Суд тизимидаги аёллар: матонат, масъулият ва адолат тимсоли









8 март – Халқаро хотин-қизлар куни ҳамда 10 март – Халқаро аёл судьялар куни муносабати билан вилоят судида аёл судьялар ва суд тизимида меҳнат қилаётган хотин-қизлар иштирокида тантанали байрам тадбири ўтказилди.
Тадбир аввалида вилоят суди раиси Ш.Камолов сўзга чиқиб, барча хотин-қизларни баҳорнинг энг гўзал айёми билан самимий табриклади. Бугунги кунда аёллар давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, хусусан суд-ҳуқуқ тизимида ҳам муносиб ўрин эгаллаб, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётганлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, судьялик касби катта масъулият, холислик ва юксак билим талаб этади. Ана шундай мураккаб ва шарафли соҳада фаолият юритаётган аёл судьялар ўз меҳнати, матонати ва адолатга садоқати билан ҳамкасблари орасида алоҳида ҳурмат қозониб келмоқда. Шу билан бирга, улар нафақат касбий фаолиятида, балки оилада меҳрибон она ва фидойи тарбиячи сифатида ҳам жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.
Бугунги кунда вилоят судларида фаолият юритаётган аёл судьялар ва суд ходималари одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини қарор топтириш йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Мамлакатимизда суд тизимида хотин-қизларнинг фаоллигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, 2030 йилга қадар аёл судьялар улушини 30 фоизга етказиш мақсад қилингани ҳам бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин намунасидир.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар ҳамкасбларини ушбу қутлуғ байрам билан табриклаб, аёл судьялар ва ходималарнинг адолатни қарор топтириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашдаги хизматларини алоҳида эътироф этдилар.
Байрам тадбири самимий табриклар, эзгу тилаклар ва кўтаринки кайфиятда ўтди. Фаол ва ташаббускор хотин-қизларга миннатдорлик билдирилиб, уларга эҳтиром рамзи сифатида эсдалик совғалари топширилди.






















































