Хоразм вилоят судларининг навбатдаги матбуот анжумани «Судларга мурожаат этиш тартиби» тўғрисида бўлди

Хоразм вилоят судида Журналистлар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими ҳамкорлигида «Жисмоний ва юридик шахслар томонидан суд органларига мурожаат қилишнинг қонунчиликда белгиланган тартиби» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда вилоят суди раиси Б.Полванов, жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича раис ўринбосарлари, вилоят маъмурий суди раиси Ж.Султанова ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб иштирокчилар йўналишлар бўйича судга мурожаат қилиш тартиби ва суд қарорлари устидан юқори инстанцияларга шикоят бериш ҳақида таништирилди. Шунингдек, журналист ва блогерлардан судларга мурожаат қилишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини ўз аудиториясига мунтазам етказиб боришлари сўралиб, бу борада вилоят суди матбуот хизмати билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Матбуот анжумани очиқ мулоқот тарзида давом этиб ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берилди.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати

СУД ФАХРИЙСИ ЎКТАМ РАҲИМОВ 90 ЁШДА

Хоразм вилоят суди жамоасининг бугунги иш куни яхши бир тадбирдан бошланди. Аниқроғи бугун 28 октябрь суд тизимида узоқ йиллар турли лавозимларда фаолият юритган фахрий судья Ўктам ака Раҳимовнинг таваллуд топган куни. Шу сабабли табаррук 90 ёшни қаршилаган Ўктам ака бугун вилоят судининг азиз меҳмони бўлди.

Вилоят суди раиси, раис ўринбосарлари, судья ва суд ходимлари устоз Ўктам Раҳимовни туғилган куни, юбилей ёши билан табриклаб, ўз тилакларини билдиришди.

Ўз навбатида устоз Ўктам ака Раҳимов ҳам судья ва суд ходимларига фаолияти, тажрибаси умуман босиб ўтган йўли ҳақида гапириб, ишда ва ҳаётда асқотадиган насихатлар берди.

Аслида ҳар бир инсон учун касбдошлари, шогирдлари томонидан қаратилган эътибор, кўрсатилган ҳурматдан яхши нарса бўлмаса керак.

Суд фахрийси Ўктам Раҳимовни таваллуд топган кунлари билан Хоразм вилоят суди жамоаси номидан яна бир бор муборакбод этамиз.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати

Skip to content