Судда очиқ эшиклар куни





Фуқароларни судлар фаолияти, соҳага доир қонунчиликдаги янгиликлар билан яқиндан таништириш ва жамоатчиликка суд интерактив хизматлари ҳақида маълумот бериш мақсадида жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар судида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Унда Урганч давлат университети юриспруденция йўналиши талабалари, Юридик техникумда таълим олаётган ёшлар нуронийлар, жамоатчилик фаоллари иштирок этишди.
Тадбир судья ва қатнашчилар иштирокида давра суҳбатидан бошланди. Унда маърузачилар судда кўриладиган ишлар тоифаси, суднинг ваколатлари, ишларни кўришнинг процессуал тартиблари ҳамда судларда жорий йилнинг биринчи ярмида кўрилган ишлар таҳлили ҳақида гапиришди.
Мулоқотларда суд тизимидаги ислоҳотлар ва коррупцияга қарши курашишда судларнинг роли ҳамда мазкур жиноятлар учун тайинланадиган жазо турлари масалаларига ҳам алоҳида тўхталинди. Жумладан, Президентнинг 140-сонли фармонига асосан суд тизимини рақамлаштириш бўйича маълумотлар берилди.
Шундан сўнг иштирокчилар туман суди биносида судга ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.
“Очиқ эшиклар куни” тадбири доирасида судга мурожаат қилувчи фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган ўндан ортиқ суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиби ва суд мажлисларида ҳамда вилоят суди раҳбариятининг қабулида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари иштирокчиларга тўлиқ тушунтирилди.






