ЮРИДИК ТЕХНИКУМДА УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ ЎТКАЗИЛДИ

Хоразм вилоят суди томонидан вилоят юридик техникумида  суд фахрийлари, судьялар ва техникумда таҳсил олаётган ёшлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” маърифий тадбири ўтказилди. Унда суд фахрийси Одилбек Каримов, вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари Шуҳрат Раззақов ва Зафар Якубовлар иштирок этишди.

Тадбирда узоқ йиллар судьялик лавозимида ишлаган, бугун кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийси қатнашчиларга ўз тажрибаси ва фаолияти давомида олган сабоқлари ҳақида сўзлаб берди. Маърузачилар томонидан судьяликнинг мақоми масъулият, ҳалоллик, фидойилик, доимий малака ошириш ва одоб-ахлоқ сингари мезонлар билан узвий боғлиқ эканлиги таъкидланди.

Мулоқотларда юртимизда ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шароитлар, Судьялар олий мактаби фаолияти ва судьяликка номзодларни шакллантириш ҳақида ҳам сўз юритилди.

Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Каналга уланиш: @xorazmviloyatisudlari