Қонунчилигимизга кўра, жиноятни бажарувчи билан бир қаторда ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам жиноят иштирокчилари деб топилади.
Соат кечки 22:30лар атрофида С.Қ. мижоз сифатида олдиндан таниши бўлган А.Қ.ни уйига таклиф қилади. Уй ётоқхонасида ишқий муносабатлар бошланиш арафасида С.Қ.нинг эри Б.Й. тўсатдан келиб қолади. (исм ва фамилияларнинг бош ҳарфлари ўзгартирилган)
Б.Й. дўсти Р.Ю. билан С.Қ. ва А.Қ.ни ёлонғоч ҳолатда телефонида тасвирга олиб, кейин жанжал кўтариб А.Қ.ни дўппослайди. Ҳаммаси одатдагидек бўлаётганди, аммо, йигитлар А.Қ.дан воқеани ҳеч кимга айтмаслик ва видеотасвирни ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига 30 миллион сўм талаб қилишганидан кейин асл мақсад аён бўла бошлайди.
Воқеа аслида кичик гуруҳ Б.Й., Р.Ю. ва С.Қ.лар томонидан олдиндан режалаштирилган ҳамда усталик билан уюштирилган эди.
Жиноят ишлари бўйича Хива туман судида товламачилик билан шуғулланган гуруҳ аъзолари 1984 йилда Хонқа туманида туғилган, маълумоти ўрта, уйланмаган, вақтинча ишсиз бўлган Б.Й., 1989 йилда Урганч шаҳрида туғилган, маълумоти ўрта, оилали, 2 нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз бўлган Р.Ю. ҳамда 1991 йилда Хонқа туманида туғилган, маълумоти ўрта, вақтинча ишсиз, муқаддам судланмаган, ажрашган, 1 нафар фарзанднинг онаси С.Қ.ларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд судланувчилар, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб ҳукм қилди.
Б.Й. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 131-моддаси 1-қисми ва 165-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59,61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Р.Ю. ЖКнинг 105-моддаси 1-қисми ва 165-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга узил-кесил 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
С.Қ. ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Жиноий гуруҳ аъзоларига жазони умумий тартибдаги колонияларда ўташлик белгиланди.
Дилмурод Атамуратов, Жиноят ишлари бўйича Хива туман суди раиси
Хотин-қизларнинг суд-ҳуқуқ тизимига доир мурожаатларини ўрганиш мақсадида Хоразм вилоят суди томонидан туманларда очиқ мулоқот ва сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Айниқса, бу тадбирларда “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи опа-сингилларимизга турмушида учраётган муаммоли вазиятларига ечим топиш учун ҳуқуқий маслаҳатлар бериш кўзда тутилган.Previous
Next
Вилоят суди раиси ўринбосарлари, жиноят, иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судьялар Қўшкўпир туманидаги маҳаллаларда бўлиб, иштирокчиларнинг ўз йўналишига тааллуқли мурожаатларини эшитиб, шу ернинг ўзида зарур ҳуқуқий маслаҳатларни беришди.
Аёлларнинг асосий мурожаатлари алимент пулини ундириш, уй-жой низолари, ҳимоя ордери олиш ва моддий ёрдам масалаларида бўлди.
Қабул жараёнларида 50 нафардан ортиқ аёлларнинг суд-ҳуқуқ тизимига доир масалалари ҳал этилди. Асосийси барча хотин-қизлар ўзлари учун зарур бўлган ҳуқуқий маслаҳатларни олишди.
Очиқ мулоқот якунида иштирокчиларга жамият ва давлат бошқарувида хотин-қизларнинг ролини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда Давлатимиз раҳбарининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳақида тушунтириш берилди.
Аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш ва чекка ҳудудларда яшаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимини бойитишга қаратилган очиқ мулоқотларда вилоят бўйлаб “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчилардан 225 нафари қамраб олинди.
Марузачилар хотин-қизларга ёшлигидан таълим олиши, олий маълумотга эга бўлиши ва касб ўрганишига жиддий ёндашиш кераклигини тушунтириб, бунда давлатимиз томонидан берилаётган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланишга чақирди.
Инсон яшаши, ризқ топиши, фаровон турмуш кечириши учун ердан унумли фойдаланмоғи лозим. Бунинг натижаси эса инсон учун ҳам, халқ ва давлат учун ҳам катта манфаат келтиради.
Ердан фойдаланиш ҳамда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлашда ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари масъулиятини янада ошириш мақсад қилинган.
Мамлакатимизда аҳоли сонининг йилдан-йилга ўсиб бораётгани сабаб уларни етарли ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга эхтиёж йил сайин ортиб бормоқда. Бунда эса мавжуд ўзгармас бойлигимиз бўлган ердан унумли фойдаланишга эришиш устувор масала бўлиб қолмоқда.
Афсуски айрим холларда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, улардан самарасиз фойдаланиш ҳоллари ҳам учраб турибди.
Ердан ноқонуний фойдаланган ва ўзбошимчалик билан уй қурган фуқароларда на ерга, на мулкка нисбатан ҳуқуқни берувчи ҳужжатнинг ўзи йўқ.
Ер ҳоким қарорисиз (ёки бошқа ҳужжатсиз) эгаллаб олинса “ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш”, деб ҳисобланади ва бу жавобгарликка сабаб бўлади.
Ҳазорасп туман ҳокимининг 2019 йил 27 январдаги қарорига асосан тумандаги пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги “Гулрух Наврўзбек Бекзодбек” фермер хўжалигига туман захирасидаги Бўстон қишлоғи қишлоқ хўжалиги ер харитасининг контурларидан қўшимча жами 60,4 гектар ер майдони узоқ муддатга ижарага ажратиб берилган.
Фуқаро Х.Носиров ва К.Носировлар (исм фамилиялар ўзгартирилган) томонидан Ҳазорасп туманидаги “Гулрух Наврўзбек Бекзодбек” фермер хўжалигига қарашли ер харитасининг 55-контурида жами 110 кв.метр ер майдонида ноқонуний равишда молхона ва турар жойга мўлжалланган бино қурилганлиги аниқланиб, мутахассислар иштирокида далолатнома тузилган.
Х.Носиров ва К.Носиров қурилишни бузиш тўғрисида огоҳлантирилган, лекин жавобгарлар томонидан ноқонуний қурилиш ишлари бартараф қилинмаганлиги сабабли даъвогар Ҳазорасп туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермер хўжалиги манфаатида жавобгарларга нисбатан ноқонуний қурилишни бузиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.
Унга кўра, жавобгар Х.Носиров ва К.Носировлар томонидан “Гулрух Наврўзбек Бекзодбек” фермер хўжалигига қарашли ер харитасининг 55-контурида жами 110 кв.метр ер майдонида қурилган молхона ва турар жой биносини уларнинг ҳисобидан бузиб ташлаш ва ер майдонини олдинги ҳолатга келтириш;
жавобгарлардан даъвогар Ҳазорасп туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фойдасига почта харажати учун тўланган 19 600 сўмни ундириш;
жавобгар Х.Носиров ва К.Носировлардан давлат фойдасига 490 000 сўм давлат божи ундириш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 91-моддасига кўра, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.
Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасида ҳам ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмаслиги, ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозимлиги белгиланган.
Амалдаги қонунларга кўра агар фуқаро ёки тадбиркор ер участкасини ноқонуний, яъни ҳеч қандай ҳужжатсиз (ҳаттоки ёнидаги бўш турган “ҳеч кимга керак бўлмаган” ерни ҳам) эгаллаб олса, ушбу ер участкаси унинг розилигисиз олиб қўйилади. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ердаги бино бузилади. Ноқонуний эгаллаб олинган ердаги бино учун компенсация берилмайди, аксинча қонунни бузган шахс жаримага тортилади ва у ўз ҳисобидан ерни аввалги ҳолатига қайтариши шарт.
Хулоса ўрнида айтганда ердан самарали фойдаланиш орқали фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг мулк ҳуқуқи ва дахлсизлиги, фуқароларнинг сифатли ҳамда арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишига эришиш айниқса, умуммиллий бойлигимиздан унумли фойдаланиш барчамизнинг бурчимиздир.
Хушнуд Балтаев, Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси
Сўнгги беш йил давомида мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар яратиш борасида бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Бу эса мамлакатимизда тадбиркорлик муҳити шаклланиши ҳамда чет элдан кўплаб инвесторларнинг мамлакатимизга ташриф буюриб, инвестиция киритишига замин яратмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шундай чора-тадбирлардан бири – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфааларини ҳмоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғисида”ги ПФ-6314-сонли Фармони ҳисобланади. Айтиш жоизки, мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил август ойида тадбиркорлар билан учрашувидан сўнг, уларнинг ўз фаолиятларида дуч келаётган тўсиқларни инобатга олиб, ҳар томонлама пухта ва узоқни ўйлаган ҳолда қабул қилинди.
Жумладан, мазкур Фармон билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, давлат назоратини такомиллаштириш ва “Солиқчи — кўмакчи” тизими орқали уларга нисбатан маъмурий ва солиқ юкини камайтириш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш, тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 1 октябрдан бошлаб қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти, алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ бекор қилинди.
Шунингдек, 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси икки бараварга пасайтирилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланди.
Шу қаторда тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўиб келаётган кўплаб муаммоли ҳолатлар ҳам Фармон билан ўз ечимини топганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз бўлади. Жумладан, адлия вазирлиги, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатасининг 2021 йил 1 октябрдан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг назорат функцияларини бекор қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди. Шунингдек тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг қонунчилик талабларига мувофиқлигини текшириш бўйича давлат назорати функциялари рўйхати қонун билан тасдиқланиши, бунда тегишли қонун қабул қилингандан сўнг рўйхатга киритилмаган давлат назорати функцияларини амалга оширишга йўл қўйилмаслиги ҳамда ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатига фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги, атроф-муҳитга зарар етказиш хавфининг олдини олиш учун кечиктириб бўлмайдиган назорат тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ текширувлар, шунингдек, сайёр солиқ текширувлари киритилиши белгиланди.
Шу билан бир қаторда, келгусида тадбиркорликни кенг ривожлантиришга қаратилган Йўл харитаси ҳам тасдиқланиб, унда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш, профилактика тадбирларини амалга ошириш, текширувларни электрон рўйхатга олиш, Текширишларни рўйхатга олиш китобини юритиш тартибини ишлаб чиқиш, тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индексини аниқлаш тартибини ишлаб чиқиш, давлат назорати функциялари, мажбурий талаблар ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг электрон реестрларини шакллантириш ва юритиш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва бошқа шу каби долзар вазифа ва функциялар белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун йўли билан ҳимоя қилиб, давлат томонидан кафолатланиши – жамият ва давлат ривожи, халқимизнинг осойишта ва фаровон турмуш-тарзи кечиришига замин яратади.
Мамлакатимизда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва кўрилаётган амалий чора-тадбирлар мазкур соҳани сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди, суд ҳокимиятининг фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамиятини тубдан оширди. Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдан иборатдир.
2022 йил 1-ярим йиллиги давомида Хоразм вилояти маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жами 609 та маъмурий ишлар кўриб тамомланган.
Мазкур ишларнинг 227 таси бўйича ариза (шикоят) лар қаноатлантирилиб, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари ва хатти-ҳаракатлари оқибатида фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя қилинган.
Масалан,аризачи “GURLAN BARAKA TEKS” МЧЖнингжавобгар Хоразм вилоят Давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил 17 ноябрдаги 1116-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги маъмурий иш кўриб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 189-моддасининг 2-қисмига кўра, суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас, ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.
Ушбу модданинг 5-қисмига кўра, қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилган тақдирда суд тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига қонунга мувофиқ қарор қабул қилиш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишларини бошқача усулда бартараф этиш мажбуриятларини юклайди.
Мазкур қонун талабидан келиб чиқиб, суднинг қарори билан Хоразм вилоят Давлат солиқ бошқармасизиммасига “GURLAN BARAKA TEKS” МЧЖга нисбатан камерал текширувида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича тўпланган ҳужжатларини солиқ қонунчилигида белгиланган тартибда қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган. Ушбу ҳолатда “GURLAN BARAKA TEKS” МЧЖга нисбатан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича тўпланган ҳужжатлар Хоразм вилояти Давлат солиқ бошқармаси томонидан тадбиркор иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, қайта кўриб чиқилиши лозим.
Шунингдек, аризачи “BEKCHAN USTA” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил 15 сентябрдаги 679-сонли қарорини қисман ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги иш маъмурий судда кўриб чиқилиб, Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил15 сентябрдаги “BEKCHAN USTA” МЧЖни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир қилганлиги учун солиқ жавобгарлигига тортиштўғрисидаги679-сонли қарори билан жамиятга қўлланилган 419527,1 минг сўмлик солиқ ва молиявий жарималарнинг 254542,3 минг сўмлик қисми ноқонуний қўлланилганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 13-моддасида Солиқ тўғрисидаги қонунчилигидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади деб белгиланган.
Бир сўз билан айтганда, қонунга мувофиқ тўғри ва ҳалол ишлаётган тадбиркорлар суд томонидан ҳимоя қилинмоқда, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашган, ваколат доирасидан четга чиққан мансабдор шахсларга нисбатан судларнинг таъсир чораси янада кучайтирилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, сўнги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатлари мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ҳамда механизмларини жорий қилиш, янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ҳамда ғовларни бартараф этиш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун йўли билан ҳимоя қилиб, давлат томонидан кафолатланиши – жамият ва давлат ривожи, халқимизнинг осойишта ва фаровон турмуш-тарзи кечиришига замин яратади.
Жамила Султанова, Хоразм вилояти маъмурий суди раиси
Ҳар бир инсоннинг ҳаёти туғилганидан умрининг охиригача оила даврасида кечади. Оила эса, албатта, никоҳ тузилганидан сўнг вужудга келади. Кўплаб ҳолатларда фуқаролардан оилавий можаролар, алимент масаласи, шунингдек, ажралиш ҳолатларидаги мулкий низолар хусусида хат ва аризалар келиб тушади. Уларни таҳлил қилар эканмиз, бу ҳолатлар оилавий муҳит, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмасликлари оқибатида келиб чиқаётганига амин бўламиз. Мамлакатимиз қонунчилигида никоҳ тузиш шартлари, тартиби, никоҳ шартномаси ва уни ўзгартириш, бекор қилиш омиллари белгилаб қўйилган.
Қуйида мазкур муносабатлар ҳақида батафсилроқ маълумот беришни лозим топдик.
Даставвал…
Оила — инсоннинг ҳаёти, фаолияти, бир сўз билан айтганда, бутун умри чамбарчас боғлиқ ҳолда кечадиган мўътабар маскан. Мамлакатимизнинг юздан зиёд қонун ва қонуности ҳужжатларида оила манфаати ва унинг ҳимоясини мустаҳкамлаш назарда тутилган. Жумладан, 1998 йилда қабул қилинган Оила кодексида никоҳ тузиш ёки никоҳнинг тугатилиши, мулкий, болаларнинг насл-насабини белгилаш, алимент мажбуриятлари, туғилишни, никоҳ тузилганлиги, ўлимни қайд этиш, фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш каби муносабатлар тартибга солинган.
Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 6-сон Қарорида судлар оилани мустаҳкамлашга қаратилган барча чораларни кўришлари лозимлиги таъкидланган.
Оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилади.
Ҳақиқатан, оила — муқаддас даргоҳ. Табиийки, бу мезон никоҳнинг азиз тушунча эканини кўрсатади.
Афсуски ушбу тушунчалар мазмун-моҳиятини ҳамма ҳам тушунавермайди, натижада яхши ниятлар билан тузилган никоҳнинг бекор қилиниши, оилаларни ажрашиши ва бегуноҳ болаларнинг етим бўлишига олиб келади.
Мазкур тоифадаги ишларни кўришда судлар ажримларни олдини олиш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, “Оилани қўллаб қувватлаш” бўлимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият кўрсатаётган бўлса-да, минг афсуски никоҳдан ажрашиш ҳақидаги судларга мурожаатлар кўпаймоқда.
Жумладан, Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2021 йил давомида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 2079 та фуқаролик иши кўрилиб, шундан 1263 таси қаноатлантирилган, 58 та фуқаролик ишлари бўйича иш юритиш тугатилган, 623 та даъволар рад қилинган, 135 та даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган.
Бу кўрсаткич 2020 йил давомида кўрилган шу тоифадаги ишларга нисбатан 373 тага, ажрашган оилалар эса 263 тага кўпайганини кўрсатади.
Никоҳдан ажрашиш сабаблари таҳлил қилинганида, аксарият ажрашиш истагида судга мурожаат қилганларнинг ёши 30 ёшгача эканлиги, ажрашиш учун келтирилган важлар оиладаги вақтинчалик келишмовчиликлар, турмушга учинчи шахсларнинг аралашиши, бир-бирига хиёнатда гумонланиш ва бошқаларни кўриш мумкин.
Никоҳдан ажратиш ҳақидаги низолар ўзи билан бошқа тоифадаги яъни алимент ундириш, бола тарбияси билан боғлиқ низолар, уй-жойдан фойдаланиш юзасидан низолар, мол-мулкларни ундириш ва бўлиш ҳақидаги низоларни ҳам юзага келтиришини, шу билан бирга оиладаги носоғлом вазият жиноятчиликни кўпайишига ҳам олиб келаётганини кўриш мумкин.
Шу мақсадда ёшларга оиланинг муқаддаслиги, никоҳ тузишнинг эркинлиги, ўзаро розилик, никоҳ ёши ва никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатларни мактаб давридан ўргатиш ҳамда уларни ҳаётга тайёрлаш лозим.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, никоҳ муқаддас, у ҳар бир кишининг келажагини белгилайдиган муҳим ва масъулиятли маросим. Бир донишманд айтганидек, никоҳдан ўтиш мажбурий эмас, лекин ундан ўтдингми, унинг қонун-қоидаларига риоя этиш мажбурий. Никоҳдан ўтишнинг ўз масъулияти ва мажбурияти бор, албатта. Зеро, никоҳнинг қонун-қоидаларига сўзсиз бўйсуниш, ҳаётнинг оғир ва енгилига доимо тайёр бўлиш, турмуш синовларини сабот ва матонат билан енгиш оилавий бахт калитидир.
Зафар Султанов, Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси
Тўловга қобилиятсизлик — суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.12.2021 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, “Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорнинг 3-банди “б” кичик банди учинчи хатбошисига ўзгартириш киритилди.
Унга кўра давлат солиқ хизмати органларининг аризалари бўйича қўзғатилган тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишда тўртинчи тоифали суд бошқарувчиси аттестатига эга бўлган ва Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси аъзолари ҳисобланган шахслар суд бошқарувчиси этиб тайинланади;
соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, агар қарздор билан бошқача келишув белгиланган бўлмаса, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик ҳақида иш қўзғатиш тўғрисида ариза берган солиқ органи томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади.
Киритилган мазкур ўзгартириш шуниси билан фарқланадики унга кўра, олдинги таҳрирдаги қарор билан суд бошқарувчиси томонидан ҳар бир тугатилган тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби бўйича қарздор турган жойдаги туман (шаҳар) солиқ инспекциясининг қарорига асосан, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан суд бошқарувчисига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 7,03 баравари миқдорида ҳақ тўланган бўлса, эндиликда ушбу қарор билан киритилган ўзгартиришга кўра, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни, солиқ органи томонидан қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби бўйича иш қўзғатиш ҳақида ариза билан мурожаат қилинганда, суднинг депозит ҳисобварағига олдиндан тўлов амалга оширилиши белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни 26-моддасига кўра, суд бошқарувчисига вазифаларини бажарганлиги учун ҳақ тўлаш миқдори ва тартиби бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда кредиторларнинг йиғилиши томонидан белгиланади, суд томонидан тасдиқланади ҳамда, агар кредиторлар билан тузилган битимда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан тўланади.
Тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, агар қарздор билан бошқача келишув белгиланган бўлмаса, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берган аризачи томонидан қопланади. Бунда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етти баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади. Суд бошқарувчисига ҳақ ҳар бир якунланган иши учун тўланади.
Агар суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатлари суднинг депозит ҳисобварағига ўтказилмаган бўлса, суд қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани қайтаради.
Юқорида қайд қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмунидан шуни хулоса қилиш мумкинки, агарда тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган таомиллари бўйича иш қўзғатиш тўғрисида ариза солиқ органи томонидан берилса, бунда солиқ органи суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида олдиндан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўловни амалга оширади.
Шунингдек, агарда солиқ органидан бошқа шахслар томонидан тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган таомили тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берилса, бунда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етти баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади.
Баҳодир Давлатов, Боғот туманлараро иқтисодий суди раиси
Бугун юртимизда банк соҳасида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бундан бир неча йиллар олдин кредит олиш учун шунчалар кўп қоғозбозлик қилинардики, пулни олгунча мижознинг тинкаси қурирди. Бугун эса тизим тубдан ўзгарди. Ҳатто маълум миқдордаги кредитларни олиш учун банк биносига бориш ҳам шарт эмас. Уйдан чиқмаган ҳолда банк иловасидаги белгиланган устунларни тўлдирсангиз бас, пуллар электрон ҳамёнингизга ўтказиб берилади. Бундай қулайликдан кўпчилик кредит олишни ният қилганларнинг заҳмати енгиллашди. Аммо… бу имкониятдан ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишга улгуриб қолаётган “учарлар” ҳам орамизда йўқ эмас. Хусусан Э. Эшдавлатов (исм-фамилиялар ўзгартирилган)га суднинг қора курсиси ва қамоқхона панжаралари бегона эмас. У қилган жиноятларидан хулоса чиқариб, тўғри ҳаётга қайтиш ўрнига ақлга сиғмайдиган даражада бирин-кетин иқтисодий жиноятларни содир эта бошлаган. Ҳатто шунчалик устаси фаранг бўлиб кетганидан одамларнинг ишончига кириб, катта миқдордаги пулларни ҳам ҳеч қийналмасдан қўлга киритди.
Охири йўқ жиноятлар “бунёдкори”
1998 йилда туғилган Э.Эшдавлатов муқаддам бир неча бор судланган. Биринчи марта, 2016 йилдажиноят ишлари бўйича Хива туман суди ҳукмига кўра,ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми, 165-моддаси 2-қисми “а” банди, 168-моддаси 2-қисми “б” банди, 25 ва 243-моддаси 1-қисми билан айбланган. Аммо жиноят иши амнистия актига асосан тугатилган.
2017 йилда эса “қаҳрамонимиз”га ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Қонликўл туман судининг 2018 йил 29 ноябрдаги ажримига кўра, ЖКнинг 74-моддасига асосан ўталмай қолган 3 йил 7 ой 26 кун жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган, жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2019 йил 10 октябрдаги ажримига кўра, ЖКнинг 75-моддасига асосан ўталмай қолган 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан озод қилинган, ЖКнинг 78-моддаси “д” бандига асосан судланганлик ҳолати тугалланмаган.
Шу сабабли 2021 йил 6 декабрь куни Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судланувчи Э.Эшдавлатовга оид жиноят ишини Урганч шаҳар прокурори томонидан келтирилган апелляция протести ва судланувчи Э.Эшдавлатовнинг апелляция шикояти асосида кўриб чиқди.
Ҳайратланарли кредит найранглари
Э.Эшдавлатов муқаддам судланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан бўлишига қарамасдан тинч юрмайди. Қонун билан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритиб, ўз найрангларини бошлаб юборади. У АТБ “Агробанк” Хоразм вилояти филиалларидан кредит олиш ва кредитларни нақдлаштириб ўз эҳтиёжлари учун ишлатиш мақсадида, қонуний асосларда бирон-бир тадбиркорлик фаолият тури билан амалда шуғулланмасдан, ноқонуний йўллар билан, яъни банклар томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит маблағлари ажратилаётганидан фойдаланиб, шахсий бойлик орттириш мақсадида, ўзининг номига вилоятнинг 9 та туманида 21 та янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилади.Ушбу субъектларнинг ҳисоб рақамларини “Агробанк” АТБ Хоразм вилояти филиалларида очиб, 17 та тадбиркорлик субъектларига 1 млрд. 212 млн. сўмлик “Онлайн” ҳамда “Овердрафт” электрон кредитларини олади. “Агробанк” АТБ Хоразм вилояти филиалларининг жами 2 млрд. 705 млн. 55 минг. 695 сўмлик кредит маблағларининг ажратилишига эришади.
Битта бизнесни гуллаб яшнатишга асқотадиган бу пулларни, афсуски, жиноятчи компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб, ўзи бошқариб келаётган “Soyotli usta quruvchi” МЧЖнинг ҳисоб-рақамига “қурилиш маҳсулотлари сотиб олиш учун”, деб ўтказиб, шунчаки шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.
Ишонч инсонлар ўртасидаги жуда улуғ фазилат. Баъзида бирор инсоннинг ишончини қозониш учун йиллар керак бўлади, баъзан эса бир неча уринишнинг ўзи кифоя. Хўш, “қаҳрамонимиз” буни қандай уддалади? Тўрига илинмоқчи бўлиб турган тилла балиққа озгина хўрак ташлади ва буткул ишончига кирди. У фуқаро Ф.И билан учрашиб, унга тегишли бўлган Янгибозор туманида жойлашган дала шийпонини 600,0 млн. сўмга сотиб олишга келишиб, олдиндан 140,0 млн. сўм пулларни беради ва қолган 460,0 млн. сўм пулларни дала шийпонини банкдан олиниши лозим бўлган кредит маблағи эвазига гаров таъминоти сифатида қўйиб беришини сўрайди. Табиийки, пулнинг бир қисми қўлига текканидан хурсанд бўлган жабрланувчи унга буткул ишонади ва моҳир фирибгар “Агробанк” Қўшкўпир тумани филиалидан 1.212 млрд. сўм кредит маблағи олишга эришади. Энг қизиғи, у ҳеч нарса бўлмагандек, Ф.Ининг дала шийпони учун ваъда қилган пулларни унутади. Олинган кредит маблағини ҳам қайтармаганлиги сабабли аёл кишининг гаровга қўйилган дала шийпони банк томонидан мусодара этилади.
“Уй олиб бераман” деб чув туширди
Хўш, жиноятчи шу билан тинчидими? Йўқ, у янги ўлжалар қидиради.Лаққа тушадиганларнинг ҳам топила қолганини қаранг.
Э.Эшдавлатов иккинчи ўлжасини қўлга киритиш учун режа тузади. Фуқаро У.М билан учрашиб, унга Урганч шаҳрида яхши жойлашув ўрнига эга бўлган манзилдан “Ипотека” асосида қурилаётган уйдан олиб беришни ваъда қилади ва унинг 100,0 млн. сўм пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.
Тикув машиналари ҳам, 30 миллион ҳам йўқ
Пешона тери тўкмай миллион-миллионларни қўлга киритишга ўрганиб қолган жиноятчи тикув цехи раҳбари Ч.Ибрагимова билан учрашиб, 2020 йил 10 август куни ўз раҳбарлиги асосида фаолият юритиб келган “Soyotli Usta Quruvchi” МЧЖ номидан 12-сонли шартнома расмийлаштириб, ҳаракатларига қонуний тус берган ҳолда шартномага асосан тикув машиналарни етказиб беришни айтиб, жамият ҳисоб рақамига 30,0 млн. сўм маблағни ўтказиб олишга эришган. Аммо тикув машиналаридан ҳанузгача дарак йўқмиш.
Фирибгарлик энди касбга айланди
Энди Э.Эшдавлатов ўзига жиноий шерик топиб, таниши Р.Ж билан олдиндан жиноий тил бириктириб, фуқаро Қ.Т билан учрашади ва олдинги ҳийласини қўллаб, ҳаракатларига қонуний тус берган ҳолда шартномага асосан сув тозалаш ускунаси етказиб беришни айтади. Жамият ҳисоб рақамига Қ.Тга ажратилган 50,0 млн. сўм кредит маблағини ўтказиб олишга эришиб, бироқ жабрланувчига сув тозалаш ускунасини етказиб бермайди. Худди шу йўл билан жиноий шериги иштирокида фуқаро М.Дга маиший техника воситаларини етказиб беришни айтиб, жамият ҳисоб рақамига 15 млн. сўм пулни ўтказиб олади, маиший техника воситаларини етказиб беришни эса шунчаки эсдан чиқаради.
Бундан ташқари, Э.Эшдавлатов 2020 йил 28 октябрь куни фуқаро Д.Р билан учрашиб, унга “Ипотека” банкдан 1.5 млрд. кредит маблағи олаётганлиги сабабли ҳужжатлар учун 50,0 млн. сўм зарурлигини айтади ва алдаб, унинг 50,0 млн. сўм пулини чўнтакка уради.
Бойлик васвасаси
Э.Эшдавлатов ноқонуний бойлик орттириш мақсадида, “Khiva Pay-Servis” МЧЖ фаолиятини 2020 йилдан бошқариб келиб, жамиятга тегишли бўлган қурилиш материаллари ва ёғоч каби маҳсулотларни савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган ҳолда нақд пулга сотиб, сотувдан тушган жами 1 млрд. 129 млн. 445 минг сўмлик пул маблағларини ҳисобга олиш регистрларида акс эттирмаган. Давлат солиқ идораларига топширилган ҳисоботларда ушбу нақд пул тушумларикўрсатмаганлиги натижасида 291 млн. 379 минг сўмлик жуда кўп миқдордаги давлат томонидан белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган.
Шунингдек, “Soyotli Usta Quruvchi” МЧЖ фаолиятини 2015 йил 23 июлдан ҳозирги кунга қадар бошқариб келиб, жамиятга тегишли бўлган юқори ликвидли маҳсулотларни нақд пулга сотиб, сотувдан тушган жами 231 млн. 154 минг сўмлик пул маблағларини ҳисобга олиш регистрларида акс эттирмаган.
Бундан ташқари, 2020 йилнинг апрель ойидан 2021 йилнинг 1 январь кунига қадар бўлган давр мобайнида давлат солиқ органларига тақдим қилган ҳисоботларида товарлар реализация қилинганлиги ҳисоботларда яширилганлиги натижасида жами 42.221.000 сўм миқдордаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаб, давлат манфаатларига иқтисодий зарар етказган.
Нима учун протест киритилди?
Протестда, биринчи инстанция суди жиноят натижасида етказилган зарарлар тўлиқ қопланмаган бўлса-да, Э.Эшдавлатовга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини нотўғри қўллаб, асоссиз енгил жазо тайинлагани ҳамда Э.Эшдавлатов фирибгарлик йўли билан 2.705.055.695 сўм пул маблағини қўлга киритган бўлса-да, иқтисодий суд томонидан ундан ушбу пул маблағи ундирилиши белгилангани сабабли Э.Эшдавлатовдан 2.705.055.695 сўм пул маблағини ундиришни белгиламасдан хатога йўл қўйганини инобатга олиб, суд ҳукмини бекор қилиб, янги айблов ҳукми чиқариш сўралган. Судланувчи Э.Эшдавлатов апелляция шикоятида, ўзига тегишли бўлган корхоналар томонидан қонуний асосда кредит олингани сабабли ушбу айб эпизодларида фирибгарлик жинояти аломатлари мавжуд эмаслигини инобатга олиб, айбидан чиқаришни ва жазони енгиллаштиришни сўраган.
Ниҳоят, сўнгги ҳукм!
Судлов ҳайъати томонидан жиноят иши ҳар томонлама синчковлик билан ўрганилиб, қайд қилинганларга асосан, судланувчига янги ҳукм чиқарилди.
Унга ЖКнинг 59,61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8 йилу 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Шунингдек, судланувчи Э.Эшдавлатовдан фуқаровий даъвогарларга етказилган зарарлар қайтарилиши, тўлашдан бўйин товланган 934.804.200 сўмлик солиқ ва бошқа йиғимлар Урганч шаҳар ДСИ орқали тегишли тартибда давлат бюджети фойдасига ундирилиши ҳамда даъвогар “Агробанк” АТБ Хоразм вилояти филиалига етказилган қопланмасдан қолган 965.512.228 сўми судланувчидан “Агробанк” АТБ Хоразм вилояти филиали фойдасига ундирилиши белгиланди.
Хулоса
Қилган фирибгарликлари учун қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлаётган бу 24 ёшли йигит агар шу ақли ва имкониятларини қинғир ишларга сарфламаганида балки бугун ундан юртимиз равнақи учун хизмат қиладиган кучли тадбиркор етишиб чиқарди. Афсуски, энди у умрининг энг гуллаган ёшлик йилларини панжара ортида ўтказади. Бировнинг ҳақини ейиш қонунларимизда жиноят бўлса, динимизда улкан гуноҳдир. Жиноятларимиз учун қонун олдида, гуноҳларимиз учун эса Аллоҳнинг ҳузурида савол-жавобга тутилишимизни эсдан чиқармайлик.
Халқимизнинг фаровон яшашини таъминлайдиган асосий манбалардан бири бу— ер. Шунинг учун ер ресурсларига нисбатан оқилона муносабатда бўлиш, улардан унумли ва самарали фойдаланиш зарур.
Амалдаги қонун ҳужжатлари, хусусан, Вазирлар маҳкамасининг “Аҳоли пунктларини қуришда шаҳарсозлик ва ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлашга, шунингдек тадбиркорлик мақсадлари учун ер ажратиш тартибини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ўзбошимчалик билан қурилган барча турдаги иморатларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чораларини кучайтиришга қаратилган.
Аниқланишича, фуқаро (исм-шарифлар ўзгартирилган) О.Абдуллаев Тупроққалъа тумани Питнак қишлоғидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерни ноқонуний равишда эгаллаб олиб, ўзбошимчалик билан турар жой пойдевори қурган. Мазкур ҳолат юзасидан, Кадастр агентлигининг Тупроққалъа тумани бўлими фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилган.
Мурожаатда кадастр бўлими Тупроққалъа тумани Питнак қишлоғи қишлоқ хўжалик ерига қарашли 0,017 гектар экин ер майдонида ўзбошимчалик билан турар жой пойдевори қурганлигини кўрсатиб, ноқонуний равишда қурилган қурилишни жавобгар ҳисобидан буздириб, ер майдонини олдинги ҳолатига келтириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаришини сўраган.
Шунингдек, суд мажлисида даъвогар томон фуқаро О.Абдуллаевни Ер кодексининг 91-моддасида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилиши, ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги турар жойни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланиб қўйилганлиги тўғрисида огохлантиргани ҳақида таъкидлаб ўтди. Лекин О.Абдуллаев жой пойдеворини бузиб олмасдан келаётганлиги сабабли судга мурожаат қилишга мажбур бўлганлигини билдирди. Шунингдек, ушбу қонунбузилиш ҳолатини бартараф этилишини сўраб тушунтириш берди.
О.Абдуллаев қўзғатилган даъво аризасини тан олиб, турар жойга эҳтиёжи бўлганлиги сабабли қурилиш ишларини амалга оширганлигини, лекин ер майдонини ўзига тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқлигини, эндиликда турар жойига кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга ҳаракат қилишини айтиб, суддан даъво аризани рад қилишини сўраган.
Аммо қонун барчага бирдек баробар. Суд юқоридагиларга асосланиб, ноқонуний қурилишни буздириш ва ерни олдинги ҳолатига келтириш ҳақидаги даъво талаблари асосли ва қаноатлантирилиши лозимлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 141, 280, 283-моддаларига кўра тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши тўғрисида якуний хулосага келди.
Хоразм вилоят суди томонидан 11 июнь куни соат 10:00да жамоатчилик вакиллари, журналист ва блогерлар учун «Суд жараёнлари очиқлигини таъминлашдаги ҳуқуқий меъёрлар» мавзусида очиқ мулоқот ўтказилади.
Манзил: Урганч туманлараро иқтисодий суди биноси.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2026 | Хоразм вилоят суди