ХОРАЗМДА  “СУД ФАХРИЙСИ” КЎКРАК НИШОНИ СОҲИБЛАРИ ЯНА БИТТАГА КЎПАЙДИ

Маълумки, давлат раҳбарининг “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилган эди.

Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан ўтказилган суд фахрийлари, судья ва ёшлар иштирокидаги уч авлод учрашувида мукофотнинг навбатдаги соҳиблари аниқланди. Наврўз байрами арафасида Кенгаш томонидан узоқ йиллар судьялик лавозимида ишлаб, ҳозирда пенсияда бўлган соҳа фидоийлари “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Хоразмдан одил судловни амалга оширишдаги самарали хизмати учун Рўзмат Худойберганов “Суд фахрийси” кўкрак нишонига муносиб кўрилди. Кўкрак нишони ва тегишли гувоҳнома вилоят маъмурий суди раиси томонидан устоз Р. Худойбергановга тантанали равишда топширилди.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати