ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИДА ФУҚАРОЛАРНИНГ СУДГА ДОИР МУРОЖААТЛАРИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

Хоразм вилоят суди раиси Б.Полванов, раис ўринбосарлари ва судьялар аҳолининг судга доир мурожаатларини ўрганиб, таҳлил қилиш мақсадида вилоят Халқ қабулхонасида бўлишди.

Қабулхона вакиллари билан мулоқотда фуқароларнинг аксарияти судга мурожаат қилиш тартибини етарли даражада билмаганликлари натижасида керакли ҳужжатларни илова қилиш, давлат божини тўлаш ва юқори инстанцияга шикоят қилишда муддатни ўтказиб юбориш каби қийинчиликларга дуч келаётганлиги аниқланди. Шулардан келиб чиқиб аҳолининг судларга доир ҳуқуқий билимларини ошириш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Шунингдек, вилоят, туман Халқ қабулхоналари биносида судлар томонидан тайёрланган “Сиз ҳуқуқингизни биласизми?”, “Судга мурожаат қилиш тартиби” каби мавзулардаги буклет, флаер ва баннерларни мунтазам жойлаштириш ҳамда янгилаб бориш тизими йўлга қўйилди.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати