Сайёр суд – жиноятдан тўғри хулоса чиқаришга ундайди








Жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш ҳамда жиноятга жазо муқаррар эканлигини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман суди томонидан кенг қамровли сайёр суд мажлиси ташкил этилди.
Унда маҳалла фаоллари, профилактик ҳисобда турувчи фуқаролар, ёшлар ҳамда турли идора ва ташкилотлар вакилларидан иборат 100 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Тадбир аввалида туман суди раиси Ҳ.Саидов ва тергов судьяси Б.Хайитбоевлар томонидан тумандаги криминоген вазият, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, айниқса ёшлар ўртасида учраётган ҳуқуқбузарликлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, гиёҳвандлик, ўғрилик ва бошқа турдаги жиноятларнинг инсон тақдирига, оиласи ва жамиятга келтирадиган салбий оқибатлари аниқ мисоллар асосида тушунтирилди.
Шундан сўнг сайёр суд мажлисида бир қатор жиноят ва маъмурий ишлар кўриб чиқилди. Суд жараёнида ишга оид барча ҳолатлар атрофлича ўрганилиб, судланувчиларнинг кўрсатмалари тингланди. Суд томонидан айбдор деб топилган шахсларга қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли жазолар тайинланди.
Суд жараёнини бевосита кузатган иштирокчилар судланувчиларнинг қилган ишидан пушаймонлиги, суд ҳукмининг эълон қилиниши ва жазони ижро этишга юборилиш жараёнларига гувоҳ бўлишди. Бу эса уларда жиноят содир этиш қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида аниқ тасаввур уйғотди.
Тадбир якунида фуқароларга қонунларга риоя қилиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлардан йироқ бўлиш, ёшларни турли салбий иллатлардан асраш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳар бир инсоннинг бурчи экани таъкидланди.
Сайёр суд мажлислари аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш, фуқароларни жиноят содир этишдан қайтариш ва жамиятда қонунийликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.






