ХИВА ШАҲРИДА СУДЬЯЛАР ТОМОНИДАН ТАДБИРКОРЛАР УЧУН СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ
Судда инвестор ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг муаммоларини ўрганиб, зарур бўлган ҳуқуқий маслаҳатлар бериш мақсадида Хоразм вилоят суди томонидан туманларда ишбилармонлар билан давра суҳбатлари, семинарлар ўтказилмоқда.
Навбатдаги ана шундай семинар иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари томонидан Хива шаҳрида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Хоразм вилоят судининг бош консультанти Бунёд Хусинов хабар берди.
Семинарда Хива шаҳрида фаолиятини олиб борувчи тадбиркорлар, солиқ инспекцияси масъул ходимлари иштирок этишди. Дастлаб иқтисодий ишлар бўйича судларда кўрилиш сони ошган ишлар ҳақида маълумот берилиб, бу каби низоли вазиятларга сабаб бўладиган ҳолатлар муҳокама қилинди.
Кейин эса ишбилармонларнинг судга доир мурожаатлари эшитилиб, уларга зарур бўлган ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Хоразм вилоят судининг ўтган 2021 йилдаги фаолиятида кўрилган иқтисодий ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, асосий низолар солиқ қарздорлиги, маҳсулот етказиб бериш шартномаси ҳамда кредит шартномаларини вақтида бажармаслик каби масалаларда юзага келаётгани кўринади. Шу сабабли семинар давомида иштирокчиларга шартнома тузиш қоидалари, уни бекор қилиш тартиби бўйича тўлиқ тушунтириш берилди.
Шартномалар – бу битим иштирокчиларининг асосий келишувларини қайд қиладиган ҳужжатлардир. Улар мамлакат доирасида ва ташқи савдо оборотида товарлар ва молиявий маблағларнинг ҳаракатини таъминлайди.
Семинар давомида иштирокчиларга аслида тадбиркорлар шартнома тузишда нималарга эътибор бериши лозимлиги ҳамда шартнома предмети; тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари; шартнома суммаси ва ҳисоб-китоб тартиби; тарафларнинг жавобгарлиги; низоларни ҳал қилиш тартиби; Форс-мажор; якуний қоидалар тўлиқ тушунтирилди.
Бу каби семинарлар янги фаолият бошлаган тадбиркорларга судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартибини тушунтириш ва ишбилармонларни суд тизимига доир қонунчиликдаги янгиликлар билан мунтазам таништириб боришга ҳисса қўшади. — Илёс Тешаев, Хоразм вилоят суди раиси ўринбосари.