АҲОЛИГА СУД ЙЎНАЛИШИДАГИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР ТУШУНТИРИЛМОҚДА

Хоразм вилоят суди судьялари Ойбек Маҳмудов, Даврон Муротов ва жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судини судьяси Элёр Бобожановлар иштирокида Урганч шаҳрининг “Машъал”, “Навбаҳор” ва “Жалолиддин Мангуберди” маҳаллаларида истиқомат қилувчи фуқаролар билан Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти бўйича очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда Конституцияга киритилаётган “инсон – жамият – давлат” тамойили асосидаги инсон манфаатларига қаратилган ўзгартиришлар ва улардан кўзланган мақсад ҳақида сўз юритилди.

Судьялар айниқса, бирор жиноят юзасидан шахсни фақатгина суд ҳукми чиққанидан сўнг айбдор деб топиш мумкинлиги ва гумон қилинаётган шахснинг жинояти далиллар билан исботланмаса у судда оқланиши каби муҳим масалалар Конституция даражасида мустаҳкамланиб қўйилаётганини алоҳида таъкидлашди.

Тадбирда аҳолига Конституцияни ўзгартириш бўйича умумхалқ референдумини ўтказиш тартиби бўйича ҳам маълумот берилди.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати