“ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУННИНГ МОҲИЯТИ ВА АҲАМИЯТИ

Ўзбекистон Республикасида юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 12 апрель куни “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган.

Мазкур Қонуннинг 5-моддасига кўра, Тўловга қобилиятсизлик аломатлари қуйидагилардан иборат:

Вақтинча тўловга қобилиятсизлик – мажбуриятни 3 ойда бажараолмаслик (шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса 6 ой ичида бажаролмаслик);

Доимий тўловга қобилиятсизлик – судга ариза бериш санасидаги ва аризаберилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятларини унинг активлари қийматидан ошиб кетиши.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд томонидан кўрибчиқилади.

Қарздор пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи ва кредитор эга. Қарздор ва кредитор тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризада қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга ёхуд тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомилларини қўллаш зарурлигини кўрсатиши мумкин.

Қарздор солиқлар ва йиғимлар бўйича мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи, давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган ва (ёки) пул мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарзи бўлган юридик шахсларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бўйича ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий бошқармалари эга бўлади.

Қонунинг 30-моддасига кўра, қарздор юридик шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда қуйидаги тартиб-таомиллар қўлланилади:кузатув;суд санацияси; ташқи бошқарув; тугатишга доир иш юритиш.

Қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда қуйидаги тартиб-таомиллар қўлланилади:қарзни таркибий жиҳатдан ўзгартириш;банкротликни тан олиш ва мол-мулкни сотиш.

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомили қўлланилади.

Ушбу Қонун билан жисмоний шахсларни ҳам банкрот деб топиш мумкинлиги белгиланди. Ўзбекистон Ресубликасида “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунда бундай тартиб таомиллар назарда тутилмаган.

Жумладан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунинг 14-бобига кўра Қарздор жисмоний шахснинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор жисмоний шахс томонидан бажарилмаган ҳамда қарздор жисмоний шахсга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз баробарини ташкил этса, қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари ҳисобланади.

Қарздор жисмоний шахс, кредитор, шунингдек давлат солиқ хизмати ва бошқа ваколатли органлар жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Жисмоний шахсга нисбатан тўлов қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида судга ариза берган аризачи томонидан молиявий бошқарувчига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етти баравари миқдорида олдиндан пул маблағлари ўтказилади.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд мажлисида қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак. Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриш алоҳида ҳолларда бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича суд ҳужжатлари дарҳол ижро этилиши лозим.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки Қонунинг 249-моддасига кўра, Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради ҳамда Қонуннинг14-боби 2023 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.

Дилшод Шарипов, Боғот туманларо иқтисодий суди судьяси

Кўп миқдорда “Трамадол” сотган аёлга суд ҳукми ўқилди

Баъзи инсонлар бойлик орттириш мақсадида ўзгаларнинг ҳаётини хавф остига қўйиш, қинғир йўлдан юришгача боради. Буни асло адашиш деб бўлмайди. Сабаби, жиноят ортидан топилган мўмайгина пулнинг “мазаси” одамни тўғри йўлдан узоқлаштириб, жиноят ботқоғига чуқурроқ тортаверади.

                   1974 йил Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида туғилган, 3 нафар фарзанднинг онаси Д.К. замонавий гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган “трамадол” сотиш билан шуғилланиб келган.

         Кўза кунда эмас, кунида синади дейишганидек Д.К. 2021 йил 10 ноябрь куни соат тахминан 1730 да Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани, Пахтачи овул фуқаролар йиғинида жойлашган яшаш уйининг ёнида назорат тартибида тадбирга жалб қилинган У.С.га жами соф вазни 17,5 грамм бўлган кўп миқдордаги 35 та конвалюта “трамадол” гиёвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 7 миллион сўмга сотган вақтида ҳуқуқни мухофаза қилувчи ходимлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан жиноят устида ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман судида кўрилган жиноят ишда судья томонлар ва гувоҳлар кўрсатмаси, иш ҳужжатлари ва далилларга бахо бериб ҳукм қилди. Унга кўра Д.К.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Айбланувчи томон суд ҳуқмидан норози бўлиб, Хоразм вилоят судига апелляция тартибида шикоят берди. Вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилган ишда судланган Д.К.нинг суд мажлиси жараёнида ўзининг иқрорлик билдириб берган кўрсатмаси, гувоҳлар кўрсатуви, тезкор-қидирув тадбирининг фотосуратлар, DVD диск, эксперт-криминалистика хулосалари, суд-кимёвий экспертиза хулосалари, далиллар ҳамда бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан тасдиқланган деп топилди.

Апелляция инстанцияси жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман судининг 2022 йил 11 март кунги Д.К.га нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирди.

Нафсининг қурбонига айланган бу аёл колониядан озодликнинг, фарзандлари ёнидаги ҳаётнинг қадрига етиб, тўғри хулоса билан қайтиб келар. Аммо, у сотган гиёхвандлик воситаси қанчадан қанча ёшларнинг ҳаётини издан чиқариб, оилаларни пароканда қилиб улгирди. Афсуски бунинг бадалини ҳеч нарса билан тўлаб бўлмайди.

Музаффар Самандаров, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.

Skip to content