ОИЛА МУҚАДДАС

ОИЛА МУҚАДДАС оилавий ришта

Ҳар бир инсоннинг ҳаёти туғилганидан умрининг охиригача оила даврасида кечади. Оила эса, албатта, никоҳ тузилганидан сўнг вужудга келади. Кўплаб ҳолатларда фуқаролардан оилавий можаролар, алимент масаласи, шунингдек, ажралиш ҳолатларидаги мулкий низолар хусусида хат ва аризалар келиб тушади. Уларни таҳлил қилар эканмиз, бу ҳолатлар оилавий муҳит, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмасликлари оқибатида келиб чиқаётганига амин бўламиз. Мамлакатимиз қонунчилигида никоҳ тузиш шартлари, тартиби, никоҳ шартномаси ва уни ўзгартириш, бекор қилиш омиллари белгилаб қўйилган.

Қуйида мазкур муносабатлар ҳақида батафсилроқ маълумот беришни лозим топдик.

Даставвал…

Оила — инсоннинг ҳаёти, фаолияти, бир сўз билан айтганда, бутун умри чамбарчас боғлиқ ҳолда кечадиган мўътабар маскан. Мамлакатимизнинг юздан зиёд қонун ва қонуности ҳужжатларида оила манфаати ва унинг ҳимоясини мустаҳкамлаш назарда тутилган. Жумладан, 1998 йилда қабул қилинган Оила кодексида никоҳ тузиш ёки никоҳнинг тугатилиши, мулкий, болаларнинг насл-насабини белгилаш, алимент мажбуриятлари, туғилишни, никоҳ тузилганлиги, ўлимни қайд этиш, фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш каби муносабатлар тартибга солинган.

Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 6-сон Қарорида судлар оилани мустаҳкамлашга қаратилган барча чораларни кўришлари лозимлиги таъкидланган.

Оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилади.

Ҳақиқатан, оила — муқаддас даргоҳ. Табиийки, бу мезон никоҳнинг азиз тушунча эканини кўрсатади.

Афсуски ушбу тушунчалар мазмун-моҳиятини ҳамма ҳам тушунавермайди, натижада яхши ниятлар билан тузилган никоҳнинг бекор қилиниши, оилаларни ажрашиши ва бегуноҳ болаларнинг етим бўлишига олиб келади.

Мазкур тоифадаги ишларни кўришда судлар ажримларни олдини олиш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, “Оилани қўллаб қувватлаш” бўлимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият кўрсатаётган бўлса-да, минг афсуски никоҳдан ажрашиш ҳақидаги судларга мурожаатлар кўпаймоқда.

Жумладан, Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2021 йил давомида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 2079 та фуқаролик иши кўрилиб, шундан 1263 таси қаноатлантирилган, 58 та  фуқаролик ишлари бўйича иш юритиш тугатилган, 623 та даъволар рад қилинган, 135 та даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган.

Бу кўрсаткич 2020 йил давомида кўрилган шу тоифадаги ишларга нисбатан 373 тага, ажрашган оилалар эса 263 тага кўпайганини кўрсатади.

Никоҳдан ажрашиш сабаблари таҳлил қилинганида, аксарият ажрашиш истагида судга мурожаат қилганларнинг ёши 30 ёшгача эканлиги, ажрашиш учун келтирилган важлар оиладаги вақтинчалик келишмовчиликлар, турмушга учинчи шахсларнинг аралашиши, бир-бирига хиёнатда гумонланиш ва бошқаларни кўриш мумкин.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги низолар ўзи билан бошқа тоифадаги яъни алимент ундириш, бола тарбияси билан боғлиқ низолар, уй-жойдан фойдаланиш юзасидан низолар, мол-мулкларни ундириш ва бўлиш ҳақидаги низоларни ҳам юзага келтиришини, шу билан бирга оиладаги носоғлом вазият жиноятчиликни кўпайишига ҳам олиб келаётганини кўриш мумкин.

Шу мақсадда ёшларга оиланинг муқаддаслиги, никоҳ тузишнинг эркинлиги, ўзаро розилик, никоҳ ёши ва никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатларни мактаб давридан ўргатиш ҳамда уларни ҳаётга тайёрлаш лозим.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, никоҳ муқаддас, у ҳар бир кишининг келажагини белгилайдиган муҳим ва масъулиятли маросим. Бир донишманд айтганидек, никоҳдан ўтиш мажбурий эмас, лекин ундан ўтдингми, унинг қонун-қоидаларига риоя этиш мажбурий. Никоҳдан ўтишнинг ўз масъулияти ва мажбурияти бор, албатта. Зеро, никоҳнинг қонун-қоидаларига сўзсиз бўйсуниш, ҳаётнинг оғир ва енгилига доимо тайёр бўлиш, турмуш синовларини сабот ва матонат билан енгиш оилавий бахт калитидир.

Зафар Султанов,
Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси