Маҳаллада очиқ мулоқот ўтказилди

Аҳолини қонунчиликдаги янгиликлар билан таништириш ва маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида вилоят суди судьялари Ш.Раззақов, О.Маҳмудов ва М.Рузметов, жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди судьяси Б.Якубовлар томонидан “Авесто” маҳалласида очиқ мулоқот ўтказилди.

Мулоқот давомида иштирокчиларга қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида суд тизимида амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, судьялар томонидан жамиятда долзарб бўлиб турган масалалар — оилавий зўравонликнинг салбий оқибатлари, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупция ва гиёҳвандлик каби жиноятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди.

Якунда иштирокчилар билан ҳудудда содир этилган жиноятлар муҳокама қилиниб, келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишда аҳоли ва мутасадди идоралар ҳамкорлигини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Суд қарорлари ижроси — адолатни таъминлашнинг муҳим босқичи

Хоразм вилоятида суд қарорлари ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш масалаларига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди. Унда Хоразм вилоят суди, вилоят маъмурий суди ҳамда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда суд раислари, судьялар ва МИБ ходимлари бмлан суд ҳужжатларининг ижросини таъминлашдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ижро жараёнида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда иш самарадорлигини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Семинар давомида жорий йилнинг ўтган даврида Мажбурий ижро бюросига юборилган ижро ҳужжатлари, уларнинг ижроси ҳолати, шунингдек айрим ижро ҳужжатларининг қайтарилишига сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилинди. Мутахассислар томонидан мазкур ҳолатларнинг сабаблари ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шунингдек, мулоқотлар жараёнида ижро ҳужжатларини расмийлаштириш, электрон ахборот тизимлари орқали юборишда учраётган айрим тушунмовчиликларга ойдинлик киритилиб, амалиётда ягона ёндашувни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан суд қарорларининг ўз вақтида ва самарали ижро этилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда адолатни қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

Семинар якунида судлар ва Мажбурий ижро бюроси ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ижро жараёнида учраётган камчиликларни қонун доирасида бартараф этиш ҳамда суд қарорлари ижроси самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Суд тизимидаги аёллар: матонат, масъулият ва адолат тимсоли

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни ҳамда 10 март – Халқаро аёл судьялар куни муносабати билан вилоят судида аёл судьялар ва суд тизимида меҳнат қилаётган хотин-қизлар иштирокида тантанали байрам тадбири ўтказилди.

Тадбир аввалида вилоят суди раиси Ш.Камолов сўзга чиқиб, барча хотин-қизларни баҳорнинг энг гўзал айёми билан самимий табриклади. Бугунги кунда аёллар давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, хусусан суд-ҳуқуқ тизимида ҳам муносиб ўрин эгаллаб, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётганлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, судьялик касби катта масъулият, холислик ва юксак билим талаб этади. Ана шундай мураккаб ва шарафли соҳада фаолият юритаётган аёл судьялар ўз меҳнати, матонати ва адолатга садоқати билан ҳамкасблари орасида алоҳида ҳурмат қозониб келмоқда. Шу билан бирга, улар нафақат касбий фаолиятида, балки оилада меҳрибон она ва фидойи тарбиячи сифатида ҳам жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Бугунги кунда вилоят судларида фаолият юритаётган аёл судьялар ва суд ходималари одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини қарор топтириш йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Мамлакатимизда суд тизимида хотин-қизларнинг фаоллигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, 2030 йилга қадар аёл судьялар улушини 30 фоизга етказиш мақсад қилингани ҳам бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин намунасидир.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар ҳамкасбларини ушбу қутлуғ байрам билан табриклаб, аёл судьялар ва ходималарнинг адолатни қарор топтириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашдаги хизматларини алоҳида эътироф этдилар.

Байрам тадбири самимий табриклар, эзгу тилаклар ва кўтаринки кайфиятда ўтди. Фаол ва ташаббускор хотин-қизларга миннатдорлик билдирилиб, уларга эҳтиром рамзи сифатида эсдалик совғалари топширилди.

Судьялар кутган натижага эришилди

Мамлакатимизда оила манфаати ва унинг ҳимояси энг долзарб масалалардан бирига айланган. Шу сабабдан оила институтини мустаҳкамлаш назарда тутилган бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилиниб, йилдан-йилга такомиллаштирилиб борилмоқда.

Оила – муқаддас даргоҳлиги боис, бу мезон никоҳнинг ҳам азиз тушунча эканини кўрсатади. Никоҳдан ажрашишларнинг олдини олиш эса бугун жамият ва Давлат олдидаги энг муҳим вазифага айланган.

Биргина никоҳдан ажратиш ҳақидаги низолар ўзи билан бошқа тоифадаги кўплаб низоларни ҳам юзага келтиради. Шунинг билан бирга, оиладаги носоғлом вазият жиноятчиликнинг ошишига ҳам олиб келаётганлигини кўриш мумкин.

Мазкур тоифадаги низоларнинг олдини олиш, фуқароларга қонуний тушунтириш бериш ва оилаларни яраштириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди ҳамда туман Оила ва хотин-қизлар бўлими билан ҳамкорликда очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда туманлараро суд раиси А.Рахимов, судьялар У.Бердиев ва Р.Сопоевлар, туман Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи С.Жуманиёзова, маҳалла фаоллари, низоли оилалар вакиллари иштирок этишди.

Маърузаларда туманлараро суди томонидан 2025 йил давомида судда кўрилган 751 та никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлардан 437 таси қаноатлантирилган бўлса, 245 таси бўйича оилани никоҳдан ажратиш учун етарли асослар бўлмаганлиги, келгусида тарафларни оилани тиклаш чораларини кўриш имконияти мавжудлиги сабабли даъво аризалар қаноатлантирилмасдан қолдирилганига тўхталинди.

Тадбир якунида айрим оилалар яраштирилди ва ушбу оилаларда вояга етмаган болалар етим бўлиб қолишининг олди олинди. Судьялар кутган натижа ҳам аслида шу эди.

Оила – муқаддас қўрғон

Хоразм вилоят суди ташаббуси билан Урганч туманида «Оила – муқаддас қўрғон» мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда вилоят суди судьялари З.Султонов, М.Йўлдошева, Э.Рўзимов ва туман ИИБ, Оила ва хотин-қизлар бўлими ходимлари, маҳалла фаоллари иштирок этишди.

Мулоқотларда оилавий низоларнинг олдини олиш, маиший зўравлонлик ҳолатидаги хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди. Судларда кўрилиш сони ошган оилавий низоларнинг келиб чиқиш сабаблари ва никоҳдан ажрашишнинг салбий оқибатлари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Судьялар тадбирда маҳалла фаоллари иштирок этаётганлигидан фойдаланиб «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ва Давлатимиз раҳбарининг 140-сонли фармонига асосан суд тизимини рақамлаштириш ва фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат берувчи сунъий интеллект жорий этилаётганлигига алоҳида тўхталишди.

Шунингдек, тадбирда ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштиришга қаратилган суҳбатлар ҳам ўтказилди.

Қўшкўпирда судьялар ёшлар билан учрашди

Бугун ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш энг долзарб вазифага айланди. Шунинг учун келажак эгаларига ўсмирликдан тўғри йўл кўрсатиб, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш муҳим ҳисобланади. Судьялар томонидан умумий ўрта таълим мактабларида ўтказилаётган мулоқотлардан кўзланган мақсад ҳам аслида шу.

Жумладан, жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман суди томонидан тумандаги ихтисослаштирилган мактабда ташкил этилган очиқ мулоқотда судьялар ҳуқуқбузарлик ва жиноят тушунчаси, ёшлар келажагига салбий таъсирига тўхталишди.

Мулоқотларда ўқувчиларга коррупция, гиёҳвандлик ва одам савдоси каби жиноятлар, жиноят учун жазо муқаррарлиги тушунтирилди.

Шунингдек, иштирокчиларнинг қизиқишидан келиб чиқиб “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида суд тизимини рақамлаштириш юзасиданолиб борилаётган бўйича ҳам маълумот берилди.

Туманларда аҳолининг судга доир мурожаатлари ўрганилмоқда

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янгича тизим яратилиб, жойларда сайёр қабуллар ташкил этилаётгани фуқароларни ўйлантираётган кўплаб масалаларнинг ижобий ечим топишига сабаб бўлмоқда.

Хоразм вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди раҳбарияти томонидан фуқароларнинг судга доир мурожаатларини “маҳаллабай” ўрганиш мақсадида ўтказилаётган сайёр қабулларнинг навбатдагиси Хонқа туманидаги «Эзгулик» маҳалласи ҳамда Хива туманида ўтказилди.

Суд-ҳуқуқ тизимига доир мурожаатлари мавжуд бўлган фуқаролар вилоят судлари раислари ва судьялар томонидан қабул қилиниб, уларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Хонқа туманидаги қабул жараёнида мурожаатларнинг асосий қисми оилавий низоларни суд тартибида ҳал этиш масаласида бўлди. Хусусан, никоҳдан ажрашмоқчи бўлган ёш оилаларга туман ҳокмилги масъул ходими билан биргаликда оилани сақлаб қолиш ва ёшларни иш билан таъминлаш юзасидан амалий ёрдам берилди.

Хива туманидаги қабулларда эса 3 та ариза ижобий ҳал этилиб, маҳкумлар жазонинг ўталмаган қисмидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Шунингдек, судда кўрилиш лозим бўлган ишлар бўйича фуқароларга судга даъво ариза киритиш тартиби тушунтирилди.

Жараёнларда ҳеч кимнинг масаласи эътибордан четда қолмади. Қабуллардан мақсад ҳам туманларда истиқомат қилувчи аҳолини овора қилмасдан, яшаш ҳудудларига бориб мулоқотлар ўтказиш ва мурожаатларини ҳал этиш бўйича аниқ йўналиш беришдир.

Маҳаллада сайёр суд ўтказилди

Судлар томонидан маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида сайёр суд мажлислари мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман суди томонидан «Ёшлик» маҳалласида сайёр суд мажлиси ташкил этилди.

Тадбирда дастлаб туман судининг тергов судьяси Ш. Сейтирзаев томонидан оилавий зўравонлик ва бошқа тоифадаги маъмурий ишлар сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Айрим ишлар ярашув билан тугатилган бўлса, айрим ишларда ҳуқуқбузарларга тегишли жазо тайинланди.

Сайёр суд мажлисидан кейин туманда кўп содир этилаётган оилавий зўравонлик ҳолатлари маҳалла фаоллари билан муҳокама қилиниб, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, бугун долзарб ҳисобланган ёшларни гиёҳвандликдан асраш масалаларига ҳам тўхталинди.

Судда очиқ эшиклар куни

Суд тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда аҳолини судлар фаолияти, соҳага доир қонунчиликдаги янгиликлар билан яқиндан таништириш мақсадида вилоят судларида мунтазам равишда «Очиқ эшиклар куни» тадбирларини ўтказиш йўлга қўйилди.

Навбатдаги ана шундай тадбир фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судида ташкил этилди. Унда ўқувчилар, ОАВ вакиллари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этишди.

Тадбир судья ва қатнашчилар мулоқотидан бошланди. Унда маърузачилар судда кўриладиган ишлар тоифаси, суднинг ваколатлари, ишларни кўришнинг процессуал тартиблари ҳамда судларда кўрилиш сони ошган низолар таҳлили ҳақида гапиришди.

Мулоқотларда суд тизимидаги ислоҳотлар, тизимда коррупцияга қарши курашиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталинди. Жумладан, «Ўзбекистон-2030» стратегияси ва Президентимизнинг 140-сонли фармонига асосан суд тизимини рақамлаштириш бўйича маълумотлар берилди.

Шундан сўнг иштирокчилар туман суди биносида судга ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар, прокурор хонаси, адвокатлар хонаси, суд архиви ва китобхонликни тарғиб қилиш масадида ташкил этилган «Китоб бурчаги» билан танишдилар.

“Очиқ эшиклар куни” тадбири доирасида судга мурожаат қилувчи фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган ўндан ортиқ суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиби ва суд мажлисларида ҳамда вилоят суди раҳбариятининг қабулида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари иштирокчиларга тўлиқ тушунтирилди.

Судларда «Китоб бурчаги» ташкил этилди

Хоразм вилоят суди томонидан ​судья ва суд ходимларининг нафақат касбий маҳорати, балки уларнинг маънавий оламини бойитиб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда вилоятдаги барча суд биноларида ходимлар учун махсус «Китоб бурчаги» ташкил этилди.

​Мазкур лойиҳа давлатимиз томонидан илгари сурилаётган китобхонлик маданиятини юксалтириш ташаббусининг амалий ифодаси бўлиб, иш жараёнида ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва улар учун маданий ҳордиқ муҳитини яратишга хизмат қилади.

​Мунтазам мутолаа хотира ва диққатни жамлашни яхшилайди, мулоқот самарадорлигини оширади, бу эса мураккаб ишчи вазифаларни бажаришда муҳим рол ўйнайди.

​Янги ташкил этилган китоб жавонидан жаҳон ва ўзбек адабиётининг сара намуналари, шахсий ривожланишга оид бестселлерлар ҳамда соҳавий мутахассисликка оид адабиётлар жой олган.

Эътиборли жиҳати, мазкур бурчак «Bookcrossing» (китоб алмашинуви) тизимида ишлайди — ходимлар ўзлари ўқиган қизиқарли китобларни жамоа билан баҳам кўришлари мумкин.

Skip to content