Наврўз шукуҳи

Хоразм вилоят судида янги кун, шарқона йил боши ҳисобланган Наврўз байрами «Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!» шиори остида кўтаринки кайфиятда нишонлади.

Суд жамоаси биргаликда сумалак сайлини ўтказишди. Унга суд фахрийлари, судья ва суд ходимлари таклиф этилиб, байрам дастурхони ёзилди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят суди раиси ва фахрийлар барчани Наврўз байрами билан табриклаб, юртимизга тинчлик-осойишталик, хонадонларга бахт ва саодат тилаб, ҳар кунимиз Наврўз бўлсин, дея эзгу ниятлар билдиришди.

Бир пиёла чой устида бўлган суҳбатларда соҳада узоқ йиллар ишлаган, бугун қарилик гаштини сураётган устозлар ёш судья ҳамда ходимларга ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб беришди.

Сумалак сайлининг бадиий қисми воҳалик санъаткорлар ва фальклор жамоаларининг чиқишлари билан давом этиб, ижро этилган миллий куй-қўшиқлар иштирокчиларга хушкайфият улашди.

Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги» 22-сонли қарори мазмун-моҳияти юзасидан семинар

Унда вилоят суди раиси ўринбосари Т.Мирзаев ва туман(шаҳар) судлари судьялари, тергов судьялари ҳамда ИИБнинг Пробация гуруҳи ходимлари, терговчилар иштирок этишди.

Семинарда судьялар сўзга чиқиб, Пленум қарорларининг қонунчиликни тўғри талқин этиш ва суд амалиётида вужудга келаётган тушунмовчиликларни бартараф этишдаги роли ҳақида фикр билдиришди.

Жумладан, мазкур Пленум қарори пробациядаги маҳкумлар учун назорат ва чекловларни аниқ белгилаш, мажбурий жамоат ва ахлоқ тузатиш ишларини адолатли ва ҳуқуқий асосда тартибга солиш ҳамда уларнинг ижтимоий фаолиятини муҳофаза қилишни таъминлаши билан аҳамиятли эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, қарорда пробациядаги шахсларга интернет ва алоқа воситаларига қўшимча чекловлар қўйилиши, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи ҳаракатлардан ҳимоя қилиниш тартиби ҳам батафсил тушунтирилган.

Семинар давомида иштирокчилар Пленум қарори ва ундан кўзланган мақсад, ушбу тоифадаги ишларни кўришда алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳамда қонунчилик талаби ҳақида батафсил таништирилди.

Вилоят судлари жамоаси «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этишди

Бугун юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Бу борада Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мамлакатимизда кенг жамоатчиликни бирлаштирган муҳим экологик ҳаракатга айланди десак адашмаймиз.

Ушбу эзгу ташаббус доирасида Хоразм вилоят судлари жамоаси ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Лойиҳанинг баҳорги мавсумида вилоят, туманлараро ҳамда туман (шаҳар) судларида фаолият юритаётган судья ва суд ходимлари иштирокида Хонқа туманида кенг кўламли кўчат экиб, боғ яратиш тадбирлари ташкил этилди.

Жамоавий саъй-ҳаракатлар натижасида ажратилган ер майдонида жами 2 минг туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Кўчат экиш ишлари мутахассислар маслаҳати асосида амалга оширилиб, ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитига мос дарахт навлари танланди. Бу эса экилган кўчатларнинг барқарор ўсиши ва келгусида ҳудуднинг янада кўкаламзор бўлишига хизмат қилади.

Тадбирда судья ва суд ходимлари нафақат кўчат экиш ишларида, балки мавжуд дарахтларни парваришлаш, ҳудудни ободонлаштириш каби ҳашар жараёнларида ҳам фаол қатнашишди. Шу билан бирга, экилган кўчатларнинг тўлиқ парвариши, уларни мунтазам суғориш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш учун масъул ходимлар бириктирилди.

Бу каби ташаббуслар табиатни асраш, экологик маданиятни юксалтириш ҳамда келажак авлод учун соғлом ва мусаффо муҳит яратишга хизмат қилади.

Судда шахмат мусобақаси ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тегишли фармойиши ижроси юзасидан ҳамда Наврўз байрами муносабати билан Хоразм вилоят судлари судьялари ва суд ходимлари ўртасида спортнинг шахмат тури бўйича мусобақа ўтказилди.

Қизғин баҳсларга бой бўлган турнирда судья ва ходимлари фаол иштирок этишди. Ярим финал ва финал ўйинларида барча рақибларини мағлубиятга учратган спортчилар ўзаро куч синашиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Ақл гимнастикаси номини олган шахмат баҳсларида вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Умид Хўжаниёзовга тенг келадиган рақиб топилмади. Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман судининг тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси Самандар Сапарбоев 2-ўринни ҳамда жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди судья ёрдамчиси Жавоҳир Рўзибоев 3-ўринни қўлга киритишди.

Тадбир якунида вилоят суди раиси томонидан ғолибларга диплом, медал ва эсдалик совғалари топширилди.

Савдо ярмаркаси ташкил этилди

Судьялар ва суд ходимларига байрам арафасида муносиб шароит яратиш, уларнинг кундалик ишлардан чалғимасдан зарур озиқ-овқат маҳсулотларини қулай ва тезкор харид қилиш имкониятини таъминлаш мақсадида вилоят суди биноси ҳудудида махсус арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкил этилди.

Мазкур ярмарка доирасида ҳудудда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари ва деҳқонлар жалб қилиниб, улар томонидан етиштирилган табиий, сифатли ва экологик тоза маҳсулотлар кенг турда тақдим этилди.

Ярмарка расталарида янги сўйилган гўшт, мавсумий сабзавот ва полиз экинлари, шунингдек, кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган бошқа бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари жой олди. Барча маҳсулотлар бозор нархларига нисбатан анча арзон ва ҳамёнбоп нархларда сотувга қўйилиб, харидорларга қулайлик яратилди.

Аҳоли билан очиқ мулоқот

Фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказиш, уларга қонунчиликдаги янгиликлар мазмун-моҳиятини етказиш ҳамда ҳудуддаги жиноятчилик ҳолатини муҳокама қилиш мақсадида жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг тергов судьяси З. Мадраҳимов томонидан туманнинг “Қумравот” маҳалласида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Мазкур тадбир давомида судья томонидан маҳаллада содир этилган ҳуқуқбузарликлар таҳлилига алоҳида тўхталиб ўтилди, ҳуқуқбузарликларнинг салбий оқибатлари ҳамда жавобгарликнинг муқаррарлиги аниқ ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди. Шунингдек, иштирокчиларга қонунларга риоя этиш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалий тавсиялар берилди.

Шунингдек, иштирокчилар ЎРҚ-1084-сонли Қонун билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришлар ҳамда Президентимизнинг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти билан таништирилди. Хусусан, ушбу ҳужжатда аёллар учун белгиланган имтиёзлар, кафолатлар ва уларни ҳимоя қилиш механизмлари атрофлича тушунтириб берилди.

Тадбир давомида сайёр суд мажлиси ҳам ўтказилди. Унда кўриб чиқилган айрим маъмурий ишлар тарафларнинг ярашуви билан тугатилган бўлса, бошқа ҳолатларда ҳуқуқбузарларга нисбатан қонун доирасида тегишли жазо чоралари тайинланди. Мазкур сайёр мажлис аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда муҳим аҳамият касб этди.

Тергов фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган ўқув-амалий семинар

Давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида, шунингдек жорий йил 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича намунали амалиёт яратиш юзасидан ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасида ўқув-амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва вилоят суди судьялари, Ички ишлар вазири ўринбосари, Бош прокуратура ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси масъул ходимлари, вилоят прокуратурасининг тармоқ раҳбарлари, туман ва шаҳар прокурорларининг соҳавий ўринбосарлари ҳамда терговчилари, Ички ишлар бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармасининг терговга масъул раҳбарлари, терговчи ва суриштирувчилари иштирок этди.

Тергов сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу ўқув-амалий семинарда тажрибали мутахассислар томонидан жиноят ишларини судда кўриш жараёнида тергов ва суриштирув органлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар, терговда рақамли криминалистика орқали электрон далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашнинг замонавий усуллари, шунингдек ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятлар (кибержиноятлар)ни фош этишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маърузалар қилинди.

Ўзаро баҳс-мунозара руҳида ўтган тадбир давомида терговчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб берилди.

Аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимояси — устувор вазифа

Президентимиз томонидан 2026 йил 3 март куни қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармон мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш мақсадида Қўшкўпир туманида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Мазкур тадбирда фуқаролик ишлари бўйича Урганч ва Боғот туманлараро судлари раислари Ш.Исмоилов, Ғ. Матякубов, жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман суди раиси Ф. Исмоиловлар иштирок этиб, фармонда белгиланган вазифалар, айниқса аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, бундай ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш каби муҳим масалалар ҳақида атрофлича маълумот беришди.

Очиқ мулоқот давомида иштирокчиларга мамлакатимизда аёллар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани таъкидланди. Шунингдек, мазкур фармон билан оилавий зўравонликка қарши курашиш тизими янада такомиллаштирилаётгани, жабрланувчиларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чоралари кенгайтирилаётгани ҳақида тўхталинди.

Тадбир давомида судьялар томонидан маҳалла фаолларига фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриладиган низолар тоифаси, жумладан оилавий муносабатлар, мулкий низолар, алимент ундириш, мерос масалалари каби йўналишлар бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.

Сайёр суд – жиноятдан тўғри хулоса чиқаришга ундайди

Жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш ҳамда жиноятга жазо муқаррар эканлигини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман суди томонидан кенг қамровли сайёр суд мажлиси ташкил этилди.

Унда маҳалла фаоллари, профилактик ҳисобда турувчи фуқаролар, ёшлар ҳамда турли идора ва ташкилотлар вакилларидан иборат 100 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Тадбир аввалида туман суди раиси Ҳ.Саидов ва тергов судьяси Б.Хайитбоевлар томонидан тумандаги криминоген вазият, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, айниқса ёшлар ўртасида учраётган ҳуқуқбузарликлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, гиёҳвандлик, ўғрилик ва бошқа турдаги жиноятларнинг инсон тақдирига, оиласи ва жамиятга келтирадиган салбий оқибатлари аниқ мисоллар асосида тушунтирилди.

Шундан сўнг сайёр суд мажлисида бир қатор жиноят ва маъмурий ишлар кўриб чиқилди. Суд жараёнида ишга оид барча ҳолатлар атрофлича ўрганилиб, судланувчиларнинг кўрсатмалари тингланди. Суд томонидан айбдор деб топилган шахсларга қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли жазолар тайинланди.

Суд жараёнини бевосита кузатган иштирокчилар судланувчиларнинг қилган ишидан пушаймонлиги, суд ҳукмининг эълон қилиниши ва жазони ижро этишга юборилиш жараёнларига гувоҳ бўлишди. Бу эса уларда жиноят содир этиш қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида аниқ тасаввур уйғотди.

Тадбир якунида фуқароларга қонунларга риоя қилиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлардан йироқ бўлиш, ёшларни турли салбий иллатлардан асраш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳар бир инсоннинг бурчи экани таъкидланди.

Сайёр суд мажлислари аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш, фуқароларни жиноят содир этишдан қайтариш ва жамиятда қонунийликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Банкротлик ишларини кўриб чиқиш амалиётига бағишланган семинар ўтказилди

Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан банкрот деб топилган корхоналарни тугатиш жараёнида учраётган муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди.

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни кўриш амалиёти ва мавжуд муаммолар” мавзусидаги мазкур тадбирда вилоят ва туманлараро иқтисодий суди судьялари, вилоят прокуратураси, солиқ ва божхона бошқармалари, Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси вилоят бўлими, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда тижорат банклари вакиллари иштирок этди.

Семинар давомида суд томонидан банкрот деб топилган корхоналарни тугатиш жараёнида суд бошқарувчиларининг фаолияти, шунингдек тугатиш жараёнларининг асоссиз чўзилишига сабаб бўлаётган омиллар муҳокама қилинди. Мавжуд муаммолар танқидий-таҳлилий асосда кўриб чиқилиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, иштирокчиларга банкротлик ишларини кўриб чиқиш амалиётининг ўзига хос жиҳатлари, қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш ҳамда бу борада амалий ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги юзасидан тушунтиришлар берилди.

Skip to content