МАЪМУРИЙ СУДЛАРНИНГ ҚАРОРИНИ ИЖРО ҚИЛМАСЛИК ЖАРИМА СОЛИНИШИГА АСОС БЎЛАДИ

маъмурий

Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг ҳақиқий маънодаги мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва одил судловни амалга ошириш, халқнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2022 йил 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–107-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Олий суд, Судьялар олий кенгаши ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган процессуал қонун ҳужжатларида белгиланишини таъминлаш мақсадида қуйидаги, яъни маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш, маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилишни таъминлаш вазифалари қўйилди.

Бундан ташқари, жамиятда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсадида қуйидагилар белгиланди.

Жумладан, тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш;

— давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш;

—     давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш;

—     давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллашчораларини татбиқ қилиш ҳам назарда тутилди.

Бундан ташқари, қарорга мувофиқ, эндиликда аризаларни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли рад этиш ёки иш юритишни тугатишни тақиқланади. Аризалар судга тааллуқли бўлмаганда уларни кўриб чиқиш ваколатли судга ўтказилади. Бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик судга тааллуқли бўлганда уларни бирлаштириш тақиқланади.

Қисқа қилиб айтганда, мазкур қарор судлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ҳамда бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда уларнинг ҳақиқий кўмакчисига айланишига хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

 Бекзод Ражабов,
Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди судьяси