Сайёр қабул – аҳоли мурожаатларига ечим

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан йўлга қўйилган халқ билан мулоқот тизими фуқароларни ташвишлантираётган ижтимоий-маиший муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда давлат идоралари жумладн, судлар ҳам ҳудудларда сайёр қабулларни тизимли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратган.

2026 йил давомида фуқароларнинг судга доир мурожаатларини ўрганиш мақсадида тасдиқланган режага асосан Янгиариқ тумани “Ширшоли” маҳалласида вилоят судларининг сайёр қабули ўтказилди. Унда вилоят суди ва вилоят маъмурий суди раислари аҳолининг судга доир мурожаатларини эшитиб, тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар беришди.

Қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди. Улар асосан, оилавий ва меҳнат низолари, мансабдор шахсларнинг қароралрини бекор қилиш ҳамда суд қарорларининг ижроси таъминланмаётганлиги каби масалаларда бўлди.

Бу каби қабуллардан мақсад ҳам туманларда истиқомат қилувчи аҳолини овора қилмасдан, яшаш ҳудудларига бориб мулоқотлар ўтказиш ва мурожаатларини ҳал этиш бўйича аниқ йўналиш беришдир.

Хоразмлик судья «Ибратли судья» мукофоти билан тақдирланди

Президентимизининг “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан одил судловни амалга оширишда юқори рейтинг кўрсаткичга эга бўлган судьяларни “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирлаш белгиланган эди.

Мазкур фармон ижроси доирасида 2025 йил якунлари бўйича Республикада энг юқори рейтинг кўрсаткичига эга 14 нафар судья “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланди.

Мукофотланганлар орасида Хоразмдан вилоят маъмурий суди судьяси Сардорбек Матниязов ҳам бор. 

Шунингдек, Судьялар олий кенгаши қарорига асосан фарзандини вояга етказиб, эл-юрт хизматига сафарбар қилганлиги учун фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди судьяси Сардор Каримовнинг отаси Камил Каримовга ташаккурнома топширилди.

Видеоконфренцалоқа тизимида ўтказилган тадбирда тақдирланганларга мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Болалар ҳуқуқи бугуннинг энг долзарб мавзуси

Жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман суди томонидан Президентимизнинг “2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида белгиланган долзарб масалалар юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда туман судининг тергов судьяси Ш.Сейтирзаев, тумандаги умумий ўрта таълим мактабларининг бевосита болалар билан ишловчи ходимлари ва «Инсон» ижтимоий ҳимоя маркази вакиллари иштирок этишди.

Мулоқот давомида болаларга нисбатан уларнинг қонуний вакиллари ёки бошқа қариндошлари томонидан зўравонлик ҳолатлари бўйича ишни судга қадар юритиш ва суд муҳокамаси жараёнларидаги барча процессуал ҳаракатларни амалга оширишда васийлик ва ҳомийлик органи вакили мажбурий тартибда иштирок этиши юзасидан тушунтириш берилди.

Мазкур Фармон суд ва тергов жараёнларида болалар манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ қилишни назарда тутади. Масаланинг долзарблиги шундаки, зўравонликдан жабрланган бола тергов ва суд жараёнида иккинчи бор руҳий босимга учрамаслиги керак. Шу сабабли суд-ҳуқуқ тизимида болалар манфаатлари устувор этиб белгиланмоқда.

Болалар ҳуқуқи қонун ҳимоясида

Жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди томонидан Урганч давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026–2030-йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини юзасидан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда туман суди раиси И.Усмонов, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этишди. Мулоқот давомида мазкур Фармонда белгиланган устувор йўналишлар, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар, шунингдек, зўравонлик ҳолатларининг олдини олишда давлат органлари ва жамоатчиликнинг ўрни ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 1992 йилда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг ратификация қилиниши, 2008 йилдаги «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳуқуқий пойдевор бўлган эди. Бироқ, ўтган давр мобайнида ижтимоий муносабатлар ўзгарди. Бугун болалар нафақат жисмоний тазйиқдан, балки психологик босимдан, кибербуллинг ва ижтимоий яккаланишдан ҳам ҳимояга муҳтож. Шу сабабли, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган ушбу Стратегия замон талабларига жавоб берадиган, бола манфаатларини ҳар нарсадан устун қўядиган яхлит тизим сифатида майдонга чиқди.

Мулоқот давомида иштирокчиларга болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналиши жуда долзарб эканлиги тушнтирилиб, бунга барча бирдек масъул эканлиги таъкидланди.

Тадбир давомида талабалар вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб этиш, болаларга нисбатан зўравонлик қилиш каби ҳолатлар учун қонунларимизда белгиланган жазо турлари каби саволларига жавоб олишди.

Судья ва ёшлар мулоқоти

Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида жиноят ишлари бўйича Гурлан туман суди томонидан Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими билан ҳамкорликда очиқ мулоқот ва сайёр суд мажлислар ўтказилди.

Унда асосан ёшлар, профилактик ҳисобда турувчи фуқаролар, маҳалладаги ёшлар етакчиларидан иборат иштирокчиларнинг қатнашиши таъминланди.

Тадбир судья ва ёшлар мулоқотидан бошланди. Унда жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Ж. Аҳмедов Республикамизда болалар ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларни зўравонликдан ҳимоя қилиш масалаларига тўхталди. Жумладан, Президентимизнинг “2026–2030-йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони бу борада янги босқични бошлаб берганлиги таъкидланди.

Фармонда белгиланган вазифаларнинг аҳамияти иштирокчиларга батафсил тушунтирилди.

Шунингдек, мулоқотда ёшлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ўғил-қизларнинг таклифлари эшитилди.

Бугун жамиятда долзарб ҳисобланган оилавий(маиший) зўравонликнинг салбий оқибатлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик масалалари ҳам маърузачилар эътиборидан четда қолмади.

Тадбир давомида сайёр суд мажлиси ташкил этилиб, шу ернинг ўзида ёшлар томонидан содир этилган жиноят ишлари кўриб чиқилди. Суд жараёни, судланувчиларнинг пушаймонлиги, қўлига кишан солинишигача барча процессуал ҳаракатлар иштирокчиларнинг кўз ўнгида бўлди. Бундан мақсад ҳудудда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда ёшларда жиноятга жазо муқаррарлиги ҳақида тўғри тушунча шакллантиришдир.

Маъмурий судда “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди

Тадбиркорларни судлар фаолияти, соҳага доир қонунчиликдаги янгиликлар билан яқиндан таништириш мақсадида вилоят маъмурий суди ҳамда Урганч туманлараро маъмурий судида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Унда тадбиркорлар, юридик шахслар вакиллари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этишди.

Тадбирда иштирокчилар суд биносида ташкил этилган адвокатлар хонаси, прокурор хонаси, фуқароларни қабул қилиш жараёни, суд мажлислар зали ҳамда судга ташриф буюрувчилар учун яратилган бошқа шароитлар билан танишдилар. Уларга суднинг архиви ва девонхонаси фаолияти бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.

Кейин эса судья ва қатнашчилар иштирокида мулоқот ташкил этилди. Унда маърузачилар маъмурий судда кўриладиган ишлар тоифаси, суднинг ваколатлари ҳамда Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилда имзоланган соҳага доир фармонлар ҳақида гапиришди. Судьялар томонидан суд тизимидаги ислоҳотлар ва коррупцияга қарши курашишда судларнинг роли масалаларига ҳам алоҳида тўхталинди.

“Очиқ эшиклар куни” тадбири доирасида судга мурожаат қилувчи фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган ўндан ортиқ суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиби ва суд мажлисларида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари иштирокчиларга тўлиқ тушунтирилди.

Суд қарорлари ижроси самарадорлиги оширилади

Хоразм вилоят суди ва вилоят маъмурий суди томонидан Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси вакиллари билан суд ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга бағишланган семинар ўтказилди.

Вилоят суди раислари, судьялар, Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирок этган тадбирда асосий эътибор суд қарорлари ижросини ўз вақтида таъминлаш, ижро ҳужжатларини қайтарилишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганиш ва уларга барҳам беришга қаратилди.

Мулоқотларда жорий йилнинг ўтган даврида МИБга юборилган ижро ҳужжатлари, уларнинг ижроси, шунингдек, ижро ҳужжатларининг қайтарилиш ҳолатлари юзасидан ўтказилган таҳлиллар муҳокама қилинди.

Мазкур масалалар юзасидан судьялар, мажбурий ижро бюроси ходимларининг фикр-мулоҳазалари ҳам эшитилди.

Шунингдек, мулоқотларда ижрога юборилган суд ҳужжатларининг МИБ туман бўлимлари томонидан қайтарилиш сабаблари ва электрон база бўйича айрим тушунмовчиликларга ойдинлик киритилди.

Якунда ижро самарадорлигини ошириш, иш сифатини яхшилаш мақсадида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда суд қарорлари ижросининг вақтида таъминланишига тўсқинлик қилаётган камчиликларни қонун доирасида бартараф этишга келишиб олинди.

Коррупциянинг олдини олиш юзасидан семинар

Бугун Республикамизда соҳалар кесимида коррупциянинг олдини олиш бўйича бир қатор ишлар олиб борилиб, бу муҳим масаланинг қонуний асослари такомиллаштирилмоқда.

Шу сабабли Хоразм вилоят судида судьялар ва суд ходимлари, вилоят прокуратураси, божхона бошқармаси вакиллари, тиббиёт бирлашмаси ходимлари ҳамда адвокатлар иштирокида “Коррупциянинг олдини олиш ва жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлаш” мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинарни вилоят суди раиси Ш.Камолов очиб бериб, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар марказида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бинобарин, коррупцияга қарши изчил кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлиги ҳамда юртимизда илғор халқаро стандартларга асосланган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашиш тизимини жорий этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигига тўхталиб ўтди.

Мулоқотларда Республикамизда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, айниқса давлат органларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу ўринда суд тизимида ҳам рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтиришга эришилди. Масалан, бугунги кунда судга даъво аризасини онлайн топшириш, суд ҳужжатларининг электрон нусхасини олиш каби хизматлар тўлиқ рақамлаштирилди. Олий суднинг my.sud.uz портали орқали миллионлаб фуқаролар ўз суд ишини кузатиш, апелляция бериш каби қулайликлардан фойдаланмоқда.

Шунингдек, семинар давомида Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий Кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган масалаларнинг мазмун-моҳияти барча иштирокчиларга яна бир бор тушунтирилди.

Якунда вилоятда коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва бу иллатга қарши курашишга барча бирдек масъул эканлиги таъкидланди.

СУД ҚАРОРЛАРИ ИЖРОСИ БИЛАН МУҲИМ

Суд жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни инобатга олиб, ундирув қарорини чиқарсаю, қарорнинг ижроси масъул органлар томонидан вақтида таъминланмаса фуқароларда нафақат мажбурий ижро бюросига, балки судга нисбатан ҳам салбий фикр уйғониши табиий.

Шу сабабли суд қарорларининг ижросини вақтида таъминлаш борасида самарадорликка эришиш мақсадида жиноят ишлари бўйича Хонқа туман суди томонидан туман прокуратураси, ИИБ, МИБ ходимлари ва маҳалла раислари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Таҳлилларга кўра, айрим ҳолларда фуқаролар суд қарорлари билан юклатилган ундирув мажбуриятини тушунмаслиги ёки унинг ҳуқуқий оқибатини билмаслиги маълум бўлган.

Шу сабабли туманда суд ҳужжатлари ижроси самарадорлигини ошириш бўйича фуқароларнинг мажбуриятини эслатиш ва суд қарорлари ижросини таъминлаш тартибини тушунтириш амалиёти йўлга қўйилди.

Давра суҳбатида туман суди раиси И.Шарипов томонидан ундирувчи томоннинг ҳам ҳуқуқий манфаатлари мавжудлигига тўхталиниб, суд томонидан чиқарилган қарорлар ўз вақтида ижро этилиши шартлиги таъкидланди.

Мажбурияти эслатилган фуқаролар суд қарорлари ижросини бажараётгани инобатга олиниб, ижро ҳужжатлари бўйича фуқароларни огоҳлантиришда ҳамкорликни йўлга қўйиш ва маҳалла раислари ёрдамидан фойдаланиш амалиётини давом эттиришга келишилди.

Оилавий зўравонлик: муаммо ва ечимлар

Хоразм вилоят судида “Оилавий зўравонлик: муаммо ва ечимлар” мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туман(шаҳар) судларининг судьялари, вилоят прокуратураси, ИИБ ва Адлия бошқармаси вакиллари иштирок этишди.

Мулоқотларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари тубдан такомиллаштирилаётганлиги ҳақида сўз юритилди. Жумладан, миллий қонунчилигимизда оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланганлиги таъкидланди.

Бу тоифадаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларни мунтазам равишда таҳлил қилиб, содир этилиш сабабларини ўрганиш, олдини олиш чораларини кўриш, жазо муқаррарлигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, мазкур ишларни ОАВда ёритишда қонунчилик талабларига амал қилиш, суд мажлиси иштирокчиларининг шахсий маълумотларини улар розилигисиз ошкор этмаслик масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Skip to content