Маъмурий судларда қонун устуворлиги таъминланмоқда
Мамлакатимизда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва кўрилаётган амалий чора-тадбирлар мазкур соҳани сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди, суд ҳокимиятининг фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамиятини тубдан оширди. Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдан иборатдир.
2022 йил 1-ярим йиллиги давомида Хоразм вилояти маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жами 609 та маъмурий ишлар кўриб тамомланган.
Мазкур ишларнинг 227 таси бўйича ариза (шикоят) лар қаноатлантирилиб, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари ва хатти-ҳаракатлари оқибатида фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя қилинган.
Масалан,аризачи “GURLAN BARAKA TEKS” МЧЖнингжавобгар Хоразм вилоят Давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил 17 ноябрдаги 1116-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги маъмурий иш кўриб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 189-моддасининг 2-қисмига кўра, суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас, ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.
Ушбу модданинг 5-қисмига кўра, қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилган тақдирда суд тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига қонунга мувофиқ қарор қабул қилиш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишларини бошқача усулда бартараф этиш мажбуриятларини юклайди.
Мазкур қонун талабидан келиб чиқиб, суднинг қарори билан Хоразм вилоят Давлат солиқ бошқармасизиммасига “GURLAN BARAKA TEKS” МЧЖга нисбатан камерал текширувида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича тўпланган ҳужжатларини солиқ қонунчилигида белгиланган тартибда қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган. Ушбу ҳолатда “GURLAN BARAKA TEKS” МЧЖга нисбатан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича тўпланган ҳужжатлар Хоразм вилояти Давлат солиқ бошқармаси томонидан тадбиркор иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, қайта кўриб чиқилиши лозим.
Шунингдек, аризачи “BEKCHAN USTA” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил 15 сентябрдаги 679-сонли қарорини қисман ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги иш маъмурий судда кўриб чиқилиб, Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил15 сентябрдаги “BEKCHAN USTA” МЧЖни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир қилганлиги учун солиқ жавобгарлигига тортиштўғрисидаги679-сонли қарори билан жамиятга қўлланилган 419527,1 минг сўмлик солиқ ва молиявий жарималарнинг 254542,3 минг сўмлик қисми ноқонуний қўлланилганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг
13-моддасида Солиқ тўғрисидаги қонунчилигидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади деб белгиланган.
Бир сўз билан айтганда, қонунга мувофиқ тўғри ва ҳалол ишлаётган тадбиркорлар суд томонидан ҳимоя қилинмоқда, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашган, ваколат доирасидан четга чиққан мансабдор шахсларга нисбатан судларнинг таъсир чораси янада кучайтирилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, сўнги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатлари мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ҳамда механизмларини жорий қилиш, янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ҳамда ғовларни бартараф этиш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун йўли билан ҳимоя қилиб, давлат томонидан кафолатланиши – жамият ва давлат ривожи, халқимизнинг осойишта ва фаровон турмуш-тарзи кечиришига замин яратади.
Жамила Султанова,
Хоразм вилояти маъмурий суди раиси