Суд жамоаси биргаликда сумалак сайлини ўтказишди. Унга суд фахрийлари, судья ва суд ходимлари таклиф этилиб, байрам дастурхони ёзилди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят суди раиси ва фахрийлар барчани Наврўз байрами билан табриклаб, юртимизга тинчлик-осойишталик, хонадонларга бахт ва саодат тилаб, ҳар кунимиз Наврўз бўлсин, дея эзгу ниятлар билдиришди.
Бир пиёла чой устида бўлган суҳбатларда соҳада узоқ йиллар ишлаган, бугун қарилик гаштини сураётган устозлар ёш судья ҳамда ходимларга ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб беришди.
Сумалак сайлининг бадиий қисми воҳалик санъаткорлар ва фальклор жамоаларининг чиқишлари билан давом этиб, ижро этилган миллий куй-қўшиқлар иштирокчиларга хушкайфият улашди.
Хоразм вилояти судида судьялар ҳамда суд аппарати ходимлари иштирокида суд тизимида коррупциянинг олдини олиш, шунингдек соҳани рақамлаштириш ва киберхавфсизликни таъминлаш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди.
Тадбирни вилоят суди раиси очиб бериб, мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади. Бу ислоҳотлар марказида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифа этиб белгилангани қайд этилди. Таъкидланганидек, коррупция фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончига жиддий путур етказади. Шу боис, суд тизимида илғор халқаро стандартлар асосида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашиш механизмлари изчил такомиллаштириб борилмоқда.
Семинарда Коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят ҳудудий кенгаши аъзоси қатнашиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва коррупцияга қарши курашишнинг долзарб йўналишлари хусусида маъруза қилди.
Муҳокамалар жараёнида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, суд тизимида инсон омилини камайтиришга хизмат қилаётган рақамлаштириш жараёнларининг аҳамиятига тўхталинди. Бугунги кунда судларга даъво аризаларини онлайн тарзда тақдим этиш, суд ҳужжатларининг электрон нусхаларини олиш, шунингдек my.sud.uz портали орқали суд ишларини кузатиш ва масофадан туриб иштирок этиш имкониятлари яратилгани қайд этилди.
Шу билан бирга, суд тизимини рақамлаштириш одил судловни самарали ташкил этишда муҳим омил экани, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали суд ишларини кўриб чиқиш жараёнининг тезкорлиги, очиқлиги ва шаффофлиги таъминланаётгани алоҳида таъкидланди.
Семинар кун тартибининг иккинчи масаласи ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликка бағишланди. Ушбу йўналишнинг бугунги кундаги долзарблиги қайд этилиб, рақамли тизимлар кенгайиб бораётган бир шароитда маълумотларни ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг махфийлигини таъминлаш, замонавий ҳимоя воситаларини жорий этиш ва доимий мониторинг олиб бориш зарурлиги билдирилди.
Тадбирга таклиф этилган вилоят ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси масъул ходими томонидан суд ходимларининг киберхавфсизлик соҳасидаги билим ва кўникмалари оширилди, амалий тавсиялар ва тушунтиришлар берилди. Айниқса, иштирокчилар замонавий киберхавфлар ва уларнинг олдини олиш чоралари ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлдилар.
Семинар якунида иштирокчиларнинг мавзулар юзасидан фикр-мулоҳазалари эшитилди ва саволларига жавоб берилди.
Унда вилоят суди раиси ўринбосари Т.Мирзаев ва туман(шаҳар) судлари судьялари, тергов судьялари ҳамда ИИБнинг Пробация гуруҳи ходимлари, терговчилар иштирок этишди.
Семинарда судьялар сўзга чиқиб, Пленум қарорларининг қонунчиликни тўғри талқин этиш ва суд амалиётида вужудга келаётган тушунмовчиликларни бартараф этишдаги роли ҳақида фикр билдиришди.
Жумладан, мазкур Пленум қарори пробациядаги маҳкумлар учун назорат ва чекловларни аниқ белгилаш, мажбурий жамоат ва ахлоқ тузатиш ишларини адолатли ва ҳуқуқий асосда тартибга солиш ҳамда уларнинг ижтимоий фаолиятини муҳофаза қилишни таъминлаши билан аҳамиятли эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, қарорда пробациядаги шахсларга интернет ва алоқа воситаларига қўшимча чекловлар қўйилиши, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи ҳаракатлардан ҳимоя қилиниш тартиби ҳам батафсил тушунтирилган.
Семинар давомида иштирокчилар Пленум қарори ва ундан кўзланган мақсад, ушбу тоифадаги ишларни кўришда алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳамда қонунчилик талаби ҳақида батафсил таништирилди.
Бугун юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Бу борада Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мамлакатимизда кенг жамоатчиликни бирлаштирган муҳим экологик ҳаракатга айланди десак адашмаймиз.
Ушбу эзгу ташаббус доирасида Хоразм вилоят судлари жамоаси ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Лойиҳанинг баҳорги мавсумида вилоят, туманлараро ҳамда туман (шаҳар) судларида фаолият юритаётган судья ва суд ходимлари иштирокида Хонқа туманида кенг кўламли кўчат экиб, боғ яратиш тадбирлари ташкил этилди.
Жамоавий саъй-ҳаракатлар натижасида ажратилган ер майдонида жами 2 минг туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Кўчат экиш ишлари мутахассислар маслаҳати асосида амалга оширилиб, ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитига мос дарахт навлари танланди. Бу эса экилган кўчатларнинг барқарор ўсиши ва келгусида ҳудуднинг янада кўкаламзор бўлишига хизмат қилади.
Тадбирда судья ва суд ходимлари нафақат кўчат экиш ишларида, балки мавжуд дарахтларни парваришлаш, ҳудудни ободонлаштириш каби ҳашар жараёнларида ҳам фаол қатнашишди. Шу билан бирга, экилган кўчатларнинг тўлиқ парвариши, уларни мунтазам суғориш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш учун масъул ходимлар бириктирилди.
Бу каби ташаббуслар табиатни асраш, экологик маданиятни юксалтириш ҳамда келажак авлод учун соғлом ва мусаффо муҳит яратишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тегишли фармойиши ижроси юзасидан ҳамда Наврўз байрами муносабати билан Хоразм вилоят судлари судьялари ва суд ходимлари ўртасида спортнинг шахмат тури бўйича мусобақа ўтказилди.
Қизғин баҳсларга бой бўлган турнирда судья ва ходимлари фаол иштирок этишди. Ярим финал ва финал ўйинларида барча рақибларини мағлубиятга учратган спортчилар ўзаро куч синашиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Ақл гимнастикаси номини олган шахмат баҳсларида вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Умид Хўжаниёзовга тенг келадиган рақиб топилмади. Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман судининг тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси Самандар Сапарбоев 2-ўринни ҳамда жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди судья ёрдамчиси Жавоҳир Рўзибоев 3-ўринни қўлга киритишди.
Тадбир якунида вилоят суди раиси томонидан ғолибларга диплом, медал ва эсдалик совғалари топширилди.
Судьялар ва суд ходимларига байрам арафасида муносиб шароит яратиш, уларнинг кундалик ишлардан чалғимасдан зарур озиқ-овқат маҳсулотларини қулай ва тезкор харид қилиш имкониятини таъминлаш мақсадида вилоят суди биноси ҳудудида махсус арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкил этилди.
Мазкур ярмарка доирасида ҳудудда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари ва деҳқонлар жалб қилиниб, улар томонидан етиштирилган табиий, сифатли ва экологик тоза маҳсулотлар кенг турда тақдим этилди.
Ярмарка расталарида янги сўйилган гўшт, мавсумий сабзавот ва полиз экинлари, шунингдек, кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган бошқа бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари жой олди. Барча маҳсулотлар бозор нархларига нисбатан анча арзон ва ҳамёнбоп нархларда сотувга қўйилиб, харидорларга қулайлик яратилди.
Фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказиш, уларга қонунчиликдаги янгиликлар мазмун-моҳиятини етказиш ҳамда ҳудуддаги жиноятчилик ҳолатини муҳокама қилиш мақсадида жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг тергов судьяси З. Мадраҳимов томонидан туманнинг “Қумравот” маҳалласида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мазкур тадбир давомида судья томонидан маҳаллада содир этилган ҳуқуқбузарликлар таҳлилига алоҳида тўхталиб ўтилди, ҳуқуқбузарликларнинг салбий оқибатлари ҳамда жавобгарликнинг муқаррарлиги аниқ ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди. Шунингдек, иштирокчиларга қонунларга риоя этиш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалий тавсиялар берилди.
Шунингдек, иштирокчилар ЎРҚ-1084-сонли Қонун билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришлар ҳамда Президентимизнинг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти билан таништирилди. Хусусан, ушбу ҳужжатда аёллар учун белгиланган имтиёзлар, кафолатлар ва уларни ҳимоя қилиш механизмлари атрофлича тушунтириб берилди.
Тадбир давомида сайёр суд мажлиси ҳам ўтказилди. Унда кўриб чиқилган айрим маъмурий ишлар тарафларнинг ярашуви билан тугатилган бўлса, бошқа ҳолатларда ҳуқуқбузарларга нисбатан қонун доирасида тегишли жазо чоралари тайинланди. Мазкур сайёр мажлис аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда муҳим аҳамият касб этди.
Давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида, шунингдек жорий йил 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича намунали амалиёт яратиш юзасидан ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасида ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва вилоят суди судьялари, Ички ишлар вазири ўринбосари, Бош прокуратура ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси масъул ходимлари, вилоят прокуратурасининг тармоқ раҳбарлари, туман ва шаҳар прокурорларининг соҳавий ўринбосарлари ҳамда терговчилари, Ички ишлар бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармасининг терговга масъул раҳбарлари, терговчи ва суриштирувчилари иштирок этди.
Тергов сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу ўқув-амалий семинарда тажрибали мутахассислар томонидан жиноят ишларини судда кўриш жараёнида тергов ва суриштирув органлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар, терговда рақамли криминалистика орқали электрон далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашнинг замонавий усуллари, шунингдек ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятлар (кибержиноятлар)ни фош этишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маърузалар қилинди.
Ўзаро баҳс-мунозара руҳида ўтган тадбир давомида терговчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб берилди.
Президентимиз томонидан 2026 йил 3 март куни қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармон мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш мақсадида Қўшкўпир туманида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мазкур тадбирда фуқаролик ишлари бўйича Урганч ва Боғот туманлараро судлари раислари Ш.Исмоилов, Ғ. Матякубов, жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман суди раиси Ф. Исмоиловлар иштирок этиб, фармонда белгиланган вазифалар, айниқса аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, бундай ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш каби муҳим масалалар ҳақида атрофлича маълумот беришди.
Очиқ мулоқот давомида иштирокчиларга мамлакатимизда аёллар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани таъкидланди. Шунингдек, мазкур фармон билан оилавий зўравонликка қарши курашиш тизими янада такомиллаштирилаётгани, жабрланувчиларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чоралари кенгайтирилаётгани ҳақида тўхталинди.
Тадбир давомида судьялар томонидан маҳалла фаолларига фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриладиган низолар тоифаси, жумладан оилавий муносабатлар, мулкий низолар, алимент ундириш, мерос масалалари каби йўналишлар бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
Жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш ҳамда жиноятга жазо муқаррар эканлигини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман суди томонидан кенг қамровли сайёр суд мажлиси ташкил этилди.
Унда маҳалла фаоллари, профилактик ҳисобда турувчи фуқаролар, ёшлар ҳамда турли идора ва ташкилотлар вакилларидан иборат 100 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Тадбир аввалида туман суди раиси Ҳ.Саидов ва тергов судьяси Б.Хайитбоевлар томонидан тумандаги криминоген вазият, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, айниқса ёшлар ўртасида учраётган ҳуқуқбузарликлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, гиёҳвандлик, ўғрилик ва бошқа турдаги жиноятларнинг инсон тақдирига, оиласи ва жамиятга келтирадиган салбий оқибатлари аниқ мисоллар асосида тушунтирилди.
Шундан сўнг сайёр суд мажлисида бир қатор жиноят ва маъмурий ишлар кўриб чиқилди. Суд жараёнида ишга оид барча ҳолатлар атрофлича ўрганилиб, судланувчиларнинг кўрсатмалари тингланди. Суд томонидан айбдор деб топилган шахсларга қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли жазолар тайинланди.
Суд жараёнини бевосита кузатган иштирокчилар судланувчиларнинг қилган ишидан пушаймонлиги, суд ҳукмининг эълон қилиниши ва жазони ижро этишга юборилиш жараёнларига гувоҳ бўлишди. Бу эса уларда жиноят содир этиш қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида аниқ тасаввур уйғотди.
Тадбир якунида фуқароларга қонунларга риоя қилиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлардан йироқ бўлиш, ёшларни турли салбий иллатлардан асраш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳар бир инсоннинг бурчи экани таъкидланди.
Сайёр суд мажлислари аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш, фуқароларни жиноят содир этишдан қайтариш ва жамиятда қонунийликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2026 | Хоразм вилоят суди