ФОҲИШАЛИК НИҚОБИ ОСТИДАГИ ТОВЛАМАЧИЛАР

ФОҲИШАЛИК НИҚОБИ ОСТИДАГИ ТОВЛАМАЧИЛАР жиноятни амалга оширди

Қонунчилигимизга кўра, жиноятни бажарувчи билан бир қаторда ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам жиноят иштирокчилари деб топилади.

Соат кечки 22:30лар атрофида С.Қ. мижоз сифатида олдиндан таниши бўлган А.Қ.ни уйига таклиф қилади. Уй ётоқхонасида ишқий муносабатлар бошланиш арафасида С.Қ.нинг эри Б.Й. тўсатдан келиб қолади. (исм ва фамилияларнинг бош ҳарфлари ўзгартирилган)

Б.Й. дўсти Р.Ю. билан С.Қ. ва А.Қ.ни ёлонғоч ҳолатда телефонида тасвирга олиб, кейин жанжал кўтариб А.Қ.ни дўппослайди. Ҳаммаси одатдагидек бўлаётганди, аммо, йигитлар А.Қ.дан воқеани ҳеч кимга айтмаслик ва видеотасвирни ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига 30 миллион сўм талаб қилишганидан кейин асл мақсад аён бўла бошлайди.

Воқеа аслида кичик гуруҳ Б.Й., Р.Ю. ва С.Қ.лар томонидан олдиндан режалаштирилган ҳамда усталик билан уюштирилган эди.

Жиноят ишлари бўйича Хива туман судида товламачилик билан шуғулланган гуруҳ аъзолари 1984 йилда Хонқа туманида туғилган, маълумоти ўрта, уйланмаган, вақтинча ишсиз бўлган Б.Й., 1989 йилда Урганч шаҳрида туғилган, маълумоти ўрта, оилали, 2 нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз бўлган Р.Ю. ҳамда 1991 йилда Хонқа туманида туғилган, маълумоти ўрта, вақтинча ишсиз, муқаддам судланмаган, ажрашган, 1 нафар фарзанднинг онаси С.Қ.ларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Суд судланувчилар, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб ҳукм қилди.

Б.Й. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 131-моддаси 1-қисми ва 165-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59,61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Р.Ю. ЖКнинг 105-моддаси 1-қисми ва 165-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга узил-кесил 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

С.Қ. ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жиноий гуруҳ аъзоларига жазони умумий тартибдаги колонияларда ўташлик белгиланди.

Дилмурод Атамуратов,
Жиноят ишлари бўйича Хива туман суди раиси