Аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказилди

Фуқароларни суд тизимига доир қонунчиликдаги янгиликлар билан таништириш ҳамда маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг тергов судьялари Э.Бобажонов ва Х.Хўжаевлар томонидан Қурилиш ва коммунал хўжалик техникумида очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда иштирокчиларга суд тизимига доир қонунчиликдаги янгиликлар, соҳани рақамлаштириш бўйича қилинаётган ишлар ҳамда одил судловни таъминлаш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, судьялар томонидан бугун жамиятда долзарб ҳисобланган оилавий зўравонликнинг салбий оқибатлари, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, коррупция ва гиёҳвандлик каби жиноятларга йўл қўймаслик масалалари ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Якунда қатнашчиларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар каби саволларига жавоб берилди.

Шу ернинг ўзида жамиятда кўп содир этилаётган айрим ҳуқуқбузарликлар сайёр суд тартибида кўриб чиқилди.