СУД ФАХРИЙСИ ЎКТАМ РАҲИМОВ 90 ЁШДА

Хоразм вилоят суди жамоасининг бугунги иш куни яхши бир тадбирдан бошланди. Аниқроғи бугун 28 октябрь суд тизимида узоқ йиллар турли лавозимларда фаолият юритган фахрий судья Ўктам ака Раҳимовнинг таваллуд топган куни. Шу сабабли табаррук 90 ёшни қаршилаган Ўктам ака бугун вилоят судининг азиз меҳмони бўлди.

Вилоят суди раиси, раис ўринбосарлари, судья ва суд ходимлари устоз Ўктам Раҳимовни туғилган куни, юбилей ёши билан табриклаб, ўз тилакларини билдиришди.

Ўз навбатида устоз Ўктам ака Раҳимов ҳам судья ва суд ходимларига фаолияти, тажрибаси умуман босиб ўтган йўли ҳақида гапириб, ишда ва ҳаётда асқотадиган насихатлар берди.

Аслида ҳар бир инсон учун касбдошлари, шогирдлари томонидан қаратилган эътибор, кўрсатилган ҳурматдан яхши нарса бўлмаса керак.

Суд фахрийси Ўктам Раҳимовни таваллуд топган кунлари билан Хоразм вилоят суди жамоаси номидан яна бир бор муборакбод этамиз.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати

Халққа хизмат қиламан, деб ҳақсизликка учраган тадбиркорнинг масаласи судда ечилди

Ҳоким ер ажратади, ҳокимлик ерни тортиб олиш учун судга беради. Тадбиркорнинг кўраётган зарари билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ.

Тадбиркор А.Ботировга  2020 йил 4 декабрида ҳокимнинг қарори биланаҳолига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб бериш ва сотиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида енгил конструкцияли “ЭКОБОЗОР” қуриш учун 300 кв.метр ер майдони ажратиб берилган. Аммо вақт ўтиб, унга енгил конструкцияли қурилмани ўз ҳисобидан бузиш ҳақида огоҳлантириш хати юборилади. Нимага асосланиб дейсизми?  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 6 декабрдаги “Урганч шаҳрини ривожлантириш бош режасини амалга ошириш, Хоразм вилоят аҳолисини сув таъминоти ва яшаш шароитини тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1874-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 февралдаги 41-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Урганч шаҳрининг бош режасига асосан амалга оширилаётган қурилиш ишларига ҳуқуқий баҳо берган ҳолда олиб борилган ўрганиш натижасида тадбиркор А.Ботиров Урганч шаҳар ҳокимининг қарори билан ўзига “ЭКОБОЗОР” қурилиши учун ажратиб берилган
300 кв.метр ер майдонида лойиҳа смета ҳужжатларисиз, енгил конструкцияли қурилма қурган. Шаҳар ҳокимлиги ушбу ноқонуний қурилмани тадбиркорнинг ҳисобидан буздириш ва ер майдонини олдинги ҳолатга келтиришини сўраб судга мурожаат қилган.  Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъвоси қаноатлантирилган. Аммо ўзи емаган сомсага пул тўлашига тўғри келаётган тадбиркор бу ҳал қилув қароридан норозилигини билдириб, судга апелляция шикоятини киритди.

Апелляция шикоятида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвогарнинг даъвосини рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқариш сўралган.

Судлов ҳайъати иш юзасидан маърузани, жавобгарнинг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида келтирилган важларни фуқаролик ишида мавжуд ҳужжатлар асосида таҳлил қилиб, қуйидаги хулосага келди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 майдаги “Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида”ги 12-сонли қарорининг 3-бандига кўра, ҳал қилув қарори, у процессуал ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилинган ҳолда ва ушбу ҳуқуқий муносабатга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган моддий ҳуқуқ нормаларига мос равишда қабул қилинган, зарур ҳолларда қонун ўхшашлиги ёки ҳуқуқ ўхшашлигини қўллашга асосланган бўлсагина, қонуний ҳисобланади.

Бироқ, биринчи инстанция суди қайд қилинган Олий суд Пленуми қарори талабларига риоя этмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқламасдан туриб, даъвони қаноатлантириш юзасидан нотўғри хулосага келган.

Иш ҳужжатларига кўра, шаҳар ҳокимининг 2020 йил 4 декабрдаги қарори билан аҳолига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб бериш ва сотиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида А.Ботировга енгил конструкцияли “ЭКОБОЗОР” қуриш учун 300 кв.метр ер майдони ажратиб берилган.

Урганч шаҳар ҳокимлиги ҳузурида тузилган шаҳар ҳудудида объектлар қурилиши учун ер майдон танлаш, ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш (реализация қилиш), мавжуд объектларни қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ер участкаларини давлат заҳирасига қайтариб олиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича доимий ишловчи комиссиянинг 2021 йил 3 январдаги далолатномаси асосида А.Ботировга ажратилиши белгиланган 300 кв.метр ер майдони танланган.

Кейинчалик, Урганч шаҳар қурилиш бўлими томонидан тадбиркорга “ЭКОБОЗОР” қуриш учун ажратилган ер майдонида қурилиш ишларини лойиҳа ҳужжатларисиз ва МРТ олмасдан бажараётганлиги сабабли қурилиш ишларини тўхтатиши ҳақида огоҳлантириш хати юборилган.

Урганч шаҳар қурилиш бўлими томонидан мазкур ҳолат юзасидан хулоса расмийлаштирилган бўлиб, унда А.Ботировшаҳарсозлик талабларига риоя қилмасдан, 300 кв.метр ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, енгил конструкцияли “ЭКОБОЗОР” қурилишини лойиҳа-смета ҳужжатларисиз бошлаб юборганлиги, мазкур ҳолат юзасидан шаҳар қурилиш бўлими мутахассислари томонидан объектни ўрганиш жараёнида тадбиркор қурилишга рухсат берувчи ҳужжатлари йўқлиги тўғрисида огоҳлантирилганлиги, бироқ у ушбу камчиликларни бартараф қилмаганлиги кўрсатилган. Айбловлар кетма-кетлигида “ўзбошимчалик билан” ибораси кишини ҳайратга солади.

Шунингдек, шаҳар қурилиш бўлими шаҳар ҳокими номига А.Ботиров томонидан ноқонуний равишда бажарилган қурилиш ишларини бартараф қилиш юзасидан Урганч шаҳар ҳокимлиги номидан судга даъво ариза билан мурожаат қилишда амалий ёрдам бериш ҳақида хабарнома билан мурожаат қилган ва ҳокимлик ўзи ер ажратган тадбиркорга нисбатан даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 72-моддаси биринчи қисмига кўра, ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.

Бироқ, даъвогар томонидан ишни биринчи инстанция судида кўриш давомида жавобгар А.Ботировнинг ҳисобидан буздиришни сўраётган ҳудудда жойлашган қурилма ҳақиқатан ҳам у томонидан қурилганлигини, бу ҳолат мутахассислар томонидан жойида ўрганилиб, тегишли тартибда далолатнома билан расмийлаштирилганлигини исботловчи далиллар судга тақдим қилинмаган ва бундай далиллар ишни судлов ҳайъатида кўриш давомида ҳам аниқланмади.

Аксинча, ер ажратилган ҳудуд маҳалла фуқаролар йиғинининг билдиргисида “Қибла бозор” маъмурияти томонидан маҳалла ҳудудида вақтинча фойдаланиш мақсадида “Элга хизмат” бозорчаси қурилганлиги қайд қилинган.

Мазкур ҳолат судлов ҳайъати томонидан низоли қурилма жойлашган ҳудудни жойида ўрганиш мақсадида ўтказилган сайёр суд мажлис давомида гувоҳ сифатида сўралган Р.Таджиев, Р.Атамуратов ва маҳалла фуқаролар йиғини раиси И.Алламовларнинг кўрсатмалари асосида ҳам тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Шунинг учун судлов ҳайъати даъвогар томонидан жавобгар А.Ботировнинг ҳисобидан буздириш талаб қилинаётган Урганч шаҳар “Ашхобод” маҳалласи ҳудудида жойлашган енгил типдаги қурилма аслида А.Ботиров томонидан қурилмаган ва ушбу қурилма шаҳар ҳокимлиги томонидан тадбиркорга ушбу ҳудуддан енгил конструкцияли “ЭКОБОЗОР” қуриш учун 300 кв.метр ер майдони ажратилишидан анча олдин ишни кўриш давомида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган номаълум шахслар томонидан қурилиб, фойдаланиб келинган деб ҳисоблайди.

Биринчи инстанция суди мазкур ҳолатларни аниқламасдан туриб, даъвони қаноатлантириш юзасидан барвақт хулосага келган.

Юқоридагиларга кўра, судлов ҳайъати келтирилган апеляция шикоятини қаноатлантириб, даъвогарнинг жавобгар А.Ботировга нисбатан ноқонуний қурилмани бузиш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.

Адолат бўлмаган жойда тараққиёт, ривожланиш ҳам бўлмайди.Тўғри, қонунларни четлаб ўтиб, халқнинг тинчини бузиб, сохта ҳужжатлар билан ноқонуний қурилиш қилаётган тадбиркорлар ҳам бор. Уларни  ўз вақтида аниқлаб, қонуний чора кўриш лозим. Аммо турли хил тўсиқлар, асоссиз айбловлар сабаб  бошқатадбиркорларнинг  юқори давлат ташкилотларига нисбатан ишончи сўнмаслиги керак.  Зеро Президентимиз айтганидек, “Тадбиркорга хиёнат қилган одам сиёсатимизга хиёнат қилган бўлади”.

Қурязов Жамоладдин, Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ЎЗ ЕРИГА ЭГАЛИК ҚИЛОЛМАЙ, 10 ЙИЛ САРСОН БЎЛГАН ТАДБИРКОРНИНГ МАСАЛАСИ СУДДА ЕЧИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарорига асосан ер участкаси ёки унинг бир қисмини  давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича — тегишли равишда туман, шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори бўйича ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилади.

Бугунги кунда тадбиркорлар ва фуқароларга ажратилган ер участкаларини ҳеч бир огоҳлантиришсиз олиб қўяётган, бино-иншоотларни бузиб ташлаётган айрим мансабдорлар, ҳокимликларга ушбу қарордаги “Ер эгасининг розилиги билан” деган ибора ёт тушунчадек гўё. Негаки, бундай мансабдор шахслар, ҳокимликлардан жабр кўрган фуқаролар судма-суд сарсон бўлишмоқда. Даъвогар О.Элбеков(мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган)  ҳам на ўзига ажратилган ер участкасини, на тўлаган пулини қайтариб ололмай,  жавобгар ҳокимликка нисбатан  компенсация пулини ундириш борасида маъмурий судга мурожаат қилди.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, ер ажратилиши ва олиб қўйилиши билан боғлиқ жараён қуйидагича бўлган.  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун юридик ва жисмоний шахсларга танлов асосида ер участкаларини беришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 147-сонли қарори ҳамда Урганч шаҳар ҳокимининг 2011 йил 15 октябрдаги қарорига асосан, “Миллий таомлар чойхонаси” қуриш учун 2600 кв.метр ер майдони танловга қўйилган.

Даъвогар О.Элбеков 2011 йил 06 декабрдаги танлов савдосининг 11-сонли ғолиблик баённомасига кўра, танлов ғолиби деб топилган ва баҳоси 18.000.000 сўм бўлган “Миллий таомлар чойхонаси”ни қуриш учун 2600 кв.метр ер участкасини сотиб олган.

Аммо Урганч шаҳар бош режасига ўзгаришлар киритилганлиги муносабати билан ушбу “Миллий таомлар чойхонаси” объекти қурилишига рухсат берилмаган.

Даъвогар О.Элбековга тегишли 2.600 кв.метр ер участкаси ҳокимнинг 2013 йил 26 апрелдаги қарори билан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун давлат ихтиёрига қайтариб олинган.

Даъвогар О.Элбековга тегишли 2.600 кв.метр ер участкаси ўрнига бошқа  учта ҳудуддан — савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси қуриш учун 380 кв.метр, 392 кв.метр ва 200 кв.метр, жами 972 кв.метр ер майдони ажратиб берилган.

Даъвогар О.Элбековнинг ҳокимликка ер ажратиб бериш ҳақидаги аризаси эса рад қилинган.

Чорасиз қолган тадбиркор жавобгар мансабдор шахсларнинг ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топиш ва ҳокимлик зиммасига ер майдони ажратиб бериш мажбуриятини юклаш ҳақида туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилган.

Урганч туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 26 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилиб, шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахсларнинг ҳаракатсизлиги қонунга хилоф деб топилган ва улар зиммасига танлов савдосининг 2011 йил 06 декабрдаги ғолиблик баённомасига асосан,даъвогарга ажратиб берилиши лозим бўлган 2.600 кв.метр ер майдонининг қолган  1.628 кв.метр ер майдонини ажратиб бериш мажбурияти юклатилган.

Мазкур ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, Мажбурий ижро бюроси Урганч шаҳар бўлимига ижро қилиш учун юборилган.

Аммо афсуски, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун заҳиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган.

Шу сабабли, Урганч туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 26 июлдаги ҳал қилув қарорини ижро қилиш имкони бўлмаган.

10 йил давомида ернинг қолган қисмини қайтариб ололмаган даъвогар О.Элбеков эндиликда жавобгар ҳокимликдан компенсация ундиришни сўраб мурожаат қилган. Хўш, шунча йилдан бери муаммони ҳал қилмасдан, тадбиркорни сарсон қилган мансабдорлар энди “Президент Фармони бор, биз ҳеч нарса қилолмаймиз”, деб сувдан қуруқ чиқишадими? Йўқ, албатта. Ҳар битта қабул қилинаётган қарор ва қонунларда фуқароларнинг, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари акс этган. Хусусан, мазкур даврда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 37-моддасига асосан, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан олиб қўйилади, деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 206-моддаси 1-қисмига кўра, давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга бевосита қаратилмаган қарори билан, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонунларга белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилади, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилади ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўла ҳажмда тўланади.

Экспертиза маркази хулосаси ва тўғри қарор

Х.Сулайманова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг Хоразм вилояти бўлимининг 2022 йил 06 июндаги хулосасига кўра, 2011 йил 06 декабрдаги 11-сонли танлов савдосининг ғолиблик баённомасига асосан, “Миллий таомлар чойхонаси”ни қуриш учун жами 2600 кв.метр ер майдонини ердан фойдаланиш ҳуқуқини таққослаш усулида экспертиза ўтказиш вақтидаги аниқланган ҳисобий бозор баҳоси 1.275.562.729 сўмни ташкил қилиши кўрсатилган.

Юқоридагиларга асосан суд, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни ва жавобгардан даъвогар О.Элбеков фойдасига 1.275.562.729 сўм компенсация пули ва ушбу суд харажатларини ундиришни лозим топади.

Бегзод РАЖАБОВ, Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси

ОТА ФАРЗАНДИНИ СУДГА БЕРДИ

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ҳаттоки ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 109-моддаси

Меҳнатга лаёқатсиз, ҳали вояга етмаган фарзанд учун унинг ота ёки онаси томонидан алимент тўланиши  барчамиз учун тушунарли ҳолат. Буни изоҳлашга ҳожат йўқ. Аммо вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандларнинг ўз ота-онасига алимент тўлаши ҳақидаги тушунча бироз ғализ эшитилади.

Чунонан, биз ўзбекларда ота-оналари қариганида уларга меҳрибонлик кўрсатиш, ғамхўрлик қилиш анъана ва қадрият даражасига кўтарилган. Аммо баъзида нафақага ёшига чиқиб, соғлиғига путур етиб, меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган қари ота-оналарини ташлаб қўйган фарзандлар ҳам кам эмас. Мана шундай ҳолатларда ота-она ўз таъминоти учун суд орқали фарзандидан алимент ундириши мумкин.

Ота фарзандидан моддий таъминот талаб қилди

А.Озодов фарзандидан моддий таъминот ундириш мақсадида фуқаролик судига апелляция шикояти билан  мурожаат қилади. Унга кўра, А.ОзодовС.Комилова билан қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурганликларини, ҳозирги вақтда турмуш ўртоғи билан бирга яшашларини,  жавобгар Т.Озодов уларнинг аҳволидан хабар олмай қўйганлигини, умуман моддий ёрдам кўрсатмаслигини, ўзи эса меҳнатга лаёқатсиз эканлигини, оладиган пенсияси ўзини моддий жиҳатдан таъминлашга етмаётганлигини баён қилиб, жавобгардан ўзининг фойдасига ҳар ойда қатъий суммада 500.000 сўмдан моддий таъминот ундириб беришни сўраган.

Шунга кўра суд даъвогарнинг даъво талабини қисман қаноатлантирган.Унга кўра даъвогар А.Озодовнингфойдасига жавобгар Т.Озодовдан ҳар ойда қатъий суммада 200.000 сўм миқдорида моддий таъминот (алимент) ундириб бориш бўйича қарор чиқарилган.

200 минг сўм кам, 500 мингдан берсин

 Аммо даъвогар ота бунга кўнмайди. Апелляция шикоятида жавобгардан ўзининг фойдасига  200.000 сўмдан эмас, тўлиқ  500.000 сўмдан моддий таъминот (алимент) ундириш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқариш сўралган.

Судлов ҳайъати иш юзасидан маърузани, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида келтирилган важларни фуқаролик ишида мавжуд ҳужжатлар асосида муҳокама қилиб, қуйидаги хулосага келишни лозим топди.

Аниқланишича, А.Озодов фуқаро С.Комиловабилан 1980 йилда турмуш қуришган.

         Уларнинг биргаликдаги турмушларидан 4 нафаряъни, 1980 йилда туғилган Маҳфуза, 1985 йилда туғилган Умиджон, 1987 йилда туғилган Малика ва 1990 йилда туғилган Тоҳир исмли фарзандлари бор.

Даъвогар А.Озодовга Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Гурлан туман бўлими томонидан 2019 йил 9 июлда ёшга доир пенсия тайинланган бўлиб, ягона интерактив давлат хизматлари порталидан олинган маълумотга кўра, унинг пенсия миқдори 440.000сўмни ташкил қилади.

Биринчи инстанция суди ишда аниқланган ҳолатлар ва қонун талабидан келиб чиқиб, даъвогарнинг меҳнатга лаёқатсиз эканлигини ҳамдадаъвогарнинг тўртнафар фарзандини ҳисобга олган ҳолда даъвогар фойдасига моддий таъминот (алимент) ундириб, иш юзасидан қонуний тўхтамга келган.

Судлов ҳайъати даъвогарнинг шикоятида келтириб ўтган, яъни биринчи инстанция суди томонидан ишни кўриш жараёнида жавобгарнинг моддий аҳволи ва ўзининг соғлиғини инобатга олмасдан қарор қилганлиги тўғрисидаги шикоятлари билан келишмайди.

Чунки қонун талабига кўра суд алимент миқдорини белгилашда даъвогарнинг вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандларини барчасини инобатга олиши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари даъвогар ўзинингмоддий жиҳатдан ёрдамга муҳтож эканлигини тасдиқловчи ишончга сазовор бўлган далилларни судга тақдим эта олмади.

Ҳолбуки, “Е-ХSUD” электрон базасидан олинган интеграциялаштирилган маълумотга кўра А.Озодовга тегишли умумий майдони 1450,0 кв.метрдан иборат турар жой мавжуд эканлиги қайд этилган.

Бундай ҳолатда даъвогарни моддий жиҳатдан ёрдамга мухтож деб ҳисоблаб бўлмайди.

         Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 399-моддаси биринчи қисми                     1-бандига кўра, суд ишни апелляция тартибида кўриб чиққач, ўз ажрими билан ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасликка ҳақли.

Юқоридагиларга кўра, судлов ҳайъати шикоятда келтирилган важлар суд қарорини ўзгартириш ёки бекор қилишга асос бўла олмайди деб ҳисоблаб,суднинг олдинги  ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топди.

Хулоса

Судларга қилинаётган бундай даъволарни кўриб, ўйга толасан. Баъзан айрим ота-оналар моддий таъминотга муҳтож бўлмаса-да, бир нечта фарзандлари бўлишига қарамай, айнан сал ноқобил чиқиб қолган фарзандига сабоқ бериб қўйиш учун ҳам судларга даъво киритишади. Бунга балки айрим фарзандларнинг ота-онасига нисбатан ҳурмат, эҳтиромни унутиб қўяётгани сабаб бўлаётгандир.  Минг йиллар давомида шаклланган бизнинг миллатимизда фарзанд ва ота-она ўртасидаги ғамхўрлик ҳеч қандай ўлчовларсиз, меҳр-муҳаббат асосида амалга оширилган.

Демак-ки, бугун судларга бундай мурожаатлар бориб етаётган экан, оила аталмиш муқаддас даргоҳдаги тарбия, аҳлоқ, ота-онага ҳурмат, эътибор, қадрият ва эътиқод каби тушунчалар устида ҳар биримиз яна бир бор чуқур ўйлаб кўрмоғимиз даркор.

Ғайбулла Мирзаев Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Перейти к содержимому