“Менинг маҳаллам – менинг судьям” тадбири Урганчда ўтказилди

“Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари Зафар Якубов ва Даврон Муратовлар Урганч шаҳридаги “Тоза боғ”, “Навбаҳор” ва “Истиқлол” маҳаллаларида истиқомат қилувчи фуқаролар билан учрашишди.

Профилактика инспектори, фаоллар, хотин-қизлар ва ёшлар иштирокида ўтган мулоқотларда асосий мавзу коррупция, фирибгарлик ва хотин-қизларга нисбатан тазйиқ жиноятларининг олдини олиш бўлди. Унда судда кўрилган шу тоифадаги ишлар ва тайинланган жазолар ҳақида маълумот берилди.
Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, соҳага доир қонунчилик янгиликлари ҳам маърузачилар эътиборидан четда қолмади.

Давра суҳбатида маҳалла аҳли билан ҳудудда содир этилган айрим тоифадаги жиноятлар муҳокама қилиниб, келгусида маҳаллада жиноят содир этилмаслиги учун биргаликда курашиш лозимлиги тушунтирилди.

Учрашув очиқ мулоқот тарзида давом этиб, иштирокчиларнинг соҳага доир саволларига жавоб берилди.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати