ГУГУРТ ҚУТИСИДАГИ “АЖАЛ” ГИЁҲВАНДЛАРНИ ФОШ ҚИЛДИ

гиёҳванд модда

Гиёҳванд моддалар уни истеъмол қилган шахсларни жисмонан мажруҳ, оиласини иқтисодий жиҳатдан хор қилиши барчага аён. Негаки, беш дақиқа кайфи учун гиёҳванд моддаларга ружу қўйган одам  катта маблағ топишга мажбур бўлади. Бу маблағ эса  оила рисқини қирқиш эвазига ва яна қай йўллар билан ундирилиши ҳаммамизга маълум.

Шу сабабли бундай кимсалар керакли пулни топиш учун ҳеч нарсадан тоймайдилар. Ҳатто, гиёҳванд моддалар “олди-сотди”сида воситачилик  қилишдан ҳам.

Ҳазорасп тумани Мухомон қишлоғида яшовчи Аброр Юнусов,  Одилбек Жуманиёзов,  Улуғбек Сотимов ҳамда  Мурод Норбоевлар (исми-шарифлари ўзгартириб берилмоқда) ана шундай шахслар бўлиб чиқишди.

2021 йилнинг 23 апрель куни ҳуҳуқ органи ходимлари ўтказган тезкор тадбир давомида А. Юнусовнинг ёнидан гугурт қутиси ичига қадоқланган, оғирлиги 1.22 грамм бўлган марихуана моддаси топилади.  Суриштирув давомида  у гиёҳвандлик моддасини  таниши О. Жуманиёзовдан 350 минг сўмга сотиб олганини айтади. У келтирган важга аниқлик киритиш учун икки кундан кейин ўтказилган тадбирда О. Жуманиёзов А. Юнусовга гурурт қутиси ичига қадоқланган 1.44 грамм марихуана гиёҳванд моддасини 350 минг сўмга сотаётганда ашёвий далиллар билан ушланади.

Аниқланишича, Улуғбек Сотимов овулхонаси томига гулдон ичига марихуана (каннабис) таркибида гиёҳвандлик моддаси бор ўсимликни экиб, парваришлаган ва О. Жуманиёзовга сотган.

У. Сотимов яна бир гиёҳвандликка муккасидан кетган таниши М. Норбоевни фош қилишда орган ходимларига ёрдам беради. Бу сафар яна ичига “ажал” қадоқланган гугурт қутиси ёрдамга келади.

Аслида бу каби ўзаро “олди-сотди”лар бир неча йиллардан буён пинҳона амалга ошириб келинган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  тегишли моддалари билан айбдор деб топилган  шахсларнинг уч нафарига  уларнинг ёши, оилавий аҳволи, қаромоғида фарзандлари борлиги инобатга олинган ҳолда бир ярим йилдан 4 йилгача бўлган муддатда озодликни чеклаш ҳамда бир нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш жазолари қўлланилди.

Гиёҳвандликка берилган, унинг “олди-сотди”сини ўзаро йўлга қўйган бу шахсларнинг энг ёши каттаси олтмишига кириб қолган. Қолганлари ҳам аллақачон эллик ёшга яқинлашган. Бу ёшдаги кишилар фарзандлари ва неваралари тарбияси билан машғул бўлиб, уларни ҳаётда тўғри йўлга бошламоқлари керак, аслида. Улар эса…

Эндиликда қўлланган жазо бу шахсларга яхши сабоқ  бўлади, деб умид қиламиз.

Маҳмуд Маҳмудов,
Хоразм вилоят суди судьяси