Шахсга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш

Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институтларидан бири. Бу мажбуриятлар шахсга ёки мол-мулкка ғайриқонуний хатти-ҳаракат натижасида етказилган зарарларни қоплашга қаратилган.

Шахснинг зарар етказганлик учун фуқаролик ҳуқуқий жавобгарликка тортилиши учун зарар етказилганлиги, зарар етказувчи шахс ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)нинг ҳуқуққа хилофлиги, етказилган зарар билан ҳуқуққа хилоф қилмиш ўртасида сабабий боғланиш, зарар етказувчи шахснинг айби ёки зарар етказувчи шахс хатти-ҳаракатларини назорат қилиш мажбурияти юкланган шахснинг айби тасдиқланиши шарт.

Зарар деганда ҳуқуқбузарлик натижасида жабрланувчига тегишли мол-мулкни, мулкий ҳуқуқ ҳажмини камайишида ёки йўқотилишида намоён бўладиган моддий зарар ёки номоддий неъматни (жисмоний шахсни ҳаёти ёки соғлиғини) шикастланиши ёҳуд ундан маҳрум бўлиниши тушунилади. Шу сабабли қонунчиликда ҳам зарарнинг моддий ва маънавий шакллари алоҳида қайд қилинади.

Моддий зарар кўрган жабрланувчи жисмоний шахс ҳам, юридик шахс ҳам бўлиши мумкин. Маънавий зарар бўйичажабрланувчи фақат фуқаро бўлиши мумкин. Фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар, шунингдек, маънавий зарар ўзига хос хусусиятларга эга бўлишини ҳисобга олиш лозим. Етказилган зарар тўлиқҳажмда, бой берилган фойдани ҳам қўшиб ҳисобга олган холда ундирилади. Шахснинг бузилган ҳуқуқини, нобуд бўлган ёки шикастланган мол-мулкини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган ҳаракатлари ҳақиқий (реал) зарар ҳисобланади.

Қонунда етказилган зарарни тўлиқ ҳажмда қоплаш умумий қоидасидан истисно назарда тутилиши мумкин. Умумий қоидага кўра зарарни тўлаш мажбурияти бевосита зарар етказувчига юкланади. Айни пайтда қонунда етказилган зарарни тўлаш мажбурияти зарар етказган шахсга эмас, балки унинг хатти-ҳаракатлари учун масъул бўлган ёхуд унинг хатти-ҳаракатларини назорат қилиши шарт бўлган шахсларга ҳам юкланиши мумкин.

Зарар етказувчи айбининг шакли қонун ҳужжатларида бевосита белгилаб қўйилган холлардагина ҳуқуқий оқибатларга эга бўлади. Қолган ҳолатларда қасд ёки эҳтиётсизликдан қатъий назар қилмиш тўлақонли айб асосида содир қилинган ҳисобланади, яъни айбнинг ҳар қандай шаклида етказилган зарар тўлиқ ҳажмда ундирилади. Зарар етказган шахс, агарда бунда ўзининг айби йўқлигини исботлаб берса, яъни форс-мажор ҳолатлари рўй берган ёхуд учинчи шахснинг айби мавжуд бўлса жавобгарликдан озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумини 2000 йил 20 апрелдаги “Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 7-сонли қарорининг 2-бандига асосан, маънавий зарар деганда жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати (ҳаракатсизлик) оқибатида у бошидан кечирган (ўтказган) маънавий ва жисмоний (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик ва бошқа) азоблар тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1021-моддасига мувофиқ, маънавий зарарни етказувчи шахснинг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан тўланиши лозим, маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатьий назар зарар фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига ортиқча хавф манбаи томонидан етказилган бўлса қопланади, 1022-моддасига кўра, маънавий зарар пул билан қопланади, маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти, маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланди, маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъий назар қопланади.

Ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши, низонинг судда кўрилиб қонуний ечим топишига асос бўлади.

Судларга мурожаат қилишда тўланадиган давлат божининг миқдорлари “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун билан тасдиқланган Давлат божи ставкалари асосида тўланади ва бу миқдор маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризалар учун амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари, моддий зарар ундириш ҳақидаги даъволардан эса даъво талабининг 4 фоизи миқдорида белгиланган.

Шунинг билан бирга қонунга хилоф равишда ҳукм этганлик, жиноий жавобгарликка тортганлик, маъмурий жазо берганлик туфайли жисмоний шахсга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ низолар, шунингдек жиноят туфайли етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан судга мурожаат қилинганида давлат божи тўланмаслигини қайд қилиш лозим бўлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, етказилган зарарни суд тартибида ундирилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалда самарали ҳимоя қилиш ва инсонпарварлик тамойилига тўлиқ риоя этиш имконини беради.

Анвар Рахимов,  Хоразм вилоят судининг судьяси