Сайёр судлар инсонни тўғри хулоса қилишга ундайди

Хоразм вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда жиноятга жазо муқаррар эканлигини аҳолига тушунтириш мақсадида вилоят суди раиси томонидан тасдиқланган режага асосан жиноят ишлари бўйича судлар томонидан маҳалла, корхона ва ташкилотларда кенг қамровли сайёр судлар ўтказилмоқда.

Ана шундай сайёр суд жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман суди томонидан “Гулзор” маҳалласидаги маданият уйининг катта залида бўлди. Суд процесси учун катта бино танланиши бежизга эмас, судьялар бугунги криминоген вазиятни инобатга олиб, сайёр суддаги кузатувчи фуқаролар сонини кўпайтиришни мақсад қилган. Зеро, суд жараёнини, судланувчиларнинг пушаймонлигини, қўлига кишан солинишию, тайинланган жазони ижро этишга юборилишигача барча процессуал ҳаракатлар фуқароларнинг кўз ўнгида кўрсатилиши сайёр суднинг таъсирчанлигини оширади. Иштирокчиларни жиноят тушунчаси ва унинг салбий оқибатлари ҳақида хулоса қилишга ундайди.

Сайёр судда туман прокуратураси ва ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилиб, унда асосан профилактик ҳисобда турувчи фуқаролар, ёшлар ҳамда маҳалла фаолларидан иборат 150 нафарга яқин иштирокчининг қатнашиши таъминланди.

Дастлаб, вилоят суди судьяси О.Маҳмудов қатнашчиларни 2025 йилда туманда содир этилган жиноятлар таҳлили, ёшлар орасида кўп учраётган ҳуқуқбузарликлар ва юртимизда гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Жиноятчиликнинг ёшлар келажагига салбий оқибатлари аниқ мисоллар билан тушунтирилди.

Суд процесслари туман суди раиси Ф.Исмоилов ва тергов судьяси Б.Рузметовлар томонидан ўтказилди. Суд мажлисларида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этган бир гуруҳ шахсларга оид ҳамда пробация гуруҳи тақдимномаларига асосан ишлар кўрилиб, уларга тегишли жазолар тайинланди. Барча процессуал ҳаракатларга гувоҳ бўлган иштирокчилар эса бу жараёндан ўзига тўғри хулоса чиқарди дейиш мумкин.

Талабалар учун манфаатли мулоқот

Ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларни суд-ҳуқуқ тизимига доир қонунчиликдаги янгиликлар билан таништириш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Маъмун университетида “Суд ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.

Самимий мулоқот тарзида ўтган тадбирда вилоят суди судьялари З.Якубов, М.Маҳмудов ва Д.Муратовлар сўзга чиқиб, судьялик касбининг машаққати, Давлат номидан қарор қабул қилишнинг масъулиятини талабаларга аниқ мисоллар билан тушунтиришди.

Айниқса, аудитория ёшлар эканлиги инобатга олиниб, судьялар томонидан гиёҳвандлик моддалари билан ноқонуний муомала қилганликка оид жиноятлар таҳлили ҳамда жиноий жавобгарликка тортилиш талабаларнинг шахсий ҳаёти ва карьерасига салбий таъсири ҳақида тўхталинди.

Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Судья ва суд ходимлари учун маърифат соати

Хоразм вилоят судида ҳафтанинг жума кунида маърифат соатини ўтказиш яхши анъанага айланган. Унда асосий эътибор судья ва ходимларнинг билим ва маънавиятини ошириш, уларни қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда соҳага доир ислоҳотлар билан мунтазам таништириб боришга қаратилади.

Бу галги маърифат соатини олдингиларидан анча фарқли ва маънавий озуқага бой бўлди дейиш мумкин, чунки февраль ойидаги муҳим саналар ташкилотчилар эътиборидан четда қолмади.

Вилоят суди раҳбарияти, барча судья ва ходимлар иштирок этган тадбир улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги ҳамда буюк саркарда, давлат арбоби ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллигига бағишланди.

Маърифат соатига таклиф этилган Урганч давлат университетининг Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчилари иккала мутафаккирнинг ҳаёти ва ижоди, ёзган асарларининг инсон камолотидаги аҳамияти, улар қолдирган бой мерос ҳақида батафсил тушунтириш беришди.

Алишер Навоийнинг “Маҳбуб-ул қулуб” асарида “Чолғу асбобининг тори созланмаган бўлса, овози бузилади. Модомики, ҳукми элнинг моли ва жонига тааллуқли экан, қозининг шиори тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим.” дейилган. Ўз даврида қозилар ҳақида айтилган бу гаплар бугунги кунда ҳам судьялар фаолиятининг асосий тамойили саналади.

Тадбирда мутафаккирлар асарларида илгари сурилган адолат ва ҳалоллик ғоялари, аҳоли билан мулоқот қилиш одоби каби маълумотлар ҳақида ҳам тўхталинди.

Шунингдек, вилоят суди раиси томонидан судьялар ва суд ходимлари одоб-ахлоқ қоидалари, хизмат интизомига доимий равишда риоя қилиши ҳамда коррупцияга қарши муросасиз курашишда фаол бўлиши лозимлиги яна бир бор эслатилди.

Судья ва ёшлар мулоқоти

Урганч туманлараро иқтисодий суди томонидан Маъмун университетида “Судья ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Унда туманлараро суди раиси Б.Давлатов, судьялар Н.Аллаберганова ва Э.Розумбетовлар талабалар билан суд тизимидаги ислоҳотлар ва қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан мулоқот қилишди.

Тадбирда асосий мавзу Президентимизнинг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техника таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда унда белгиланган вазифалар юзасидан бўлди.

Жумладан, мазкур Фармонда кўзда тутилган муҳим ислоҳотлардан бири бу иқтисодий судлар тузилмасини мақбуллаштириш бўлиб, унга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида ҳамда Тошкент шаҳрида жами 14 та иқтисодий судлар ташкил этилгани ҳамда бунинг аҳамиятига алоҳида тўхталинди.

Шунингдек, бугун долзарб ҳисобланган экологияни ҳимоя қилиш масаласи ҳам тушунтирилиб, иқтисодий судлар томонидан экологияни ифлослантираётган корхоналар фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби бўйича ҳам маълумот берилди.

Аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказилди

Фуқароларни суд тизимига доир қонунчиликдаги янгиликлар билан таништириш ҳамда маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг тергов судьялари Э.Бобажонов ва Х.Хўжаевлар томонидан Қурилиш ва коммунал хўжалик техникумида очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда иштирокчиларга суд тизимига доир қонунчиликдаги янгиликлар, соҳани рақамлаштириш бўйича қилинаётган ишлар ҳамда одил судловни таъминлаш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, судьялар томонидан бугун жамиятда долзарб ҳисобланган оилавий зўравонликнинг салбий оқибатлари, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, коррупция ва гиёҳвандлик каби жиноятларга йўл қўймаслик масалалари ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Якунда қатнашчиларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар каби саволларига жавоб берилди.

Шу ернинг ўзида жамиятда кўп содир этилаётган айрим ҳуқуқбузарликлар сайёр суд тартибида кўриб чиқилди.

Юридик техникумида «Судья ва ёшлар» учрашуви

Урганч туманлараро маъмурий суди судьялари иштирокида техникум ўқувчилари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда судьялар “Коррупциянинг жамият ва давлат учун ижтимоий хавфли хусусиятлари ва оқибатлари”, “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш – маъмурий судларнинг асосий вазифалари” мавзуларида маъруза қилишди.

Шунингдек, ўқувчилар Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида таъкидланган долзарб масалалар билан ҳам таништирилди.

Тадбир очиқ мулоқот тарзида давом этиб, ёшларнинг соҳага доир саволларига жавоб берилди.

Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман суди томонидан туман ИИБда йиғилиш ўтказилди

Унда жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман суди раиси Х.Сапаев, туман ИИБ бошлиғи Ж.Мадаминов ва терговчилар, профилактика инспекторлари иштирок этишди.

Йиғилишда туман суди раиси қатнашчиларни Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги» 22-сонли қарори мазмун-моҳияти билан таништирди.

Ўзаро мулоқотларда жиноят ишларини расмийлаштириш ва дастлабки тергов жараёнларида йўл қўйилиши мумкин бўлган камчиликлар юзасидан ИИБ ходимларининг фикр-мулоҳазалари эшитилди.

Шунингдек, бугун жамиятда долзарб ҳисобланган коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб бориш ҳамда фуқароларга ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўғри тушунтириш каби масалалар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Тадбир якунида ИИБ ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида доимий семинар машғулотлари ўтказиб боришга келишилди.

Судда очиқ эшиклар куни

Фуқароларни судлар фаолияти, соҳага доир қонунчиликдаги янгиликлар билан яқиндан таништириш ва жамоатчиликка суд интерактив хизматлари ҳақида маълумот бериш мақсадида жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар судида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Унда Урганч давлат университети юриспруденция йўналиши талабалари, Юридик техникумда таълим олаётган ёшлар нуронийлар, жамоатчилик фаоллари иштирок этишди.

Тадбир судья ва қатнашчилар иштирокида давра суҳбатидан бошланди. Унда маърузачилар судда кўриладиган ишлар тоифаси, суднинг ваколатлари, ишларни кўришнинг процессуал тартиблари ҳамда судларда жорий йилнинг биринчи ярмида кўрилган ишлар таҳлили ҳақида гапиришди.

Мулоқотларда суд тизимидаги ислоҳотлар ва коррупцияга қарши курашишда судларнинг роли ҳамда мазкур жиноятлар учун тайинланадиган жазо турлари масалаларига ҳам алоҳида тўхталинди. Жумладан, Президентнинг 140-сонли фармонига асосан суд тизимини рақамлаштириш бўйича маълумотлар берилди.

Шундан сўнг иштирокчилар туман суди биносида судга ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.

“Очиқ эшиклар куни” тадбири доирасида судга мурожаат қилувчи фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган ўндан ортиқ суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиби ва суд мажлисларида ҳамда вилоят суди раҳбариятининг қабулида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари иштирокчиларга тўлиқ тушунтирилди.

Қонунларни тўғри қўллаш бўйича семинар

Хоразм вилоят судида Олий суд Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги “Судлар томонидан шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳақида”ги 21-сонли ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида”ги 23-сонли қарорлари мазмун-моҳиятини давлат органлари ва тегишли ташкилотларга етказиш бўйича семинар ўтказилди.

Унда вилоят судининг иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари судьялари, туманлараро судлар судьялари, вилоят прокуратураси, ИИБ, адлия, солиқ, божхона ҳамда Марказий банк вилоят бошқармалари ходимлари, тугатиш бошқарувчилари ва бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Семинарда судьялар сўзга чиқиб, Пленум қарорларининг қонунчиликни тўғри талқин этиш ва суд амалиётида вужудга келаётган тушунмовчиликларни бартараф қилишдаги роли ҳақида фикр билдиришди. Жумладан, Пленум қароридаги ўзгартиришлардан кўзланган мақсад, ушбу тоифадаги ишларни кўришда алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳамда қонунчилик талаби ҳақида батафсил тўхталинди.

Шунингдек, қатнашчиларга иқтисодий судлар томонидан МДҲ иштирокчи-давлатлар судларининг ҳалқилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни кўриш юзасидан суд амалиёти ҳақида ҳам маълумот берилди.

Семинар савол-жавоб тарзида давом этиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан йиғилганларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди.

Ерга оид низоларда қонунчиликни тўғри қўллаш мавзусида семинар

Унда вилоят суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Т.Мирзаев, вилоят суди судьялари ва тергов судьялари ҳамда агентликнинг вилоят бошқармаси, туман бўлимлари вакиллари иштирок этишди.

Семинарда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар ва ноқонуний қурилишларга оид ишларни юритиш тартиби, судларга даъво аризаси киритиш, суд қарорини ижрога йўналтириш каби жараёнлар муҳокама қилинди. Шунингдек, мазкур йўналишдаги қонунлар ва Олий суд Пленумининг тегишли қарорлари бўйича тушунтириш берилди.

Мулоқотларда судларга даъво аризалари киритишда талабларни тўғри қўйиш, аризага тегишли ҳужжатларни илова этиш ва баённома расмийлаштиришда қонунчилик талабига риоя қилиш лозимлиги тушунтирилди.

Skip to content