Ҳалол тадбиркорлар қонун ҳимоясида

Қонунчилигимизда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш ёки мулкдорлар ҳуқуқини бузганлик учун давлат, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар мансабдор шахсларининг қатъий жавобгарлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, қонунчилигимизда хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунларни янада либераллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш билан боғлиқ таомилларни соддалаштириш кабиларда ўз аксини топмоқда.
Мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш ҳамда уларга эркин фаолият юритиши учун барча шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада юртимизда тадбиркорлар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Энг муҳими, тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган эзгу ишлар жамиятимиз тараққиётига ўзининг муносиб ҳис­сасини қўшмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Республикамизда “20 август куни” тадбиркорлар куни сифатида белгиланди ва ҳар йили шу куни давлат раҳбари тадбиркорлар билан бевосита мулоқот ўтказиб, уларнинг муаммолари, ҳал этиш йўллари, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинади. Энг муҳими, тадбиркорлар олдида турган муаммоларни ҳал этишнинг муҳим йўналишлари белгилаб олинади.
Булардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2022 йил 21 январдаги “Республика судларининг 2021 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалари ҳамда 2021 йилда суд ҳокимияти органларини молиявий, моддий-техник таъминлаш борасида амалга оширган ишлари тўғрисида”ги РС-01-22-сонли қарорининг 20-бандига асосан ҳафтанинг ҳар жума куни “Тадбиркорлар куни” деб белгилаб қўйилди.
Шундан келиб чиқиб Хоразм вилоят маъмурий судларида ҳам жума куни тадбиркорлар мурожаатлари билан ишлаш, уларга ёрдам сўраб келган масаласи бўйича ҳуқуқий маслахатлар бериш амалиёти янада жонланди. Айниқса, “Жума – Тадбиркорлар куни” доирасидаги қабулларда маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби, судга тааллуқлилик масаласи бўйича тушунтиришлар берилмоқда.
Энди қилинган амалий ишларга тўхталсак, вилоят маъмурий судлари томонидан 2022 йилнинг 6 ойи давомида 15 нафар тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди.
Хусусан, аризачи “XORAZM BALIQ SANOAT AGRО” МЧЖнинг жавобгар Хоразм вилоят Давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил 24 ноябрдаги 1171-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризаси Урганч туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 31 январдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилиб, адолат мезони ҳаётий ҳақиқат эканлиги яна бир бор ўз исботини топди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳалол тадбиркорлар мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтириш, замонавий ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизни иқтисодий ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига хизмат қилади.
 
Дилмурод Юсупов, Хоразм вилоят маъмурий судининг судьяси.