Тергов фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган ўқув-амалий семинар









Давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида, шунингдек жорий йил 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича намунали амалиёт яратиш юзасидан ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасида ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва вилоят суди судьялари, Ички ишлар вазири ўринбосари, Бош прокуратура ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси масъул ходимлари, вилоят прокуратурасининг тармоқ раҳбарлари, туман ва шаҳар прокурорларининг соҳавий ўринбосарлари ҳамда терговчилари, Ички ишлар бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармасининг терговга масъул раҳбарлари, терговчи ва суриштирувчилари иштирок этди.
Тергов сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу ўқув-амалий семинарда тажрибали мутахассислар томонидан жиноят ишларини судда кўриш жараёнида тергов ва суриштирув органлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар, терговда рақамли криминалистика орқали электрон далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашнинг замонавий усуллари, шунингдек ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятлар (кибержиноятлар)ни фош этишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маърузалар қилинди.
Ўзаро баҳс-мунозара руҳида ўтган тадбир давомида терговчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб берилди.






