КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТГА ТАҲДИД

Бугун дунё миқёсида ҳал этилиши шарт бўлган асосий муаммолардан бири бу –коррупциядир. 

Коррупция – ниҳоятда ижтимоий-сиёсий вайронкор куч. Унинг оқибатида миллий иқтисодиётга, тараққиётга путур етади, ижтимоий тенгсизлик чуқурлашади, халқнинг давлат бошқаруви органларига ишончи йўқолади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига зиён етади.

“Коррупция” тушунчаси “шахсий фойда олиш мақсадида ҳокимиятни суиистеъмол қилиш” маъносини англатади. Коррупцияни вужудга келтирувчи унсурлар сифатида яхши таълим-тарбия кўрмаган кам маош олиб ишловчи шахсларнинг нокаслиги, бошқарувнинг кучсизлиги, жамиятда “шахсий” омилларнинг устунлиги ва ҳ.к.

Ривожланган мамлакатлар қонунчилигига коррупциянинг олдини олиш мақсадида давлат мансабдорларининг коррупциявий фаолиятга йўл қўймаслик мақсадида қатор тақиқлар, чеклов ва турли стандартлар киритилмоқда.

Мамлакатимизда ҳам мустақиллик йилларида коррупцияни жиловлаш ва тугатиш борасида бирмунча ислоҳотлар амалга оширилди. 2008 йилда Ўзбекистон БМТнинг Коррупцияга қарши кураш бўйича Конвенциясига қўшилган бўлса, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик
ва ривожланиш ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш тармоғи – Истанбул ҳаракат дастурига қўшилди. Шундан сўнг мамлакатимизда Халқаро ва маллий ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб, Коррупцияга қарши курашиш Миллий режаси ишлаб чиқилди. Жиноят ва Жиноят процессуал кодексига коррупцияни содир қилган ва унда иштирок этган шахсларга нисбатан тегишли жавобгарликлар белгиланиб, борларига яна ҳам таъсирчан тус берилди. Шунингдек, “Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қабул қилинди.

Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва демократлаштириш учун 2014 йилда қабул қилинган “Давлат бошқаруви ва ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим қадам бўлди. Бироқ ушбу қонунчиликка киритилган ўзгаришлар ҳам коррупцияни жиловлаш учун камлик қилди ва 2016 йил октябрь ойидан бошлаб коррупцияга қарши аёвсиз кураш бошланди. Бунинг натижаси ўлароқ 2017 йил 04 январдан бошлаб кучга кирган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонунда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тўлиқ қонуний тартибга солиш, давлат бошқаруви органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш юзасидан кўраётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупцияга муросасиз муҳитни яратиш кўзда тутилди.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлардан бири бу – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бўлди. Мазкур Қарор билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилди.

Бошқа соҳалар сингари суд тизимида ҳам тизимни коррупциядан ҳоли қилиш, ушбу жирканч иллатга муросасиз бўлиш муҳитини яратиш мақсадида кўплаб амалий чора-тадбирлар белгиланмоқда. Шундай чора-тадбирлардан бири – Ўзбекистон Республикаси “Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонуни қабул қилинганлиги бўлиб, мазкур Қонун билан Судьялар олий кенгашига судьялар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни барвақт аниқлаш вазифаси юклатилди ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш мақсадидаСудьялар олий кенгаши раиси томонидан одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб бориш тартиби ўрнатилди ҳамда Судьялар олий кенгашида коррупцияга қарши курашиш вазифаси юклатилган ўринбосар лавозими ҳамда Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси ташкил этилди.

Муҳтасар қилиб айтганда, коррупцияга қарши кураш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар барча давлат бошқарув органларининг очиқлигини таъминлаш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг халқ олдида масъуллиги ва ҳисоб бериб бориш принципларини ўрнатиш, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувлар ҳамда тўсқинликларга барҳам бериш учун таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда нафақат давлат органлари ва мансабдор шахслари, балки ҳар бир фуқарода коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиш туйғуси уйғонишига замин яратмоқда.

Жамила Султанова,
Хоразм вилоят маъмурий суди раиси