Вилоят судлари жамоаси «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этишди










Бугун юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Бу борада Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мамлакатимизда кенг жамоатчиликни бирлаштирган муҳим экологик ҳаракатга айланди десак адашмаймиз.
Ушбу эзгу ташаббус доирасида Хоразм вилоят судлари жамоаси ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Лойиҳанинг баҳорги мавсумида вилоят, туманлараро ҳамда туман (шаҳар) судларида фаолият юритаётган судья ва суд ходимлари иштирокида Хонқа туманида кенг кўламли кўчат экиб, боғ яратиш тадбирлари ташкил этилди.
Жамоавий саъй-ҳаракатлар натижасида ажратилган ер майдонида жами 2 минг туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Кўчат экиш ишлари мутахассислар маслаҳати асосида амалга оширилиб, ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитига мос дарахт навлари танланди. Бу эса экилган кўчатларнинг барқарор ўсиши ва келгусида ҳудуднинг янада кўкаламзор бўлишига хизмат қилади.
Тадбирда судья ва суд ходимлари нафақат кўчат экиш ишларида, балки мавжуд дарахтларни парваришлаш, ҳудудни ободонлаштириш каби ҳашар жараёнларида ҳам фаол қатнашишди. Шу билан бирга, экилган кўчатларнинг тўлиқ парвариши, уларни мунтазам суғориш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш учун масъул ходимлар бириктирилди.
Бу каби ташаббуслар табиатни асраш, экологик маданиятни юксалтириш ҳамда келажак авлод учун соғлом ва мусаффо муҳит яратишга хизмат қилади.






