ШАРТНОМА ЧАНГ БОСИБ ЁТАДИГАН ҚОҒОЗ ЭМАС, МАНФААТ ВА МАЖБУРИЯТЛАР АКС ЭТГАН ҲУЖЖАТДИР

Бугунги кунда давлатимиз томонидан тадбиркорлар учун жуда катта имкониятлар яратилмоқда. Хусусан тадбиркорликни ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини янада ошириш мақсадида тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилмоқда. Бу эса ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган соҳа эгалари учун айни муддао. Керакли ҳужжатлар йиғилиб, асос кўрсатилса бас, банкдан шартнома асосида кредит олиб, лойиҳаларни амалга ошириш мумкин.

ОЛАРДА КИРАР ЖОНИМ, БЕРАРДА ЧИҚАР ЖОНИМ

Шартнома ўз номи билан томонлар ўртасида  бажарилиши мажбурий бўлган қонуний ҳужжат ҳисобланади. Унда имзо қўйган томонларнинг манфаатлари,  ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс этади. Афсуски бугун   ўзининг шартномада акс этган мажбуриятини бажармаётган, ҳатто бажаришни хоҳламаётган, ёзма огоҳлантиришларга бир оғиз ҳам жавоб қайтармасдан бемалол юрган айрим тадбиркорларни деб банклар сарсон бўлмоқда.Иқтисодий судларга мурожаат қилаётган даъвогарларнинг кўплиги фикримизнинг яққол исботидир.Мушкулини осон қилган банк ходимларига нисбатан “Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним” қабилида иш тутаётган«NE`MATJON NUR» фермер хўжалиги бир неча марта расмий равишда огоҳлантирилишига қарамай, кредит шартларини умуман бажармаган.  Фермер хўжалиги  шартнома шартларини мунтазам равишда  бузиб келганлиги сабабли Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармасининг АТ «Халқ банк»манфаатида  «NE`MATJON NUR» фермер хўжалиги ва шерик жавобгар «BOG`OT G`ISHT SERVIS» хусусий корхонаси устидан Боғот туманлараро иқтисодий судига шикоят аризаси киритган.

КРЕДИТГА БЕРИЛГАН 350 000 АҚШ ДОЛЛАРИҚАЕРДА?

Ишдаги ҳужжатлардан маълум бўлишича, АТ «Халқ банк» Хоразм вилоят Боғот филиали ва «NE`MATJON NUR» масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2018 йил 23 октябрь куни 43-сонли кредит шартномаси тузилган. Шартномага асосан жавобгарга “замонавий типдаги иссиқхона” сотиб олиш мақсадида йиллик 3 фоиз миқдорида фоиз тўлаш шарти билан 84 ой  муддат — яъни 7 йилга  ва 24 ой имтиёзли даври билан 350.000 АҚШ доллари миқдорида кредит маблағи ажратилган.Кредит таъминоти сифатида 2018 йил 25 октябрдаги ипотека шартномасига асосан шерик жавобгар «BOG`OT G`ISHT SERVIS» хусусий корхонасига тегишли бўлган Хоразм вилояти Боғот туман Бешариқ қишлоғи, Гулшан маҳалласида жойлашган ер участкасининг майдони 590,19 кв метр, ишлаб чиқариш майдони 323,39 кв метр, умумий майдони 590,19 кв метр бўлган “Пишган ғишт  пишириш печи” биносига ердан фойдаланиш ҳуқуқи билан биргаликда гаровга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси”нинг 1.487.500.000 сўм миқдорида ва «BOG`OT G`ISHT SERVIS» хусусий корхонасининг 23.10.2018 йилдаги 01-сонли кафиллик шартномасига асосан 2.975.000.000 сўм миқдорида кафиллик шартномалари тузилган.

ИМТИЁЗЛИ ДАВР  КАТТА ИМКОНИЯТ, АММО…

Банк тадбиркорга ишониб берган бу маблағ кичкина сумма эмас, аниқроғи бу ерда гап миллион эмас, миллиардлар ҳакида бормоқда. Афсуски банк ҳам кредит ажратиб, уни қайтариб олиш учун эса тадбиркорнинг ортидан сарсон.Имтиёзли 24 ой — яъни 2 йил вақт тугаб, фоизларни тўлаш муддати ўтиб кетганига қарамай, жавобгар банк олдидаги ўз мажбуриятларини бажармай келган.

«BOG`OT G`ISHT SERVIS» хусусий корхонасининг 23.10.2018 йилдаги 01-сонли кафиллик шартномасининг 2.1-бандида “Кафил” қарз олувчи кредит маблағини ўз вақтида қайтариш тўғрисида мажбуриятларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда “Кафил” банк талабига биноан банкка кредит бўйича тўловлар, унга ҳисобланган фоизлар ва кредит бўйича мажбуриятларни ўз муддатида бажармаслик билан боғлиқ харажатларни сўзсиз тўлаш мажбуриятини олган.

Бироқ, жавобгар томонидан график бўйича асосий кредит қарзи ва кредитга ҳисобланган фоиз қайтарилмаган.Ҳаттоки мазкур қарздорликни тўлаб беришни сўраб, даъвогарнинг жавобгарга юборган огоҳлантириш хатлари ҳам жавобсиз қолган. Жавобгар томонидан бу расмий хатларга нисбатан ҳеч қандай изоҳ, муносабат билдирилмаган.Шундан кейин, Палата банк манфаатида судга юқоридаги талаб билан мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 738-моддасига кўра қарз олувчи қарз суммасининг қайтариб берилишини таъминлаш юзасидан қарз шартномасида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаса, шунингдек қарзнинг таъминоти қарз берувчи жавобгар бўлмаган вазиятларда йўқотилса ёки унинг шартлари ёмонлашса, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасини муддатидан олдин қайтаришни ва тегишли фоизларни тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил
22 декабрдаги №13/150-сонли “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги Қарорининг 3-бандига кўра, банк ёки бошқа кредит ташкилоти ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқий муносабат кредит ташкилотининг кейинчалик, келишилган муддатларда, кредит бериш (кредит линиясини очиш) мажбуриятини ва қарз олувчининг олинган кредитни қайтариш ва у бўйича фоизларни тўлаш мажбуриятини ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 736-моддасига кўра агар агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

СУД ҲУКМИ ЎҚИБ ЭШИТТИРИЛДИ

Ушбу  суд мажлисининг ўтказилиш вақти ва жойи тўғрисида жавобгар ва шерик жавобгар қонунда белгиланган тартибда хабардор қилинган бўлса-да, на уларнинг ўзи, ва на вакиллари иштирок этмади, даъво аризаси юзасидан ҳатто фикр ҳам билдиришмади. Бепарволик ҳам шу даражада бўлиши мумкинми? Аммо қонун доирасидасуд ишни Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 128, 129, 170-моддаларига асосан жавобгар ва шерик жавобгар вакилларининг иштирокисиз кўриб чиқишга ҳақли.

Ушбу ҳуқуқ нормаларига асосланиб, суд даъвогарнинг талабини асосли деб ҳисоблайди.

Баён этилганларга асосан,  жавобгар «NE`MATJON NUR» масъулияти чекланган жамияти ва шерик жавобгар «BOG`OT G`ISHT SERVIS» хусусий корхонасидан даъвогар АТ “Халқ банк” фойдасига муддати ўтган асосий кредит қарздорлиги 29.668 АҚШ доллари, 6.812,67 АҚШ доллари кредит фоизи, 349,28 АҚШ доллари оширилган фоиз, 27,25 АҚШ доллари ҳисобланган пеня ва олдиндан тўланган 21.600 сўм почта харажати ундирилиши тўғрисидаги ҳукм  очиқ суд мажлисида эълон қилинди.

Ундирув гаровга қўйилган шерик жавобгар «BOG`OT G`ISHT SERVIS» хусусий корхонасига тегишли бўлган Хоразм вилояти Боғот туман Бешариқ қишлоғи, Гулшан маҳалласида жойлашган ер участкасининг майдони 590,19 кв метр, ишлаб чиқариш майдони 323,39 кв метр, умумий майдони 590,19 кв метр бўлган “Пишган ғишт  пишириш печи” биносига ердан фойдаланиш ҳуқуқи билан биргаликда  қаратилиши тасдиқланди.

Жавобгар «NE`MATJON NUR» масъулияти чекланган жамиятидан Республика бюджети фойдасига 7 996 965,65 сўм давлат божи ундирилиши таъкидланди.

Мазкур ҳал қилув қароридан норози тараф шу суд орқали бир ойлик муддат ичида Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят қилиши, прокурор протест келтириши мумкин.

ХУЛОСА

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, шартнома шунчаки токчада чанг босиб ётадиган қоғоз эмас. Ундаги ҳар бир шартлар қонунларга таянган ҳолда тузилади. Уни четлаб ўтишга ёки бажармасликка ҳеч кимнинг қақи йўқ. Шартнома шартларини бузган томон, албатта, белгиланган қонунларга мувофиқ жавоб бериши шарт. Шуни унутмаслик керакки, қонун олдида барча баробардир.

Дилшод Шарипов, Боғот туманлараро иқтисодий суди судьяси