Кўп миқдорда “Трамадол” сотган аёлга суд ҳукми ўқилди

Баъзи инсонлар бойлик орттириш мақсадида ўзгаларнинг ҳаётини хавф остига қўйиш, қинғир йўлдан юришгача боради. Буни асло адашиш деб бўлмайди. Сабаби, жиноят ортидан топилган мўмайгина пулнинг “мазаси” одамни тўғри йўлдан узоқлаштириб, жиноят ботқоғига чуқурроқ тортаверади.

                   1974 йил Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида туғилган, 3 нафар фарзанднинг онаси Д.К. замонавий гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган “трамадол” сотиш билан шуғилланиб келган.

         Кўза кунда эмас, кунида синади дейишганидек Д.К. 2021 йил 10 ноябрь куни соат тахминан 1730 да Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани, Пахтачи овул фуқаролар йиғинида жойлашган яшаш уйининг ёнида назорат тартибида тадбирга жалб қилинган У.С.га жами соф вазни 17,5 грамм бўлган кўп миқдордаги 35 та конвалюта “трамадол” гиёвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 7 миллион сўмга сотган вақтида ҳуқуқни мухофаза қилувчи ходимлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан жиноят устида ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман судида кўрилган жиноят ишда судья томонлар ва гувоҳлар кўрсатмаси, иш ҳужжатлари ва далилларга бахо бериб ҳукм қилди. Унга кўра Д.К.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Айбланувчи томон суд ҳуқмидан норози бўлиб, Хоразм вилоят судига апелляция тартибида шикоят берди. Вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилган ишда судланган Д.К.нинг суд мажлиси жараёнида ўзининг иқрорлик билдириб берган кўрсатмаси, гувоҳлар кўрсатуви, тезкор-қидирув тадбирининг фотосуратлар, DVD диск, эксперт-криминалистика хулосалари, суд-кимёвий экспертиза хулосалари, далиллар ҳамда бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан тасдиқланган деп топилди.

Апелляция инстанцияси жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман судининг 2022 йил 11 март кунги Д.К.га нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирди.

Нафсининг қурбонига айланган бу аёл колониядан озодликнинг, фарзандлари ёнидаги ҳаётнинг қадрига етиб, тўғри хулоса билан қайтиб келар. Аммо, у сотган гиёхвандлик воситаси қанчадан қанча ёшларнинг ҳаётини издан чиқариб, оилаларни пароканда қилиб улгирди. Афсуски бунинг бадалини ҳеч нарса билан тўлаб бўлмайди.

Музаффар Самандаров, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.