздиришни сўраётган ҳудудда жойлашган қурилма ҳақиқатан ҳам у томонидан қурилганлигини, бу ҳолат мутахассислар томонидан жойида ўрганилиб, тегишли тартибда далолатнома билан расмийлаштирилганлигини исботловчи далиллар судга тақдим қилинмаган ва бундай далиллар ишни судлов ҳайъатида кўриш давомида ҳам аниқланмади.

Аксинча, ер ажратилган ҳудуд маҳалла фуқаролар йиғинининг билдиргисида “Қибла бозор” маъмурияти томонидан маҳалла ҳудудида вақтинча фойдаланиш мақсадида “Элга хизмат” бозорчаси қурилганлиги қайд қилинган.

Мазкур ҳолат судлов ҳайъати томонидан низоли қурилма жойлашган ҳудудни жойида ўрганиш мақсадида ўтказилган сайёр суд мажлис давомида гувоҳ сифатида сўралган Р.Таджиев, Р.Атамуратов ва маҳалла фуқаролар йиғини раиси И.Алламовларнинг кўрсатмалари асосида ҳам тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Шунинг учун судлов ҳайъати даъвогар томонидан жавобгар А.Ботировнинг ҳисобидан буздириш талаб қилинаётган Урганч шаҳар “Ашхобод” маҳалласи ҳудудида жойлашган енгил типдаги қурилма аслида А.Ботиров томонидан қурилмаган ва ушбу қурилма шаҳар ҳокимлиги томонидан тадбиркорга ушбу ҳудуддан енгил конструкцияли “ЭКОБОЗОР” қуриш учун 300 кв.метр ер майдони ажратилишидан анча олдин ишни кўриш давомида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган номаълум шахслар томонидан қурилиб, фойдаланиб келинган деб ҳисоблайди.

Биринчи инстанция суди мазкур ҳолатларни аниқламасдан туриб, даъвони қаноатлантириш юзасидан барвақт хулосага келган.

Юқоридагиларга кўра, судлов ҳайъати келтирилган апеляция шикоятини қаноатлантириб, даъвогарнинг жавобгар А.Ботировга нисбатан ноқонуний қурилмани бузиш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.

Адолат бўлмаган жойда тараққиёт, ривожланиш ҳам бўлмайди.Тўғри, қонунларни четлаб ўтиб, халқнинг тинчини бузиб, сохта ҳужжатлар билан ноқонуний қурилиш қилаётган тадбиркорлар ҳам бор. Уларни  ўз вақтида аниқлаб, қонуний чора кўриш лозим. Аммо турли хил тўсиқлар, асоссиз айбловлар сабаб  бошқатадбиркорларнинг  юқори давлат ташкилотларига нисбатан ишончи сўнмаслиги керак.  Зеро Президентимиз айтганидек, “Тадбиркорга хиёнат қилган одам сиёсатимизга хиёнат қилган бўлади”.

Қурязов Жамоладдин, Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси