Маъмурий судларда қонун устуворлиги таъминланмоқда

Маъмурий судларда қонун устуворлиги таъминланмоқда

Мамлакатимизда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва кўрилаётган амалий чора-тадбирлар мазкур соҳани сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди, суд ҳокимиятининг фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамиятини тубдан оширди. Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдан иборатдир.

2022 йил 1-ярим йиллиги давомида Хоразм вилояти маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жами 609 та маъмурий ишлар кўриб тамомланган.

Мазкур ишларнинг 227 таси бўйича ариза (шикоят) лар қаноатлантирилиб, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари ва хатти-ҳаракатлари оқибатида фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя қилинган.

Масалан,аризачи “GURLAN BARAKA TEKS” МЧЖнингжавобгар Хоразм вилоят Давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил 17 ноябрдаги 1116-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги маъмурий иш кўриб чиқилган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 189-моддасининг 2-қисмига кўра, суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас, ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Ушбу модданинг 5-қисмига кўра, қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилган тақдирда суд тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига қонунга мувофиқ қарор қабул қилиш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишларини бошқача усулда бартараф этиш мажбуриятларини юклайди.

Мазкур қонун талабидан келиб чиқиб, суднинг қарори билан Хоразм вилоят Давлат солиқ бошқармасизиммасига “GURLAN BARAKA TEKS” МЧЖга нисбатан камерал текширувида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича тўпланган ҳужжатларини солиқ қонунчилигида белгиланган тартибда қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган. Ушбу ҳолатда “GURLAN BARAKA TEKS” МЧЖга нисбатан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича тўпланган ҳужжатлар Хоразм вилояти Давлат солиқ бошқармаси томонидан тадбиркор иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, қайта кўриб чиқилиши лозим.

Шунингдек, аризачи “BEKCHAN USTA” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил 15 сентябрдаги 679-сонли қарорини қисман ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги иш маъмурий судда кўриб чиқилиб, Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил15 сентябрдаги “BEKCHAN USTA” МЧЖни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир қилганлиги учун солиқ жавобгарлигига тортиштўғрисидаги679-сонли қарори билан жамиятга қўлланилган 419527,1 минг сўмлик солиқ ва молиявий жарималарнинг 254542,3 минг сўмлик қисми ноқонуний қўлланилганлиги аниқланган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг
13-моддасида Солиқ тўғрисидаги қонунчилигидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади деб белгиланган.

Бир сўз билан айтганда, қонунга мувофиқ тўғри ва ҳалол ишлаётган тадбиркорлар суд томонидан ҳимоя қилинмоқда, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашган, ваколат доирасидан четга чиққан мансабдор шахсларга нисбатан судларнинг таъсир чораси янада кучайтирилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, сўнги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатлари мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ҳамда механизмларини жорий қилиш, янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ҳамда ғовларни бартараф этиш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун йўли билан ҳимоя қилиб, давлат томонидан кафолатланиши – жамият ва давлат ривожи, халқимизнинг осойишта ва фаровон турмуш-тарзи кечиришига замин яратади.

Жамила Султанова,
Хоразм вилояти маъмурий суди раиси   

ОИЛА МУҚАДДАС

ОИЛА МУҚАДДАС оилавий ришта

Ҳар бир инсоннинг ҳаёти туғилганидан умрининг охиригача оила даврасида кечади. Оила эса, албатта, никоҳ тузилганидан сўнг вужудга келади. Кўплаб ҳолатларда фуқаролардан оилавий можаролар, алимент масаласи, шунингдек, ажралиш ҳолатларидаги мулкий низолар хусусида хат ва аризалар келиб тушади. Уларни таҳлил қилар эканмиз, бу ҳолатлар оилавий муҳит, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмасликлари оқибатида келиб чиқаётганига амин бўламиз. Мамлакатимиз қонунчилигида никоҳ тузиш шартлари, тартиби, никоҳ шартномаси ва уни ўзгартириш, бекор қилиш омиллари белгилаб қўйилган.

Қуйида мазкур муносабатлар ҳақида батафсилроқ маълумот беришни лозим топдик.

Даставвал…

Оила — инсоннинг ҳаёти, фаолияти, бир сўз билан айтганда, бутун умри чамбарчас боғлиқ ҳолда кечадиган мўътабар маскан. Мамлакатимизнинг юздан зиёд қонун ва қонуности ҳужжатларида оила манфаати ва унинг ҳимоясини мустаҳкамлаш назарда тутилган. Жумладан, 1998 йилда қабул қилинган Оила кодексида никоҳ тузиш ёки никоҳнинг тугатилиши, мулкий, болаларнинг насл-насабини белгилаш, алимент мажбуриятлари, туғилишни, никоҳ тузилганлиги, ўлимни қайд этиш, фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш каби муносабатлар тартибга солинган.

Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 6-сон Қарорида судлар оилани мустаҳкамлашга қаратилган барча чораларни кўришлари лозимлиги таъкидланган.

Оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилади.

Ҳақиқатан, оила — муқаддас даргоҳ. Табиийки, бу мезон никоҳнинг азиз тушунча эканини кўрсатади.

Афсуски ушбу тушунчалар мазмун-моҳиятини ҳамма ҳам тушунавермайди, натижада яхши ниятлар билан тузилган никоҳнинг бекор қилиниши, оилаларни ажрашиши ва бегуноҳ болаларнинг етим бўлишига олиб келади.

Мазкур тоифадаги ишларни кўришда судлар ажримларни олдини олиш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, “Оилани қўллаб қувватлаш” бўлимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият кўрсатаётган бўлса-да, минг афсуски никоҳдан ажрашиш ҳақидаги судларга мурожаатлар кўпаймоқда.

Жумладан, Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2021 йил давомида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 2079 та фуқаролик иши кўрилиб, шундан 1263 таси қаноатлантирилган, 58 та  фуқаролик ишлари бўйича иш юритиш тугатилган, 623 та даъволар рад қилинган, 135 та даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган.

Бу кўрсаткич 2020 йил давомида кўрилган шу тоифадаги ишларга нисбатан 373 тага, ажрашган оилалар эса 263 тага кўпайганини кўрсатади.

Никоҳдан ажрашиш сабаблари таҳлил қилинганида, аксарият ажрашиш истагида судга мурожаат қилганларнинг ёши 30 ёшгача эканлиги, ажрашиш учун келтирилган важлар оиладаги вақтинчалик келишмовчиликлар, турмушга учинчи шахсларнинг аралашиши, бир-бирига хиёнатда гумонланиш ва бошқаларни кўриш мумкин.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги низолар ўзи билан бошқа тоифадаги яъни алимент ундириш, бола тарбияси билан боғлиқ низолар, уй-жойдан фойдаланиш юзасидан низолар, мол-мулкларни ундириш ва бўлиш ҳақидаги низоларни ҳам юзага келтиришини, шу билан бирга оиладаги носоғлом вазият жиноятчиликни кўпайишига ҳам олиб келаётганини кўриш мумкин.

Шу мақсадда ёшларга оиланинг муқаддаслиги, никоҳ тузишнинг эркинлиги, ўзаро розилик, никоҳ ёши ва никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатларни мактаб давридан ўргатиш ҳамда уларни ҳаётга тайёрлаш лозим.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, никоҳ муқаддас, у ҳар бир кишининг келажагини белгилайдиган муҳим ва масъулиятли маросим. Бир донишманд айтганидек, никоҳдан ўтиш мажбурий эмас, лекин ундан ўтдингми, унинг қонун-қоидаларига риоя этиш мажбурий. Никоҳдан ўтишнинг ўз масъулияти ва мажбурияти бор, албатта. Зеро, никоҳнинг қонун-қоидаларига сўзсиз бўйсуниш, ҳаётнинг оғир ва енгилига доимо тайёр бўлиш, турмуш синовларини сабот ва матонат билан енгиш оилавий бахт калитидир.

Зафар Султанов,
Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонун суд бошқарувчисига тўланадиган ҳақга таъсир қилади

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонун суд бошқарувчисига тўланадиган ҳақга таъсир қилади

Тўловга қобилиятсизлик — суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.12.2021 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, “Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Қарорнинг 3-банди “б” кичик банди учинчи хатбошисига ўзгартириш киритилди.

Унга кўра давлат солиқ хизмати органларининг аризалари бўйича қўзғатилган тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишда тўртинчи тоифали суд бошқарувчиси аттестатига эга бўлган ва Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси аъзолари ҳисобланган шахслар суд бошқарувчиси этиб тайинланади;

соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, агар қарздор билан бошқача келишув белгиланган бўлмаса, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик ҳақида иш қўзғатиш тўғрисида ариза берган солиқ органи томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади.

Киритилган мазкур ўзгартириш шуниси билан фарқланадики унга кўра, олдинги таҳрирдаги қарор билан суд бошқарувчиси томонидан ҳар бир тугатилган тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби бўйича қарздор турган жойдаги туман (шаҳар) солиқ инспекциясининг қарорига асосан, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан суд бошқарувчисига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 7,03 баравари миқдорида ҳақ тўланган бўлса, эндиликда ушбу қарор билан киритилган ўзгартиришга кўра, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни, солиқ органи томонидан қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби бўйича иш қўзғатиш ҳақида ариза билан мурожаат қилинганда, суднинг депозит ҳисобварағига олдиндан тўлов амалга оширилиши белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни 26-моддасига кўра, суд бошқарувчисига вазифаларини бажарганлиги учун ҳақ тўлаш миқдори ва тартиби бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда кредиторларнинг йиғилиши томонидан белгиланади, суд томонидан тасдиқланади ҳамда, агар кредиторлар билан тузилган битимда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан тўланади.

Тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, агар қарздор билан бошқача келишув белгиланган бўлмаса, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берган аризачи томонидан қопланади. Бунда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етти баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади. Суд бошқарувчисига ҳақ ҳар бир якунланган иши учун тўланади.

Агар суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатлари суднинг депозит ҳисобварағига ўтказилмаган бўлса, суд қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани қайтаради.

Юқорида қайд қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмунидан шуни хулоса қилиш мумкинки, агарда тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган таомиллари бўйича иш қўзғатиш тўғрисида ариза солиқ органи томонидан берилса, бунда солиқ органи суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида олдиндан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўловни амалга оширади.

Шунингдек, агарда солиқ органидан бошқа шахслар томонидан тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган таомили тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берилса, бунда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етти баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади.

Баҳодир Давлатов,
Боғот туманлараро иқтисодий суди раиси

Миллионларни ўмарган 24 ёшли фирибгар

Бугун юртимизда банк соҳасида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бундан бир неча йиллар олдин кредит олиш учун шунчалар кўп қоғозбозлик қилинардики, пулни олгунча мижознинг тинкаси қурирди. Бугун эса тизим тубдан ўзгарди. Ҳатто маълум миқдордаги кредитларни олиш учун банк биносига бориш ҳам шарт эмас. Уйдан чиқмаган ҳолда банк иловасидаги белгиланган устунларни тўлдирсангиз бас, пуллар электрон ҳамёнингизга ўтказиб берилади. Бундай қулайликдан кўпчилик кредит олишни ният қилганларнинг заҳмати енгиллашди. Аммо… бу имкониятдан ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишга улгуриб қолаётган “учарлар” ҳам орамизда йўқ эмас. Хусусан Э. Эшдавлатов (исм-фамилиялар ўзгартирилган)га суднинг қора курсиси ва қамоқхона панжаралари бегона эмас. У қилган жиноятларидан  хулоса чиқариб, тўғри ҳаётга қайтиш ўрнига ақлга сиғмайдиган даражада бирин-кетин иқтисодий жиноятларни содир эта бошлаган. Ҳатто шунчалик устаси фаранг бўлиб кетганидан одамларнинг ишончига кириб, катта миқдордаги пулларни ҳам ҳеч қийналмасдан қўлга киритди.

Охири йўқ жиноятлар “бунёдкори”

1998 йилда туғилган  Э.Эшдавлатов муқаддам бир неча бор судланган. Биринчи марта, 2016 йилдажиноят ишлари бўйича Хива туман суди ҳукмига кўра,ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми, 165-моддаси 2-қисми “а” банди, 168-моддаси 2-қисми “б” банди, 25 ва 243-моддаси 1-қисми билан айбланган. Аммо жиноят иши амнистия актига асосан тугатилган.

2017 йилда эса “қаҳрамонимиз”га ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Қонликўл туман судининг 2018 йил 29 ноябрдаги ажримига кўра, ЖКнинг 74-моддасига асосан ўталмай қолган 3  йил 7 ой 26 кун жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган, жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2019 йил 10 октябрдаги ажримига кўра, ЖКнинг 75-моддасига асосан ўталмай қолган 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан озод қилинган, ЖКнинг 78-моддаси “д” бандига асосан судланганлик ҳолати тугалланмаган.

Шу сабабли 2021 йил 6 декабрь куни Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судланувчи Э.Эшдавлатовга оид жиноят ишини Урганч шаҳар прокурори томонидан келтирилган апелляция протести ва судланувчи Э.Эшдавлатовнинг апелляция шикояти асосида кўриб чиқди.

Ҳайратланарли кредит найранглари

Э.Эшдавлатов муқаддам судланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан бўлишига қарамасдан тинч юрмайди. Қонун билан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритиб, ўз найрангларини бошлаб юборади. У АТБ “Агробанк” Хоразм вилояти филиалларидан кредит олиш ва кредитларни нақдлаштириб ўз эҳтиёжлари учун ишлатиш мақсадида, қонуний асосларда бирон-бир тадбиркорлик фаолият тури билан амалда шуғулланмасдан, ноқонуний йўллар билан, яъни банклар томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит маблағлари ажратилаётганидан фойдаланиб, шахсий бойлик орттириш мақсадида, ўзининг номига вилоятнинг 9 та туманида 21 та янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилади.Ушбу субъектларнинг ҳисоб рақамларини “Агробанк” АТБ Хоразм вилояти филиалларида очиб, 17 та тадбиркорлик субъектларига 1 млрд. 212 млн. сўмлик “Онлайн” ҳамда “Овердрафт” электрон кредитларини олади. “Агробанк” АТБ Хоразм вилояти филиалларининг жами 2 млрд. 705 млн. 55 минг. 695 сўмлик кредит маблағларининг ажратилишига эришади.

 Битта бизнесни гуллаб яшнатишга асқотадиган бу пулларни, афсуски, жиноятчи компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб, ўзи бошқариб келаётган “Soyotli usta quruvchi” МЧЖнинг ҳисоб-рақамига “қурилиш маҳсулотлари сотиб олиш учун”, деб ўтказиб, шунчаки шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.

Ишонч инсонлар ўртасидаги жуда улуғ фазилат. Баъзида бирор инсоннинг ишончини қозониш учун йиллар керак бўлади, баъзан эса бир неча уринишнинг ўзи кифоя. Хўш, “қаҳрамонимиз” буни қандай уддалади? Тўрига илинмоқчи бўлиб турган тилла балиққа озгина хўрак ташлади ва буткул ишончига кирди. У фуқаро Ф.И билан учрашиб, унга тегишли бўлган Янгибозор туманида жойлашган дала шийпонини 600,0 млн. сўмга сотиб олишга келишиб, олдиндан 140,0 млн. сўм пулларни беради ва қолган 460,0 млн. сўм пулларни дала шийпонини банкдан олиниши лозим бўлган кредит маблағи эвазига гаров таъминоти сифатида қўйиб беришини сўрайди. Табиийки, пулнинг бир қисми қўлига текканидан хурсанд бўлган жабрланувчи унга буткул ишонади ва моҳир фирибгар  “Агробанк” Қўшкўпир тумани филиалидан 1.212 млрд. сўм кредит маблағи олишга эришади. Энг қизиғи, у ҳеч нарса бўлмагандек, Ф.Ининг дала шийпони учун ваъда қилган пулларни унутади. Олинган кредит маблағини ҳам қайтармаганлиги сабабли аёл кишининг гаровга қўйилган дала шийпони банк томонидан мусодара этилади.

Уй олиб бераман” деб чув туширди

Хўш, жиноятчи шу билан тинчидими? Йўқ, у янги ўлжалар қидиради.Лаққа тушадиганларнинг ҳам топила қолганини қаранг.

Э.Эшдавлатов иккинчи ўлжасини қўлга киритиш учун режа тузади. Фуқаро У.М билан учрашиб, унга Урганч шаҳрида яхши жойлашув ўрнига эга бўлган манзилдан “Ипотека” асосида қурилаётган уйдан олиб беришни ваъда қилади ва унинг 100,0 млн. сўм пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.

Тикув машиналари ҳам, 30 миллион ҳам йўқ

Пешона тери тўкмай миллион-миллионларни қўлга киритишга ўрганиб қолган жиноятчи тикув цехи раҳбари  Ч.Ибрагимова билан учрашиб, 2020 йил 10 август куни ўз раҳбарлиги асосида фаолият юритиб келган “Soyotli Usta Quruvchi” МЧЖ номидан 12-сонли шартнома расмийлаштириб, ҳаракатларига қонуний тус берган ҳолда шартномага асосан тикув машиналарни етказиб беришни айтиб, жамият ҳисоб рақамига 30,0 млн. сўм маблағни ўтказиб олишга эришган. Аммо тикув машиналаридан ҳанузгача дарак йўқмиш.

Фирибгарлик энди касбга айланди

Энди Э.Эшдавлатов ўзига жиноий шерик топиб, таниши Р.Ж билан олдиндан жиноий тил бириктириб, фуқаро Қ.Т билан учрашади ва олдинги ҳийласини қўллаб, ҳаракатларига қонуний тус берган ҳолда шартномага асосан сув тозалаш ускунаси етказиб беришни айтади. Жамият ҳисоб рақамига Қ.Тга ажратилган 50,0 млн. сўм кредит маблағини ўтказиб олишга эришиб, бироқ жабрланувчига сув тозалаш ускунасини етказиб бермайди. Худди шу йўл билан жиноий шериги иштирокида фуқаро М.Дга маиший техника воситаларини етказиб беришни айтиб, жамият ҳисоб рақамига 15 млн. сўм пулни ўтказиб олади, маиший техника воситаларини етказиб беришни эса шунчаки  эсдан чиқаради.

Бундан ташқари, Э.Эшдавлатов 2020 йил 28 октябрь куни фуқаро Д.Р билан учрашиб, унга “Ипотека” банкдан 1.5 млрд. кредит маблағи олаётганлиги сабабли ҳужжатлар учун 50,0 млн. сўм зарурлигини айтади ва алдаб, унинг 50,0 млн. сўм пулини чўнтакка уради.

Бойлик васвасаси

Э.Эшдавлатов ноқонуний бойлик орттириш мақсадида, “Khiva Pay-Servis” МЧЖ фаолиятини 2020 йилдан бошқариб келиб, жамиятга тегишли бўлган қурилиш материаллари ва ёғоч каби маҳсулотларни савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган ҳолда нақд пулга сотиб, сотувдан тушган жами 1 млрд. 129 млн. 445 минг сўмлик пул маблағларини ҳисобга олиш регистрларида акс эттирмаган. Давлат солиқ идораларига топширилган ҳисоботларда ушбу нақд пул тушумларикўрсатмаганлиги натижасида 291 млн. 379 минг сўмлик жуда кўп миқдордаги давлат томонидан белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган.

Шунингдек, “Soyotli Usta Quruvchi” МЧЖ фаолиятини 2015 йил 23 июлдан ҳозирги кунга қадар бошқариб келиб, жамиятга тегишли бўлган юқори ликвидли маҳсулотларни нақд пулга сотиб, сотувдан тушган жами 231 млн. 154 минг сўмлик пул маблағларини ҳисобга олиш регистрларида акс эттирмаган.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг апрель ойидан 2021 йилнинг 1 январь кунига қадар бўлган давр мобайнида давлат солиқ органларига тақдим қилган ҳисоботларида товарлар реализация қилинганлиги ҳисоботларда яширилганлиги натижасида жами 42.221.000 сўм миқдордаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаб, давлат манфаатларига иқтисодий зарар етказган.

Нима учун протест киритилди?

Протестда, биринчи инстанция суди жиноят натижасида етказилган зарарлар тўлиқ қопланмаган бўлса-да, Э.Эшдавлатовга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини нотўғри қўллаб, асоссиз енгил жазо тайинлагани ҳамда Э.Эшдавлатов фирибгарлик йўли билан 2.705.055.695 сўм пул маблағини қўлга киритган бўлса-да, иқтисодий суд томонидан ундан ушбу пул маблағи ундирилиши белгилангани сабабли Э.Эшдавлатовдан 2.705.055.695 сўм пул маблағини ундиришни белгиламасдан хатога йўл қўйганини инобатга олиб, суд ҳукмини бекор қилиб, янги айблов ҳукми чиқариш сўралган. Судланувчи Э.Эшдавлатов апелляция шикоятида, ўзига тегишли бўлган корхоналар томонидан қонуний асосда кредит олингани сабабли ушбу айб эпизодларида фирибгарлик жинояти аломатлари мавжуд эмаслигини инобатга олиб, айбидан чиқаришни ва жазони енгиллаштиришни сўраган.

Ниҳоят, сўнгги ҳукм!

Судлов ҳайъати томонидан жиноят иши ҳар томонлама синчковлик билан ўрганилиб, қайд қилинганларга асосан, судланувчига янги ҳукм чиқарилди.

Унга ЖКнинг 59,61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8 йилу 1  ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди.

Шунингдек, судланувчи Э.Эшдавлатовдан фуқаровий даъвогарларга етказилган зарарлар қайтарилиши, тўлашдан бўйин товланган 934.804.200 сўмлик солиқ ва бошқа йиғимлар Урганч шаҳар ДСИ орқали тегишли тартибда давлат бюджети фойдасига ундирилиши ҳамда  даъвогар “Агробанк” АТБ Хоразм вилояти филиалига етказилган  қопланмасдан қолган 965.512.228 сўми судланувчидан “Агробанк” АТБ Хоразм вилояти филиали фойдасига ундирилиши белгиланди.

Хулоса

Қилган фирибгарликлари учун қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлаётган бу 24 ёшли йигит агар шу ақли ва имкониятларини қинғир ишларга сарфламаганида балки бугун ундан юртимиз равнақи учун хизмат қиладиган кучли тадбиркор етишиб чиқарди. Афсуски, энди у умрининг энг гуллаган ёшлик йилларини панжара ортида ўтказади.  Бировнинг ҳақини ейиш қонунларимизда жиноят бўлса, динимизда улкан гуноҳдир. Жиноятларимиз учун қонун олдида, гуноҳларимиз учун эса Аллоҳнинг ҳузурида савол-жавобга тутилишимизни эсдан чиқармайлик. 

Ойбек МАҲМУДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Хоразм вилояти суди судьяси

Қонун ҳаммага баробар– ўзбошимчалик учун жавоб берилди

Халқимизнинг фаровон яшашини таъминлайдиган асосий манбалардан бири бу— ер. Шунинг учун ер ресурсларига нисбатан оқилона муносабатда бўлиш, улардан унумли ва самарали фойдаланиш зарур.

Амалдаги қонун ҳужжатлари, хусусан, Вазирлар маҳкамасининг “Аҳоли пунктларини қуришда шаҳарсозлик ва ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлашга, шунингдек тадбиркорлик мақсадлари учун ер ажратиш тартибини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ўзбошимчалик билан қурилган барча турдаги иморатларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чораларини кучайтиришга қаратилган.

Аниқланишича, фуқаро (исм-шарифлар ўзгартирилган) О.Абдуллаев Тупроққалъа тумани Питнак қишлоғидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерни ноқонуний равишда эгаллаб олиб, ўзбошимчалик билан турар жой пойдевори қурган. Мазкур ҳолат юзасидан, Кадастр агентлигининг Тупроққалъа тумани бўлими фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилган.

Мурожаатда кадастр бўлими Тупроққалъа тумани Питнак қишлоғи қишлоқ хўжалик ерига қарашли 0,017 гектар экин ер майдонида ўзбошимчалик билан турар жой пойдевори қурганлигини кўрсатиб, ноқонуний равишда қурилган қурилишни жавобгар ҳисобидан буздириб, ер майдонини олдинги ҳолатига келтириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаришини сўраган.

Шунингдек, суд мажлисида даъвогар томон фуқаро О.Абдуллаевни Ер кодексининг 91-моддасида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилиши, ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги турар жойни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланиб қўйилганлиги тўғрисида огохлантиргани ҳақида таъкидлаб ўтди. Лекин О.Абдуллаев жой пойдеворини бузиб олмасдан келаётганлиги сабабли судга мурожаат қилишга мажбур бўлганлигини билдирди. Шунингдек, ушбу қонунбузилиш ҳолатини бартараф этилишини сўраб тушунтириш берди.

О.Абдуллаев қўзғатилган даъво аризасини тан олиб, турар жойга эҳтиёжи бўлганлиги сабабли қурилиш ишларини амалга оширганлигини, лекин ер майдонини ўзига тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқлигини, эндиликда турар жойига кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга ҳаракат қилишини айтиб, суддан даъво аризани рад қилишини сўраган.

Аммо қонун барчага бирдек баробар. Суд юқоридагиларга асосланиб, ноқонуний қурилишни буздириш ва ерни олдинги ҳолатига келтириш ҳақидаги даъво талаблари асосли ва қаноатлантирилиши лозимлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 141, 280, 283-моддаларига кўра тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши тўғрисида якуний хулосага келди.

Руслан Жумабаев,

Фуқаролик ишлари бўйича,

Боғоттуманлараро суди судъяси

Диққат, эълон!

Хоразм вилоят суди томонидан 11 июнь куни соат 10:00да жамоатчилик вакиллари, журналист ва блогерлар учун «Суд жараёнлари очиқлигини таъминлашдаги ҳуқуқий меъёрлар» мавзусида очиқ мулоқот ўтказилади.

Манзил: Урганч туманлараро иқтисодий суди биноси.

Гап нимада ўзи?

“Ҳуқуқ ва истеъмолчи” газетасида (№07-сон, 2022 йил) чоп этилган мақоланинг ўта қўпол сарлавҳасини (“Сурнай чалган судьялар”) айтмаса, гап нима ҳақда эканини ўқувчи тушуниши қийин. Шунинг ўзи мақола бир томонлама, иш бўйича ҳужжатлар холис ўрганилмаган ҳолда ёзилганини кўрсатиб турибди. Шунга қарамай муаллиф Хоразм вилоят маъмурий суди судьялари гўёки “битта пуф”билан қуйи суд қарорини бекор қилишаётганини иддао қиларкан, буни худдики сурнайни битта пуфлашига ўхшатиб, гапни шу қиёс атрофида айлантираверади, айлантираверади…

Гап нимада ўзи?

Гап шундаки, Урганч туман маъмурий судининг 2019 йил
6 декабрдаги ҳал қилув қарорига кўра, аризачи Эшчанов Қахрамон(ҳозирги кунда “HUQUQ va iste’molchi” газетасининг махсус мухбири)ва бошқаларнинг жавобгар собиқ Урганч туман «Оқ олтин» ширкат хўжалиги аъзолари вакиллар йиғилишининг 2000 йил 27 июлдаги 3-сонли қарори 12-бандини, Урганч туман ҳокимининг 2001 йил 17 сентябрдаги 699-сонли қарорининг Жуманиёзова Умидага тегишли қисмини, 2013йил 28 июндаги 909қ-сонли қарорини, 2019 йил 26 февралдаги 1518қ-сонли қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилган.

Мазкур иш У.Жуманиёзованинг шикояти асосида Хоразм вилоят маъмурий судида кассация тартибида кўрилиб (2020 йил, 10 январь), туман судининг ҳал қилув қарори бекор қилинади ҳамда К.Эшчанов ва бошқаларнинг аризасини қаноатлантиришни рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинади.

Ушбу иш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида (2021 йил, 4 июнь) куни кассация тартибида кўриб чиқилиб, Хоразм вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг (2020 йил, 10 январь)қарори ўзгаришсиз қолдирилади.

Кўряпсизки, журналистга ёқмаган ва унинг наздида қуйи суд қарорини битта “пуф” билан бекор қилиш тўғрисидаги вилоят суди судлов ҳайъатининг ажрими Олий судда ўзгаришсиз қолдирилган (яъни, қонуний деб топилган). Бундай ҳолатда ортиқча баҳс-мунозарага ҳожат йўқ аслида. Чунки, суд қарорлари қонунийлигига фақат юқори суд инстанцияси ҳуқуқий баҳо бериш ваколатига эга. Ўзбекистон Республикаси Олий суди эса суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади.

Бугунги шиддатли замонда оммавий ахборот воситалари алоҳида ўринга эга эканлиги инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Жамиятимиз тобора очиқлик ва шаффофликка юз тутар экан, бу жараённи ҳам журналист ва блогерларсиз тасаввур қилиб бўлмайди ҳатто.

Шундай экан, суддан адолат ва холислик талаб қилган журналист (ёки блогер)нинг ўзи ҳам шу мезонларга риоя этиши керак.

Масала моҳиятини чуқур англамай ёки суд инстанциялари ҳақида тузукроқ тасаввурга эга бўлмай суд ишлари ҳақида бироз ҳиссиёт ва яхшигина истеҳзо билан оммавий ахборот воситасида бонг уришни асло холислик деб бўлмайди.

Хоразм вилоят суди судьялари
малака ҳайъати

Хоразм вилоят судлари томонидан уч ойда 3 нафар фуқаро оқланди

Хоразм вилоят суди ва вилоят маъмурий судининг 2022 йилнинг биринчи чорагидаги фаолиятига доир ахборотни жамоатчиликка етказиш мақсадида брифинг ўтказилди. Унда вилоят суди раисининг жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ўринбосарларии Улуғбек Бакдурдиев,  Атабек Маткаримов, Илёс Тешаев ҳамда вилоят маъмурий суди раиси Жамила Султоновалар йўналишлар бўйича ахборот беришди.

2022 йилнинг ўтган уч ойида вилоят судларида жами 1 минг 411  та жиноят, 4 минг 520 та  фуқаролик, 1 минг 298 та иқтисодий, 332 та маъмурий ва 5 минг 372 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб тамомланган. Шунингдек, 33 нафар шахс қамоқдан озод этилган. 194 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ва 3 нафар фуқаро оқланган.

Судларнинг жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолият самарадорлигини кучайтириш мақсадида 142 та ёки 34,5 % жиноят иши айнан жиноят содир бўлган жойларда, маҳаллаларда, тегишли ташкилот ва муассасаларда сайёр суд мажлислари тартибида кўриб чиқилган. Бу кўрсатгич фуқаролик ишлари бўйича судларда 1 минг 524 та яъни 27,7 %ни, иқтисодий ишлар бўйича судларда  492 та, яъни 37,9 % ни ташкил этган.

Маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларнинг 135 таси ёки  40,7 %и сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган. Суд амалиётида ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича 171 та ариза кўриб чиқилган ва шундан 99 таси қаноатлантирилган.

Вилоятдаги иқтисодий судлар томонидан ўтган уч ой ҳолатига тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг даъвогарлигида 258 та иш кўрилиб, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари тикланиб, уларнинг фойдасига 20,3 млрд сўм маблағлар ундириш тўғрисида қарорлар қабул қилинган. 

Алоҳида тўҳталиб ўтиш лозим, кўриб тамомланган жиноят ишлардан 66 нафарини ёки 12,2 фоизини аёллар, 13 нафарини ёки 2,4 фоизини вояга етмаганлар, 24 нафарини ёки 4,4 фоизини 60 ёшдан ошганлар ташкил этган.

Жиноят ишлари бўйича судларда одам савдоси бўйича 3 та, коррупция билан боғлиқ жиноятлар бўйича 53 та иш кўрилиб, айбдорларга тегишли жазолар тайинланган.

ҚАЛБАКИ ПУЛГА ҚИЛИНГАН ХАРИД ЎХШАМАДИ

Тарихга назар солсак пул бирлиги яратилган пайтданоқ қалбаки пулларни ясаш ҳам бошланган. Ҳозирги даврда ҳам дунёда қалбаки пуллар ясаш ва муомалага киритиш жинояти тўхтамаган. Шу сабабли ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан бу турдаги жиноятларга қарши жиддий кураш олиб борилади. Кимлардир бу ишни қизиқишдан қилса, яна кимлардир аниқ мақсадда яъни осон пул топиб, тезроқ бойиб кетиш илинжида қилади. Гурланлик Икром Қўлдашев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам А4 форматидаги қоғозга бир неча сониялар ичида чоп этилаётган тайёр пулларга аввал қизиқиш билан қараб, кейин эса фойдаланишни мақсад қилди.

“Қаҳрамонимиз” муқаддам содир қилган жиноятлари учун бир неча бор суднинг қора курсисига ўтирган бўлсада, ўзи учун тўғри хулоса чиқара олмабди. Сабаби навбатдаги жиноятини айнан, олдинги жинояти учун тайинланган жазони ўтаётган вақтида қилди.

Хуллас воқеа бундай бўлган, 2021 йил 30 ноябрь куни Ҳазорасп туманидаги “Ҳазорасп универсал савдо комплекси” АЖда якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи Зайнаб Каримованинг дўконига савдо қилиш учун нотаниш эр-хотин келиб оёқ кийими кўришган ва И.Қўлдашев турмуш ўртоғига ёнидаги долларини сўмга алмаштириб келаман деб чиқиб кетиб, орадан 5-10 дақиқалар ўтиб қайтиб келган, улар дўкондан савдо қилиб бўлгач И.Қўлдашев ёнидан 10.000 сўмлик ва 1.000 сўмлик купюрадаги пуллардан жами 3.600.000 сўмни сотувчига берган.

Харидор эр-хотин сотиб олган нарсаларни олиб чиқиб кетишганидан сўнг, сотувчи аёлда пулларнинг ҳақиқий эканлигига шубҳа туғилади ва дарҳол ҳали дўкондан узоқлашишга улгурмаган эр-хотиннинг орқасидан бориб “Қалбаки пулларни берибсиз” – деб айтади ҳамда бу ҳақида туман ИИБ ходимларига хабар беради.

Суд жараёнида, И.Қўлдашев 2021 йил сентябрь ойида ўзининг яшаш уйида шунчаки қизиқиш билан ўзига тегишли бўлган рангли принтерда 1.000 сўмлик, 2.000 сўмлик ва 10.000 сўмлик купюрадаги пулларни оддий оқ қоғозга нусхалаб олганлигини, ушбу пуллар чиройли бўлиб нусхаланганлигини, шундан кейин у 1.000 сўмлик купюрадаги пулдан жами 1425 дона, 2.000 сўмлик купюрадаги пулдан жами 69 дона ва 10.000 сўмлик купюрадаги пулдан жами 403 дона нусхалаб, кейин уларни пул шаклида кесиб чиққанлигини, шунда унинг ясаган қалбаки пуллари жами 5.593.000 сўмни ташкил қилганлигини билдирди.

Шунингдек, айбланувчи олдин ушбу пуллардан фойдаланиш мақсади бўлмаганлигини, қалбаки пулларни ёлғиз ўзи ясагани ва турмуш ўртоғининг хабари йўқлигини, кейинчалик пулдан қийналганлиги сабабли фойдаланганини айтди ҳамда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилган ишидан қаттиқ пушаймонда эканлигини билдирди.

Албатта, бирорта жиноят жазосиз қолмайди. Жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди Икром Қўлдашевга 3 йил 1 ойга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Ҳикмат Саидов,
Жиноят ишлари бўйича Боғот туман судининг раиси

ҲИМОЯ ОРДЕРИНИ МЕНСИМАСЛИК ОҚИБАТИ

Юртимизда аёлларга яратилаётган имкониятлар, гендер тенглиги масаласида эришилаётган ютуқларни юқори баҳоласак арзийди. Аммо хотин-қизларнинг аввало ожиза эканлигини унутмаслигимиз лозим. Нозик ҳилқат вакиллари ҳар доим оиласи, яқинларининг ҳимоясига муҳтож бўлади. Афсуски баъзида ўзин эр биладиган эркаклар оиласидаги аёлларни ҳимоя қилиш ўрнига, ўзи бош бўлиб ҳақоратлаш ва хаттоки калтаклашгача боришмоқда.

Хива туманида яшовчи вояга етмаган Нафосат Қодирова(исм-фамилиялар ўзгартирилган)нинг туман ИИБ томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар учун бериладиган ХV 0001175-сонли ҳимоя ордери бўлишига қарамай ичкиликни касб қилган отаси ва амакиси унга руҳий зўравонлик ўтказишда давом этган.

Жабрланувчи судга мурожаат қилиб, отаси унга нисбатан уятсиз хатти-ҳаракатлар қилишни, ҳақоратлашни давом эттираётганини ва амакиси жанжал кўтариб, ўлдиришини айтиб таҳдид қилганлигини маълум қилди. Албатта, ҳеч бир ўзини ҳурмат қиладиган аёл бу каби ҳолатга жим қараб туролмайди.

Жиноят ишлари бўйича Хива туман судида томонилар ва гувоҳларнинг кўрсатмаси эшитилиб қарор қабул қилинди. Унга кўра Ш. Қодиров ва Ж. Қодировларнинг тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармасликда ифодаланган ҳуқуқбузарлиги суриштирув органи томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2061-моддаси билан тўғри малакаланган деб ҳисобланди.

Суд айбланувчиларнинг оилавий, моддий аҳволини ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 245, 309, 310, 311-моддаларини қўллаб, МЖтКнинг 2061-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди.

Ш. Қодиров ва Ж. Қодировга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шунингдек, маъмурий қамоқнинг ҳар бир куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи қийматида қамоқ харажатлари ундирилиши белгиланди.

Дилдора Пўлатова,
жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди судьяси

Skip to content